Пригодится каждому кадровику в декабре:
Янги МК: иш ҳақи (2-қисм)
Биз юридик фанлар номзоди, янги МК лойиҳасини тайёрлаш бўйича экспертлар гуруҳи раҳбари Михаил Гасанов ва «Норма» эксперти Ленара Хикматованинг янги МКда иш ҳақи масалалари бўйича тушунтиришларини беришда давом этамиз (қаранг Иш ҳақи, 1-қисм).
Ушбу мақоладан сиз қуйидагиларни билиб оласиз:
– иш ҳақини қандай даврийликда тўлаш керак;
– агар ходим иш ҳақи берилган куни ишда бўлмаса, нима қилиш керак;
– иш ҳақини кечиктирганлик учун иш берувчининг жавобгарлиги;
– ўртача иш ҳақи қандай ҳисобланади.
Иш ҳақини қанча муддатда тўлаш керак
Амалдаги МК каби янги МК ҳам иш ҳақи тўлаш муддатларини жамоа шартномасида ёки бошқа ички ҳужжатда белгилашни буюради. Агар ташкилотда бундай ички ҳужжатлар мавжуд бўлмаса, муддатлар ходимнинг меҳнат шартномасида шартлашилади. Бунда иш ҳақи аввалгидек ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлмаган муддатда тўланиши керак.
Қўшимча тарзда ходимларга ойлик иш ҳақи икки қисмга бўлинган ҳолда – бўнак ва қолган қисми миқдорида – қоида тариқасида, ўн олти кундан кўп бўлмаган танаффус билан тўланиши белгиланган.
Янгилик Халқаро меҳнат ташкилоти 01.07.1949 й. 85-сон Тавсия 4-б. қоидаларини ҳисобга олган ҳолда жорий этилган.
Ҳукумат иш ҳақи ойига бир марта тўланадиган ходимларнинг айрим тоифаларини белгилаши мумкин.
Агар иш ҳақи ўз вақтида тўланмаса
Иш берувчи бошқа тўловлар ва уларнинг навбатидан қатъи назар, ходимларга иш ҳақини ўз вақтида тўлаши шарт.
Агар иш берувчи иш ҳақини, таътил тўловларини, ходимга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловларни тўлаш муддатини бузган тақдирда, шу жумладан, – меҳнат шартномаси бекор қилингандаги тўловларни, у бунинг учун моддий жавобгар бўлади .
Иш берувчи ҳар бир кечиктирилган кун учун Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасининг (асосий ставка) 10% миқдорида пулли компенсация тўлаши шарт. Бундай компенсация тўлов муддатидан кейинги кундан эътиборан то ҳақиқатда ҳисоб-китоб қилинган кунгача тўланади.
Компенсациянинг миқдори жамоа шартномаси, ички ҳужжат ёки меҳнат шартномаси билан оширилиши мумкин.
Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ва ходим вафот этган тақдирда иш ҳақи қандай тўланади
Янги Меҳнат кодекси ишдан бўшатилаётган ходимга тегишли барча суммалар унга меҳнат шартномаси бекор қилинган куни тўланиши кераклиги ҳақидаги амалдаги талабни сақлаб қолди. Бунда, агар ходим меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ишламаган бўлса, тегишли суммалар ушбу ходим томонидан ҳисоб-китоб қилиш тўғрисидаги талаб тақдим этилганидан кейин уч кундан кечиктирмай тўланиши керак.
Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга тегишли бўлган сумма миқдорлари тўғрисида низо чиққан тақдирда, иш берувчи ходимга шак-шубҳасиз тегадиган суммани кўрсатилган муддатда тўлаши шарт.
Агар ходим ички ҳужжатларда назарда тутилган ҳолларда бир йилдаги иш якунларига кўра мукофот олиш ҳуқуқига эга бўлса, иш берувчи у билан ҳатто меҳнат шартномаси бекор қилинган тақдирда ҳам уни тўлаши шарт .
Янги МК аниқлик киритади: ходим вафот этган кунга қадар олинмаган иш ҳақи унинг оила аъзоларига ёки ходим вафот этган кунда марҳумнинг қарамоғида бўлган шахсга берилади. Бунинг учун кўрсатилган шахслар иш берувчига тегишли ариза, ходимнинг вафот этганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг асл нусхасини (кўчирма нусхаси иш берувчида қолади) тақдим этишади. Шундан сўнг иш берувчи етти кундан кечиктирмай иш ҳақини бериши керак .
Иш ҳақи қайси шаклда ва валютада тўланади
Янги Меҳнат кодекси иш берувчиларга иш ҳақини пул шаклида тўлашни белгилайди. Меҳнатга натура шаклида ҳақ тўлаш тақиқланади, ҳукумат томонидан белгиланган ҳоллар бундан мустасно. Шунингдек, иш ҳақини қарз мажбуриятлари, тилхатлар, купонлар тарзида тўлаш тақиқланади .
Иш ҳақи миллий валютада (сўмда) тўланади. Бунда қонунчилик ушбу қоидалардан истиснолар белгилаши мумкин.
Иш ҳақи ходимга, одатда, бевосита иш жойи бўйича берилади. Бунда янги МК, агар ходим иш ҳақи тўланадиган куни иш берувчининг топшириғини иш жойидан ташқарида бажараётган бўлса, нима қилиш кераклигини тушунтиради. Масалан, - хизмат сафарида, малака ошириш курсларида бўлса ва бошқалар. Бу ҳолда ходимнинг илтимосига кўра иш берувчи ходимга тегишли иш ҳақини ўз ҳисобидан юбориши ёки ходимнинг ишончли шахсига тўлаши шарт .
Иш берувчи, шунингдек, ходимнинг ёзма розилиги билан иш ҳақини ёки унинг бир қисмини банк муассасалари (масалан, ходимнинг банк пластик картасига) ёки почта бўлимлари орқали тўлаши мумкин. Ушбу муассасаларнинг хизматлари учун иш берувчининг ҳисобидан ҳақ тўланади.
Бундай ҳолда, юқорида баён қилинганидек, агар ходим ишда бўлмаса ҳам, бу унга иш ҳақи берилган кунда уни олишига тўсқинлик қилмайди.
Янги МК ўртача иш ҳақи ҳисоблашнинг ягона тартибини жорий қилади
Ҳозирги вақтда ўртача ойлик иш ҳақи қонуности ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилган тартибда ҳисобланади – 11.03.1997 й. 133-сон ВМҚга 6-илова.
Янги Меҳнат кодекси кучга киргандан сўнг, ўртача иш ҳақи янгиланган қоидалар бўйича аниқланади .
Шундай қилиб, Меҳнат кодексида назарда тутилган барча ҳоллар учун ўртача иш ҳақи ўн икки ойни ташкил этувчи ҳисоб-китоб давридан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Агар ходим ўн икки ойдан кам ишлаган бўлса, ходимга ўртача иш ҳақи ҳисобланган ойдан олдинги 12 календарь ойлик даври учун ҳисобланган иш ҳақидан ҳисобланади. Бунда тегишли ойнинг 1-кунидан 30 (31)-кунига қадар, февралда – 28 (29)-кунга қадар бўлган давр охирги кунни ҳам қўшганда календарь ой деб ҳисобланади.
Ўртача иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш учун ходимга ҳисобланган иш ҳақининг таркибига солиқ солиниши лозим бўлган, иш берувчи томонидан ҳақиқатда амалга оширилган тўловларнинг барча турлари киритилади.
Меҳнатга ҳақ тўлашнинг вақтбай ва ишбай тизими учун ўртача иш ҳақини аниқлашнинг алоҳида тартиби белгиланди.
Меҳнатга ҳақ тўлашнинг вақтбай тизимида ўртача иш ҳақи қуйидагилардан келиб чиққан ҳолда аниқланади:
- ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланиб қоладиган ойдан олдинги календарь ой учун тариф ставкаси (лавозим маоши) миқдоридан келиб чиқиб;
- ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланиб қоладиган ойдан олдинги ўн икки календарь ой учун (иш ҳақининг қўшимча қисми) устамалар, мукофотлар ва бошқа тўловлар суммасининг ўн иккидан бир қисми унга жамланган ҳолда.
Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ишбай тизимида ўртача иш ҳақи қуйидагилардан келиб белгиланади:
- ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланиб қоладиган ойдан олдинги календарь ой учун ишбай баҳолар бўйича ҳақиқатда ҳисобланган иш ҳақидан келиб чиқиб;
- ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланиб қоладиган ойдан олдинги ўн икки календарь ой учун устамалар, мукофотлар ва бошқа тўловлар суммасининг ўн иккидан бир қисми ўртача иш ҳақига жамланган ҳолда.
Меҳнатга ҳақ тўлашнинг тарифсиз тизимларида ўртача иш ҳақи қуйидагилардан келиб чиқиб белгиланади:
- меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан келиб чиқиб;
- меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан ошадиган барча тўловларнинг ўн иккидан бир қисми ўртача иш ҳақига жамланган ҳолда.
Бундан ташқари, ўртача кунлик, ўртача соатлик иш ҳақи, шунингдек ўртача иш ҳақини ҳисоблаш тартиби баён қилинган:
1) ҳисоб-китоб даврининг бир ойи ёки бир неча ойи тўлиқ ишлаб берилмаганда;
2) агар ходимда ҳақиқатда ҳисобланган иш ҳақи ёки ҳисоб-китоб даври учун ва ҳисоб-китоб даври бошлангунга қадар ишлаб берилган кунлар бўлмаса.