Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 22.07.2023 й. 307-сон "Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матнини ўқиш учун авторизация қилинг

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

22.07.2023 й.

N 307



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

КАМБАҒАЛЛИКНИ ҚИСҚАРТИРИШ

ВА БАНДЛИК ВАЗИРЛИГИ ҲУЗУРИДАГИ

ҲУНАРМАНДЧИЛИК ВА КАСАНАЧИЛИКНИ

ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ЖАМҒАРМАСИ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Аҳолини ҳунармандчиликка жалб қилиш ва ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2023 йил 12 июндаги ПФ-91-сон Фармони ҳамда "Касаначиликни янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2023 йил 23 февралдаги ПҚ-70-сон қарори, шунингдек, ҳунармандчилик ва касаначиликни ривожлантириш орқали ишсиз аҳоли, айниқса, хотин-қизлар, меҳнатга лаёқатли ногиронлиги бўлган шахсларнинг иш билан бандлигига кўмаклашиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Аҳолини ҳунармандчиликка жалб қилиш ва ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2023 йил 12 июндаги ПФ-91-сон Фармони ҳамда "Касаначиликни янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2023 йил 23 февралдаги ПҚ-70-сон қарорида:

а) Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилганлиги;

б) Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларидан тадбиркорлик субъектларига қуйидаги субсидияларни ажратиш:

касаначиликни ташкил этган маҳаллалар жойлашган ҳудуддан қатъи назар, ҳар бир касаначининг дастлабки уч ой давомидаги касаначилик фаолияти учун бир ойлик ўртача даромади миқдорида;

2025 йил 1 январга қадар касаначилик билан шуғулланаётган ишсиз ва иш қидираётган, шунингдек, "Темир дафтар", "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари" ёки "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри"га киритилган фуқароларга асбоб-ускуналар ва хомашё харид қилиш бўйича харажатларини қоплаш учун, бироқ ҳар бир касаначи учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваригача миқдорда;

касаначилик ёки ҳунармандчилик асосида уй шароитида ишлаётган ногиронлиги бўлган шахсларнинг иш жойини мослаштириш учун ҳар бир мослаштирилаётган иш жойи бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 бараваригача миқдорда;

касаначиларни касб-ҳунарга ўқитишга сарфланадиган харажатларни уч ойгача бўлган муддатда қоплаш учун, бироқ ҳар бир касаначи учун ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 бараваригача миқдорда;

нодавлат таълим ташкилотларида касаначилик йўналишида ўқув курсларини тамомлаган ҳар бир битирувчига касбга ўқитиш учун сарфланган харажатларнинг 70 фоизи, бироқ ҳар бир битирувчига базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваридан ошмаган миқдорда;

в) Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан туман (шаҳар)ларнинг тоифасига қараб:

"Уста-шогирд" анъаналари асосида ёшларга ҳунар ўргатаётган ҳунармандларга шогирдлар тайёрлаш, зарур хомашё сотиб олиш ва шогирдларни иш ҳақи билан таъминлаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача;

шогирдларга - мустақил фаолият бошлаши учун зарур асбоб-ускуна ва жиҳозларни сотиб олиш харажатларининг 75 фоиздан ошмаган, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваригача;

усталарга - интернет сайтларини яратиш, ўз маҳсулотларини жаҳон электрон савдо майдончаларига чиқариш ва реклама харажатларининг 75 фоиздан ошмаган, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваригача;

Ҳунармандларнинг "Ҳунарманд" уюшмасига аъзолик бадали харажатлари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача;

г) Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан жалб қилинган ҳар бир касаначи учун 1 миллион сўмгача, бироқ 2 йилгача муддатга жами 150 миллион сўмгача фоизсиз ссуда ажратиш;

д) Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси, Жамоат ишлари жамғармасига касаначиликни қўллаб-қувватлаш учун Давлат бюджетидан ажратилган трансфертлар ҳамда Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармасидан ҳунармандчилик фаолиятини қўллаб-қувватлашга ажратиладиган субсидиялар учун кўзда тутилган маблағлар Жамғармага йўналтирилиши, 2024 йилдан бошлаб - Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда ушбу маблағлар Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси учун ажратилиши кўзда тутилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларини шакллантириш тартиби;

тадбиркорлик субъектларига субсидиялар ва ссуда ажратиш тартиби;

Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларини бошқариш ва молиялаштириш тартиби;

Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш тартиби.


3. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги:

2023 йил 1 сентябрдан бошлаб, иш берувчилар томонидан ҳомиладорлиги ёки фарзанди борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш каби ҳолатлар бўйича мурожаатларни қабул қиладиган "Cаll-марказ"ни ишга туширсин;

Вазирликка "Cаll-марказ" орқали фуқаролардан тушаётган барча мурожаатларни умумлаштириш ҳамда белгиланган тартибда кўриб чиқиш, ушбу мурожаатлар бўйича ташкилотлардан зарур маълумотларни талаб қилиш, шунингдек, қонунчилик талабларининг бузилиш ҳолатлари аниқланганда, белгиланган тартибда таъсир чораларини қўллаш ваколати берилсин.


4. Қуйидагилар:

Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан маҳаллаларда касаначиликни ташкил этган тадбиркорлик субъектларига субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;

Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тадбиркорлик субъектларига касаначилик билан шуғулланаётган ишсиз ва иш қидираётган, шунингдек, "Темир дафтар", "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари" ёки "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри"га киритилган фуқароларга асбоб-ускуналар ва хомашё харид қилиш бўйича харажатларини қоплаш учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ;

давлат ва нодавлат таълим ташкилотларида давлат буюртмаси асосида касаначилик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган ишсиз ва банд бўлмаган фуқароларни касбга ўқитиш тартиби тўғрисидаги низом 4-иловага мувофиқ;

Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тадбиркорлик субъектларига касаначилик ёки ҳунармандчилик асосида уй шароитида ишлаётган ногиронлиги бўлган шахсларнинг иш жойини мослаштириш ҳамда мослаштирилаётган ҳар бир иш жойи харажатларини қоплаш учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги низом 5-иловага мувофиқ;

Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан касаначиларни касб-ҳунарга ўқитишга сарфланадиган харажатларни қоплаш учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги низом 6-иловага мувофиқ;

Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳунармандчилик фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун субсидиялар ажратиш тартиби тўғрисидаги низом 7-иловага мувофиқ;

Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тадбиркорлик субъектларига фоизсиз ссуда ажратиш тартиби тўғрисидаги низом 8-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


5. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 9-иловага мувофиқ айрим қарорларига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:

амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига Республика ижро этувчи ҳокимият оргналарининг номланиши билан боғлиқ тегишли ўзгартиришлар киритиш;

касаначиларга ҳар йилги меҳнат таътили муддати ҳамда меҳнат дафтарчаларини юритиш қоидаларини Меҳнат кодекси нормаларига мувофиқлаштириш.


6. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 10-иловага мувофиқ айрим ҳужжатлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


7. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б.А.Мусаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                  А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 22 июлдаги

307-сон қарорига

9-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг

айрим қарорларига киритилаётган

ўзгартириш ва қўшимчалар


1. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Йирик саноат корхоналари билан касаначиликни ривожлантириш асосидаги ишлаб чиқариш ва хизматлар ўртасида кооперацияни кенгайтиришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2006 йил 5 январдаги ПФ-3706-сон Фармонини амалга ошириш ҳақида" 2006 йил 11 январдаги 4-сон қарорида:


а) 2 ва 5-бандлардаги "Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш" сўзлари "Камбағалликни қисқартириш ва бандлик" сўзлари билан алмаштирилсин.


6-бандда:

иккинчи хатбошидаги "Давлат солиқ қўмитаси" сўзлари "Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Солиқ қўмитаси" сўзлари билан алмаштирилсин;

учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"ўн кун муддатда ҳар бир туманда (шаҳарда) корхоналар билан уйда маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган ва хизматлар кўрсатадиган фуқаролар ўртасида кооперацияни мувофиқлаштириш, қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича ҳокимларнинг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари (комиссия раиси) ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бошлиқлари (комиссия раисининг ўринбосари) бошчилик қиладиган ишчи комиссиялар ташкил этсинлар";


б) қарорга 1-иловада:


8-банднинг иккинчи хатбошисидагиҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида" сўзлари "Аҳоли бандлиги тўғрисида" сўзлари билан, "7" рақами "38" рақами билан алмаштирилсин;


10-банддаги "меҳнат дафтарчаси берилади" сўзлари "электрон меҳнат дафтарчалари юритилади" сўзлари билан алмаштирилсин;


12-банддаги "тузилишига" сўзи "билан бир қаторда ишларни бажариш, товарлар ишлаб чиқариш ёки хизматлар кўрсатиш ҳақидаги фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар, шу жумладан пудрат шартномаси асосида ташкил этишга" сўзлари билан алмаштирилсин;


14-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"14. Касаначининг электрон меҳнат дафтарчаси иш берувчи томонидан меҳнат шартномаси амал қилишининг бутун даври учун юритилади. Илгари ишламаган ва меҳнат дафтарчисига эга бўлмаган касаначи учун электрон меҳнат дафтарчаси иш берувчи томонидан юритилади.

Иш берувчи электрон меҳнат дафтарчасига меҳнат шартномаси тузилиши ва тўхтатилиши тўғрисидаги маълумотларни киритиши шарт. Касаначи билан меҳнат шартномаси тўхтатилган тақдирда, иш берувчи электрон меҳнат дафтарчасига ушбу маълумотларни киритиши шарт";


27-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"27. Касаначининг иш ҳақи, башарти касаначи меҳнат нормаларини ва меҳнат мажбуриятларини бажарса, қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаслиги керак ва бирон-бир энг юқори миқдор билан чекланмайди";


32-банднинг бешинчи хатбошисидаги "Молия" сўзи "Иқтисодиёт ва молия" сўзлари билан алмаштирилсин;


36-банддаги "15 иш" сўзлари "21 календарь" сўзлари билан алмаштирилсин;


43-банддаги "Молия" сўзи "Иқтисодиёт ва молия" сўзлари билан алмаштирилсин;


49-банддаги "Молия" сўзи "Иқтисодиёт ва молия" сўзлари билан алмаштирилсин.


2. Вазирлар Маҳкамасининг "Касаначиликни ташкил этишни такомиллаштириш ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг уни ривожлантириш параметрлари бажарилиши юзасидан жавобгарлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2008 йил 1 июлдаги 146-сон қарорида:


а) 1-банднинг иккинчи хатбошисидаги "Бандлик ва меҳнат муносабатлари" сўзлари "Камбағалликни қисқартириш ва бандлик" сўзлари билан алмаштирилсин;


б) 3-банддаги "Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш" сўзлари "Камбағалликни қисқартириш ва бандлик" сўзлари билан алмаштирилсин;


в) 1-иловада:


6-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"6. Корхоналар томонидан туманлар (шаҳарлар) Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимлари билан биргаликда ҳар йили жорий йилнинг 5 январигача корхоналар фаолияти хусусиятларини ҳамда улардаги касаначилик иш ўринларини ташкил этишнинг мавжуд захираларини ҳисобга олган ҳолда, шу жумладан касаначилик турларини кенгайтириш ҳисобига жорий календарь йил учун касаначиликни ривожлантириш параметрлари ишлаб чиқилади. Корхоналар бўйича касаначиликни ривожлантириш параметрлари ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ шакл бўйича ишлаб чиқилади ҳамда туманлар (шаҳарлар) Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимлари бошлиқлари томонидан имзоланади.

Туманлар (шаҳарлар) Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимлари корхоналар бўйича касаначиликни ривожлантириш параметрлари асосида корхоналар ва уйида маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишни амалга оширувчи фуқаролар ўртасидаги кооперацияни мувофиқлаштириш, қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 11 январдаги 4-сон қарорига мувофиқ ташкил этилган ишчи комиссиялар (кейинги ўринларда ишчи комиссиялар деб аталади) билан келишган ҳолда касаначиликни ривожлантиришнинг туман (шаҳар) параметрларини ишлаб чиқадилар. Туманлар (шаҳарлар) Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимлари томонидан касаначиликни ривожлантириш туман (шаҳар) параметрлари тегишли равишда жорий йилнинг 8 январига қадар муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаларига тақдим этилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармалари туман (шаҳар) касаначиликни ривожлантириш параметрлари асосида Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан келишган ҳолда, касаначиликни ривожлантиришнинг ҳудудий параметрларини ишлаб чиқадилар ҳамда уларни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун жорий йилнинг 15 январигача бўлган муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига киритадилар.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари касаначиликни ривожлантиришнинг тасдиқланган ҳудудий параметрларини жорий йилнинг 20 январигача бўлган муддатда Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига тақдим этадилар. Тасдиқланган ҳудудий параметрлар уларнинг бажарилиш мониторингини таъминлаш учун кўрсатиб ўтилган муддатда ишчи комиссияларга ҳам жўнатилади.

Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги касаначиликни ривожлантиришнинг тасдиқланган ҳудудий параметрларини умумлаштиради ва жорий йилнинг 25 январигача бўлган муддатда Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади";


7-банднинг учинчи хатбошисидаги "Бандлик ва меҳнат муносабатлари" сўзлари "Камбағалликни қисқартириш ва бандлик" сўзлари билан алмаштирилсин;


10-бандда:

иккинчи хатбошидаги "Бандлик ва меҳнат муносабатлари" сўзлари "Камбағалликни қисқартириш ва бандлик" сўзлари билан алмаштирилсин;

учинчи хатбошидаги "Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, бандлик бош бошқармалари" сўзлари "Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармалари" сўзлари билан алмаштирилсин;

бешинчи хатбошидаги "бандликка кўмаклашиш марказлари" сўзлари "Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимлари" сўзлари билан алмаштирилсин;

олтинчи хатбошидагиқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш" сўзлари "Камбағалликни қисқартириш ва бандлик" сўзлари билан алмаштирилсин.


12-банднинг учинчи хатбошисидаги "Бандлик ва меҳнат муносабатлари" сўзлари "Камбағалликни қисқартириш ва бандлик" сўзлари билан алмаштирилсин;


13-банддаги "Бандлик ва меҳнат муносабатлари" сўзлари "Камбағалликни қисқартириш ва бандлик" сўзлари билан алмаштирилсин;


15-банднинг иккинчи-тўртинчи хатбошилари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"ишчи комиссияга - туман (шаҳар) Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимлари томонидан;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига - Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармалари томонидан;

Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳайъатига - вазирликнинг марказий аппарати тегишли таркибий бўлинмаси томонидан".


Низомга 1-иловадагиҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази раҳбари" сўзлари "Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бошлиғи" сўзлари билан алмаштирилсин.


2-иловада:


2-банднинг "Ахборот қаерга тақдим этилади устуни"даги "аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази" сўзлари "Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими" сўзлари билан алмаштирилсин;


3-бандда:

"Ахборот берувчи орган (субъект) устуни"даги "аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази" сўзлари "Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими" сўзлари билан алмаштирилсин;

"Ахборот қаерга тақдим этилади устуни"даги "Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармалари" сўзлари "Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармалари" сўзлари билан алмаштирилсин;


4-бандда:

"Ахборот берувчи орган (субъект) устуни"даги "Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармалари" сўзлари "Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармалари" сўзлари билан алмаштирилсин;

"Ахборот олиш манбаи устуни"даги "аҳоли бандлигига кўмаклашиш" сўзлари "Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими" сўзлари билан алмаштирилсин;

"Ахборот қаерга тақдим этилади устуни"даги "Бандлик ва меҳнат муносабатлари" сўзлари, "Камбағалликни қисқартириш ва бандлик" сўзлари билан алмаштирилсин;


5-банднинг "Ахборот қаерга тақдим этилади устуни"даги "Давлат статистика қўмитаси" сўзлари "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги" сўзлари билан алмаштирилсин;


7-бандда:

"Ахборот берувчи орган (субъект) устуни"даги "Давлат статистика қўмитаси" сўзлари "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги" сўзлари билан алмаштирилсин;

"Ахборот қаерга тақдим этилади устуни"даги "Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари" сўзлари "Иқтисодиёт ва молия, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик" сўзлари билан алмаштирилсин;


8-банднинг "Ахборот қаерга тақдим этилади устуни"даги "Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари" сўзлари "Иқтисодиёт ва молия, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик" сўзлари билан алмаштирилсин;


9-бандда:

"Ахборот берувчи орган (субъект) устуни"даги "Бандлик ва меҳнат муносабатлари" сўзлари "Камбағалликни қисқартириш ва бандлик" сўзлари билан алмаштирилсин;

"Ахборот олиш манбаи устуни"даги "Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармалари, Давлат статистика қўмитаси" сўзлари "Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармалари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги" сўзлари билан алмаштирилсин;

"Ахборот қаерга тақдим этилади устуни"даги "Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш" сўзлари "Иқтисодиёт ва молия" сўзлари билан алмаштирилсин;


10-бандда:

"Ахборот берувчи орган (субъект) устуни"даги "Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш" сўзлари "Иқтисодиёт ва молия" сўзлари билан алмаштирилсин;

"Ахборот олиш манбаи устуни"даги "Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси" сўзлари "Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги" сўзлари билан алмаштирилсин.






Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 22 июлдаги

307-сон қарорига

10-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини

йўқотган деб эътироф этилаётган айрим ҳужжатлари

РЎЙХАТИ


1. Вазирлар Маҳкамасининг "Касаначиликни ташкил этган тадбиркорлик субъектларини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2022 йил 14 октябрдаги 596-сон қарорининг 1 - 4-бандлари ҳамда 1 - 3-иловалари.


2. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 11 майдаги 252-сон қарори билан тасдиқланган "Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидиялар ажратиш тартиби тўғрисида"ги низомнинг 3-банди "з", "к", "л"-кичик бандлари ҳамда 3-бобининг 8, 10, 11 ва 12-параграфлари.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 25 июль