Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Тошкент шаҳар хокимининг 09.07.2015 й. 613-сон “Тошкент шаҳридаги турар ва нотурар жой объектлари ҳамда кўрсатилган коммунал хизматлар учун тўловларнинг мониторингини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матнини ўқиш учун авторизация қилинг

ТОШКЕНТ ШАҲАР ҲОКИМИНИНГ

ҚАРОРИ

09.07.2015 й.

N 613




ТОШКЕНТ ШАҲРИДАГИ ТУРАР

ВА НОТУРАР ЖОЙ ОБЪЕКТЛАРИ ҲАМДА

КЎРСАТИЛГАН КОММУНАЛ ХИЗМАТЛАР

УЧУН ТЎЛОВЛАРНИНГ МОНИТОРИНГИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА

Тошкент шаҳридаги мавжуд турар ва нотурар жой объектларини тафтишдан ўтказиш, уларда яшаётган шахслар сонини аниқлаш, рўйхатга олинмаган фуқаролар, айниқса вояга етмаган болаларни рўйхатдан ўтказиш, аҳоли ички ва ташқи миграциясининг ҳисоби юритилишини кучайтириш, кўрсатилган коммунал хизматлар учун тўловларни ундириш, айниқса газ, электр ва иссиқлик энергияси бўйича қарздорликни кескин камайтириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги "Коммунал хизматлар кўрсатиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида"ги 194-сонли қарори ижросини ташкил этиш мақсадида,


ҚАРОР ҚИЛАМАН:


1. Турар ва нотурар жой объектларини ўрганиш, уларда истиқомат қилаётган аҳоли сонига аниқлик киритиш ҳамда кўрсатилган коммунал хизматлари учун мавжуд қарздорликни кескин камайтириш бўйича 2015 йил 10 июлдан 20 августгача мониторинг ўтказилсин.


2. Мониторинг ишларини мувофиқлаштириш бўйича Тошкент шаҳар ишчи гуруҳи таркиби 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


3. Мониторинг ишларини амалга оширишда қуйидагиларга эътибор қаратилсин:

хонадонларда истиқомат қилаётган фуқаролар сони, доимий рўйхатдан ўтган ёки ўтмаганлиги;

рўйхатдан ўтиб, яшамаётган шахсларнинг яшаш манзилига аниқлик киритиш ва хорижга чиқиб кетган шахсларни ҳисобга олиш;

хориждан ёки бошқа вилоятдан келиб яшаётган шахслар аниқланган тақдирда, уларнинг вақтинчалик рўйхатдан ўтганлиги;

бўш турган ва ижарадаги хонадонларни аниқлаш, эгасини топиб, суҳбат ўтказиш ҳамда ижарадаги хонадоннинг қонунийлигини белгилаш;

янги қурилган ва қурилаётган хонадонлар ҳамда уларда истиқомат қилаётган аҳоли сонига аниқлик киритиш;

қарздор хонадонлар фойдаланган коммунал хизматларнинг ҳисоблагичлари ва тўлов қоғозларини ўрганиш, қарздорлик миқдорининг ҳисобини юритиш ҳамда белгиланган тартибда ундириш.


4. Туман ҳокимликлари, Ички ишлар бош бошқармаси (Адилов), Давлат солиқ бошқармаси (Пардаев), "Маҳалла" хайрия жамоат фонди (Ғуломов), "Сувсоз" давлат унитар корхонаси (Маҳкамов), "Тошшаҳаргаз" корхонаси (Каюмов), "Тошкент шаҳар электр тармоқлари" корхонаси (Икрамов), "Махсустранс" ИЧБ (Набиев), "Тошиссиқликқуввати" ИЧБ (Хамидханов), Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари уюшмаси (Набиев)га:

ушбу мониторинг ишларини самарали ташкил этиш учун туман ҳокимининг қарори билан штаб тузиш;

маҳаллаларда мониторинг ишларини амалга ошириш бўйича 2-иловадаги намунавий шакл асосида жамоатчилик ишчи гуруҳлари шакллантирилишини тавсия этиш;

барча якка тартибдаги ва кўп қаватли уйларда жойлашган хонадонларни мониторингдан ўтказиш;

мониторинг натижасида аниқланган кўрсаткичларни маҳаллаларда жорий этилган уй ва кўча журналларига киритиш ҳамда электрон базани шакллантириш;

штаб йиғилишида жойларда олиб борилаётган ишларни таҳлил этиш, камчиликларни бартараф этиш, жойлардаги ишчи гуруҳларга услубий ва амалий кўмак бериш ҳамда доимий назорат ўрнатиш;

аниқланган ҳолатлар ва кўрсаткичлар бўйича ҳар сешанба ва жума кунлари Тошкент шаҳар ишчи гуруҳига ахборот бериш топширилсин.


5. Ҳудудий коммунал фойдаланиш бирлашмаси (Маҳкамов), "Сувсоз" давлат унитар корхонаси (Маҳкамов), "Тошшаҳаргаз" корхонаси (Каюмов), "Тошкент шаҳар электр тармоқлари" корхонаси (Икрамов), "Махсустранс" ИЧБ (Набиев), "Тошиссиқликқуввати" ИЧБ (Хамидханов):

Мониторинг жараёнида аниқланган қарздорлик миқдорини ҳисобга олиш, корхонанинг кўрсаткичи ва тўлови қоғозидаги тафовутни ўрганиш ҳамда қарздорликни ундириш чора-тадбирлари белгилансин.

Жойлардаги ишчи гуруҳларга жалб этилган инспекторларнинг ишини мувофиқлаштириш, кўмак бериш ва кундалик ҳисобот олиш ишлари амалга оширилсин.


6. Ички ишлар бош бошқармаси (Адилов), Давлат солиқ бошқармаси (Пардаев):

Буш турган ва эгаси аниқланмаган хонадонлар ҳисобга олиниб, назорат ўрнатилсин.

Ноқонуний равишда ижарага берилган хонадонлар бўйича мулкдорларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда чора кўрилсин.

Мониторинг жараёнида вақтинча рўйхатдан ўтмаган ва бюродан тегишли гувоҳнома расмийлаштирмаган шахсларга нисбатан қонуний чора кўрилиб, вақтинчалик ишларни ташкил этиш бюроларига йўналтирилсин ҳамда назоратга олинсин.

Бўш, қаровсиз турган бино, иншоот, автотранспортларни ювиш ва таъмирлаш, умумий овқатланиш шохобчалари, эътибордан четда бўлган ишлаб чиқариш объектлари, саноат ҳудудлари ва бошқа жойларда манзилли ўрганишларни ташкил этиш ҳамда ноқонуний яшаб юрган шахсларни аниқлаш юзасидан чора-тадбирлар белгилансин.


7. Ушбу қарор ижросини назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман.



Тошкент шаҳар ҳокими                                                    Р. Усманов






Тошкент шаҳар ҳокимининг

2015 йил 9 июлдаги

613-сонли қарорига

1-ИЛОВА



Мониторинг ишларини мувофиқлаштириш бўйича

Тошкент шаҳар ишчи гуруҳи

ТАРКИБИ

        

Р. Усманов

-

Тошкент шаҳар ҳокими, ишчи гуруҳ раҳбари


Б. Рахмонов

-

Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари, ишчи гуруҳ раҳбари ўринбосари


М. Адилов


Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи, ишчи гуруҳ раҳбари ўринбосари


Ш. Турдиқулов

-

Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари


С. Гулямов

-

Тошкет шаҳар ҳокимлиги гуруҳ раҳбари


М. Пардаев

-

Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи


И. Маҳкамов

-

Ҳудудий коммунал фойдаланиш бирлашмаси бош директори


Х. Маҳкамов

-

"Сувсоз" давлат унитар корхонаси раҳбари


А. Каюмов

-

"Тошшаҳаргаз" корхонаси раҳбари


М. Икрамов

-

"Тошкент шаҳар электр тармоқлари" корхонаси раҳбари


К. Набиев

-

"Махсустранс" ИЧБ бошлиғи


Ф. Хамидханов

-

"Тошиссиқликқуввати" ИЧБ бошлиғи


А. Ғуломов

-

Ўзбекистон "Маҳалла" хайрия жамоат фонда Тошкент шаҳар бўлими бошқаруви раиси в.б.


А. Набиев

-

Хусусий уй-жой мулқдорлари ширкатлари уюшмаси раиси


            

Изох. Ишчи гуруҳ аъзолари эгаллаб турган лавозимидан озод этилган тақдирда, унинг ўрнига тайинланган (сайланган) шахс ишчи гуруҳ таркибига киритилади.






Тошкент шаҳар ҳокимининг

2015 йил 9 июлдаги

613-сонли қарорига

2-ИЛОВА



Маҳаллаларда мониторинг ишларини амалга ошириш

бўйича ишчи гуруҳнинг намунавий

ТАРКИБИ

       

Лавозимига кўра

- Маҳалла фуқаролар йиғини раиси, ишчи гуруҳ раҳбари

Лавозимига кўра

- Туман ҳокимлигидан маҳаллага бириктирилган масъул шахс, ишчи гуруҳ раҳбари ўринбосари

Лавозимига кўра

- Ички ишлар бошқармаси масъул ходими

Лавозимига кура

- Маҳалланинг профилактика инспектори

Лавозимига кўра

- Давлат солиқ инспекциясининг масъул инспектори

Лавозимига кўра

- "Маҳалла посбони" жамоат тузилмаси раҳбари

Лавозимига кўра

- "Сувсоз" давлат унитар корхонасининг маҳаллага бириктирилган инспектори


Лавозимига кўра

- Туман электр тармоқлари корхонасининг маҳаллага бириктирилган инспектори


Лавозимига кўра

- Туман газ корхонасининг маҳаллага бириктирилган инспектори


Лавозимига кўра

- "Махсустранс" ИЧБ маҳаллага бириктирилган инспектори


Лавозимига кўра

- "Тошиссиқликқуввати" ИЧБ маҳаллага бириктирилган инспектори


Лавозимига кўра

- Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари раҳбарлари


       

Ишчи гуруҳ таркибига уйбоши, йўлакбоши ва кўчабошилар белгиланган тартибда жалб этилади.