NDA (ошкор қилмаслик тўғрисидаги келишувни) қачон тузиш керак

30.10.2025
author avatar

Раиса ДОГОВОРОВА

«Kadrovik PRO» бош муҳаррири

NDA – бу инглизча «non-disclosure agreement» сўзларидан олинган қисқартма бўлиб, «ошкор қилмаслик тўғрисида келишув» деб таржима қилинади.

NDA – Компания маълумотларини ҳимоя қилиш усули. Келишув компаниялар ўртасида ҳам, янги ходимни ишга қабул қилишда ҳам, айниқса у махфий маълумотларга кириш имкониятига эга бўладиган бўлса, тузилиши мумкин.

Келишувда тарафлар қандай маълумотларни ошкор қилиш мумкин эмаслиги ва шартларни бузганлик учун қандай жавобгарлик юзага келишини белгилайдилар.

NDA бир томонлама (ошкор қилмаслик мажбуриятлари бир тарафга юклатилганда) ёки ўзаро (иккала тараф ҳам махфийликни сақлаш мажбуриятини олганда) бўлиши мумкин.

Муҳим
Ўзбекистонда NDA тўғрисида алоҳида қонун йўқ, бундай келишувлар:

– «Тижорат сири тўғрисида»ги Қонун;

– «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Қонун;

– Шартнома ҳуқуқининг умумий нормалари, шу жумладан Фуқаролик кодекси томонидан, тартибга солинади.

NDAга қандай шартлар киритилади

Бундай турдаги келишувлар учун қонунда белгиланган шакл мавжуд эмас. Келишувни эркин шаклда тузинг. Унда преамбула (кириш қисми), шартнома предмети, мажбуриятлар ва жавобгарлик, амал қилиш муддати, низоларни ҳал қилиш тартиби бўлиши керак.

1. Ходимда фойдаланиш учун кириш имконияти бўладиган маълумотларнинг аниқ рўйхатини тавсифланг. Булар қуйидагилар бўлиши мумкин:

  • молиявий маълумотлар (даромадлар, зарарлар, дебиторлик/кредиторлик қарзлари);
  • мижозлар, ҳамкорлар, ходимлар тўғрисидаги маълумотлар;
  • ички бизнес-жараёнлари, ривожланиш режалари, стратегиялар;
  • IТ-инфратузилмаси ва корпоратив ресурслар ҳақидаги маълумотлар.

Икки маънолилик бўлмаслиги учун, таъриф имкон қадар аниқ бўлиши керак.

2. Ходимнинг ахборотни ҳимоя қилиш бўйича мажбуриятлари

Ходим махфийликни айнан қандай таъминлаши кераклигини кўрсатинг, масалан:

  • ҳужжатларни уйда сақламаслик;
  • маълумотлардан рухсатсиз нусха олмаслик;
  • файлларга киришни пароль билан ҳимоялаш;
  • шахсий қурилмалардан махфий маълумотлар билан ишлаш учун фойдаланмаслик.

3. Нима қоидабузарлик деб ҳисобланади

Кўрсатинг: айнан нима йўл қўйиб бўлмайдиган ахборот узатиш бўлиб ҳисобланади. Масалан:

  • учинчи шахсларга бериш (оғзаки, ёзма, электрон почта орқали);
  • ОАВ ёки ижтимоий тармоқларда эълон қилиш;
  • маълумотлардан шахсий ёки тижорат мақсадларида, шу жумладан рақобатчига ишлаш учун, фойдаланиш.

4. NDA амал қилиш муддати

Ходим махфийликни қанча муддат сақлаши кераклигини аниқланг:

  • меҳнат шартномасининг амал қилиш вақти давомида;
  • меҳнат шартномаси бекор қилингандан кейин муайян муддат давомида (одатда 1 йилдан 5 йилгача);
  • маълумотлар очиқ эълон қилинмагунга қадар.

Шартноманинг преамбуласи

Келишувнинг преамбуласида ҳужжатни имзолаётган тарафларни кўрсатинг:

  • компаниянинг юридик мақоми ва номи;
  • раҳбарнинг маълумотлари:
  • унинг ташкилот номидан шартнома тузиши учун асос бўладиган ҳужжат;
  • ходимнинг маълумотлари.

Шартнома предмети

Ушбу бўлимда махфий ҳисобланган ва ошкор этилиши мумкин бўлмаган маълумотларни кўрсатинг. Агар бандлар кўп бўлса, уларни келишувнинг алоҳида Иловасида келтириб ўтинг.

Белгиланг: махфий маълумотларни узатиш деб нимани ҳисоблайсиз. Масалан, бошқа Тарафнинг олдиндан ёзма розилигини олмасдан маълумотларни учинчи шахсларга ҳар қандай шаклда: оммавий ахборот воситалари, Интернетдаги шахсий саҳифалар орқали, оғзаки ва бошқа шаклларда бериш.

Мисол
Маҳфий маълумотларни ошкор қилиш
Маркетинг бўлими ходими шахсий Телеграм-каналида компания логотипи ва ҳали ишга туширилмаган бўлажак реклама кампанияси ҳақидаги слайд билан тақдимот скринини жойлаштирди. Шундай қилиб, у ижодий ғояси билан мақтанмоқчи бўлди. Бироқ тақдимотда янги маҳсулотнинг муддатлари, мақсадли кўрсаткичлари ва тафсилотлари бор эди – буларнинг барчаси тижорат сири ҳисобланарди. Раҳбарият нашрни NDAни бузиш деб баҳолади, чунки маълумотлар компаниянинг рақобат устунлигига таъсир қилиши мумкин эди. Ходим ишдан бўшатилди ва кейин, зарарни ундириш учун, даъво аризаси берилди.
Мисол
Тижорат сири ҳисобланмаган маълумотларни очиш

Компания собиқ ходимни бўлим тузилмаси ва ички лойиҳалар номлари ҳақидаги маълумотларни эълон қилгани учун тижорат сирини ошкор қилишда айблади. Ходим бу ҳақида профиль блогига берган интервьюсида айтиб, ўз тажрибаси ҳақида гапириб берган эди. Компания бундай маълумотларни махфий деб ҳисоблади. Бироқ ходимнинг ҳуқуқшунослари маълумотлар аллақачон барча учун очиқ бўлганлигини исботлашди: маълумотларнинг бир қисми компания веб-сайтидаги йиллик ҳисоботларда жойлаштирилган, лойиҳаларнинг номлари эса очиқ бўш иш ўринлари ҳақидаги эълонларда айтиб ўтилган. Натижада суд NDAни бузиш тўғрисидаги даъвони рад этди.

Маълумотлардан фойдаланиш мақсадлари

Олинган махфий маълумотлардан айнан қандай вазифалар учун фойдаланишга рухсат берилганлигини кўрсатинг. Масалан: маълум бир лойиҳани бажариш, ҳисоботларни тайёрлаш, ички таҳлил ёки маҳсулотни ишлаб чиқиш учун. Бу маълумотларни фақат ҳамкорлик доирасида қўллашни чеклашга ва улардан шахсий мақсадларда фойдаланишни олдини олишга ёрдам беради.

Агар маълумотдан фақат битта компания ёки муайян бўлинма ичида фойдаланиш мумкин бўлса, буни келишув матнида аниқлаштиринг. Шунингдек маълумотлардан рақобатчилар манфаатларини кўзлаб ёки шахсий манфаатлар учун фойдаланишни тақиқлашни ҳам белгилаш мақсадга мувофиқ.

Тарафларнинг мажбуриятлари ва жавобгарлиги

Ушбу бўлимда тарафларнинг ҳар бири қандай мажбуриятни ўз зиммасига олишини аниқ қайд этиш керак. Хусусан:

Ходим – махфий ахборотни ошкор қилмаслик, ундан шахсий мақсадларда фойдаланмаслик, учинчи шахсларга бермаслик.

Иш берувчи – ахборотдан фойдаланиш имкониятига эга бўлган шахслар доирасини чеклаш ва қайси маълумотлар махфий ҳисобланиши ҳақида ходимни хабардор қилиш.

Шунингдек келишувни бузганлик учун қандай санкциялар назарда тутилганлигини кўрсатиш зарур: интизомий жавобгарлик, зарарларни қоплаш, меҳнат шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш, ишни судга ошириш.

Муҳим
NDA шартлари бузилган тақдирда, фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик чоралари қўлланилади.

Келишувнинг амал қилиш муддати

Келишувнинг амал қилиш муддати – бу маълумотни ошкор қилиш мумкин бўлмаган ва ошкор қилмаслик мажбурияти амал қиладиган вақт. Ахборотни ошкор қилишни тақиқлаш меҳнат шартномаси бекор қилингандан кейин ҳам амал қилиши мумкин.

Низоларни ҳал қилиш тартиби

Тарафлар низоли вазиятда низоларни ҳал қилишнинг қандай тартибини қўллашларини кўрсатинг. Масалан:

  • музокаралар йўли билан тартибга солиш;
  • иш берувчи (юридик шахс) жойлашган ердаги судга мурожаат қилиш;
  • агар тарафлар рози бўлса, медиация ёки ҳакамлик муҳокамасидан фойдаланиш.
Муҳим
Агар келишувга низоларни ҳал қилиш тартиби киритилмаса, тарафлар ФКга мувофиқ судга мурожаат қилишга ҳақли.

Тарафларнинг реквизитлари

Ҳужжатнинг сўнггида тарафларнинг реквизитларини кўрсатиш керак:

  • компаниянинг юридик мақоми ва номи;
  • манзили, СТИР, ИФУТ;
  • ходимнинг маълумотлари.

Иш судда кўрилган тақдирда бу имзо қўйган шахсни идентификация қилишга ёрдам беради.

Kadrovik.uz тавсия қилади
Ошкор қилмаслик тўғрисидаги келишув амал қилиши учун учун, Махфий маълумотлар тўғрисидаги низомни тузинг. Низомни қандай тузиш ҳақида батафсил тавсияномада билиб олинг

NDA шартлари қандай ўзгартирилади

Агар махфий маълумотлар рўйхати ўзгарган бўлса ёки, айтайлик, компания реквизитлари янгиланган бўлса, NDAни ўзгартириш мумкин. Бу қўшимча келишув орқали амалга оширилади. Тузатишлар кўп бўлса, янги келишувни имзолаш осонроқ.

Агар келишувнинг ўзида амал қилиш муддати белгиланган бўлса, NDA амал қилиш муддати автоматик равишда тугайди. Бундай ҳолда қўшимча ҳужжатларни имзолаш керак эмас. Бунда NDAни муддатидан олдин бекор қилиш мумкин:

  • тарафларнинг келишувига кўра – алоҳида ҳужжат имзоланади;
  • бир томонлама тартибда – хабарнома бўйича, агар бу шартномада назарда тутилган бўлса.

NDA шартлари бузилган бўлса, нима қилиш керак

Агар NDA шартлари бузилган бўлса, биринчи навбатда маълумотнинг чиқиб кетиши фактини қайд этиш керак. Бу скриншотлар, ёзиб олинган суҳбатлар, хатлар ёки бошқа далиллар бўлиши мумкин. Низоли вазиятларда фойдаланиш учун, асл нусхалар ва кўчирма нусхаларни сақлаб қўйиш муҳим.

Мисол
Маҳфий маълумотни ошкор қилиш
IТ-компаниянинг собиқ ходими рақобатчига ишга жойлашди ва ўзининг Telegram каналида аввалги иш жойидаги буюртмачи билан ички ёзишмаларнинг скриншотини жойлаштирди. Хатда битим шартлари, чегирмалар ва лойиҳани амалга оширишнинг ўзига хос хусусиятлари муҳокама қилинган. Бу NDA шартларини бузди: мижозлар, тижорат шартлари ва ички жараёнлар ҳақидаги маълумотлар махфий эди.

Компания эълон қилинганлик фактини қайд этиб, судгача бўлган даъвони юборди, шундан кейин иш судгача етиб борди, у ерда компания обрўсига етказилган зарар ва тижорат сирининг ошкор қилинганлиги учун компенсация ундирилди.

Сўнгра компания ёки жабрланган тараф қоидабузарга судгача бўлган даъвони юбориши керак. Даъво эркин шаклда тузилади, лекин унда албатта қоидабузарлик ва талаблар баён этилган бўлиши керак – масалан, неустойка тўлаш. Кўпинча бундай масалалар судсиз, тинч йўл билан ҳал қилинади.

Агар келишувга эришилмаса, низо кўриб чиқиш мақсадида судга оширилади. Бунинг учун даъво берилади, унга қоидабузарликнинг барча далиллари илова қилинади. Даъво аризасида: жарима ундириш, зарарни қоплаш ёки бошқа талаблар ҳам кўрсатилади. Суд ишни кўриб чиқиб, қарор чиқаради. Агар NDA тўғри тузилган бўлса, қоидабузарни жиддий оқибатлар кутиши мумкин.

Муҳим
Судгача бўлган даъвода ва бевосита даъвода шартноманинг ўзига асосланишга риоя қилиниши керак.

Позицияни кучайтириш учун, NDAда қоидабузарлик учун санкциялар миқдори олдиндан кўрсатилган бўлиши мақсадга мувофиқ. Шунингдек низода тарафлар ўзаро қандай ҳаракат қилишлари кераклигини кўрсатинг: музокаралар, арбитраж ёки суд орқали. Бу қанчалик аниқ тавсифланган бўлса, ўз манфаатларини ҳимоя қилиш шунчалик осон бўлади.

Чтобы получать новости от Kadrovik.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал