Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 01.02.2000 й. 33-сон "Японияда Ўзбекистон Республикаси вакилларининг таълим олишини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матнини ўқиш учун авторизация қилинг

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

01.02.2000 й.

N 33


ЯПОНИЯДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАКИЛЛАРИНИНГ ТАЪЛИМ ОЛИШИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА



Японияда Ўзбекистон Республикаси вакилларининг таълим олишини ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш учун Япония Ҳукуматининг 127 млн. Япония иенаси миқдоридаги беғараз ёрдамидан самарали фойдаланилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Япония Ҳукуматининг ҳар йили 20 нафар Ўзбекистон Республикаси вакилларини Япония университетларида Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JIСА) кўмагида таълим олишини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ҳ.С. Кароматов Алмашув нотаси тарзидаги битимни Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан имзолашга вакил қилинсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига Япония томони билан келишган ҳолда лойиҳани амалга ошириш учун беғараз ёрдам маблағларини олиш ва уларга хизмат кўрсатиш, шу жумладан танлов ўтказиш ва стипендиатларни Японияга жўнатиш учун барча тартиботларни расмийлаштириш юклансин.


4. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси Алмашув ноталарида белгиланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан қабул қилинган мажбуриятларнинг бажарилишини таъминласинлар.


5. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги буюртманомаларига биноан лойиҳани амалга оширишда қатнашувчи хорижий мутахассисларга келиш-кетиш визаларини расмийлаштиришни белгиланган тартибда таъминласин.


6. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги буюртманомаларига биноан лойиҳани амалга оширишда қатнашаётган япониялик мутахассисларни яшаш жойида вақтинча рўйхатдан ўтказишни ва вақтинча рўйхатдан ўтказиш муддатини узайтиришни давлат божлари ундирмасдан амалга оширсин.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ҳ.С. Кароматов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                         И. Каримов