Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 04.01.2007 й. ПҚ-554-сон "Инвестиция лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш самарадорлигини ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матнини ўқиш учун авторизация қилинг

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

04.01.2007 й.

N ПҚ-554


ИНВЕСТИЦИЯ ЛОЙИҲАЛАРИНИ ЭКСПЕРТИЗАДАН

ЎТКАЗИШ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШ

БОРАСИДАГИ ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР

ТЎҒРИСИДА


Мамлакатимиз иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, инвестиция лойиҳаларининг экспертизасини амалга оширишда давлат ва якка тартибда ёндашувни таъминлаш, бюрократизм, расмиятчилик ва сансалорлик фактларига қатъиян чек қўйиш ва олдини олиш, экспертиза натижалари учун мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири зиммасига вазирликда ўтказиладиган инвестиция лойиҳаларининг техник-иқтисодий асослари самарадорлиги ва ҳаққонийлигини таъминлаш, шунингдек инвестиция лойиҳалари ҳужжатларини экспертизадан ўтказишда қатъий назоратни амалга ошириш учун шахсий жавобгарлик юклансин.


2. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг Хорижий инвестицияларни жалб этиш ва инвестиция таклифлари мониторинги бош бошқармаси бевосита вазирга бўйсунади.


3. Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири (Э.М. Ғаниев) бир ҳафта муддатда ушбу қарордан келиб чиқадиган вазифаларни ҳисобга олган ҳолда Хорижий инвестицияларни жалб этиш ва инвестиция таклифлари мониторинги бош бошқармасининг тузилмаси ва Низомини қайта кўриб чиқсин ҳамда янгиларини тасдиқласин.


4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                 И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 йил, 1-2-сон, 6-модда.