Пригодится каждому кадровику в декабре:
Ходим оила аъзосига қараш учун «касаллик варақасини» расмийлаштирса
Кўпинча кадрлар бўйича мутахассислар ва бухгалтерияда ходим касал оила аъзосини парваришлаш учун вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасини расмийлаштирадиган вазиятда саволлар пайдо бўлади.
Меҳнат қонунчилиги қоидаларини амалиётдан мисоллар билан «Норма» эксперти ва кадрлар хизмати раҳбари Валерия ЛЯНДРЕС тушунтирди:
1. «Корхона ходими касал оила аъзосини икки ҳафта давомида парваришлаши керак. У шу сабаб бўйича ишдан озод қилиниш ҳуқуқига эгами?».
– Амалдаги Меҳнат кодексининг 285-моддаси ва янги Меҳнат кодексининг 281-моддасига мувофиқ, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси нафақат ходимнинг ўзи касал бўлганда, балки оиланинг бетоб аъзосини парвариш қилганда ҳам тўланади.
Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисидаги йўриқномага мувофиқ бериладиган меҳнатга лаёқатсизлик варақаси нафақа тайинлаш ва тўлаш учун асос бўлади . Даволаш-профилактика муассасаси бундай варақани ходимнинг илтимоси бўйича эмас, балки ҳақиқатда бемор оила аъзосини парвариш қилиш зарурати бўлган тақдирдагина расмийлаштиради.
Беморни парвариш қилиш учун меҳнатга лаёқатсизлик варақаси қуйидаги ҳолларда берилади:
1) агар бемор – ўн тўрт ёшдан ошган ва у амбулатория шароитида даволанаётган бўлса (касалхонага ётқизилмаган);
2) етти календарь кундан ошмаган муддатга ;
3) беморнинг оила аъзолари ёки қариндошларидан бирига.
Бунда қуйидагилар аҳамиятга эга эмас:
- ходим бемор билан бирга яшайдими-йўқми;
- катта ёшдаги беморни парвариш қилувчи меҳнат таътилида бўлиб турибдими-йўқми. Бу ҳолда меҳнат таътили узайтирилади ёки бошқа муддатга кўчирилади .
Агар узоқ муддатли парвариш зарур бўлса, ходим меҳнат таътилидан (тўлиқ ёки қисман) фойдаланиши ёки иш берувчи билан келишилган ҳолда иш ҳақи сақланмайдиган таътил олиши мумкин.
2. «Операция ва операциядан кейинги тикланиш даври Ўзбекистондан ташқарида бўлиб ўтди. Ходим бу ҳолатда оила аъзосини парвариш қилиш учун нафақа олишга ҳақлими?».
– Ҳа, ҳақли. Бунинг учун у чет элда вақтинча бўлган вақтда касалланганлик ёки чет элда даволанганлик тўғрисидаги ҳужжатларнинг давлат ёки рус тилидаги нотариал тасдиқланган таржимасини яшаш ёки иш жойидаги даволаш-профилактика муассасасининг врачлик маслаҳат комиссиясига тақдим қилиши керак .
Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси меҳнатга лаёқатсизликни тасдиқловчи асосларни ҳисобга олган ҳолда беморни парвариш қилаётган қариндошига расмийлаштирилади.