Ўзбекистон Республикаси Президентининг 29.08.2017 й. ПҚ-3245-сон "Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида лойиҳа бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ
29.08.2017 й.
N ПҚ-3245
АХБОРОТ-КОММУНИКАЦИЯ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ
СОҲАСИДА ЛОЙИҲА БОШҚАРУВИ ТИЗИМИНИ ЯНАДА
ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
[Кўчирма]
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган "Электрон Ҳукумат" тизимини янада ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқларида ахборот тизимларини татбиқ этиш ва жамоат тартибини таъминлаш вазифаларини амалга ошириш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида" 2017 йил 27 июлдаги ПҚ-3150-сонли қарорига мувофиқ:
1. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ва жорий этиш маркази "Узинфоком" негизида Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор ташкил этилсин (кейинги ўринларда - Ягона интегратор деб юритилади).
2. Қуйидагилар Ягона интеграторнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
"Электрон ҳукумат" тизимида ахборот тизимлари, ресурслари ва дастурий маҳсулотларни ҳамда иқтисодиёт тармоқларида ахборот технологияларини ишлаб чиқиш, жорий этиш ва интеграциялашни, аппарат-дастурий комплексларни ўрнатишни, шунингдек, тегишли лойиҳа ва техник ҳужжатларни тайёрлашни таъминлаш;
аҳолига ва тадбиркорлик субъектларига электрон давлат хизматлари кўрсатиш сифатини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;
"Электрон ҳукумат" тизими лойиҳаларини амалга оширишга ҳамда иқтисодиёт тармоқларида ахборот технологияларини жорий этишга мамлакат корхоналари ва ташкилотларини тизимли жалб этиш ҳисобига ахборот-коммуникация технологиялари ва дастурий маҳсулотларининг маҳаллий бозорини ривожлантиришга кўмаклашиш:
"Электрон ҳукумат" тизими инфратузилмасининг, давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари ва ташкилотларининг (кейинги ўринларда - давлат органлари ва бошқа ташкилотлар деб юритилади) ахборот тизимлари, ресурслари ва дастурий маҳсулотларининг технологик хавфсизлигини таъминлаш чораларини амалга ошириш;
давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ўртасида, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизими фаолияти доирасида ахборот тизимларини ҳамда идоралараро электрон ҳамкорлик ва ахборот айирбошлаш тармоқларини жорий этиш;
халқаро стандартларга мувофиқ, юқори технологияли хизматлар ва маҳсулотлар турини кенгайтириш ҳисобига ахборот-коммуникация технологиялари ва дастурий маҳсулотлар маҳаллий бозорининг экспорт салоҳиятини оширишга кўмаклашиш.
унинг зиммасига юкланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида, телекоммуникациялар соҳасида фаолият юритиш ҳамда қонунчиликда белгиланган талаблар ва шартларга риоя этилган ҳолда, тегишли лицензиялар ва рухсат берувчи ҳужжатларни олмасдан ўқув курсларини ташкил этишга;
Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекциясида резидентлик талабларини истисно қилган ҳолда ҳарбийлаштирилган тузилмаларнинг эҳтиёжлари учун аппарат-дастурий комплексларни, автоматлаштирилган ахборот тизимларини, дастурий маҳсулотлар ва муҳандислик инфратузилмаларини ҳамда ушбу мақсадлар учун асбоб-ускуналар, бутловчи қисмлар, узеллар, технологик ҳужжатлар ва дастурий таъминотларни жорий этишга, шу жумладан, етказиб беришга;
энг яхши таклифларни танлаб олиш асосида лойиҳа ва техник ҳужжатларни тайёрлаш, ахборот тизимлари, ресурслари ва дастурий ҳужжатларни ишлаб чиқиш бўйича пудрат ва ёрдамчи пудрат ишларини бажариш юзасидан хўжалик юритувчи субъектлар билан шартномалар тузишга рухсат берилсин.
5. Давлат органлари ва бошқа ташкилотларга тендер (танлов) савдолари ўтказмасдан лойиҳа ва техник ҳужжатларни тайёрлаш, ахборот тизимлари, ресурслари ва дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш бўйича Ягона интегратор билан шартномалар тузиш ҳуқуқи берилсин.
Ҳарбийлаштирилган тузилмаларга:
аппарат-дастурий комплекслар, автоматлаштирилган ахборот тизимлари, дастурий маҳсулотлар ва муҳандислик инфратузилмалари лойиҳаларини амалга ошириш доирасида асбоб-ускуналар, бутловчи қисмлар, узеллар, технологик ҳужжатлар ва дастурий таъминотни етказиб бериш учун Ягона интегратор билан тузилган шартномалар бўйича 100 фоиз олдиндан тўловни амалга ошириш;
тендер (танлов) савдолари ўтказмасдан лойиҳа-техник ҳужжатларни тайёрлаш, аппарат-дастурий комплексларни, автоматлаштирилган ахборот тизимларини, дастурий маҳсулотлар ва муҳандислик инфратузилмаларини ишлаб чиқиш ҳамда ушбу мақсадлар учун асбоб-ускуналар, бутловчи қисмлар, узеллар, технологик ҳужжатлар ва дастурий таъминотларни етказиб бериш бўйича Ягона интегратор билан шартномалар тузиш ҳуқуқи берилсин.
8. "Хавфсиз шаҳар" ягона аппарат-дастурий комплексини яратиш бўйича босқичма-босқич чора-тадбирлар дастури 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, шунингдек, бошқа вазирликлар, идораларнинг раҳбарлари - Дастур ижрочилари унда назарда тутилган тадбирларнинг тўлиқ миқёсда, ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши учун шахсан жавобгар бўладилар.
10. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ички ишлар вазирлигининг буюртманомалари бўйича "Хавфсиз шаҳар" комплексини яратиш лойиҳасини амалга ошириш доирасида жалб этиладиган хорижий мутахассисларнинг кириш визалари, консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан расмийлаштирилишини таъминласин.
11. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг буюртманомалари бўйича "Хавфсиз шаҳар" комплексини яратиш лойиҳасини амалга ошириш доирасида жалб этиладиган хорижий мутахассисларнинг кўп марталик визалари давлат божи ундирилмасдан расмийлаштирилиши, топширилиши ва муддати узайтирилишини, шунингдек, улар вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинишини таъминласин.
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги икки ой муддатда вазирлик марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмаларининг ташкилий штат тузилмаларини такомиллаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг "Хавфсиз шаҳар" жамоат тартибига кўмаклашиш маркази" давлат муассасасининг фаолиятини, меҳнатга ҳақ тўлаш фондини молиялаштириш ҳамда унинг ходимларини қўшимча рағбатлантириш, шунингдек, моддий-техникавий жиҳатдан таъминлаш "Хавфсиз шаҳар" комплексидан фойдаланган ҳолда, аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун жарималар тўлашдан тушадиган сумманинг 10 фоизи миқдоридаги маблағлар ҳисобидан, етишмай қолган қисми эса Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;
14. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2017 йилнинг 15 декабрига қадар муддатда амалдаги қонунчиликни ва илғор хорижий тажрибани таҳлил қилишни, шунингдек, кенг жамоатчилик муҳокамаси натижаларини ҳисобга олган ҳолда 2018 - 2021 йилларда "Электрон ҳукумат" тизимини янада такомиллаштириш ва электрон давлат хизматлари кўрсатиш комплекс дастурини тасдиқлашни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини киритсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
16. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси О.Б. Муродов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори Ш.М. Содиқов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев
Президентининг
2017 йил 29 августдаги
ПҚ-3245-сон қарорига
1-ИЛОВА
"Хавфсиз шаҳар" ягона аппарат-дастурий
комплексини яратиш бўйича босқичма-босқич
амалга ошириладиган чора-тадбирлар
ДАСТУРИ
13. |
Зарур объектларни аниқлашнинг илғор технологияларини қўллаган ҳолда автотранспорт учун жамоат интеллектуал автомобиль тураргоҳларида аппарат-дастурий ечимларини жорий этиш ҳамда "Хавфсиз шаҳар" комплексини янада ривожлантириш доирасида онлайн тўловларни ташкил этиш. |
Жадвал |
2017 йил 1 ноябрга қадар тасдиқлаш 2018-2019 йилларда амалга ошириш |
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш. Шерматов), ИИВ (А. Азизов), Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Р. Усмонов), Марказий банк (М. Нурмуратов) |
Изоҳ. "Хавфсиз шаҳар" ягона аппарат-дастурий комплексини яратиш лойиҳасини амалга оширишни мувофиқлаштириш бўйича комиссияси ушбу Дастурга, зарур ҳолларда, ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритишга ҳақли.
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz)