Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 15.03.2024 й. ПҚ-129-сон "Тадбиркорлик субъектларига халқаро платформалар орқали рақамли технологиялар соҳасида хизматлар кўрсатиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матнини ўқиш учун авторизация қилинг

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

15.03.2024 й.

N ПҚ-129



ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИГА

ХАЛҚАРО ПЛАТФОРМАЛАР ОРҚАЛИ РАҚАМЛИ

ТЕХНОЛОГИЯЛАР СОҲАСИДА ХИЗМАТЛАР

КЎРСАТИШ УЧУН ҚУЛАЙ ШАРТ-ШАРОИТЛАР

ЯРАТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Рақамли технологиялар соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектларига халқаро хизматлар бозорида иштирок этиш ва ҳамкорлар билан алоқалар ўрнатиш учун қулай шароитлар яратиш, уларнинг экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлаш, бу борадаги тартиботларни соддалаштириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 4 сентябрдаги "Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан 2023 йилдаги очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-292-сон қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида:


1. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Рақамли технологиялар вазирлигининг ҳуқуқий эксперимент тариқасида рақамлаштириш соҳасида хизматлар кўрсатиш бўйича экспорт шартномавий ҳужжатларни халқаро платформаларда расмийлаштиришга рухсат бериш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.


2. Белгилаб қўйилсинки:

2024 йил 1 апрелдан бошлаб ҳуқуқий эксперимент доирасида Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки (кейинги ўринларда - IT-парк) резидентлари томонидан рақамлаштириш соҳасидаги хизматлар (улар амалга ошириши рухсат этилган фаолият турлари рўйхатига мувофиқ) экспорти бўйича халқаро платформаларда электрон шаклда расмийлаштирилган қиймати 100 минг АҚШ долларигача (ёки ушбу эквивалентга тенг миқдоргача) бўлган шартномалар (келишув, ҳисобварақ-фактура, инвойс) электрон ҳужжат сифатида тан олинади ҳамда уларнинг қоғоз шаклидаги нусхаси талаб этилмайди;

рақамлаштириш соҳасидаги хизматлар экспорти бўйича шартномаларни расмийлаштириш рухсат этиладиган халқаро платформалар рўйхати Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан тасдиқланади.


3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ ҳуқуқий эксперимент доирасида:

IT-парк резиденти иштирокидаги оддий ёзма шаклдаги ташқи савдо битими у тўғрисидаги таклиф иккинчи тарафнинг шартнома тузишга тайёрлиги ҳақида хабардор қилиш (акцептлаш) йўли билан қабул қилинган бўлса тузилган ҳисобланади;

ташқи савдо битими бўйича ўзаро ҳисоб-китоблар IT-парк резидентлари томонидан фақат Ўзбекистон Республикаси тижорат банкидаги ҳисоб рақами орқали амалга оширилади;

электрон ёки бошқа алоқа воситалари, ахборот тизимлари ёки ахборот тармоқларидан фойдаланган ҳолда дастурий кодлар билан алмашиш ёки тарафлар ва уларнинг хоҳиш-иродасининг мазмунини аниқ ифодалайдиган бошқа ҳужжатларни ўзаро айирбошлаш ёзма шаклда тузилган битимга тенглаштирилади;

IT-парк резидентлари учун Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига ташқи савдо битимлари бўйича тегишли маълумотларни киритиб бориш мажбурий ҳисобланади.


4. Белгилансинки:

Рақамли технологиялар вазирлиги ҳуқуқий экспериментни амалга ошириш ва мувофиқлаштириш бўйича ваколатли орган ҳисобланади;

ҳуқуқий экспериментнинг амал қилиш муддати бир йилни ташкил этади.


5. Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги:

икки ҳафта муддатда рақамлаштириш соҳасидаги хизматларни экспорт қилиш бўйича шартномаларни расмийлаштириш рухсат этиладиган халқаро платформалар рўйхатини тасдиқласин (заруратга кўра, мунтазам равишда янгилаб борсин) ҳамда оммавий ахборот воситалари ва Интернет, шу жумладан ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилсин;

Адлия вазирлиги билан биргаликда ҳуқуқий эксперимент якунлари бўйича қонунчилик ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


6. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосари Ж.А. Ходжаев ҳамда рақамли технологиялар вазири Ш.Х. Шерматов белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                 Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 16 март