Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 22.07.2023 й. 307-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матнини ўқиш учун авторизация қилинг

Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 22 июлдаги

307-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни

қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги

Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш

жамғармаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг (кейинги ўринларда - Жамғарма) маблағлари шакллантирилиши ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.


2. Жамғарма Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган, ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш учун республика даражада ташкил этилади.


3. Республика даражада ташкил этилган Жамғарма Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитаси томонидан очиладиган шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади.



2-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ ТАРТИБИ


4. Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ҳар йили ажратиладиган трансфертлар;

халқаро молия институтлари грантлари, жисмоний ва юридик шахслар ва бошқа хорижий донорларнинг ҳомийлик хайриялари;

Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини тижорат банкларига жойлаштиришдан фоиз шаклида олинадиган даромадлар;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Жамғарма маблағлари солиқ солинадиган объект ҳисобланмайди.


5. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан Жамғармани молиялаштиришга ажратиладиган трансфертларнинг ҳажми ҳар йили аниқлаштирилади ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг асосий параметрларида тасдиқланади.


6. Халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг грантлари, жисмоний ва юридик шахслар ҳамда хайрия жамғармаларининг, жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайриялари қонунчиликда белгиланган тартибда Жамғарманинг Ғазначилик хизмати қўмитасидаги шахсий ғазна ҳисобварақларига келиб тушади, халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий донорлар ёки хорижий грантларни бериш шартларида бошқача тартиб назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.



3-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ БОШҚАРИШ

ВА МОЛИЯЛАШТИРИШ ТАРТИБИ


7. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги (кейинги ўринларда - Вазирлик), Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармалари, туман (шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимлари тегишли равишда Жамғарма маблағларини тасарруф этувчилар ҳисобланади.


8. Жамғарма маблағларидан қуйидаги мақсадлар учун фойдаланилади:

а) тадбиркорлик субъектларига ҳар бир касаначининг дастлабки уч ой давомидаги касаначилик фаолияти учун бир ойлик ўртача даромади миқдорида бир марталик субсидия улар касаначиликни ташкил этган маҳаллалар жойлашган ҳудудидан қатъи назар ажратилади;

б) тадбиркорлик субъектларига қуйидаги субсидиялар ажратилади:

2025 йил 1 январга қадар касаначилик билан шуғулланаётган ишсиз ва иш қидираётган, шунингдек, "Темир дафтар", "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари" ёки "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри"га киритилган фуқароларга асбоб-ускуналар ва хомашё харид қилиш бўйича харажатларини қоплаш учун, бироқ ҳар бир касаначи учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваригача миқдорда бир марталик;

касаначилик ёки ҳунармандчилик асосида уй шароитида ишлаётган ногиронлиги бўлган шахсларнинг иш жойини мослаштириш учун ҳар бир мослаштирилаётган иш жойи бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 бараваригача миқдорда;

касаначиларни касб-ҳунарга ўқитишга сарфланадиган харажатларни уч ойгача бўлган муддатда қоплаш учун, бироқ ҳар бир касаначи учун ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 бараваригача миқдорда;

давлат ва нодавлат таълим ташкилотларида касаначилик йўналишида ўқув курсларини тамомлаган ҳар бир битирувчига касбга ўқитиш учун сарфланган харажатларнинг 70 фоизи, бироқ ҳар бир битирувчига базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баробаридан ошмаган миқдорда;

давлат буюртмаси асосида давлат ва нодавлат таълим ташкилотларида касбга ўқитилган касаначиларни малака имтиҳонларини ташкил этиш билан боғлиқ харажатларни банд бўлмаган ҳар бир шахс учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваридан ортиқ бўлмаган миқдорда.

в) Жамғарма маблағлари ҳисобидан туман (шаҳар)ларнинг тоифасига қараб:

"Уста-шогирд" анъаналари асосида ёшларга ҳунар ўргатаётган ҳунармандларга шогирдлар тайёрлаш, зарур хомашё сотиб олиш ва шогирдларни иш ҳақи билан таъминлаш учун 1-3 тоифа туман (шаҳар)лар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваригача, 4-тоифа туман (шаҳар)лар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт бараваригача ва 5-тоифа туман (шаҳар)лар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача;

шогирдларга - мустақил фаолият бошлаши учун зарур асбоб-ускуна ва жиҳозларни сотиб олиш учун 1-3 тоифа туман (шаҳар)лар учун харажатларнинг 50 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваригача, 4-5-тоифа туман (шаҳар)лар учун харажатларнинг 75 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваригача;

усталарга - интернет сайтларини яратиш, ўз маҳсулотларини жаҳон электрон савдо майдончаларига чиқариш ва реклама харажатлари учун 1-3 тоифа туман (шаҳар)лар учун харажатларнинг 50 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваригача, 4-5-тоифа туман (шаҳар)лар учун харажатларнинг 75 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваригача;

ҳунармандларнинг "Ҳунарманд" уюшмасига аъзолик бадали харажатлари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача;

г) Жамғарма маблағлари ҳисобидан ҳар бир жалб қилинган касаначи учун 1 миллион сўмгача, бироқ жами 150 миллион сўмгача 2 йилгача муддатга фоизсиз ссуда ажратилади. Бунда мазкур ссудани тадбиркорлик субъектлари талабига биноан касаначиларнинг банк карталарига ўтказиб берилишига рухсат этилади.


9. Жамғарма маблағларини мазкур Низомда назарда тутилмаган мақсадлар учун сарфлашга йўл қўйилмайди.



4-БОБ. ЖАМҒАРМАНИНГ ИШЧИ ОРГАНИ


10. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг Молия-иқтисод бошқармаси Жамғарманинг Ишчи органи ҳисобланади.


11. Жамғарманинг Ишчи органи:

Жамғарма даромадлари ва харажатлари бўйича прогнозни ва ҳисобот балансларини шакллантиради;

Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари бўйича ҳисоб ва ҳисобот юритилишини таъминлайди ҳамда иқтисодиёт ва молия органларига юборади;

Жамғарманинг молиявий ҳисоботи ишончлилигини таъминлайди;

Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш масалалари бўйича изоҳлар ва таклифлар беради;

фаолиятини касаначилик асосида ташкил этган тадбиркорлик субъектларига субсидиялар ажратиш, уларни молиявий қўллаб-қувватлаш ишларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш;

касаначилик асосида иш фаолиятини ташкил этган ҳамда Жамғарма маблағлари ҳисобидан субсидия ва ссудалар ажратилган тадбиркорлик субъектларининг иш натижадорлигини таҳлил қилиш.


12. Жамғарманинг йил якуни бўйича маблағлари қолдиғи олиб қўйилмайди ва кейинги молия йили учун даромадлар ва харажатлар сметасини тузишда инобатга олинади.



5-БОБ. ЖАМҒАРМАНИНГ ТУШУМИ

ВА МАБЛАҒЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШНИ

НАЗОРАТ ҚИЛИШ ҲАМДА ЖАВОБГАРЛИК


13. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармалари, туман (шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимлари Жамғарманинг маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш учун жавоб беради.


14. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш юзасидан назорат Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ички аудит хизмати ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси томонидан амалга оширилади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


15. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


16. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 25 июль