Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 22.12.2023 й. ПФ-213-сон "2024 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида"ги Фармони

Ҳужжатнинг тўлиқ матнини ўқиш учун авторизация қилинг

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

22.12.2023 й.

N ПФ-213



2024 ЙИЛДА РАСМИЙ САНАЛАРНИ НИШОНЛАШ

ДАВРИДА ҚЎШИМЧА ИШЛАНМАЙДИГАН

КУНЛАРНИ БЕЛГИЛАШ ВА ДАМ ОЛИШ

КУНЛАРИНИ КЎЧИРИШ ТЎҒРИСИДА


2024 йилда фуқароларнинг расмий саналарни нишонлаш даврида тўлиқ дам олиши учун шарт-шароитлар яратиш, "Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!" ички туризмни ривожлантириш дастури доирасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш учун дам олиш ва байрам кунларидан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида:


1. 2024 йилда қуйидаги қўшимча дам олиш кунлари белгилансин:

барча ходимлар учун (иш ҳафтасининг туридан қатъи назар): 22 март - жума, 11 апрель - пайшанба, 18 июнь - сешанба, 3 сентябрь - сешанба, 31 декабрь - сешанба;

олти кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун: 2 январь - сешанба, 23 март - шанба, 12 апрель - жума, 31 август - шанба, 30 декабрь - душанба.


2. Меҳнат кодексининг 208-моддасига мувофиқ:

ишланмайдиган байрам кунлари ҳисобланувчи "1 сентябрь - Ўзбекистон Республикаси мустақиллик куни", "8 декабрь - Конституция куни" байрамлари 2024 йилда якшанба - дам олиш кунларига тўғри келиши муносабати билан ушбу дам олиш кунлари мос равишда 2024 йил 2 сентябрь ва 9 декабрь - душанба кунларига кўчирилиши;

бунда ишлаб чиқариш-техник ва ташкилий шароитлар (мавжуд узлуксиз ишлаб чиқариш, аҳолига ҳар куни хизмат кўрсатиш, навбатчилик асосида ишлаш ва бошқалар) туфайли ишланмайдиган байрам кунлари тўхтатиб қўйиш мумкин бўлмаган ишларни бажаришда дам олиш кунлари кўчирилмаслиги маълумот учун қабул қилинсин.


3. 2024 йилда беш кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун дам олиш кунлари қуйидаги тартибда кўчирилсин:

6 январь - шанба кунидан 2 январь - сешанба кунига;

13 апрель - шанба кунидан 12 апрель - жума кунига;

14 декабрь - шанба кунидан 30 декабрь - душанба кунига.


4. Байрам (ишланмайдиган) кунларининг узайтирилишини ҳисобга олган ҳолда, республика аҳолисининг мароқли дам олиши учун:

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси ва Маданий мерос агентлиги туризм намойиши объектлари (маданий мерос объектлари, музейлар) ва меҳмонхона хизматлари учун чегирмалар берилиши ҳамда акциялар ўтказилишини ташкил этсин;

Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясига Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда санаторийлар ва соғломлаштириш муассасалари учун чегирмалар бериш ҳамда акциялар ўтказиш тавсия этилсин;

"Uzbekistan Airways" АЖ, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖга ички транспорт қатновлари учун чегирмалар бериш ва акциялар ўтказиш тавсия этилсин.


5. Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясига:

меҳнат жамоалари ўртасида ушбу Фармоннинг мақсади, мазмун-моҳияти тўғрисида тушунтириш ишларини ташкил этиш;

узайтирилган байрам (ишланмайдиган) кунларида ходимлар ва уларнинг оила аъзолари мароқли дам олишини таъминлаш юзасидан касаба уюшмалари ташкилотларининг ишини фаоллаштириш тавсия этилсин.


6. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги билан биргаликда байрам кунлари ўтказиладиган тадбирлар тўғрисида оммавий ахборот воситалари, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали аҳолининг кенг хабардор қилинишини таъминласин.


7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим фармонлари иловага мувофиқ 2024 йил 1 январдан эътиборан ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


8. Белгилансинки, ушбу Фармон 2025 йил 1 январдан эътиборан ўз кучини йўқотади.


9. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                  Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2023 йил 22 декабрдаги

ПФ-213-сон Фармонига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

2024 йил 1 январдан эътиборан ўз кучини йўқотган

деб эътироф этилаётган айрим фармонлари

РЎЙХАТИ


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 ноябрдаги "2020 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида"ги ПФ-5875-сон Фармони.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 30 апрелдаги "Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 20 декабрдаги "2022 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида"ги ПФ-35-сон Фармонига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида"ги ПФ-131-сон Фармони.


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 20 апрелдаги "Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 23 декабрдаги "2023 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида"ги ПФ-270-сон Фармонига ўзгартиришлар киритиш ҳақида"ги ПФ-58-сон Фармони.


4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 12 июндаги "Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ташкил қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида"ги ПФ-92-сон Фармонига 1-илованинг 21-банди.


5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 19 июндаги "Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 23 декабрдаги "2023 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида"ги ПФ-270-сон Фармонига ўзгартиришлар киритиш ҳақида"ги ПФ-100-сон Фармони.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 23 декабрь