Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Тошкент шаҳар ҳокимининг 12.01.2018 й. 69-сон "Тошкент шаҳрида ичимлик сув таъминоти хизматлари тарифларига махсус устама ҳақ миқдорини белгилаш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матнини ўқиш учун авторизация қилинг

ТОШКЕНТ ШАҲАР ҲОКИМИНИНГ

ҚАРОРИ

12.01.2018 й.

N 69



ТОШКЕНТ ШАҲРИДА ИЧИМЛИК СУВ

ТАЪМИНОТИ ХИЗМАТЛАРИ ТАРИФЛАРИГА

МАХСУС УСТАМА ҲАҚ МИҚДОРИНИ

БЕЛГИЛАШ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрелдаги "Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги ПҚ-2900-сонли (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 17-сон, 291-модда) қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг 2017 йил 15 декабрдаги 05/1-804-сонли топшириғи ижросини таъминлаш мақсадида, Молия Вазирлигининг 2017 йил 22 декабрдаги ЁТ/15-04-34-11/211-2257-сонли хатини инобатга олиб, ҚАРОР ҚИЛАМАН:


1. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг 2017 йил 15 декабрдаги 05/1-804-сонли топшириғи ижро учун қабул қилинсин.


2. 2018 йил учун Тошкент шаҳрида ичимлик сув таъминоти хизматлари тарифларига махсус устама ҳақ миқдори истеъмолчилар учун - 100 сўм/куб.м этиб белгилансин.


3. Ичимлик сув таъминоти хизматлари тарифлари бўйича белгиланган махсус устама ҳақ мақсадли тушум ҳисобланиб, барча солиқ турларини ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблашда солиққа тортиладиган базага киритилмаслиги, шунингдек сув таъминоти ташкилотларининг молиявий натижалари тўғрисидаги ҳисоботида акс эттирилмаслиги инобатга олинсин.


4. Тошкент шаҳар Молия бош бошқармаси (Н. Собиров), Тошкент шаҳар Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси (Ш. Азимджанов), "Сувсоз" давлат унитар корхонаси (Х. Махкамов):

сув таъминоти хизматлари тарифларига махсус устама ҳақ маблағларини жамлаш учун "Сувсоз" давлат унитар корхонасига хизмат кўрсатувчи банкда очилган махсус ҳисоб рақамига жамланган кунлик тушум бўйича махсус устама ҳақ Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш жамғармасига йўналтирилиши таъминлансин.


5. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ахборот-таҳлил гуруҳи, "Тошкент оқшоми" ва "Вечерний Ташкент" газеталари таҳририяти (А. Акромов), "Компьютерлаштириш маркази" ДУК (М. Асамов):

мазкур қарор расмий эълон қилиниши ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг www.toshkent.uz веб-сайтига жойлаштирилиши таъминлансин.


6. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.


7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Н. Максумов ва Тошкент шаҳар Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси бошлиғи Ш. Азимджанов зиммаларига юклатилсин.



Ҳоким                                                                                 Р. Усмонов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 18 январь