Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия бериш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 05.09.2023 й. 450-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матнини ўқиш учун авторизация қилинг

Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 5 сентябрдаги

450-сон қарорига

1-ИЛОВА



Жазони ижро этиш муассасаларидан

озод қилинган шахсларни ишга қабул қилган

иш берувчиларга Бандликка кўмаклашиш давлат

жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия

бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) маблағлари ҳисобидан субсидия бериш тартибини белгилайди.


2. Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга (бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар бундан мустасно) ҳар бир шахс учун уч ойдан ортиқ муддатда меҳнат фаолиятини давом эттиргандан сўнг базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида бир марталик субсидия берилади.


3. Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга субсидия туман (шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимлари (кейинги ўринларда - маҳаллий меҳнат органи) томонидан мазкур Низомга иловага мувофиқ схема бўйича берилади.



2-БОБ. СУБСИДИЯ БЕРИШ ТАРТИБИ

ВА ШАРТЛАРИ


4. Иш берувчилар жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсни ишга қабул қилгандан сўнг уч ойдан ортиқ муддатда меҳнат фаолиятини давом эттиргандан кейин субсидия олиш учун тегишли маҳаллий меҳнат органига ёзма равишда ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилади.

Мурожаатда ишга қабул қилинган жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, иш берувчининг субсидия тўлаб берилиши лозим бўлган ҳисобварағи кўрсатилиши, шунингдек, мурожаатга жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахснинг ишга қабул қилинганлиги тўғрисидаги буйруқ нусхаси илова қилиниши шарт.


5. Маҳаллий меҳнат органи иш берувчи томонидан субсидия олишни сўраб тақдим этилган ҳужжатларни уч иш куни ичида ўрганиб чиқади. Бунда жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахс билан тузилган меҳнат шартномаси "Ягона миллий меҳнат тизими" идоралараро дастурий-аппарат комплексидан (кейинги ўринларда - "ЯММТ" ИДАК) рўйхатдан ўтказилганлиги ҳамда унга камида уч ой мобайнида иш ҳақи тўланганлиги тўғрисидаги маълумот Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Солиқ қўмитасининг ахборот тизимларида (кейинги ўринларда - Солиқ қўмитасининг ахборот тизимлари) мавжудлиги субсидия бериш учун асос ҳисобланади.


6. Иш берувчи томонидан ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилиб, барча зарур маълумотлар кўрсатилган ва жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахс билан тузилган меҳнат шартномаси "ЯММТ" ИДАКда рўйхатдан ўтказилганлиги ҳамда унга камида уч ой мобайнида иш ҳақи тўланганлиги тўғрисидаги маълумот Солиқ қўмитасининг ахборот тизимларида мавжудлиги тасдиқланган тақдирда, маҳаллий меҳнат органи уч иш куни ичида иш берувчига жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсни ишга қабул қилганлиги учун субсидия бериш тўғрисидаги буйруқни расмийлаштиради. Буйруқда субсидия миқдори ва уни ажратиш муддати кўрсатилиши лозим.


7. Ҳужжатлар ушбу Низомнинг 4-бандига мувофиқ тўлиқ тақдим этилмагани ёки жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахс билан тузилган меҳнат шартномаси "ЯММТ" ИДАК да рўйхатдан ўтказилмаганлиги ҳамда унга камида уч ой мобайнида иш ҳақи тўланганлиги тўғрисидаги маълумот Солиқ қўмитасининг ахборот тизимларида мавжудлиги эмаслиги аниқланса, маҳаллий меҳнат органи субсидия ажратишни рад этади ва мурожаатчига рад этишнинг сабаблари асосланган хабарномани юборади.


8. Иш берувчи маҳаллий меҳнат органининг субсидия ажратишни рад этиш тўғрисидаги буйруғидан норози бўлса, юқори турувчи органга ёки суд органларига шикоят қилиши мумкин.


9. Маҳаллий меҳнат органининг субсидия ажратиш тўғрисидаги буйруғига асосан беш иш куни ичида иш берувчига жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ҳар бир шахсни ишга қабул қилганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида бир марталик субсидия ҳисобварағига ўтказиб беради.



3-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


10. Ушбу Низомда ажратилиши белгиланган субсидияни олаётган иш берувчилар бир вақтнинг ўзида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган, шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахслар бандлигига кўмаклашишга қаратилган бошқа турдаги субсидияларни ҳам белгиланган тартибда олишга ҳақли.


11. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

      

     




Низомга

1-ИЛОВА



Жазони ижро этиш муассасаларидан

озод қилинган шахсларни ишга қабул қилган

иш берувчиларга субсидия ажратиш

СХЕМАСИ

          

     

Босқичлар

     


     

Субъектлар

    


     

Чора-тадбирлар

    


     

Бажариш муддатлари

      











1-босқич


Иш берувчи


        

Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни ишга қабул қилганлиги учун субсидия олиш мақсадида туман (шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимига (кейинги ўринларда - маҳаллий меҳнат органи) зарур ҳужжатларни илова қилган ҳолда мурожаат қилади.

     


Ихтиёрий











2-босқич


Маҳаллий меҳнат органи


     

Мурожаатни ўрганиб чиқади ва ўрганиш натижаларига кўра жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни ишга қабул қилганлиги учун субсидия ажратиш (ажратишни рад этиш) тўғрисида қарор қабул қилади.

    


Уч иш кунида











3-босқич


Маҳаллий меҳнат органи


     

Ижобий қарор қабул қилинган тақдирда, субсидияни иш берувчининг ҳисобварағига ўтказиб беради.

     


Беш иш кунида







         

        

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 6 сентябрь