Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 29.04.2024 й. 242-сон "Умумий ўрта таълим муассасаларининг ўқувчиларини педагог касбига мақсадли тайёрлаш ва битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матнини ўқиш учун авторизация қилинг

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

29.04.2024 й.

N 242




УМУМИЙ ЎРТА ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИНИНГ

ЎҚУВЧИЛАРИНИ ПЕДАГОГ КАСБИГА МАҚСАДЛИ

ТАЙЁРЛАШ ВА БИТИРУВЧИЛАРНИНГ БАНДЛИГИНИ

ТАЪМИНЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Умумий ўрта таълим муассасаларининг ўқувчиларини педагог касбига мақсадли ва узлуксиз тайёрлашнинг янги тизимини яратиш орқали педагог кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ҳамда ҳар бир вилоятда биттадан умумий ўрта таълим муассасаларида (кейинги ўринларда - мактаблар) 10-11-синф ўқувчиларини педагог касбига тизимли тайёрлаш учун педагогик синфларни тажриба-синов тариқасида ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


2. Белгилансинки:

педагогик синфларни тажриба-синов тариқасида ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини самарали йўлга қўйиш жараёнлари мактабларда тегишли ҳудуддаги педагогика олий таълим муассасасининг иштирокида амалга оширилади;

илғор хорижий тажрибалар асосида педагогик синфлар учун алоҳида ўқув дастури ишлаб чиқилади;

педагогик синфларни тамомлаган битирувчиларга Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги 140-сон қарори билан тасдиқланган Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низомга мувофиқ шаҳодатнома ҳамда Ўзбекистон Республикаси Миллий малакалар рамкасининг 2-даражасидаги мактабгача таълим ташкилотларида тарбиячи ёрдамчиси касби бўйича ишлаш ҳуқуқини берувчи давлат намунасидаги сертификат берилади;

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети педагогик синфлари ташкил этилган мактаблар ва бириктирилган педагогика олий таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштиради ва уларга методик ёрдам кўрсатади.


3. Қуйидагиларни назарда тутувчи Умумий ўрта таълим муассасаларида педагогик синфларни ташкил этиш ва битирувчилари бандлигини таъминлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

педагогик синфларни ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини самарали йўлга қўйиш;

умумий ўрта таълим муассасалари ҳамда педагогика йўналишидаги олий таълим муассасалари ҳамкорлигини кучайтириш;

педагогик синфлар битирувчиларига тегишли касб бўйича ишлаш ҳуқуқини бериш.


4. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги:

а) бир ой муддатда:

тажриба-синов тариқасида педагогик синфлар ташкил этиладиган мактаблар ва уларга бириктирилган педагогика олий таълим муассасалари рўйхатини тасдиқласин;

педагогик синфларда дарс берадиган педагогика олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари таркибини шакллантирсин ва уларни хорижий давлатларда малакасини ошириш чораларини кўрсин, бунда хизмат сафари билан боғлиқ харажатлар тегишли педагогика олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланиши белгилансин;

б) икки ой муддатда педагог кадрлар тайёрлаш соҳасида юқори натижаларга эришган илғор хорижий тажрибаларни ўрганиб, яхши самара берган методикалар асосида педагогик синфлар учун ўқув дастурини ҳамда педагог касбига лаёқати ва қизиқиши мавжуд ўқувчиларни аниқлаш ва шу касбга йўналтириш методологиясини ишлаб чиқсин;

в) уч ой муддатда бириктирилган мактабларнинг 9-синф ўқувчилари орасидан педагог касбига лаёқати ва қизиқиши мавжуд ўқувчиларни педагогик синфларда ўқишга танлаш ишларини ташкил қилсин;

г) 2024/2025 ўқув йилига қадар хорижий давлатларнинг нуфузли таълим ташкилотларида малакасини оширган профессор-ўқитувчилар иштирокида педагогик синфлар учун тасдиқланган ўқув дастури асосида ўқув адабиётларини ва тарқатма материалларни тайёрласин, бунда харажатлар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Таълим соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилсин;

д) 2025/2026 ўқув йили якунида тажриба-синов тариқасида мактабларда ташкил этилган педагогик синфлар фаолияти натижадорлиги бўйича таҳлилий маълумотлар асосида таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

е) тажриба-синов тариқасида ташкил этилган педагогик синфларда ўқув-тарбия жараёнининг тизимли назоратини ўрнатсин.


5. Мактабларда тажриба-синов тариқасида ташкил этиладиган педагогик синфлар фаолияти самарали ташкил этилишига Қорақалпоғистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари бошлиқлари ҳамда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ва педагогика олий таълим муассасалари ректорлари шахсан масъул ҳисобланади.


6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳ.Ў. Умарова ҳамда олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қ.А. Шарипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                         А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 30 апрель