Пригодится каждому кадровику в декабре:
Ходимга рақобатчи корхонада ишлашни тақиқлаш мумкинми
Ходимнинг меҳнат шартномасида у ишдан бўшатилган тақдирда бир неча йил давомида рақобатдош компанияга ишга жойлашиш ҳуқуқига эга эмаслиги белгилаб қўйилган. Акс ҳолда у собиқ иш берувчига маълум миқдорда жарима тўлашга мажбур бўлади.
Меҳнат шартномасининг бундай шарти қанчалик қонунийлигини kadrovik.uz илтимосига кўра Норма эксперти, юрист Ленара ХИКМАТОВА тушунтирди.
– Ходимларнинг рақобатчиларга ёки шерикларга ишга кетишини тақиқлаш мумкин эмас. Киши қаерга ишга жойлашиш, касбий билимлари, кўникмалари ва тажрибаларини қаерда қўллашни ўзи танлайди. Буни асослаш учун Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Меҳнат кодексига мурожаат қиламиз.
Конституциянинг 42-моддасида ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган. Меҳнат кодексига кўра меҳнат эркинлиги – индивидуал меҳнат муносабатлари ва улар билан бевосита боғлиқ ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг асосий тамойилларидан биридир. Меҳнат эркинлиги – бу ҳар кимнинг меҳнат қилишга бўлган ўз қобилиятларини тасарруф этиш, уларни қонун билан тақиқланмаган ҳар қандай шаклда амалга ошириш, машғулот турини, касбни ва мутахассисликни, иш жойини ҳамда меҳнат шароитларини эркин танлаш ҳуқуқини англатади .
Иш берувчи бу ҳуқуқни чеклай олмайди ва ходимга ишдан бўшагандан кейин қаерда ишлаши мумкинлигини ва қаерда ишлай олмаслигини буюра олмайди.
Шунга кўра, рақобатчиларга ишга жойлашишни тақиқлаш ходимнинг амалдаги қонунчиликка нисбатан вазиятини ёмонлаштиради. Демак, бундай бандни на меҳнат шартномасига, на бошқа қандайдир ҳужжатга киритишга йўл қўйилмайди .
Агар бундай шарҳ меҳнат шартномасида барибир ёзилган бўлса ва ходим бу ҳақда била туриб меҳнат шартномаси ёки қўшимча келишувни имзолаган бўлсачи (агар қўшимча кейинроқ, ишга қабул қилингандан кейин киритилган бўлсачи)? Бундай ҳолда бундай банд ҳақиқий эмас деб ҳисобланади ва юридик кучга эга бўлмайди. Ходим, агар у дастлаб бунга розилик билдирган бўлса ҳам, бундай шартни бажаришга мажбур эмас.
Агар собиқ ходим собиқ иш берувчининг тижорат сирини ошкор қилса ва шу билан унга моддий зарар етказса, жавобгар бўлиши мумкин .