Янги МК: меҳнатга ҳақ тўлаш (1-қисм)

preview

Янги МК ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш тартибини максимал даражада батафсил баён қилди. Мавзу кенг ва қизиқарли, шунинг учун уни қисмларга ажратамиз. Юридик фанлар номзоди, янги МК  лойиҳасини тайёрлаш бўйича экспертлар гуруҳи раҳбари Михаил Гасанов ва «Нормa» эксперти Ленара ХИКМАТОВАнинг ушбу  мақоласида:

хусусий ташкилотлар меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини қўллашлари шартми;
иш ҳақи қандай қисмлардан иборат;
«қўшимча тўлов», «устама», «мукофот», шу жумладан рағбатлантирувчи мукофот тушунчалари ўртасидаги фарқ нимада;
меҳнатга ҳақ тўлаш тизимлари қандай ўрнатилиши ва бунинг учун қачон ички ҳужжатлар шарт эмаслигини билиб оласиз.

 

1. «Меҳнатга ҳақ тўлаш» ва «иш ҳақи»

Меҳнатга ҳақ тўлаш – бу иш берувчи томонидан ходимга унинг меҳнати учун тўловлар белгилаш ва уларни амалга ошириш юзасидан меҳнат шартномаси тарафлари ўртасидаги меҳнат тўғрисидаги қонунчилик, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар ва меҳнат шартномаси билан тартибга солинган муносабатлар тизимидир.

«Иш ҳақи» тушунчасига қуйидагилар киради:

  • ходимнинг малакасига, бажарадиган ишининг мураккаблигига, миқдорига, сифати ва шароитларига қараб тўланадиган меҳнат учун мукофот суммаси;
  • компенсация хусусиятига эга тўловлар – компенсация хусусиятига эга қўшимча тўловлар ва устамалар, шу жумладан меҳнатнинг нормал шароитларидан четга чиқилган (тунги вақтдаги, дам олиш кунларидаги ва ишланмайдиган байрам кунларидаги иш, иш вақтидан ташқари иш ва б.) шароитларда ишлаганлик, ноқулай табиий-иқлим шароитларида ишлаганлик учун ва бошқалар;
  • рағбатлантирувчи тўловлар – рағбатлантирувчи хусусиятга эга қўшимча тўловлар ҳамда устамалар, мукофотлар ва тақдирловчи тўловлар.

Тузилишга кўра иш ҳақи асосий (базавий) ва қўшимча (ўзгарувчан) қисмлардан иборат бўлади .

Иш ҳақининг асосий (базавий) қисми – бу унинг  ходимга белгиланган меҳнат нормаларига (тариф ставкаларига, маошларга) кўра ҳақиқатда ишлаб берилган вақт ёки ҳақиқатда бажарилган иш учун ҳисобланадиган доимий таркибий қисмидир.

У ушбу иш берувчида амалда бўлган меҳнатга ҳақ тўлаш тизими асосида белгиланади ва меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаслиги керак.

Иш ҳақининг қўшимча (ўзгарувчан) қисмини қўшимча тўловлар, устамалар, шунингдек мукофотлар ва компенсация ёки рағбатлантириш хусусиятига эга бошқа тўловлар ташкил этади.

 

2. МҲТЭКМ

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (МҲТЭКМ) Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси томонидан ишлаб чиқилган таклифлар ҳисобга олинган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида бир вақтнинг ўзида белгиланади. Комиссиянинг ваколатлари Меҳнат кодексининг «Меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик» бўлимида белгилаб қўйилган.

Иш вақтининг ойлик нормасини ишлаб берган ва меҳнат шартномасида белгиланган меҳнат вазифасини бажарган ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлашнинг ойлик миқдори қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлиши мумкин эмас.  Аммо агар бунда ходим ўриндошлик асосида ёки тўлиқсиз иш куни шароитида (яъни, иш вақтининг ойлик нормасини ишлаб бермаса) ишласа, унинг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдори МҲТЭКМдан кам бўлиши мумкин.

МҲТЭКМга қуйидагилар киритилмайди:

  • меҳнатга ҳақ тўлаш тизими билан кўзда тутилган мукофотлар, иш ҳақига устамалар, бошқа рағбатлантирувчи тўловлар;
  • иш вақтидан ташқари иш, тунги вақтдаги, дам олиш кунларидаги ва ишланмайдиган байрам кунларидаги иш учун, туман коэфициенти бўйича тўловлар, бошқа компенсацион ва ижтимоий тўловлар.
Эътибор беринг
Мулкчилик шаклидан қатъи назар барча иш берувчилар МҲТЭКни қўллашлари шарт.

 

3. Ташкилотда меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, миқдори ва тизимлари қандай белгиланади

Меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари ва миқдори иш берувчи ҳамда ходим ўртасидаги келишувга кўра ва корхонада амалдаги иш ҳақи тизимларига мувофиқ белгиланади. Бунда бажариладиган ишнинг мураккаблиги ва шартлари, ходимнинг касбий-малакавий ва ишчанлик сифатлари, унинг меҳнати ҳамда ташкилотнинг хўжалик фаолияти натижалари ҳисобга олинган ҳолда ушбу иш берувчида амалда бўлган меҳнатга ҳақ тўлаш тизимларига мувофиқ ҳисобга олинади.

Меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори бирор-бир энг кўп миқдор билан чекланмайди.

Меҳнатга ҳақ тўлаш, шу жумладан тариф ставкалари, маошлар, компенсация хусусиятига эга қўшимча тўловлар ва устамалар, рағбатлантирувчи хусусиятга эга қўшимча тўловлар ва устамалар тизимлари ҳамда мукофотлаш тизимлари қуйидагиларда белгиланади:

  •  жамоа келишувларида, жамоа шартномасида;
  • иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишувга кўра қабул қилинадиган ички ҳужжатларда;
  • ходим билан меҳнат шартномасида.

Ташкилотда айрим тоифадаги ходимларга ёки таркибий бўлинмаларга нисбатан меҳнатга ҳақ тўлашнинг бир нечта тизими қўлланилиши мумкин.

Ходимлар меҳнатига вақтбай, ишбай ёки меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида назарда тутилган бошқа мезонларга кўра ҳақ тўланади.

Фаолиятнинг ўзига хос хусусиятларига ва муайян иқтисодий шароитларга қараб меҳнатга ҳақ тўланишини ташкил этиш учун ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашнинг тарифли ва (ёки) тарифсиз тизимлари қўлланилиши мумкин. Асосий шарт шундаки, ходимнинг ойлик иш ҳақи МҲТЭКМдан кам бўлмаслиги керак – агар у иш вақтининг бир ойлик нормасини ишлаб берган ва меҳнат шартномасида белгиланган меҳнат вазифасини бажарган бўлса.

 

Баъзи ҳолларда меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини белгилаш учун ички ҳужжатлар талаб қилинмайди

Масалан, иш берувчи бўлган микрофирма ички ҳужжатларни (ички меҳнат тартиби қоидаларини, меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги низомни, мукофотлаш ҳақидаги низомни, сменалар жадвалини ва бошқаларни) қабул қилишдан воз кечишга ҳақли . Бу ҳолда меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ ички ҳужжатлар билан тартибга солиниши зарур бўлган шартларни бевосита ходимлар билан тузиладиган меҳнат шартномаларига киритиш керак.

Бу масала якка тартибдаги тадбиркорларда ёлланиб ишлаётган шахслар билан , уй ишчилари ва ходимларнинг бошқа тоифалари билан худди шундай тартибда ҳал этилади.

 

 4. «Мукофот»,«устама», «қўшимча тўлов»

Кодексда ушбу тушунчаларга биринчи бор аниқлик киритилган. Бу меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича ҳужжатларда тўғри жумла қўллашни анча осонлаштиради.  

Мукофот – бу меҳнатга ҳақ тўлаш тизими билан назарда тутилган иш ҳақининг таркибига киритилган пул мукофотидир. Белгиланган кўрсаткичлар ва шартларга эришишга ундаш мақсадида ходимга асосий маошидан (тариф ставкасидан) ташқари тўланади. Меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида назарда тутилган мукофотдан бир марталик хусусиятга эга рағбатлантирувчи мукофотни фарқлаш керак. У меҳнатга ҳақ тўлаш тизимига киритилмаган ва иш берувчининг қарори билан қуйидагилар муносабати билан бир марталик рағбатлантириш сифатида тўланади:

  • муайян воқеалар – юбилейлар, байрам саналари ва бошқалар юз берганлиги;
  • ходим томонидан муайян ҳаракатлар амалга оширилганлиги: иш берувчининг алоҳида муҳим топшириғини бажариш, рационализаторлик таклифини киритиш ва бошқалар.

Нима учун бу икки мукофотни фарқлаш муҳим?

Ходимга меҳнат мажбуриятларини бузганлик учун интизомий чоралар қўлланилиши мумкин. Интизомий жазонинг амал қилиш муддати ичида ходимга нисбатан рағбатлантириш чоралари, шу жумладан меҳнатга ҳақ тўлаш тизимига кирмайдиган ва меҳнат натижаларига асосланмаган мукофотлар ҳам (байрамлар, шу жумладан касб байрамлари, юбилейлар муносабати билан ва ҳоказолар) қўлланилмайди .

Интизомий жазонинг амал қилиш муддати ичида интизомий жавобгарликка тортилган ходимларга меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида назарда тутилган мукофотларни тўлаш ( шу жумладан қисман) тўғрисидаги масала ички тартибда – ташкилотнинг тегишли низомларида ҳал қилинади.

 

Устама – бу меҳнат шартномасида қуйидаги хусусиятга эга ишлар учун пул тўлови:

  • рағбатлантирувчи (касбий маҳорат, узоқ муддат хизмат қилганлик, муайян ташкилотдаги ёки тармоқдаги иш стажи учун устамалар ва бошқалар)

ёхуд

  • компенсация хусусиятига эга (ишнинг кўчма ёхуд сайёр хусусияти, ноқулай табиий-иқлим шароитларидаги иш ёхуд зарарли ёки оғир меҳнат шароитларидаги иш, меҳнатнинг жадаллиги учун устамалар ва бошқалар).

 

Иш ҳақига қўшимча тўлов  – бу ходим томонидан унинг тўғридан-тўғри мажбуриятларига кирмайдиган қўшимча вазифалар бажарилишини компенсация қилиш (бир неча касбда (лавозимда) ишлаганлик, бажариладиган иш ҳажмининг кўпайганлиги, хизмат кўрсатиш доирасининг кенгайганлиги, йўқ бўлган ходимнинг мажбуриятларини бажарганлик учун қўшимча тўлов ва бошқалар) учун бериладиган пул тўлови. Шунингдек қўшимча тўлов  кафолатли хусусиятга эга бўлиши ва қуйидаги ҳолларда тўланиши мумкин:

  • меҳнатнинг нормал шароитларидан четга чиқилган ҳолларда (тунги вақтдаги, дам олиш кунларидаги ва ишланмайдиган байрам кунларидаги иш, иш вақтидан ташқари иш учун қўшимча тўловлар);

ёхуд

  • иш ҳақи ходимнинг айбисиз камайтирилган тақдирда ходимга иш ҳақининг бир қисмини сақлаб қолиш мақсадида  амалга ошириладиган тўлов (соғлиғининг ҳолатига кўра, бекор туриб қолиш, ишлаб чиқариш зарурияти муносабати билан кам ҳақ тўланадиган ишга ўтказилган ходимларга қўшимча тўловлар ва бошқалар).

 

 

Ўзбекистонда ҳақ ва бошқа тўловлар-ҳақ тўлаш шартлари, ҳақ ва бошқа тўловлар ҳақида маълумот ўзбекистонда иш ҳақи ва бошқа тўловлар, иш ҳақи, иш ҳақи ва бошқа тўловлар Ўзбекистонда иш ҳақи ва бошқа тўловлар. Ўзбекистонда ҳақ тўлаш ва бошқа тўловларнинг турли жиҳатлари ҳақида кўпроқ билиб олинг. Бу ерда сиз иш ҳақи ва бошқа тўловлар ҳақида маълумот топишингиз мумкин. Иш ҳақи ва бошқа тўловлар ҳақида барча маълумотлар /uz/publish/doc/text186323_yangi_mk_mehnatga_haq_tulash_1-qism