Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10.12.1993 й. ПФ-696-сон "Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси корхоналарида текширишларни тартибга солиш тўғрисида"ги Фармони

Ҳужжатнинг тўлиқ матнини ўқиш учун авторизация қилинг

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

10.12.1993 й.

N ПФ-696



САВДО ВА ХИЗМАТ КЎРСАТИШ СОҲАСИ

КОРХОНАЛАРИДА ТЕКШИРИШЛАРНИ

ТАРТИБГА СОЛИШ ТЎҒРИСИДА


Қайси идорага бўйсунишидан ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси корхоналарида текширишни тартибга солиш, ходимларни асосий фаолиятдан ноўрин чалғитиш ҳолларига барҳам бериш, бу ишда такрорлаш ва параллелизмга йўл қўймаслик мақсадида:


1. Белгилаб қўйилсинки, қайси идорага бўйсунишидан ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси корхоналарининг фаолиятини фақат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бош давлат солиқ бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг молия ва тафтиш органлари иштирокида амалдаги қонунларга мувофиқ текширадилар.

Бош давлат солиқ бошқармасига бир ҳафта муддат ичида савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси корхоналари фаолиятини ҳар жиҳатдан текширишни мувофиқлаштириш тўғрисидаги Низомни ишлаб чиқиш топширилсин.

2. Такрорлаш ва параллелизмга барҳам бериш мақсадида, қайси идорага бўйсунишидан ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси корхоналарида маҳаллий бошқарув органлари, давлат назорати, ички ишлар, соғлиқни сақлаш, стандартлаштириш, метрология ва сертификация органлари ўзларининг республика ташкилотлари томонидан текшириш учун аниқ топшириқ кўрсатиб берилган тегишли рухсатномаларсиз текширишларни ўтказиши тақиқлансин.


3. Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, корпорациялар, концернлар, уюшмалар ва республика бирлашмалари Қорақалпоғистон Республикасининг Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ушбу Фармон талаблари жойларда қатъий бажарилишини таъминласинлар.


4. Вазирлар Маҳкамаси 10 кун муддат ичида амалдаги норматив ҳужжатларга тегишли ўзгартишлар киритсин.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                  И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Ахборотномаси", 1993 й., 11-12-сонлар, 399-модда