Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 30.10.1999 й. 480-сон "Кейс Корпорейшн" компанияси иштирокидаги қўшма корхоналар томонидан етказиб бериладиган қишлоқ хўжалиги техникаси учун ўз вақтида ҳисоб-китоб қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матнини ўқиш учун авторизация қилинг

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

30.10.1999 й.

N 480



“КЕЙС КОРПОРЕЙШН” КОМПАНИЯСИ

ИШТИРОКИДАГИ  ҚЎШМА  КОРХОНАЛАР

ТОМОНИДАН ЕТКАЗИБ БЕРИЛАДИГАН ҚИШЛОҚ

ХЎЖАЛИГИ  ТЕХНИКАСИ  УЧУН  ЎЗ  ВАҚТИДА

ҲИСОБ-КИТОБ ҚИЛИШ БЎЙИЧА ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Қишлоққа етказиб бериладиган “Кейс Корпорейшн” компанияси иштирокидаги қўшма корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган пахта териш машиналари ва тракторлар учун ўз вақтида ҳисоб-китоб қилишни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. “Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш” давлат-кооператив қўмитаси корхоналарининг 1999 йил 1 октябрдаги ҳолатига кўра бюджетга - 1100 млн сўм, Пенсия жамғармасига - 505 млн сўм ва Йўл жамғармасига - 75 млн сўм миқдоридаги муддати ўтказиб юборилган тўловларининг тўлаш муддати, бўшаб қолган маблағларни “ЎзКейсМаш” қўшма корхонасидан “Кейс-2022” пахта териш машиналари сотиб олишга йўналтирган ҳолда, 2001 йил 1 октябргача узайтирилсин.


2. “Пахта-банк” “Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш”  давлат-кооператив қўмитаси корхоналарининг 1080 млн сўм миқдоридаги дебиторлик қарзи бўйича ўз маблағлари ҳисобига факторинг операцияларини амалга оширсин, маблағларни “Кейс-2022” пахта териш машиналари учун ҳақ тўлашга йўналтирсин, кейинчалик “Пахта-банк”ка қарзлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳисоб-китоб жамғармаси томонидан, 2-картотека ҳолатидан қатъи назар, пахта хом ашёси, дон, шоли учун аванс ва ҳисоб-китоб қилишга траншлар бўйича йўналтириладиган маблағлар ҳисобидан тўлансин.


3. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва “Пахта-банк”нинг “Кейс Корпорейшн” компанияси билан тузилган контракт бўйича 920 млн сўм миқдоридаги 15 фоизли аванс тўловни тўлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 20 августдаги 410-сон қарорига мувофиқ “Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш” давлат-кооператив қўмитаси корхоналарига илгари берилган кредитларни тўлаш муддатини 2002 йилгача узайтириш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги кўрсатиб ўтилган кредит бўйича “Пахта-банк”ка берилган кафолатларни белгиланган тартибда қайта расмийлаштирсин.


4. “Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш”  давлат-кооператив қўмитаси корхоналарининг 1999 йил октябрь-декабрдаги бюджетга тўловлари муддати, маблағларни “Кейс-2022” пахта териш машиналари ҳамда “МХ-135” ва “СХ-100” тракторлари учун ҳақ тўлашга мақсадли йўналтирган ҳолда, узайтирилсин.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси 1999 йилнинг октябрь-декабри учун ҳисобланган солиқлар суммасининг тенг улушларда 2000 йилнинг биринчи ярим йиллигида ундирилишини таъминласин.


5. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва “Пахта-банк” “Камминз” двигателлари билан жиҳозланган техникадан фойдаланувчиларнинг ҳисоб-китобларини, кўрсатиб ўтилган двигателларга техника хизмати кўрсатиш ва уларни тузатиш учун тушадиган маблағларни “Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш” давлат-кооператив қўмитасининг мақсадли ҳисобварақларига ўтказиб, кейинчалик улардан “Камминз” фирмаси билан ҳисоб-китоб қилишда фойдаланган ҳолда, амалга оширишни таъминласинлар.


6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Б.С. Ҳамидов ва Б.М. Олимжонов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                            И. Каримов