Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ишга қабул қилиш чоғида танлов ўтказиш тўғрисидаги Намунавий низом (АВ томонидан 14.08.2023 й. 3451-сон билан рўйхатга олинган камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 26.06.2023 й. 52-2023/Б-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матнини ўқиш учун авторизация қилинг

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2023 йил 14 августда 3451-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

камбағалликни қисқартириш

ва бандлик вазирининг

2023 йил 26 июндаги

52-2023/Б-сон буйруғига

ИЛОВА



Ишга қабул қилиш чоғида танлов ўтказиш тўғрисидаги

НАМУНАВИЙ НИЗОМ


Мазкур Намунавий низом мулкчилик шаклидан ва идоравий мансублигидан қатъи назар, ташкилотларга (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) ишга қабул қилиш чоғида танлов ўтказиш тартибини белгилайди.

Ушбу Намунавий низом талаблари ишга қабул қилиш учун танлов ўтказиш тартиби алоҳида қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган ташкилотларга нисбатан татбиқ этилмайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Намунавий низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


номзод - ташкилотдаги бўш (вакант) бўлган муайян иш ўрнини (лавозимни) эгаллаш учун танловда иштирок этиш истагини билдирган шахс;


малака талаблари - номзодларга нисбатан иш берувчи томонидан белгиланадиган, иш тажрибасига ва касбий компетенциясига доир талаблар.


2. Ишга қабул қилиш бўйича танловни ўтказиш вақтида номзодларга жинси, ёши, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ҳолати ва мансаб мавқейи, яшаш жойи, динга бўлган муносабати, эътиқоди, жамоат бирлашмаларига мансублиги, шунингдек уларнинг ишчанлик сифатлари ва меҳнати натижалари билан боғлиқ бўлмаган бошқа жиҳатларига қараб меҳнат ва машғулотлар соҳасида бирор-бир тўғридан тўғри ёки билвосита чекловлар белгилаш, худди шунингдек имтиёзлар бериш камситиш деб ҳисобланади ва бунга йўл қўйилмайди.



2-БОБ. ИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ ЧОҒИДА

ТАНЛОВНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ЎТКАЗИШ


3. Иш берувчи танловни ташкилотдаги бўш (вакант) иш ўрни учун муносиб номзодларни танлаш мақсадида ташкил этади ва ўтказади.


4. Ишга қабул қилиш чоғида танловнинг ўз вақтида ва сифатли ташкил этилиши ва ўтказилишини таъминлаш учун ташкилот раҳбарининг буйруғи билан доимий фаолият юритадиган танлов комиссияси (бундан буён матнда Танлов комиссияси деб юритилади) ташкил этилади.


5. Ишга қабул қилиш чоғида танлов ташкилот тизимида мавжуд бўш (вакант) иш ўринларидан келиб чиққан ҳолда йилнинг ҳар чорагида камида бир марта ўтказилади.


6. Танлов комиссияси таркиби ташкилотнинг ходимлари ва тегишли соҳанинг малакали мутахассислари орасидан камида беш кишидан иборат ва тоқ сонли таркибда шакллантирилади.

Бунда, ташкилот раҳбари ёки унинг ўринбосари Танлов комиссияси раиси ҳамда ташкилотнинг инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўйича таркибий бўлинмаси раҳбари ёки бунга масъул ходими Танлов комиссияси котиби ҳисобланади.

Танлов комиссияси таркибига келишув асосида фуқаролик жамияти институтлари, олий таълим муассасалари ёки давлат органи ва ташкилоти ҳузуридаги жамоатчилик кенгашларининг вакиллари ҳам киритилиши мумкин.


7. Танлов комиссияси унинг аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисми иштирок этганда ваколатли ҳисобланади. Танлов комиссиясининг қарори оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади ва мажлисда иштирок этган барча аъзолар томонидан тасдиқланадиган баённома билан расмийлаштирилади.

Берилган овозлар сони тенг бўлиб қолган тақдирда, Танлов комиссияси раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.


8. Танлов комиссияси таркибига номзоднинг яқин қариндоши ёки танловнинг натижасидан бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлган ёхуд танловнинг холис ўтказилишига таъсир кўрсатадиган шахслар киритилиши мумкин эмас.


9. Танлов комиссияси қуйидаги ҳуқуқларга эга ҳисобланади:

танлов ўтказиш вақтини белгилаш;

танловнинг сифатли ўтказилишини таъминлаш мақсадида комиссия таркибига профессионал ва малакали мутахассисларни жалб қилиш;

малакали кадрларнинг танлаб олинишини таъминлаш мақсадида танлов тадбирлари ўтказилиш жараёнини назорат қилиш.


10. Танлов комиссияси қуйидагиларга мажбур ҳисобланади:

номзоднинг ҳужжатларини қабул қилиш ва уларни ўрганиб чиқиш;

номзоднинг шахсга доир маълумотларини унинг розилигисиз ошкор қилмаслик;

танловни ўтказиш вақтида номзодларга бериладиган саволларни сифатли ва бўш (вакант) иш ўрни учун белгиланган малака талабларига мувофиқ ишлаб чиқиш.


11. Танлов қуйидаги босқичлардан иборат ҳисобланади:

танловнинг ўтказилиши тўғрисида эълон бериш;

номзоднинг ҳужжатларини қабул қилиш ва уларни ўрганиб чиқиш;

номзодни тест, суҳбат ва (ёки) амалий машғулот синовларидан ўтказиш (бундан буён матнда танлов тадбирлари деб юритилади);

танлов натижаларини эълон қилиш.


12. Танлов комиссияси котиби томонидан танлов тадбирлари ўтказилишидан камида бир ой олдин ташкилотнинг расмий веб-сайтида бўш (вакант) иш ўринлари бўйича маълумотлар (бўш (вакант) иш ўрни ва унга қўйиладиган малака талаблари, лавозим мажбуриятлари, иш ҳақи) ҳамда танлов ўтказиш жойи ва кунлари, танлов тадбирларида берилиши мумкин бўлган саволларнинг намунавий рўйхати жойлаштирилади.


13. Номзодларга қулайлик яратиш мақсадида ташкилотга кириш жойларида номзодларни саралаш тартиби, уларга қўйиладиган талаблар ҳақидаги маълумотлар қайд этилган ахборот стендлари мажбурий тартибда жойлаштирилиши лозим.


14. Номзодлар Танлов комиссиясига мазкур Намунавий низомнинг иловасига мувофиқ шаклдаги ариза билан ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилади.


15. Танлов комиссияси томонидан номзоднинг аризаси келиб тушган кундан эътиборан беш иш куни ичида унда кўрсатилган маълумотлар ўрганиб чиқилади.


16. Номзод томонидан ариза ва маълумотлар мазкур Низомнинг иловасига мувофиқ тақдим этилмаган бўлса ёки аризада тегишли маълумотлар тўлиқ кўрсатилмаган ёхуд нотўғри кўрсатилган бўлса, Танлов комиссияси томонидан номзодга камчиликларни бартараф этиб, қайта мурожаат қилиш мумкинлиги тўғрисида ушбу ариза келиб тушган кундан эътиборан беш иш куни ичида ёзма ёки электрон шаклда маълум қилинади.


17. Танлов тадбирлари бошланишига беш иш кунидан кам муддат қолганда мурожаат қилган номзодлар ушбу танловда эмас, балки кейинги танловда иштирок этишлари мумкин бўлади.


18. Номзодга бир вақтнинг ўзида ташкилотдаги бир неча бўш (вакант) иш ўринлари учун танловда иштирок этиш ҳуқуқи берилади.


19. Танловда қатнашиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилган номзодларга танлов тадбирлари бошланишидан беш кун олдин танлов тадбирларининг бошланиш вақти ва жойи ҳақида Танлов комиссияси томонидан хабар берилади.


20. Танлов давлат тилида, шунингдек номзоднинг сўровига кўра у танлаган хорижий тилда ўтказилиши мумкин.


21. Номзоднинг бўш (вакант) иш ўрни учун белгиланган малака талабларига мувофиқлигини, шунингдек унинг иш тажрибаси ва касбий компетенциясини аниқлаш учун Танлов комиссияси томонидан тест, суҳбат ва амалий машғулот синов тадбирларининг барчаси ёки улардан бири ўтказилиши мумкин.


22. Танлов тадбирлари ўтказилаётган хонага номзодлар томонидан мобиль алоқа воситаси, компьютер ёки бошқа алоқа ва телекоммуникация воситалари, китоб, луғат, шпаргалка ва бошқа материаллар олиб кириш ҳамда фойдаланиш, шунингдек бошқа номзодлар билан суҳбатлашиш тақиқланади.

Бунда, ушбу тақиқланган материалларни олиб кирган ёки фойдаланган, шунингдек танлов тадбирлари вақтида бошқа номзодлар билан суҳбатлашган номзод танлов тадбирларини ўтказиш тартибини бузган деб ҳисобланади ҳамда далолатнома асосида танлов тадбирларидан четлаштирилади.


23. Танлов тадбирларини ўтказиш вақтида номзоднинг натижалари (танлов натижалари) баллик тизимда баҳоланади.


24. Танлов тадбирлари фақат тест синовлари бўйича ўтказилган тақдирда номзоднинг натижалари 100 баллик тизимда баҳоланади. Бунда, тест саволлари 50 тани ва ҳар бир тўғри жавоб 2 баллни ташкил қилади.


25. Танлов тадбирлари фақат суҳбат шаклида ўтказилган тақдирда номзоднинг натижалари 5 баллик тизимда баҳоланади. Бунда, Танлов комиссиянинг ҳар бир аъзоси номзодни қуйидаги мезонларга асосан баҳолайди:

берилган саволларга тўлиқ ва аниқ жавоб бериши, фаолият соҳаси билан боғлиқ тизимли билимларга эга бўлиши, улардан ўз касб фаолиятида мустақил фойдаланишни билиши, ижтимоий муаммолар ва жараёнларни мустақил таҳлил қила олиши - 5 балл;

берилган саволларга аниқ, бироқ тўлиқ жавоб беролмаслиги, фаолият соҳаси билан боғлиқ билимларга эга бўлиши, улардан ўз касб фаолиятида фойдаланишни билиши, ижтимоий муаммолар ва жараёнларни таҳлил қила олиши - 4 балл;

берилган саволларга тўлиқ жавоб беролмаслиги, фаолият соҳаси билан боғлиқ билимларга етарли даражада эга бўлиши, улардан ўз касб фаолиятида фойдаланишни билиши - 3 балл;

берилган саволларга ноаниқ жавоб бериши, фаолият соҳаси билан боғлиқ билимларга эга бўлиши, улардан ўз касб фаолиятида фойдаланишни билмаслиги - 2 балл;

берилган саволларга ноаниқ жавоб бериши, фаолият соҳаси билан боғлиқ билимларга етарли даражада эга эмаслиги - 1 балл;

берилган саволларга умуман жавоб бера олмаслиги - 0 балл.


26. Танлов тадбирлари фақат амалий машғулотларни бажариш шаклида ўтказилган тақдирда номзоднинг натижалари 5 баллик тизимда баҳоланади. Бунда, Танлов комиссиясининг ҳар бир аъзоси номзодни қуйидаги мезонларга асосан баҳолайди:

машғулотни сифатли, меҳнатни муҳофаза қилиш, техника, ёнғин хавфсизлиги ва машғулотни бажаришда риоя этилиши керак бўлган бошқа қоидаларга риоя қилган ҳолда ҳамда белгиланган вақтда бажариши - 5 балл;

машғулотни сифатсиз, меҳнатни муҳофаза қилиш, техника, ёнғин хавфсизлиги ва машғулотни бажаришда риоя этилиши керак бўлган бошқа қоидаларга риоя қилган ҳолда ҳамда белгиланган вақтда бажариши - 4 балл;

машғулотни сифатсиз, меҳнатни муҳофаза қилиш, техника, ёнғин хавфсизлиги ва машғулотни бажаришда риоя этилиши керак бўлган бошқа қоидаларга риоя қилмасдан, белгиланган вақтда бажариши - 3 балл;

машғулотни сифатсиз, меҳнатни муҳофаза қилиш, техника, ёнғин хавфсизлиги ва машғулотни бажаришда риоя этилиши керак бўлган бошқа қоидаларга риоя қилмасдан ҳамда белгиланган вақтдан ўтиб бажариши - 2 балл;

машғулотни умуман бажара олмаслиги - 0 балл.


27. Танлов тест, суҳбат ва амалий машғулот синов тадбирларининг барча шаклларида ўтказилган тақдирда умумий 100 баллик тизимда баҳоланади. Бунда, тест синовларига 30 балл, суҳбат шаклига 40 балл ва амалий машғулотлар учун 30 балл бериш тавсия этилади.


28. Танловнинг ошкора ва холис ўтказилишини таъминлаш мақсадида Танлов комиссияси танлов тадбирларини онлайн режимда овозли видеотранслация қилиши керак.


29. Танлов натижасига кўра энг юқори балл тўплаган номзод танлов ғолиби ҳисобланади ва у бўш (вакант) иш ўрни мавжуд бўлган тақдирда ишга қабул қилинади.


30. Танлов ғолиби ўз аризасига кўра меҳнат шартномасини тузишдан бош тортган тақдирда, Танлов комиссияси қарорига асосан энг юқори баллдан кейинги ўринни эгаллаган номзод танлов ғолиби деб топилади.


31. Танлов натижалари у ўтказилган куннинг ўзида эълон қилинади ва Танлов комиссиясининг барча аъзолари томонидан имзоланадиган, комиссия раиси томонидан тасдиқланадиган баённомада қайд этилади.

Бунда, баённомада қуйидагилар кўрсатилади:

баённома рақами ва қабул қилинган санаси;

танловда иштирок этган комиссия аъзолари рўйхати;

номзодга тушган саволлар ва уларга берилган жавобларнинг мазмуни;

танлов натижалари;

танловда ғолиб деб топилган, шунингдек танловдан ўта олмаган номзодлар рўйхати;

комиссия қарори устидан шикоят қилиш тартиби.


32. Танловда ғолиб бўлмаган номзодлар бўш (вакант) иш ўрни учун кейинги танловда номзод сифатида иштирок этиши мумкин.



3-БОБ. НОМЗОДЛАРНИНГ АПЕЛЛАЦИЯ

ШИКОЯТЛАРИНИ КЎРИБ ЧИҚИШ


33. Номзодларнинг апеллация шикоятларини кўриб чиқиш учун ташкилот раҳбарининг буйруғи билан ташкилотнинг камида беш нафар мутахассисларидан иборат таркибда Апеллация комиссияси ташкил этилади.

Бунда, Апеллация комиссияси таркибига бошқа давлат органлари ва ташкилотларидан ҳам мутахассислар келишув асосида жалб этилиши мумкин.

Танлов тадбирларини ўтказишга масъул бўлган шахсларнинг Апеллация комиссияси таркибига киритилишига йўл қўйилмайди.


34. Танлов комиссияси қароридан норози бўлган номзодлар танлов натижалари эълон қилинган кундан бошлаб бир ой ичида Апеллация комиссиясига ёзма ёки электрон шаклда апеллация шикояти беришлари мумкин.

Бунда, Апеллация комиссияси апеллация шикояти билан мурожаат қилган номзодни шикоят кўриб чиқилишидан икки кун олдин уни кўриб чиқиш вақти ва жойи ҳақида огоҳлантиради.


35. Апеллация комиссияси апеллация шикоятини, у келиб тушган кундан бошлаб беш кун муддат ичида кўриб чиқади. Бунда, апеллация шикояти билан мурожаат қилган номзод мазкур шикоятни кўриб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқига эга.


36. Апеллация комиссияси унда аъзоларнинг камида учдан икки қисми иштирок этганда ваколатли ҳисобланади. Апеллация комиссиясининг қарори оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади ва мажлисда иштирок этган барча аъзолар томонидан тасдиқланадиган баённома билан расмийлаштирилади.

Берилган овозлар сони тенг бўлиб қолган тақдирда, Апеллация комиссияси раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.


37. Апеллация комиссияси танлов жараёнида номзоднинг берган жавоблари ва бажарган амалий машғулотларини улар акс этган видеотасвирларни кўриш орқали текширувдан ўтказади. Апеллация комиссияси томонидан апеллация шикоятини кўриб чиқиш давомида номзодга уни қайта баҳолашга қаратилган саволлар берилишига йўл қўйилмайди.


38. Шикоятни кўриб чиқиш натижалари бўйича Апеллация комиссияси томонидан қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:

танлов натижаларини ўзгаришсиз қолдириш;

танлов натижаларига ўзгартириш киритиш ва номзод танловни муваффақиятли топширган деб топиш.

Апеллация шикоятини кўришда номзоднинг танловда олган натижасини пасайтиришга йўл қўйилмайди.


39. Апеллация комиссияси апеллация шикояти билан мурожаат қилган номзодга ўз қарорини у қабул қилинган куннинг ўзида маълум қилиши керак.


40. Апеллация комиссиясининг танлов натижаларига ўзгартириш киритиш ва номзод танловни муваффақиятли топширган деб топиш тўғрисидаги қарори асосида у бўш (вакант) иш ўрни учун ишга тавсия этилган деб ҳисобланади.


41. Апеллация комиссияси қарори устидан номзод юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиши мумкин.



4-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


42. Ушбу Намунавий низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Намунавий низомга

ИЛОВА



Ишга қабул қилиш бўйича танловни ўтказишда ташкилотга

номзод томонидан тақдим этиладиган аризанинг

НАМУНАВИЙ ШАКЛИ

Танлов комиссиясига


          

1.

Ариза берувчи номзоднинг Ф.И.О:



2.

Яшаш манзили (республика, вилоят, шаҳар, туман, қишлоқ, овул, кўча хонадон рақами) тўлиқ кўрсатилади):



3.

ЖШИР рақами:



4.

Паспорт ёки ID-карта маълумотлари:

(серияси, рақами, ким томонидан ва қачон берилган)



5.

Боғланиш учун телефон:



7.

Маълумоти:

(умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий)



8.

Тугатган таълим муассасасининг номи:



9.

Диплом (шаҳодатнома) бўйича мутахассислиги, унинг серияси, рақами, берилган санаси ва берган таълим муассасасининг номи:



10.

Малака оширганлик тўғрисидаги маълумотлар (қачон ва қайси ташкилот томонидан берилгани, серияси ва рақами, қайси мавзу бўйича малака оширганлиги) (агар мавжуд бўлса):



11.

Малака тоифасига эга эканлиги тўғрисидаги маълумотлар (қачон ва қайси ташкилот томонидан берилгани, серияси ва рақами, қайси ихтисослик бўйича тоифа берилгани) (агар мавжуд бўлса):



12.

Умумий иш стажи (агар мавжуд бўлса), шундан бўш (вакант) иш ўрни учун талаб этиладиган мутахассислик бўйича:



13.

Ариза тўлдирилган сана:



14.

Шахсга доир маълумотлардан фойдаланишга розилиги (ариза берувчи шахснинг имзоси):



            

            

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 14 август