Штат жадвалини қандай расмийлаштириш керак
Штат жадвали – бу ташкилотнинг тузилиши, штат таркиби ва штат сони қайд этилган унинг ички ҳужжати. Унда таркибий бўлинмалар, лавозимлар рўйхати, штат бирликлари сони тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек лавозим маошлари, устамалар ва ойлик иш ҳақи фонди тўғрисидаги маълумотлар мавжуд.
Бюджет ташкилотларида штат жадвалининг мавжудлиги мажбурийдир (Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг харажатлар сметаси ва штат жадвалларини тузиш, тасдиқлаш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом (15.12.2014 й. АВ рўйхат рақами 2634-сон), БК 29–32-м.).
Нобюджет ташкилотлари уни расмийлаштирмаса ҳам бўлади.
Штат жадвали мавжудлигининг мақсадга мувофиқлиги қуйидаги норматив ҳужжатларда назарда тутилган:
- Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касбларининг классификатори (ХАЛИКК-2024);
- «Хусусий корхона тўғрисида»ги Қонун (11.12.2003 й. 558-II сон ЎРҚ, 14-м.);
- «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун (ЎРҚ-370-сон, 79-м. 6-қ.).
Штат жадвалининг мавжудлигига тўғридан-тўғри кўрсатмалар қуйидагиларда ҳам мавжуд:
- Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг харажатлар сметаси ва штат жадвалларини тузиш, тасдиқлаш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомда (Молия вазирининг буйруғига илова, 15.12.2014 й. АВ рўйхат рақами 2634-сон);
- «ЯММТ» ИДАК;
- бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар.
Штат жадвали фақат текширув ҳолатида керак бўлмайди. Штат жадвалини тузиш корхонага зарур бўлган ходимлар сони, уларни сақлаш учун пул маблағлари ва ташкилотнинг ўз тузилишини аниқлашга имкон беради.
Штат жадвали – шахссиз ҳужжат, яъни унда аниқ ходимлар эмас, балки ташкилотдаги лавозимлар сони ва улар бўйича маошлар кўрсатилади. Ходимлар эса штат жадвали тасдиқланганидан кейин раҳбарнинг буйруқлари билан лавозимларга тайинланади. Шунингдек, штат жадвалида муайян лавозимларга қўлланиладиган устамалар ва қўшимча тўловлар миқдорлари акс эттирилиши мумкин.
Корхонада одатда битта штат жадвали бўлади. Лекин агар юридик шахснинг филиаллари ёки ваколатхоналари бўлса, у ҳар бир алоҳида бўлинма учун штат жадвалларини тасдиқлаш ёки бутун ташкилот учун ягона жадвал тузиш масаласини мустақил ҳал қилади.
Корхонада бухгалтерия, молия, кадрлар ва юридик бўлимлар ўртасида баҳсли масала юзага келди. Штат жадвалини ким шакллантириши керак? Корхонада штат жадвалини шакллантириш, муддатлари ва масъул шахслар тўғрисида норматив ҳужжат борми?
Штат жадвалини шакллантириш корхона раҳбарининг қарори билан мансабдор шахсларга юкланади. Одатда – молиячилар ва иқтисодчилар билан узвий ҳамкорликда юридик ва кадрлар хизматига юкланади.
Штат жадвалини тузишга киришишдан аввал корхонанинг ташкилий тузилмасини аниқлаб олиш керак, унда ташкилотнинг барча бўлинмалари ва уларнинг бўйсунув тартиби схематик тарзда акс эттирилади. Бу бўлинмалар ва мансабдор шахслар ўртасида келишмовчиликлар ва номувофиқликларнинг олдини олишга ёрдам беради.
Штат жадвали – бу ташкилотнинг ички локал ҳужжати бўлиб, унда унинг тузилиши, штат таркиби ва штат сони қайд этилган. Унда таркибий бўлинмалар, лавозимлар рўйхати, штат бирликлари сони тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек қўшимча ва мажбурий бўлмаган маълумот сифатида – лавозим маошлари, устамалар ва ойлик иш ҳақи фонди тўғрисидаги маълумотлар мавжуд.
Шундай қилиб, уни тузиш учун масъул шахсларни қатъий тартибга солувчи норматив ҳужжатлар йўқ; бўлимлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни аниқ ташкил этиш ва корхона тузилмасини белгилаш муҳим. Бунда мажбуриятларни тақсимлаш бўйича якуний қарорни ташкилот раҳбари қабул қилади.
Ташкилот янги штат жадвалини қанчалик тез-тез тасдиқлаши керак? Уни ҳар йили, масалан, календарь йилининг бошидан тасдиқлаш керакми ёки қонунчилик фақат зарурат бўлганда ўзгартишлар киритишга йўл қўядими? Бундан ташқари, бундай ўзгартишларни қандай тўғри расмийлаштириш кераклиги қизиқтиради: бутунлай янги штат жадвалини тасдиқлаш керакми ёки амалдаги штат жадвалига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги буйруқ етарлими?
Штат жадвали ташкилотда тузилма, ходимлар сони ёки меҳнатга ҳақ тўлаш шартларига таъсир кўрсатадиган ўзгаришлар содир бўлганда, зарурат туфайли ўзгартирилади.
Штат жадвали – бу иш берувчининг ички ташкилий-бошқарув ҳужжати бўлиб, унда қуйидагилар мустаҳкамланади:
- ташкилот тузилмаси;
- лавозимларнинг номлари;
- штат бирлигининг сони;
- тариф ставкалари ва устамалар миқдорлари.
Амалиётда кўплаб иш берувчилар ҳар йили 1 январдан янги штат жадвалини тасдиқлайди ва буни бюджетни режалаштириш ва иш ҳақини ўзгартириш билан боғлайди. Агар йил давомида ташкилотда тузилма ўзгармаса, янги лавозимлар пайдо бўлмаса ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари ўзгартирилмаса, унда амалдаги штат жадвали ҳеч қандай ўзгаришсиз ўз кучида қолиши мумкин.
Бироқ агар, масалан, янги лавозимлар жорий этилса, мавжудлари қисқартирилса, меҳнатга ҳақ тўлаш фонди ёки алоҳида лавозимлар бўйича маошлар ўзгартирилса, у ҳолда иш берувчи штат жадвалига ўзгартишлар киритиши шарт. Буни икки усул: янги штат жадвалини тасдиқлаш ёки амалдагисига ўзгартишлар киритиш билан амалга ошириш мумкин.
Шуни ҳисобга олиш керакки, штат жадвали раҳбарнинг буйруғи билан тасдиқланади ва унда ходимлар сони ва уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш тўғрисидаги долзарб маълумотлар акс эттирилиши лозим. Шунинг учун ташкилий тузилма ёки меҳнатга ҳақ тўлаш тизимидаги ҳар қандай ўзгариш, ишларнинг амалдаги ҳолати ва иш берувчининг ички ҳужжатлари ўртасидаги номувофиқликка йўл қўймаслик учун, штат жадвалига тузатишлар киритиш билан бирга олиб борилиши керак.
Шундай қилиб, агар бу бюджет ташкилоти бўлмаса, штат жадвалини ҳар йили «календарь бўйича» ўзгартириш талаб этилмайди. Иш берувчи уни тасдиқлайди ва ташкилотдаги ҳақиқий вазиятга қанча вақт мос келса, шунча вақт давомида долзарб ҳолатда сақлайди. Кадрлар ёки ташкилий сиёсатнинг ҳар қандай ўзгаришларида эса – янги штат жадвалини ёки ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги буйруқни расмийлаштирган ҳолда тузатишларни ўз вақтида ҳисобга олиш кифоя.
Штат жадвалини қандай тузиш керак
Штат жадвалини тузишга киришишдан олдин корхонанинг ташкилий тузилмасини аниқлаб олиш керак.
Штат жадвалини тузишда штат жадвалида кўрсатилган лавозимлар Классификатор (ХАЛИКК-2024) бўйича лавозимларга мос келиши керак эканлигини ёдда тутиш лозим.
Штат жадвалини тузиш тартиби қонун ҳужжатларида тасдиқланмаган. Лекин одатда бу ҳужжат қуйидаги рўйхат ва маълумотларни ўз ичига олади:
- таркибий бўлинмалар тўғрисида,
- лавозимлар тўғрисида,
- штат бирликлари сони тўғрисида,
- лавозим маошлари тўғрисида,
- устамалар тўғрисида,
- ойлик иш ҳақи фонди тўғрисида.
Маслаҳат
Штат жадвалида нималарни кўрсатиш керак
1. Шаклни тўлдиришда ташкилот номини, ҳужжат рақами ва тузилган санасини кўрсатинг, штат жадвали тасдиқланадиган буйруқнинг рақами ва санасини қўйинг.

2. 1-2-устунлар «Таркибий бўлинма»
Штат жадвалида таркибий бўлинмаларнинг номларини ташкилотнинг ташкилий тузилмасига мувофиқ кўрсатинг. Шунингдек, ҳар бир бўлинманинг кодини кўрсатишингиз мумкин. Уни ташкилот мустақил равишда белгилайди.

3. 3-устун «Касб (лавозим)»
Лавозим номини қисқартиришларсиз, ХАЛИКК-2024 лавозимлар Классификаторига қатъий мувофиқ ҳолда кўрсатинг. Штат жадвалига чет тилидаги лавозимларни киритманг.
Лавозимлар номини ЯММТ лавозимлар қаторига мувофиқлигини текширинг. База ХАЛИКК-2017 бўйича яратилган, шунинг учун ҳозирги пайтда лавозимлар номларида фарқлар мавжуд.
Агар Классификаторда кўрсатилмаган мутахассисликни штат жадвалига киритиш масаласи юзага келса, Меҳнат вазирлигига мурожаат қилинг. У бу касб ёки лавозимнинг Классификаторда кўрсатилганларга мослигини аниқлайди.
Бўлинмада иккита бир хил лавозим мавжуд бўлганда, лавозим номини функциялари ёки йўналишини аниқлаштириш билан кўрсатиш тавсия этилади. Масалан: «маркетинг бўйича бўлим бошлиғи ўринбосари», «сотув бўйича бўлим бошлиғи ўринбосари». Бу ҳолда штат жадвалида иккита турли лавозим бўлади.
ХАЛИКК-2024дан асосий (калит) лавозимдан ҳосила лавозимлар яратишда қуйидаги сўзларни қўшинг:
- ишчилар касблари бўйича: катта, ёрдамчи, биринчи, иккинчи ёки учинчи синфга мансублик;
- хизматчилар лавозимлари бўйича: вице, ўринбосар, бош, катта, кичик, биринчи, иккинчи ва ҳ. к.;
- лавозим малака тоифалари: олий, биринчи, иккинчи, учинчи. Хизматчилар лавозимлари бўйича малака тоифалари, одатда, аттестация натижалари бўйича белгиланади;
- синфлилик ва синф унвонлари. Синфлилик ва синф унвонлари белгиланадиган лавозимлар рўйхати, шунингдек уларни белгилаш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
4. 4-устун «Штат бирликлари сони»
Аниқ лавозимлар сонини кўрсатинг. Масалан, агар ташкилотда битта офис-менежер ва учта сотув менежери назарда тутилган бўлса – тегишли устунларда 1 ва 3 рақамларини кўрсатинг. Агар қайсидир лавозим бўйича тўлиқ бўлмаган штат бирлиги назарда тутилган бўлса, улушни кўрсатинг, масалан: 0,25 ёки 0,5. Агар битта лавозимда уч киши ишласа, айтайлик, ҳар бири 0,5 иш вақти бўйича бўлса, штат жадвалида 1,5 ни кўрсатинг.
Иккита бир хил лавозим учун ягона функциялар мавжуд бўлганда штат жадвалида кўрсатилган лавозим бўйича зарур штат бирликлари сонини кўрсатинг, бу ЯММТда лавозим яратишда ҳам назарда тутилган.
5. 5-устун «Маош (тариф ставкаси)»
Маош ёки тариф ставкаси миқдорини ташкилотда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш тизимига қараб кўрсатинг.
Ойлик иш ҳақини барча солиқлар ва ҳисобланган тўловларни ҳисобга олган ҳолда сўмда кўрсатинг. Бир хил лавозимлар учун маош тенг бўлиши керак. Агар бир мутахассисликдаги одамлар учун турли маошлар белгиланиши керак бўлса, қўшимча ёки ҳосила лавозимларни киритиш мумкин: 1-тоифали бухгалтер, бухгалтер-кассир, материаллар ҳисоби бўйича бухгалтер.
Агар иш ҳақининг қатъий миқдорини белгилаш имконсиз бўлса, масалан, соатбай ишбай ҳақ тўланадиган ходимлар учун, 5-устун «Маош»ни тўлдирманг. «Изоҳ» устунида «Соатбай тариф ставкаси бўйича тўлов», «Ишбай ҳақ тўлаш» асосини кўрсатинг. Бунда ташкилотда меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорини тартибга солувчи ҳужжатга ҳавола беринг.
6. 6-8-устунлар «Устамалар» Рағбатлантирувчи ва компенсация тўловларини кўрсатинг, масалан, ишнинг сайёр ёки кўчма хусусияти учун, ноқулай табиий-иқлим шароитларидаги иш учун ёхуд зарарли ёки оғир меҳнат шароитларидаги иш учун, меҳнатнинг жадаллиги учун ва б.
Устамалар тўловини қатъий суммада ҳам, маошга нисбатан фоизларда ҳам ёки коэффициент кўринишида ҳам кўрсатиш мумкин.
МЧЖ бош директори асосий фаолият тури бўйича деярли барча ишни бажарадиган ўринбосарга эга. Бош директор зиммасида назорат ва ташкилий масалалар қолади. Муассислар ва директор ўринбосари бош директорга нисбатан юқорироқ иш ҳақи олиши кераклиги тўғрисида келишиб олишди. Маошлар штат жадвалига мувофиқ буйруқ билан тасдиқланади. Бундай қарор қонунийми?
Қонунчиликда нодавлат ташкилотлари учун раҳбарлар ва бўйсунувчилар меҳнатига ҳақ тўлаш ўртасида қандайдир нисбатни белгилайдиган нормалар йўқ. Шунинг учун кўриб чиқилаётган вазиятдаги қарор қонунчиликка зид эмас.
Меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори иш берувчи билан ходим ўртасидаги келишув бўйича белгиланади. Меҳнатга ҳақ тўлаш қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлиши мумкин эмас ва энг кўп миқдор билан чекланмайди
.
Бухгалтерияга ҳисоб-китоблар учун асос бўлиши учун меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорини меҳнат шартномасида келишиш ва ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқда кўрсатиш етарли. Шунингдек, корхонанинг ички ҳужжатларида ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорларини тасдиқлашингиз мумкин.
Бунда давлат ташкилотларида тариф тизими қўлланилади ва тариф ставкасини ҳисоблашда разряд ҳисобга олинади. У бажариладиган ишнинг мураккаблиги ва ходимнинг малака даражасини кўрсатади. Бош директорнинг разряди ва, тегишинча, тариф ставкаси директор ўринбосариникига қараганда юқори бўлади. Лекин бунда лавозим маошига турли устамалар ва қўшимча тўловларни қўллаш мумкин, улар ҳар бир аниқ ҳолатда меҳнатга муносиб ва адолатли ҳақ тўлаш масаласини ҳал қилади.
7. 9-устун «Ойига жами»
Бу устунда ходимга ой учун тўланадиган ойлик тўлов миқдорини кўрсатинг: маош ва устаманинг умумий суммасини штат бирликлари сонига кўпайтирилган ҳолда.

8. 10-устун «Изоҳ»
Бу ерда, масалан, бўш лавозимларни белгилаш ёхуд ташкилотда меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорини тартибга солувчи ташкилот ички ҳужжатининг аниқ бандига ҳавола қилиш мумкин.
Штат жадвалини қандай тасдиқлаш ва амалга киритиш керак
Штат жадвали кучга кириши учун уни расмийлаштириш ва тасдиқлаш керак:
- Тайёр жадвални бош бухгалтер ва кадрлар хизмати раҳбари имзолайди. Бунда штат жадвалини ишлаб чиқишда иштирок этган таркибий бўлинмалар раҳбарлари ҳам ҳужжатни визалашлари мумкин. Агар бундай ходимлар бўлмаса, ҳужжатни компания раҳбари тасдиқлайди.
- Штат жадвалини амалга киритиш учун раҳбар ёки бошқа ваколатли шахс буйруқ чиқаради.
Ходим штат жадвали билан танишиш учун уни талаб қилиши мумкинми? Янги ходимни штат жадвали билан таништириш керакми?
Йўқ, керак эмас.
Иш берувчи ходимнинг ёзма аризасига кўра унга иш билан боғлиқ ҳужжатлар нусхаларини: ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқ, бошқа ишга ўтказиш тўғрисида, ишдан бўшатиш тўғрисидаги ва бошқа ҳужжатларни бериши шарт (МК 117-м.). Демак, ишга қабул қилишда иш берувчи ходимни у билан таништириши шарт эмас. Бунда бундай мажбурият жамоа шартномаси, келишув, ташкилотнинг ички ҳужжати билан назарда тутилиши мумкин.
Шундай қилиб, иш берувчи ходимга фақат унинг лавозимига тегишли бўлган штат жадвалидан кўчирма тақдим этиш орқали ходимни штат жадвали билан таништириши мумкин.
Штат жадвалининг амал қилиш муддатини кўрсатиш шарт эмас, у муддатсиз бўлиши мумкин. Штат жадвалини қандай даврийликда янгилаш кераклигини кўрсатувчи нормативлар йўқ. Агар ташкилотда ҳеч қандай ўзгаришлар бўлмаган бўлса, ҳужжатни ўзгартириш шарт эмас.
Штат жадвалига қандай ўзгартиришлар киритиш керак
Зарурат туғилганда, масалан, агар янги лавозимлар киритилса, ташкилотда янги бўлимлар пайдо бўлса ёки, аксинча, штат қисқартирилса – штат жадвалига ўзгартиришлар киритинг. Штат жадвалига ўзгартиришлар «Штат жадвалига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» буйруқ билан расмийлаштирилади. Лекин агар ҳужжатда тузатишлар кўп бўлса, янги штат жадвалини тузиш ва уни алоҳида буйруқ билан тасдиқлаш осонроқ.
Ходимларнинг меҳнат шартномаларида кўрсатилган эгаллаб турган лавозимларининг штат жадвалида кўрсатилган лавозимларга қатъий мувофиқлиги муҳим. Штат жадвалида лавозимлар номларининг ҳар қандай тасдиқланган ўзгаришида ходимларнинг меҳнат шартномаларини лавозимлар номларига тегишли қисмида штат жадвалига мувофиқ келтириш зарур:
- ходимларнинг аввалги функциялари сақланиб қолганда – лавозим қайта номланади (меҳнат шартномасига лавозимни қайта номлаш тўғрисида қўшимча келишув тузилади ва буйруқ чиқарилади);
- штат жадвалидан маълум лавозимлар чиқарилиб, янги функцияларга эга янги лавозимлар яратилганда – ходим аввалги лавозимидан янги лавозимга ўтказилади (меҳнат шартномасига лавозимга ўтказиш тўғрисида қўшимча келишув тузилади ва буйруқ чиқарилади).
Штат жадвалини қанча вақт сақлаш керак
Кучини йўқотган штат жадваллари йўқ қилинмайди, балки сақлашга топширилади. Штат жадвалларини сақлаш муддати – доимий (Ўзбекистон Республикаси ташкилотлари фаолиятида вужудга келадиган бошқарув ҳужжатларининг намунавий рўйхатининг 46-банди, сақлаш муддатларини кўрсатган ҳолда (Давархив агентлигининг 21.02.2020 й. 40-сон буйруғи)), штат жадваллари лойиҳалари, штатларни тасдиқлаш ва ўзгартириш тўғрисидаги ёзишмалар эса – 3 йил (Рўйхат 47, 48-б.).


Канал в телеграм