Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 18.04.2024 й. 218-сон "Сурхондарё вилоятида янги меҳмонхона қуриш ва уни жиҳозлаш учун инвесторларга Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомни тасдиқлаш ҳақида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
18.04.2024 й.
N 218
СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТИДА ЯНГИ МЕҲМОНХОНА
ҚУРИШ ВА УНИ ЖИҲОЗЛАШ УЧУН ИНВЕСТОРЛАРГА
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ДАВЛАТ
БЮДЖЕТИДАН СУБСИДИЯ АЖРАТИШ ТАРТИБИ
ТЎҒРИСИДАГИ ВАҚТИНЧАЛИК НИЗОМНИ
ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16-17-ноябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш, шунингдек, вилоятда қўшимча инвестицияларни жалб қилиш, хусусий сектор учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда ҳудуддаги туризм инфратузилмасини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
2024 йил 1 майдан 2026 йил 31 декабрга қадар Сурхондарё вилоятида инвесторлар томонидан янги меҳмонхона қуриш ва уни жиҳозлаш (реконструкция қилиш бундан мустасно) харажатларининг бир қисмини қоплаш учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан бир марталик субсидия ажратилади;
субсидия 2024 йил 1 майдан 2026 йил 31 декабрга қадар бўлган муддатда мувофиқлик сертификати берилган янги ташкил этилган меҳмонхона учун унинг тоифаси ва хоналар сонидан қатъи назар ажратилади;
субсидия Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида назарда тутилган солиқ ва йиғимлар бўйича қарздорлиги бўлмаган, шунингдек, банкротлик ва тугатиш жараёнида бўлмаган инвесторларга ажратилади.
2. Белгилансинки, субсидия қуйидаги миқдорларда ажратилади:
тоифасиз меҳмонхонадаги ҳар бир хона учун - 15 млн сўм;
1 юлдузли тоифага эга меҳмонхонадаги ҳар бир хона учун - 20 млн сўм;
2 юлдузли тоифага эга меҳмонхонадаги ҳар бир хона учун - 25 млн сўм;
3, 4 ёки 5 юлдузли тоифага эга меҳмонхона учун - Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Туризм йўналишидаги ислоҳотларни янада жадаллаштириш ва соҳада давлат бошқаруви тизимини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2023 йил 27 июлдаги ПҚ-238-сон қарорида белгиланган миқдорларда.
3. Қуйидагиларни назарда тутувчи Сурхондарё вилоятида янги меҳмонхона қуриш ва уни жиҳозлаш учун инвесторларга Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
субсидия ажратиладиган инвесторларга қўйиладиган талаблар;
субсидия олиш учун ариза бериш тартиби ҳамда тақдим этиладиган ҳужжатлар;
аризани кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш тартиби;
субсидия ажратишни рад этиш асослари;
субсидия сифатида ажратилган маблағларни инвесторларга ўтказиш тартиби.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2024 йил 19 апрель