Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Давлат умумий ўрта таълим ташкилотлари педагог кадрларини касбий сертификатлаш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг Маъмурий регламенти (ЎзР ВМ 12.02.2024 й. 87-сон қарорига илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матнини ўқиш учун авторизация қилинг

Вазирлар Маҳкамасининг

2024 йил 12 февралдаги

87-сон қарорига

ИЛОВА



Давлат умумий ўрта таълим ташкилотлари

педагог кадрларини касбий сертификатлаш бўйича

давлат хизматларини кўрсатишнинг

МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Регламент давлат умумий ўрта таълим ташкилотлари педагог кадрларини касбий сертификатлаш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тартибини белгилайди.

Ушбу Регламент қоидалари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва Бадиий академия тизимидаги ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари, мактаб-интернатлар, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар ҳамда нодавлат таълим ташкилотлари педагог кадрларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Педагогик касбга биринчи марта ишга қабул қилинадиган олий маълумотли талабгорлар стажёр-ўқитувчи сифатида фаолият юритади ва улар ишга қабул қилинган вақтдан бошлаб бир йил муддат давомида касбий сертификатга эга бўлиши талаб этилади.

Касбий сертификат олганидан сўнг педагоглар педагогик фаолиятида беш ва ундан кўп йил давомида узилишлар бўлган фаолиятини қайта бошлаган вақтдан бошлаб бир йил давомида касбий сертификатга эга бўлиши лозим.


2. Ушбу Регламентда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


касбий сертификат - назорат синовидан муваффақиятли ўтган жисмоний шахсга педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берадиган, чекланмаган муддатга бериладиган QR-код қўйилган давлат намунасидаги ҳужжат;


назорат синови - касбий сертификат олиш учун жисмоний шахснинг педагогик касби бўйича билими ва педагогик маҳоратини аниқлаш жараёни;


навбатдан ташқари назорат синови - узрли сабабларга кўра назорат синовида иштирок эта олмаган ҳамда биринчи маротаба назорат синовида иштирок этиб, ундан ўта олмаган талабгорлар учун ташкил этиладиган назорат синови;


стажёр-ўқитувчи - давлат умумий ўрта таълим ташкилотида педагогик касбга биринчи марта ишга қабул қилинган олий маълумотли жисмоний шахс;


талабгор - касбий сертификат олишга давогар бўлган давлат умумий ўрта таълим ташкилотидаги стажёр-ўқитувчи ёки мутахассис лавозимидаги ўқитувчи.


3. Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда - ЯИДХП) ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (кейинги ўринларда - Вазирлик) ўртасида ахборот алмашинуви фақат идоралараро ўзаро электрон ҳамкорлик ёрдамида амалга оширилади.


4. Касбий сертификатлашга талабгорлар жалб этилади.

Стажёр-ўқитувчи ишга қабул қилинган вақтдан бошлаб бир йил муддат ичида касбий сертификатга эга бўлиши талаб этилади.

Талабгор назорат синовларига Вазирлик томонидан тасдиқланган режа-график асосида жалб этилади.


5. Касбий сертификатлаш жараёни Вазирлик томонидан ташкил этилади, назорат қилинади ва мувофиқлаштирилади.


6. Касбий сертификатлаш жараёнига талабгор ўз муддатида жалб этилиши учун у фаолият кўрсатаётган давлат умумий ўрта таълим ташкилотининг раҳбари масъул ҳисобланади.


7. Талабгор асосий иш жойи бўйича касбий сертификатлашга жалб этилади.

Давлат умумий ўрта таълим ташкилотларида ўриндошлик асосида дарс берадиган ва асосий иш жойи бўйича педагогик фаолият билан шуғулланмайдиган талабгор ўриндошлик асосида фаолият юритаётган таълим ташкилотидан касбий сертификатлаш жараёнларига жалб этилади.


8. Талабгор олий маълумотга эгалиги ёки қайта тайёрлаш курсидан ўтганлиги ҳақидаги дипломда (кейинги ўринларда - диплом) кўрсатилган тайёрлов, таълим йўналиши, мутахассислик ёки ихтисослигига мос келадиган ўқув фанлари бўйича касбий сертификатлашдан ўтади.

Талабгорнинг дипломида биттадан ортиқ тайёрлов ёки таълим йўналиши, мутахассислик ёки ихтисослик кўрсатилган бўлса, улар дарс бераётган ҳар бир ўқув фани бўйича алоҳида касбий сертификат олиши лозим.

Талабгорнинг дипломида биттадан ортиқ тайёрлов ёки таълим йўналиши, мутахассислик ёхуд ихтисослик кўрсатилган бўлса ёки дипломида кўрсатилмаган ўқув фанларидан дарс бериш ҳуқуқига эга бўлса, улар дарс бераётган ҳар бир ўқув фани бўйича алоҳида касбий сертификат олиши лозим.


9. Қуйидагилар касбий сертификатлашга жалб этилмайди:

фан номзоди, фалсафа доктори Doctor of Philosophy (PhD) ёки фан доктори Doctor of Science (DSc) даражасига ҳамда Олий аттестация комиссияси томонидан берилган катта илмий ходим, доцент ва профессор илмий унвонига эга бўлган педагог кадрлар;

магистр даражасига эга мутахассислар.


10. Қуйидагилар касбий сертификатлашдан маълум муддатга озод қилинади:

ҳомиладор аёллар, ҳомиладорлик ёки туғиш таътилида бўлган аёллар, улар таътилда бўлган даврда ҳамда ишга чиққанидан кейин бир йил давомида;

педагогик фаолият билан шуғулланаётган уч ёшгача болалари бор аёллар (фарзанди уч ёшга тўлгунга қадар);

узоқ (уч ойдан ортиқ вақт мобайнида) даволанаётган педагог кадрлар, улар даволанаётган даврда ҳамда ишга чиққанидан кейин олти ой давомида;

уч ой ва ундан узоқ муддатга республика ҳамда чет эл давлатига ўқишга, қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсига юборилган педагог кадрлар, улар ишга чиққанидан сўнг олти ой давомида.


11. Давлат умумий ўрта таълим ташкилотлари педагог кадрларини касбий сертификатлаш бўйича давлат хизматлари мазкур Регламентга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ кўрсатилади.



2-БОБ. МУРОЖААТ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


12. Талабгор назорат синовида қатнашиш учун мазкур Регламентга 2-иловага мувофиқ шаклдаги сўровномани давлат хизматлари марказларига шахсан бориб ёки ЯИДХПда тўлдирган ҳолда рўйхатдан ўтади.

Назорат синовида иштирок этиш учун рўйхатга олиш даврийлиги камида бир ой давом этади.

Назорат синовида иштирок этиш учун рўйхатга олиш санаси Вазирликнинг расмий веб-сайти орқали эълон қилинади.


13. Биринчи марта касбий сертификат олиш бўйича назорат синовида иштирок этиш учун талабгордан тўлов ундирилмайди.


14. Назорат синовида иштирок этиш учун рўйхатдан ўтиб, назорат синовида узрли сабабларга (вақтинча меҳнатга қобилиятсизлиги, давлат ёки жамоат вазифаларини бажарётган, республика ва халқаро мусобақаларда иштирок этганлиги, вақтинча хорижий мамлакатда сафарда бўлиб турганлиги, яқин қариндоши вафот этган, ваколатли давлат органи ёки таълим ташкилотлари раҳбарларининг маълумотномасида кўрсатилган асослар) кўра иштирок этмаган талабгор назорат синовидан ўтмаган ҳисобланади ҳамда назорат синовида иштирок этиш учун қайтадан рўйхатдан ўтиши талаб этилади.


15. Назорат синовида қайта иштирок этиш учун талабгор томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида тўлов тўланади.

Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ахборот тизимида рўйхатга олинган шахсларга, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга тўловлар бўйича 50 фоиз миқдорида чегирма қўлланилади.

Давлат хизмати кўрсатилиши учун ЯИДХП орқали рўйхатдан ўтилганда, талабгордан белгиланган тўлов миқдорининг 90 фоизи ундирилади.

Узрли сабабларга кўра назорат синовида иштирок этмаган талабгордан навбатдан ташқари назорат синовида иштирок этиш учун такроран тўлов ундирилмайди.

Давлат хизматларини кўрсатиш учун тўлов тўланганлиги ахборот-коммуникация тизимлари орқали тасдиқланади.


16. Тўлов суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:

а) давлат хизматлари марказлари орқали мурожаат этилганда, тўлов суммасининг:

18 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасига;

0,5 фоизи - Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисобварағига;

қолган қисми - Вазирлик ҳузуридаги Таълим соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси ҳисобварағига;

б) ЯИДХП орқали рўйхатдан ўтилганда, тўлов суммасининг:

11,75 фоизи (шундан 0,5 фоизи - Ягона биллинг тизими орқали давлат хизмати кўрсатилганда) - Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази давлат муассасасининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасидаги махсус ҳисобварағига;

10 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасига;

қолган қисми - Вазирлик ҳузуридаги Таълим соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси ҳисобварағига ўтказилади.


17. Талабгор давлат хизматларидан фойдаланишда хизмат кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида назорат синовида иштирок этишдан бош тортиш ҳуқуқига эга. Талабгор давлат хизматларидан фойдаланишдан бош тортганда ёки назорат синовидан ўта олмаганда, тўланган тўлов суммаси қайтарилмайди.



3-БОБ. НАЗОРАТ СИНОВИНИ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


18. Касбий сертификат олиш учун назорат синови қоида тариқасида, ҳар йили март - май ойларида ўтказилади.

Вазирликнинг ички имконияти ҳамда талабгорларнинг мурожаатларидан келиб чиқиб, йилнинг бошқа ойларида ҳам назорат синовлари ўтказилиши мумкин.


19. Назорат синови тест шаклида ўтказилади.

Назорат синовини ўтказиш жойи ва санаси ўтказиладиган кундан камида ўн кун олдин Вазирликнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади ҳамда ЯИДХП орқали талабгорларнинг шахсий кабинетига юборилади.


20. Назорат синови 50 та топшириқдан иборат бўлади, ҳар бир тўғри бажарилган топшириқ 2 балл билан баҳоланиб, назорат синови учун жами 100 балл берилади.


21. Назорат синови материаллари Вазирлик ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ҳузуридаги Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази (кейинги ўринларда - Марказ) томонидан тестологиянинг халқаро талаблари асосида холислик ва махфийликни таъминлаган ҳолда шакллантирилади.

Назорат синови материалларини шакллантириш учун Марказ томонидан манфаатдор идоралар, уларнинг ҳудудий бўйсунувидаги ташкилотлар, илмий-тадқиқот институтларининг етакчи олимлари, малакали мутахассислар, маҳаллий ва хорижий экспертлар, шунингдек, нодавлат ташкилотлар вакиллари шартнома асосида жалб этилиши мумкин.


22. Талабгор назорат синовида узрли сабабларга кўра иштирок эта олмайдиган бўлса ёки иштирок этмаса, назорат синови ўтказиладиган санадан бошлаб 5 иш куни давомида давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали Вазирликка мурожаат этиши лозим.

Бунда фақат Вазирликнинг Таълим соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси ҳисобварағига келиб тушган тўлов миқдори талабгорга қайтарилади (тўлов амалдаги электрон тизим орқали амалга оширилганда, кўрсатилган хизмат учун ундирилган тўловдан ташқари). Талабгорга хизмат кўрсатилиши учун Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисобварағига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасига келиб тушган пул миқдори қайтарилмайди.

Талабгор белгиланган назорат синовига кечиккан ёки узрсиз сабабга кўра келмаган ҳамда назорат синови қоидаларини бузганлик учун жараёндан четлатилган тақдирда, тўланган тўлов қайтарилмайди.


23. Назорат синови компьютерда (онлайн платформа) ўтказилади.


24. Назорат синови Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида жойлашган таълим ташкилотларида ҳамда бошқа ташкилотларнинг катта сиғимдаги биноларида ошкоралик ва шаффофликни таъминлаган ҳолда ўтказилади.


25. Назорат синовини ўтказиш учун кузатувчилар жалб этилиши мумкин.


26. Назорат синовига жалб этиладиган кузатувчиларга Вазирлик ёки Марказ билан тузиладиган шартнома асосида ҳар бир кун учун белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида ҳақ тўланади.


27. Назорат синовини топширишда талабгор фуқаролик паспорти ёки идентификация ID-картасининг аслини тақдим этади.


28. Талабгор қуйидаги ҳолларда назорат синовидан четлаштирилган ҳисобланади:

назорат синови ўтказилаётган аудиторияга ҳар қандай адабиёт, шпаргалка ёки телекоммуникация ва техника воситаларини олиб кирса;

назорат синови ўтказилаётган вақтда бошқа талабгорлар билан мулоқот қилса;

назорат материалларини аудиториядан олиб чиқишга ҳаракат қилса, саволларни кўчириб олса;

саволларни бошқа талабгорга берса, назорат синовини ўтказиш жараёнига халақит қилса;

назорат синови жараёнида видеокузатув орқали талабгорнинг тартиб ва қоидаларга амал қилмаганлиги аниқланса.


29. Назорат синови натижалари назорат синови тугалланганидан сўнг шу вақтнинг ўзида маълум қилинади, шунингдек, назорат синови натижалари талабгорнинг шахсий кабинетига юборилади.

Назорат синови натижалари аппеляция якунларига мувофиқ ўзгариши мумкин.


30. Назорат синовлари натижалари таҳлилига кўра тестология меъёрлари бузилиши ҳолати аниқланса, Вазирлик томонидан назорат синови натижалари бекор қилинади.

Назорат материаллари хавфсизлиги ва махфийлигини таъминлаш қоидалари бузилса, хусусан, талабгорлар томонидан назорат материалларини олдиндан қўлга киритиш ҳолати аниқланса, тестология меъёрлари бузилган деб ҳисобланади.

Назорат синови натижаси бекор қилинганда талабгорнинг хоҳишига кўра Вазирлик ҳузуридаги Таълим соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси ҳисобварағига келиб тушган тўлов миқдори қайтарилади ёки қайта назорат синовлари ташкил этилади.



4-БОБ. НАЗОРАТ СИНОВИ НАТИЖАЛАРИ БЎЙИЧА

КАСБИЙ СЕРТИФИКАТНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ,

БЕРИШ ВА УЛАРНИНГ РЕЕСТРИНИ ЮРИТИШ


31. Назорат синови натижаси бўйича 56 ва ундан юқори балл тўплаган талабгор назорат синовидан ўтган ҳисобланади.

Назорат синови якунланганидан сўнг бир ой муддатда назорат синови натижасига кўра назорат синовларидан ўтган талабгорларнинг рўйхати тасдиқланади ҳамда рўйхатга асосан мазкур Регламентга 3-иловага мувофиқ электрон шаклдаги сертификат талабгорнинг шахсий кабинетига юборилади.

Талабгор ЯИДПХдаги бўлим орқали касбий сертификатни юклаб олади.


32. Вазирлик томонидан касбий сертификатнинг электрон реестри юритилади.


33. Назорат синови натижаси бўйича 56 баллдан кам кўрсаткичга эга талабгор назорат синовидан ўтмаган ҳисобланади.


34. Узрли сабабларга кўра назорат синовида иштирок эта олмаган ҳамда биринчи маротаба назорат синовида иштирок этиб, ундан ўта олмаган талабгор учун навбатдан ташқари назорат синови ҳар йили янги ўқув йили бошлангунга қадар ташкил этилади.

Навбатдан ташқари назорат синовида иштирок этиш учун рўйхатдан ўтиш санаси ва назорат синовини ўтказиш муддати Вазирликнинг расмий веб-сайти орқали эълон қилинади.

Навбатдан ташқари назорат синовида иштирок этиш учун рўйхатдан ўтиш ва уни ўтказиш тартиби мазкур Регламентга мувофиқ тартибда белгиланади.


35. Навбатдан ташқари назорат синовида иштирок этиб, етарли балл тўплай олмаган талабгор билан тузилган меҳнат шартномаси меҳнат конунчилигида белгиланган тартибда бекор қилинади.


36. Иш берувчи меҳнат шартномаси бекор қилинган талабгор тугатган олий таълим ташкилотига талабгорнинг касбий сертификатлашдан ўта олмаганлиги тўғрисида рекламация юборади.



5-БОБ. АПЕЛЛЯЦИЯ ШИКОЯТИНИ КЎРИБ ЧИҚИШ


37. Касбий сертификатлаш натижаларидан норози бўлган талабгор натижа эълон қилинган кундан бошлаб беш кун мобайнида давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали апелляция шикояти бериш ҳуқуқига эга.


38. Апелляция шикоятини кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирининг буйруғи билан 3 - 7 нафар Вазирлик ходимлари, тажрибали педагоглар ва малакали мутахассислардан иборат таркибда Апелляция комиссияси тузилади.

Апелляция комиссияси таркибига назорат синовида қатнашган ходимлар киритилмайди.


39. Апелляция шикояти икки ҳафта мобайнида кўриб чиқилади ва талабгор Апелляция комиссияси қарори тўғрисида ЯИДХП орқали хабардор қилинади.


40. Апелляция шикоятини кўриб чиқиш натижалари бўйича қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:

назорат синови натижасини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляция шикояти қондирилишини рад этиш;

назорат синови натижасини ўзгартириш ва апелляция шикоятини қондириш.

Назорат синови натижасини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляция шикояти қаноатлантирилишини рад этиш тўғрисидаги қарор қуйидаги ҳолларда қабул қилинади:

апелляция мазкур Регламент талаблари бузилган ҳолда тақдим этилган бўлса;

апелляцияда кўрсатилган далиллар ўз тасдиғини топмаса.

Назорат синови натижасини ўзгартириш ва апелляция шикоятини қондириш тўғрисидаги қарор шикоятда кўрсатилган далиллар ўз тасдиғини топган тақдирда қабул қилинади.


41. Аппеляция натижаларига кўра талабгорнинг эътирозлари ўринли деб топилган тақдирда, нотўғри тузилган топшириқ учун бериладиган балл мазкур топшириқ берилган барча талабгорлар фойдасига қўшиб ҳисобланади.


42. Такрорий апелляцияга йўл қўйилмайди.


43. Талабгор Апелляция комиссияси қарори устидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиши мумкин.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


44. Вазирлик ходимлари томонидан талабгор тўғрисидаги шахсий маълумотлар махфийлиги таъминланади.

Қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ваколатли давлат органлари томонидан расмий мурожаат бўлган тақдирда, талабгор тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилади.

Вазирлик томонидан баҳолаш мезонлари, назорат синови материаллари формати ҳамда назорат синови учун ажратиладиган вақтга миллий ва хорижий тажрибадан келиб чиқиб, ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.


44. Ушбу Регламентни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.


45. Мазкур Регламент талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.






Маъмурий регламентга

1-ИЛОВА



Давлат умумий ўрта таълим ташкилотлари

педагог кадрларини касбий сертификатлаш

СХЕМАСИ

       

    

Босқичлар

      


    

Ижрочилар

    


    

Тадбирлар

     


    

Муддатлар

    








1-босқич


   

Давлат хизматлари

маркази, Ягона интерактив

давлат хизматлари

портали

    


Талабгор касбий сертификатлаш назорат синовида иштирок этиш учун рўйхатдан ўтади.


Рўйхатга олиш расмий

эълон қилинган кундан

бошлаб бир ой давомида








2-босқич


Мактабгача ва мактаб

таълими вазирлиги


   

Талабгорнинг ўз фанини билиши, педагогик маҳорати, кўникма ва малакаларини баҳолаш учун назорат синовини ташкил этади.

       


Ҳар йили

март-май ойларида








3-босқич


Мактабгача ва мактаб

таълими вазирлиги


    

Талабгор касбий сертификатлаш назорат синовидан муваффақиятли ўтганда, унга электрон шаклдаги сертификатни (QR-код) расмийлаштиради ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали юборади.

       


Буйруқ қабул қилинган

кундан бошлаб бир ой

мобайнида








4-босқич


Талабгор


    

Назорат синови натижасидан норози бўлганда, Апелляция комиссиясига апелляция шикоятини беради.

        


Натижа эълон қилинган

кундан бошлаб беш кун

мобайнида








5-босқич


Апелляция комиссияси


        

1. Апелляция шикоятини кўриб чиқади.


2. Талабгорни Апелляция комиссияси қарори тўғрисида Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали хабардор қилади.

      


Икки ҳафта мобайнида

         

         




Маъмурий регламентга

2-ИЛОВА



Давлат умумий ўрта таълим ташкилотлари педагог

кадрларини касбий сертификатлаш бўйича

СЎРОВНОМА

      

Ариза берувчи тўғрисида маълумот:


1. Фамилияси


2. Исми


3. Отасининг исми


4. Паспорт (ID карта) маълумотлари (серияси, рақами)


5. Таълим ташкилоти жойлашган ҳудуд


6. Таълим ташкилоти жойлашган туман (шаҳар)


7. Таълим ташкилоти номи ёки рақами


8. Сертификат олинадиган фан номи


9. Ўқиган таълим муассасаси


10. Диплом бўйича мутахассислиги


11. Таълим тили


12. Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР)


13. Яшаш манзили (киритиш орқали)


14. Телефон рақами


           

        




Маъмурий регламентга

3-ИЛОВА



Davlat umumiy o`rta ta`lim tashkilotlari

pedagog kadrlarini kasbiy sertifikatlashdan o`tganligi

to`g`risidagi sertifikatning davlat namunasi

        

O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI DAVLAT GERBINING TASVIRI

O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI MAKTABGACHA VA

MAKTAB TA`LIMI VAZIRLIGI

DAVLAT UMUMIY O`RTA TA`LIM TASHKILOTLARI

PEDAGOG KADRLARINING KASBIY SERTIFIKATLASHDAN

O`TGANLIGI TO`G`RISIDA SERTIFIKAT

         

Sertifikat seriyasi



Sertifikat raqami



























Pedagog kadr to`g`risida ma`lumot:





















Pedagog kadrning shaxsiy kodi



















































Familiyasi


Ismi


Otasining ismi










































Tug`ilgan vaqti



Ish joyi











































Tayyorlov yoki ta`lim yo`nalishi, mutaxassislik yoxud ixtisoslik nomi












































Pedagogik mahorat bo`yicha (nazorat) sinovi natijasi
















































O`quv (maxsus) fani bo`yicha (nazorat) sinovi natijasi















































Jami to`plangan ball
































Berilgan sana



























Sertifikatni imzolagan shaxs























QR - kod







































         

        

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 13 февраль