Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Иқтисодий концентрацияни амалга ошириш учун олдиндан розилик олиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 01.05.2024 й. 256-сон қарорига 5-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матнини ўқиш учун авторизация қилинг

Вазирлар Маҳкамасининг

2024 йил 1 майдаги

256-сон қарорига

5-ИЛОВА



Иқтисодий концентрацияни амалга

ошириш учун олдиндан розилик

олиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг "Рақобат тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ иқтисодий концентрация устидан давлат назоратини амалга ошириш мақсадида иқтисодий концентрацияни кўриб чиқиш ва олдиндан розилик олиш тартибини белгилайди.

Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонунчилик иқтисодий концентрацияга, монополияга қарши органнинг олдиндан розилигини олиш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


акцияларни (улушларни) олиш бўйича битим - Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олинган акциядорлик жамияти овоз берувчи акцияларининг 25 фоизидан ортиғини тасарруф этиш ёхуд масъулияти чекланган жамиятнинг ёки қўшимча масъулиятли жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларнинг учдан бир қисмидан ортиғини тасарруф этиш ҳуқуқини олиш бўйича битим;


битим иштирокчилари - инвестор ва инвестор томонидан акциялари (улушлари) олинадиган хўжалик юритувчи субъект ёки қўшиб юбориш ва қўшиб олишда иштирок этаётган хўжалик юритувчи субъектлар;


инвестор - хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) ўз номидан ва ўз ҳисобидан олувчи юридик ёки жисмоний шахс, шунингдек, шахслар гуруҳи;


иқтисодий концентрация - хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устунлигига олиб келадиган, товар ёки молия бозорида рақобатнинг ҳолатига таъсир кўрсатадиган битимлар тузиш ва (ёки) бошқа ҳаракатларни бажариш;


компенсация чораси - хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш ёки қўшиб олиш ҳамда акцияларни (улушларни) олиш бўйича иқтисодий концентрация битимига олдиндан розилик беришда рақобатни таъминлашга қаратилган талаблар ёки монополияга қарши ҳаракатлар;


монополияга қарши орган - Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари;


товар - фаолиятнинг олиш ва реализация қилиш учун мўлжалланган маҳсули, шу жумладан, ишлар ва хизматлар;


қўшиб юбориш ва қўшиб олиш бўйича битим - хўжалик юритувчи субъектлардан ҳар бирининг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари янги вужудга келадиган юридик шахсга ёки хўжалик юритувчи субъектнинг ҳуқуқ ва бурчлари у қўшилаётган юридик шахсга ўтишига олиб келадиган битим;


хўжалик юритувчи субъект - товарларни ишлаб чиқариш, олиш ва реализация қилиш бўйича фаолият билан шуғулланувчи юридик шахс, шу жумладан, давлат иштирокидаги корхона ва хўжалик фаолияти билан шуғулланувчи муассаса, юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахс.


3. Олдиндан розилик олиш талаб этиладиган иқтисодий концентрацияни монополияга қарши органнинг олдиндан розилик берилганлиги ҳақидаги ҳужжатисиз амалга ошириш (бажариш) тақиқланади.



2-БОБ. ОЛДИНДАН РОЗИЛИК ОЛИШ

БЎЙИЧА ТАЛАБЛАР ВА ШАРТЛАР


4. Мазкур Низом талаблари қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилмайди:

давлат иштирокидаги корхоналарнинг қўшиб юборилишига ёки қўшиб олинишига ёхуд уларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларнинг (улушларнинг) олинишига доир битимлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига биноан амалга оширилган ҳолларга;

хўжалик юритувчи субъектни ташкил этиш чоғида унинг муассисларига;

хўжалик юритувчи субъект томонидан устав фондидаги (устав капиталидаги) ўз акцияларини (улушларини) олишга доир битимларга;

акциядорлик жамияти (масъулияти чекланган жамият ёки қўшимча масъулиятли жамият) ўз устав фондининг (устав капиталининг) миқдорини сақлаб қолган ҳолда бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклга ўзгартирилишига;

акциялар (улушлар) кейинчалик қайта сотиш мақсадида инвестиция воситачилари томонидан олинишига;

хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) жисмоний шахс томонидан олишга доир битимларга, агар ариза билан мурожаат этилган пайтда бундай жисмоний шахс бирон-бир хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларнинг (улушларнинг) 25 фоизидан кўпроғини тасарруф этмаган бўлса.


5. Иқтисодий концентрация устидан давлат назорати қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

хўжалик юритувчи субъектни қўшиб олиш ёки қўшиб юбориш орқали қайта ташкил этишда;

шахс ёки шахслар гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олинган акциядорлик жамияти овоз берувчи акцияларининг 25 фоизидан ортиғини тасарруф этиш ҳуқуқини олганда;

шахс ёки шахслар гуруҳи томонидан масъулияти чекланган жамиятнинг ёки қўшимча масъулиятли жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларнинг учдан бир қисмидан ортиғини тасарруф этиш ҳуқуқини олганда.


6. Иқтисодий концентрация бўйича монополияга қарши органнинг олдиндан розилиги мазкур Низомнинг 5-бандида назарда тутилган ҳолатларда қуйидаги шартлардан бири мавжуд бўлганда олинади:

агар хўжалик юритувчи субъектлардан бири активларининг баланс қиймати ёки охирги календарь йилда товарларни реализация қилишдан олинган тушуми базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз эллик минг баравари миқдоридан ортиқ бўлса;

агар битимлар иштирокчилари активларининг жами баланс қиймати ёки охирги календарь йилда товарларни реализация қилишдан олинган жами тушуми базавий ҳисоблаш миқдорининг беш юз минг баравари миқдоридан ортиқ бўлса.



3-БОБ. ИҚТИСОДИЙ КОНЦЕНТРАЦИЯНИ

НАЗОРАТ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


7. Иқтисодий концентрацияни амалга ошириш учун олдиндан розилик бериш тўғрисидаги ариза қуйидагилар томонидан кўриб чиқилади:

а) Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан:

республиканинг бир нечта ҳудудида ёки барча ҳудудларида ўз фаолиятини амалга оширувчи хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги битимлар бўйича;

агар битимлар иштирокчилари республиканинг турли ҳудудларида жойлашган бўлса;

хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) норезидент жисмоний ва юридик шахслар томонидан олишда;

б) Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг ҳудудий органлари томонидан битимлар иштирокчилари ўз фаолиятини республиканинг айни бир ҳудуди доирасида амалга оширадиган ҳолатларда.


8. Қимматли қоғозлар савдоларининг ташкилотчилари инвесторларни ушбу Низомда назарда тутилган хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги акцияларни олиш тартибига риоя қилишнинг зарурлиги тўғрисида хабардор қилиши шарт.



4-БОБ. ШАХСЛАР ГУРУҲИНИ АНИҚЛАШ


9. Ягона (умумий) иқтисодий манфаатга эга бўлган ва Ўзбекистон Республикасининг "Рақобат тўғрисида"ги Қонуни 10-моддаси шартларидан бирига ёки бир нечтасига мувофиқ бўлган шахслар йиғиндиси - шахслар гуруҳи деб эътироф этилади.

Бунда товарлар (ишлар, хизматлар) муайян бозорида хўжалик юритувчи субъект ва инвестор шахслар гуруҳининг жами улуши уларнинг индивидуал улушлари, шунингдек, акциялари (улушлари) ёки мулкий ҳуқуқларига инвестор ёки хўжалик юритувчи субъект эгалик қиладиган бошқа юридик шахсларнинг улушлари йиғиндиси ҳисобланади.


10. Монополияга қарши орган юридик ва жисмоний шахсларни шахслар гуруҳи деб эътироф этиш учун зарур бўлган қуйидаги маълумотларни сўраб олишга ҳақлидир:

инвесторларнинг, хўжалик юритувчи субъектнинг ёки унинг ҳаммуассисларининг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушлари тўғрисида;

инвесторларнинг, шунингдек, уларнинг муассисларининг хўжалик юритувчи субъект устав фондидаги (устав капиталидаги) улушлари тўғрисида;

инвесторнинг, шунингдек, унинг муассисларининг бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондларидаги (устав капиталларидаги) акциялар ёки улушларга эгалик қилиш қисмига доир инвестициявий фаолияти тўғрисида;

хўжалик юритувчи субъектларнинг ва (ёки) инвесторнинг хизматлар кўрсатишга доир асосий фаолият турлари ҳамда уларнинг муайян товар (ишлар, хизматлар) бозоридаги улушлари тўғрисида.

Ушбу бандда санаб ўтилган маълумотлар инвестор томонидан тақдим этилади. Агар инвесторда ушбу ахборотлар мавжуд бўлмаса, монополияга қарши орган томонидан улар бундай ахборотга бевосита эга бўлган бошқа шахслардан сўраб олиниши ҳам мумкин.



5-БОБ. ОЛДИНДАН РОЗИЛИК ОЛИШ УЧУН

АРИЗА БЕРИШ ТАРТИБИ ВА ШАКЛИ


11. Олдиндан розилик олиш талаб этиладиган иқтисодий концентрацияни амалга ошириш чоғида шахслар ёки шахслар гуруҳи бу ҳаракатлар бажарилгунига (битимлар тузилгунига) қадар монополияга қарши органга ариза билан Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда - ЯИДХП) орқали электрон равишда ушбу Низомга 1 ва 2-иловаларда кўрсатилган паспортларга мувофиқ тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда мурожаат қилади.


12. Олдиндан розилик олиш талаб этиладиган иқтисодий концентрацияни амалга оширишга қадар битим иштирокчиларининг бири ёки унинг ваколатли вакили, ваколатини тасдиқловчи ҳужжатларга асосланган ҳолда, монополияга қарши органга иқтисодий концентрацияга олдиндан розилик бериш тўғрисидаги аризани ва унга илова қилинган маълумотларни тақдим этади.

Шунингдек, битим иштирокчилари томонидан аризага қуйидагилар илова қилиниши лозим:

норезидент бўлган жисмоний шахс учун - паспортнинг кўчирма нусхасини;

норезидент бўлган юридик шахс учун - давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги ҳужжатнинг кўчирма нусхасини ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжат;

битим тарафларининг ариза берилган кундан аввалги икки йил давомидаги ёхуд агар фаолият икки йилдан кам муддатни ташкил этса, фаолият амалга оширилган муддат давомидаги фаолияти турлари, ишлаб чиқарилган ва реализация қилинган товар турларининг номлари ҳамда уларнинг ҳажмлари тўғрисидаги маълумотлар;

битим тарафларининг ўтган икки календарь йилга доир молиявий ва статистика ҳисоботлари, бунда ҳисоботлар назорат қилувчи органга ҳисоботни топширилганлигини тасдиқловчи маълумот билан тақдим этилиши, чет тилидаги ҳисоботлар расман давлат тилига таржима қилинган ва нотариал тартибда тасдиқланган бўлиши лозим (чет эл юридик шахслари томонидан статистика ҳисоботлари талаб этилмайди);

шахслар гуруҳининг таркиби тўғрисидаги маълумотларни, бундай шахсларнинг ушбу шахслар гуруҳига кириш асослари кўрсатилган ҳолда;

шахслар ёки бир гуруҳ шахсларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларининг (улушларининг) 25 фоиздан кўпроғига бевосита ёки билвосита эгалик қилиш орқали ҳақиқатда назорат қиладиган жисмоний шахслар - асосий бенефициар мулкдорлар тўғрисидаги маълумот.

Ариза берувчидан ушбу Низомда кўрсатилмаган маълумотларни ҳамда бошқа ҳужжатларни талаб қилиш қатъиян тақиқланади.


13. Агар хорижий инвестор объектив сабабларга кўра молиявий ҳисоботни тақдим этиш имкониятига эга бўлмаса, бунда молиявий ҳисобот топшириш муддати тугамаган ёки инвесторнинг рўйхатдан ўтган давлати қонунчилигида бошқа ҳолатлар назарда тутилган бўлса, ушбу ҳужжат мавжуд бўлмаган тақдирда ҳам иқтисодий концентрация бўйича исталган битимни тузишга олдиндан розилик олиши зарур, янги ташкил этилган ва молиявий ҳисоботларга эга инвесторлар бундан мустасно.

Ахборот таркибида тижорат сирининг мавжудлиги уни монополияга қарши органга тақдим қилишни рад этиш учун асос бўла олмайди, бунда хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш ва қўшиб олиш бўйича битимларнинг қатнашчилари монополияга қарши органга ахборот тақдим этишда тижорат сиридан иборат бўлган маълумотларни қонунчиликда белгиланган тартибда тақдим этиши шарт.


14. Ариза берувчи томонидан тақдим этилиши лозим бўлган молиявий ҳисоботлар бўйича календарь йил тугаган, бироқ белгиланган ҳисобот топшириш муддати келмаган ҳолларда - ўтган календарь йилдаги ҳисоботлар тақдим этилади ва монополияга қарши орган ушбу ҳисоботлар асосида аризани кўриб чиқади.


15. Акцияни (улушни) олиш бўйича ҳар бир битим учун мурожаат алоҳида топширилиши лозим, қўшиб юбориш ва қўшиб олиш бўйича битимлар бундан мустасно.


16. Ариза берувчи иқтисодий концентрация бўйича битимларга (ҳаракатларга) олдиндан розилик олиш юзасидан мурожаат қилганда, ариза кўриб чиқилишининг ҳар қандай босқичида уни қайтариб олиш ҳуқуқига эга. Ариза берувчи ариза бўйича уни кўрмасдан қолдириш бўйича монополияга қарши органга илтимоснома киритади, илтимоснома монополияга қарши орган томонидан кўриб чиқилиб, аризани кўрмасдан қолдириш бўйича ажрим чиқаради. Бунда аризани кўриб чиқиш билан боғлиқ тўланган барча йиғим суммалари қайтарилмайди.


17. Ариза бўйича аризани кўрмасдан қолдириш тўғрисида монополияга қарши органнинг ажрими чиқарилган тақдирда, кейинчалик ариза берувчи умумий тартибда янгидан мурожаат қилишга ҳақли.


18. Ушбу Низомнинг 12-бандида кўрсатилган маълумот, ахборот ёки ҳужжатларсиз ва уларнинг тақдим этишнинг имконияти бўлмаганлигини асословчи сабаблар ёзма равишда кўрсатилмаган бўлса, монополияга қарши орган томонидан ариза кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди. Бундай ҳолларда монополияга қарши орган аризани кўриб чиқмасдан икки кун мобайнида ариза берувчига электрон шаклда хабарнома юборади ва аризани кўрмасдан қайтаради.



6-БОБ. ОЛДИНДАН РОЗИЛИК БЕРИЛГАНЛИГИ

УЧУН УНДИРИЛАДИГАН ЙИҒИМ МИҚДОРИ,

УНИ ҲИСОБЛАШ ВА ТЎЛАШ ТАРТИБИ


19. Иқтисодий концентрацияга олдиндан розилик бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиққанлик учун қонунчиликда белгиланган тартибда йиғим ундирилади.

Олдиндан розилик берилганлиги учун битим тарафларининг охирги календарь йилда товарларни реализация қилишдан олинган тушумининг (тушум мавжуд бўлмаган тақдирда - активлар баланс қийматининг) 0,05 фоизи, лекин базавий ҳисоблаш миқдорининг етти бараваридан кам бўлмаган ва минг бараваридан кўп бўлмаган миқдорда йиғим ундирилади.


20. Йиғимлар мазкур Низомнинг 21 ва 22-бандларида кўрсатилган тартибда ҳисобланади.


21. Хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги акцияларни (улушларни) олишга доир битимлар бўйича:

а) жисмоний шахс, шу жумладан, чет эл фуқароси томонидан тўланадиган йиғим миқдори (С) қуйидаги формула бўйича аниқланади:

С = В*0,05%, бунда, В - акциялари (улушлари) сотиб олинаётган хўжалик юритувчи субъектнинг охирги календарь йил учун товарларни сотишдан тушган тушуми, "Молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот" 2-сон шаклнинг 010-сатри.

Агарда акциялари (улушлари) олинаётган хўжалик юритувчи субъектнинг охирги календарь йил ҳисобот санасида товарларни сотишдан тушган тушуми мавжуд бўлмаса, йиғим миқдори (С) қуйидаги формула бўйича аниқланади:

С = А*0,05%, бунда, А - акциялари (улушлари) олинаётган хўжалик юритувчи субъектнинг охирги календарь йил учун активларининг баланс қиймати, "Бухгалтерия баланси" 1-сон шаклнинг 400- сатри;

б) Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган юридик шахс (шахслар гуруҳи) томонидан тўланадиган йиғим миқдори (С) қуйидаги формула бўйича аниқланади:

С = (В1+В2+ ..+Вn)*0,05%, бунда, В1, В2, Вn - битим тарафларининг охирги календарь йил учун товарларни сотишдан тушган тушуми, "Молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот" 2-сон шаклнинг 010-сатри.

Агарда битимда иштирок этувчи барча шахсларнинг охирги календарь йил ҳисобот санасида товарларни сотишдан тушган тушуми мавжуд бўлмаса, йиғим миқдори (С) қуйидаги формула бўйича аниқланади:

С = (А1+А2+ ..+Аn)*0,05%, бунда, А1, А2, Аn - битимда иштирок этувчи барча шахсларнинг охирги календарь йил учун активларининг баланс қиймати, "Бухгалтерия баланси" 1-сон шаклнинг 400- сатри;

в) юридик шахс томонидан - Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари (шахслар гуруҳи) томонидан тўланадиган йиғим миқдори (С) қуйидаги формула бўйича аниқланади:

Ўзбекистон Республикасининг норезидент юридик шахслари (шахслар гуруҳи) томонидан ҳисобот тақдим этилган тақдирда:

С = (Вн1+Вн2+Вn..+В)*0,05%, бунда, Вн1, Вн2, Вn - Ўзбекистон Республикасининг норезидент юридик шахсларининг (шахслар гуруҳининг) охирги календарь йилдаги товарларни сотишдан тушган тушуми тақдим этилган ҳисоботлар асосида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ҳисобот санасидаги валюта курси бўйича аниқланади;

В - акциялари (улушлари) олинаётган хўжалик юритувчи субъектнинг охирги календарь йил учун товарларни сотишдан тушган тушуми, "Молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот" 2-сон шаклнинг 010-сатри.

Агарда битимда иштирок этувчи барча шахсларнинг охирги календарь йил ҳисобот санасида товарларни сотишдан тушган тушуми бўлмаса, йиғим миқдори (С) қуйидаги формула бўйича аниқланади:

С = (Ан1+Ан2+Аn..+А)*0,05%, бунда, Ан1, Ан2, Аn - Ўзбекистон Республикасининг норезидент юридик шахсларининг (шахслар гуруҳининг) охирги календарь йилдаги активларининг баланс қиймати тақдим этилган ҳисоботлар асосида аниқланади.

А - акциялари (улушлари) олинаётган хўжалик юритувчи субъектнинг охирги календарь йил учун активларининг баланс қиймати, "Бухгалтерия баланси" 1-сон шаклнинг 400- сатри.

Агарда молиявий ҳисобот асосли сабабларга кўра тақдим этилмаса, йиғим миқдори (С) қуйидаги формула бўйича аниқланади:

С = (Он1+Он2+Оn..+В)*0,05%, бунда, Он1, Он2, Оn - Ўзбекистон Республикасининг норезидент юридик шахсларнинг (шахслар гуруҳининг) охирги календарь йил учун хизмат кўрсатувчи банки томонидан тасдиқланган ҳисобварағидаги нақд пул айланмасининг ҳажми;

В - акциялари (улушлари) сотиб олинаётган хўжалик юритувчи субъектнинг охирги календарь йил учун товарларни сотишдан тушган тушуми, "Молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот" 2-сон шаклнинг 010-сатри.

Агарда молиявий ҳисобот ва хизмат кўрсатувчи банк томонидан тасдиқланган ҳисобварағидан кўчирма тақдим этилмаган бўлса, унда базавий ҳисоблаш миқдорининг минг баравари миқдорида йиғим ҳисобланади.


22. Хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш ва қўшиб олишда йиғим миқдори (С) қуйидаги формула бўйича аниқланади:

С = (В1+В2+ ..+Вn)*0,05%, бунда, В1, В2, Вn - қўшиб юбориш ва қўшиб олишда иштирок этаётган хўжалик юритувчи субъектларни охирги календарь йил учун товарларни сотишдан тушган тушумлари, "Молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот" 2-сон шаклнинг 010-сатри.

Агарда битимда иштирок этувчи барча шахсларнинг охирги календарь йил ҳисобот санасида товарларни сотишдан тушган тушуми бўлмаса, йиғим миқдори (С) қуйидаги формула бўйича аниқланади:

С = (А1+А2+ ..+Аn)*0,05%, бунда, А1, А2, Аn - қўшиб юбориш ва қўшиб олишда иштирок этаётган хўжалик юритувчи субъектларнинг охирги календарь йил учун активларининг баланс қиймати, "Бухгалтерия баланси" 1-сон шаклнинг 400-сатри.


23. Агарда ҳисоб-китоб натижаларига кўра йиғим миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг етти бараваридан кам бўлса, унда базавий ҳисоблаш миқдорининг етти баравари миқдорида тўлов амалга оширилади.


24. Ариза берувчи томонидан иқтисодий концентрацияга розилик олиш учун ариза топширилганда, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида дастлабки йиғим тўланади.

Йиғим тўланганлиги ахборот-коммуникация тизимлари орқали тасдиқланади.

Ушбу йиғим суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:

10 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасига;

11,25 фоизи - Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали давлат хизматларини кўрсатганлик учун, шунингдек, 0,5 фоизи Ягона биллинг тизими орқали давлат хизматлари кўрсатганлик учун Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисобварағига;

қолган маблағлар - монополияга қарши органнинг ҳисобварағига йўналтирилади.

Агарда битимларга олдиндан розилик бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича аризада кўрсатилган битимни амалга ошириш учун монополияга қарши органнинг олдиндан розилиги талаб этилмайдиган ҳолларда, аризани кўриб чиқиш учун тўланган дастлабки йиғим миқдори қайтарилмайди.


25. Монополияга қарши орган ариза юзасидан олдиндан розилик бериш тўғрисида қарор қабул қилгандан сўнг бир иш куни ичида тўланиши лозим бўлган йиғим миқдорини ҳисоблаб чиқади. Ҳисоб-китоб натижаларига кўра монополияга қарши орган тўланиши керак бўлган йиғим миқдори тўғрисида махсус ахборот тизими орқали ариза берувчига хабар юборади.

Йиғим тўланганлиги ахборот-коммуникация тизимлари орқали тасдиқланади.

Мазкур Низомнинг 19-банди иккинчи хатбошисига асосан олдиндан розилик берилганлиги учун тўланадиган тўловлар монополияга қарши органнинг ҳисобварағига тўлиқ ўтказилади.


26. Ариза берувчи монополияга қарши орган томонидан ҳисобланган ва тўловни амалга ошириш ҳақида хабар қилинган йиғим суммасининг қолган қисмини ўттиз календарь кун ичида тўлайди.

Агарда ариза берувчи йиғим суммасини белгиланган муддат ичида амалга оширмаса, монополияга қарши орган олдиндан розилик берилган қарорни бекор қилади ва бу ҳақда ариза берувчига махсус ахборот тизими орқали хабар юборилади, бунда тўланган дастлабки йиғим миқдори қайтарилмайди.

Қарор бекор қилинган тақдирда, кейинчалик ариза берувчи умумий тартибда янгидан мурожаат қилишга ҳақли.



7-БОБ. ОЛДИНДАН РОЗИЛИК ОЛИШ

УЧУН АРИЗАНИ КЎРИБ ЧИҚИШ

ТАРТИБИ ВА НАТИЖАЛАРИ


27. Иқтисодий концентрация бўйича ариза монополияга қарши орган раҳбарининг буйруғи билан ташкил этиладиган махсус комиссия томонидан кўриб чиқилади.


28. Иқтисодий концентрация бўйича тузиладиган битимнинг рақобатни чеклашга таъсир кўрсатиш ҳолатларини ўрганиш мақсадида монополияга қарши орган кўриб чиқилаётган аризага бевосита тааллуқли бўлган қўшимча ахборотни тегишли давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан сўраб олиши мумкин.


29. Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларда (ахборотларда) киритилган ҳолатлар ўзгарган тақдирда, битим қатнашчилари бу ҳақда монополияга қарши органни улар қарор қабул қилгунгача ёзма равишда хабардор қилиши шарт. Бундай ҳолларда монополияга қарши орган ўзгаришлар тўғрисида ахборот олган кун ариза олинган кун ҳисобланади.

Монополияга қарши органга аризага илова қилинган ҳужжатлардаги ҳолат ўзгарганлиги ҳақида ахборот тақдим этмаслик рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган жавобгарликка сабаб бўлади.


30. Монополияга қарши орган иқтисодий концентрацияга олдиндан розилик беришни қуйидаги ҳолларда рад этади:

ҳаракатларни содир этишга (битимлар тузишга) олдиндан розилик бериш тўғрисидаги мурожаатнинг қаноатлантирилиши товар ёки молия бозорида тегишли хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеи юзага келишига ёки кучайишига ва (ёки) рақобатнинг чекланишига олиб келиши мумкин бўлса;

тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотларнинг мавжудлиги аниқланса.

Акцияларни (улушларни) олиш бўйича битимларга олдиндан розилик олиш бўйича аризани бошқа асосларга кўра рад этиш қатъиян тақиқланади.


31. Иқтисодий концентрацияга олдиндан розилик бериш тўғрисидаги ариза қуйидаги тарзда кўриб чиқилади:

агар ҳаракат (битим) рақобатга таъсир қилмаса, зарур ҳужжатлар ва маълумотлар олинган пайтдан эътиборан ўттиз календарь кундан кечиктирмай, ариза берувчи қабул қилинган қарор тўғрисида ёзма шаклда хабардор қилинади;

агар ҳаракат (битим) рақобатнинг чекланишига олиб келиши мумкин бўлса, қўшимча ўрганиш ўтказиш учун аризани кўриб чиқиш муддати икки ойдан кўп бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин.

Иқтисодий концентрациянинг рақобатга таъсирини баҳолаш учун экспертлар ва мутахассислар жалб этилиши мумкин. Зарурат бўлганда, махсус комиссия мажлисига хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) олишга олдиндан розилик олиш учун монополияга қарши органга мурожаат қилган шахслар (ишончнома бўйича уларнинг вакиллари), молия ташкилотлари фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш бўйича органлар вакиллари, шунингдек, ушбу битимни амалга оширишдан манфаатдор бўлган шахслар таклиф этилиши мумкин.


32. Иқтисодий концентрацияга олдиндан розилик бериш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқиш натижалари бўйича мазкур Низомнинг 3-иловасида назарда тутилган шаклга мувофиқ монополияга қарши орган қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

иқтисодий концентрацияга розилик бериш тўғрисида;

иқтисодий концентрацияга розилик беришни рад этиш ҳақида.


33. Монополияга қарши орган ҳатто товар ёки молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеи юзага келишига ёхуд кучайишига ва рақобатнинг чекланишига олиб келиши мумкин бўлган тақдирда ҳам, агар иқтисодий концентрация тўғрисида қарор қабул қилувчи юридик ва (ёки) жисмоний шахслар ўз ҳаракатлари (битимлари) истеъмолчиларга сезиларли тарзда наф келтиришини исботлаб берса, иқтисодий концентрацияга олдиндан розилик бериш ҳақидаги аризани қаноатлантиради.


34. Монополияга қарши орган иқтисодий концентрацияга олдиндан розилик беришга ва буни рақобатни таъминлашга қаратилган талабларни бажариш билан боғлиқ қилиб қўйишга ҳақли. Бунда мазкур талаблар, шунингдек, уларни бажариш муддатлари монополияга қарши органнинг иқтисодий концентрацияга розилик бериш тўғрисидаги қарорида кўрсатилиши керак.


35. Товар ёки молия бозорида тегишли хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеи юзага келишига ёки кучайишига ва (ёки) рақобатнинг чекланишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатларни амалга ошириш (битимлар тузиш) тўғрисида қарор қабул қилган юридик ва (ёки) жисмоний шахслар монополияга қарши органнинг талабига кўра рақобатнинг зарур шарт-шароитларини тиклаш бўйича чоралар кўриши шарт.


36. Иқтисодий концентрацияга доир битимлар монополияга қарши органнинг олдиндан розилик бериш тўғрисидаги қарори қабул қилинган вақтдан бошлаб бир йил мобайнида тузилиши керак. Битимлар кўрсатиб ўтилган муддатда тузилмаган тақдирда, қарор ўз кучини йўқотади.


37. Иқтисодий концентрация битимларига олдиндан розилик бериш тўғрисидаги қарор, шунингдек, олдиндан розилик олмасдан кўрсатиб ўтилган ҳаракатларни содир этганлик учун қўзғатилган ишни кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилинган қарор очиқ маълумот ҳисобланади. Ушбу қарорларнинг мазмуни умумий маълумот сифатида монополияга қарши орган томонидан ўзининг расмий веб-сайтида жойлаштирилиши ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши мумкин.


38. Монополияга қарши органнинг олдиндан берилган розилигисиз тузилган, товар ёки молия бозорида рақобатнинг чекланишига олиб келадиган иқтисодий концентрацияга доир битимлар суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Монополияга қарши орган мазкур битимлар бўйича судларга битимларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида даъво аризасини (ариза) киритиш ваколатига эга.


39. Инвестор хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) мазкур Низомнинг 5-банди учинчи ва тўртинчи хатбошиларида назарда тутилган миқдорда олиш учун бир томонлама битимларни (мерос, ҳуқуқий ворислик) тузишда мерос бўйича ҳуқуққа эга бўлган кундан бошлаб, бу тўғрисида ўн беш календарь кун мобайнида монополияга қарши органга билдиришнома юбориши керак.


40. Билдиришномада:

хўжалик юритувчи субъектнинг номи ва мулк қилиб олинган акциялар (улушлар) миқдори;

бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг акцияларига (улушларига) эгалик қилиши тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади.



8-БОБ. ИҚТИСОДИЙ КОНЦЕНТРАЦИЯНИ АМАЛГА

ОШИРИШДА КОМПЕНСАЦИЯ ЧОРАЛАРИ


41. Иқтисодий концентрацияни амалга оширишда компенсация чоралари қуйидагича кўринишда бўлиши мумкин:

тузилмавий компенсация чораси;

хулқ-атвор кўрсаткичлари бўйича компенсация чораси.

Компенсация чоралари юридик шахсларга нисбатан улар товар ёки молия бозорида тегишли хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеи юзага келишига ёки кучайишига ва (ёки) рақобатнинг чекланишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатларни амалга оширганда (битимлар тузганда) қўлланилади.

Компенсация чоралари хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш ёки қўшиб олиш ҳамда акцияларни (улушларни) олиш бўйича иқтисодий концентрация битимига олдиндан розилик беришда рақобатни таъминлашга қаратилган талаблар ёки рақобатга қарши ҳаракатлар учун монополияга қарши орган махсус комиссиясининг қарори билан қўлланилади.


42. Тузилмавий компенсация чорасини қўллашнинг мақсади устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) ёки активларни янги бозор иштирокчисига ўтказиш орқали мавжуд бозор мавқеини сақлаб қолиш ҳисобланади. Тузилмавий компенсация чораси қуйидаги кўринишларда қўлланилади:

активларни бегоналаштириш (бошқа шахсга ўтказиш) мажбуриятини юклаш;

қонунчилкда белгиланган тартибда интеллектуал мулкдан фойдаланишга йўл қўйиш мажбуриятини юклаш.


43. Хулқ-атвор кўрсаткичлари бўйича компенсация чорасини қўллашнинг мақсади қўшиб юборилаётган хўжалик юритувчи субъектлар муайян ҳаракатларни амалга ошириш ёки муайян ҳаракатларни амалга оширишдан тийилиши орқали мавжуд бозор мавқеини сақлаб қолиш ҳисобланади. Бунда натижа бозор назоратда бўлиши ва рақобатни ривожланишига олиб келиши лозим.


44. Компенсация чораларининг бажарилиши монополияга қарши орган томонидан назорат қилинади.


45. Компенсация чораларининг бажарилиши бўйича назорат амалга оширилаётганда, монополияга қарши орган ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

хўжалик юритувчи субъект томонидан компенсация чораларининг бажарилишини Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишилган ҳолда қонунчиликда белгиланган тартибда жойига чиққан ҳолда текшириш;

компенсация чораларининг бажарилиши бўйича текширувлар ўтказилаётганда, юзага келадиган масалалар тўғрисида жисмоний ва юридик шахслардан зарур маълумотларни сўраш ва олиш;

текширув натижалари асосида компенсация чораларининг бажарилмаганлигини кўрсатган ҳолда далолатномалар (маълумотномалар) тузиш;

хўжалик юритувчи субъект зиммасига аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар чиқариш, бундай қоидабузарликларни бартараф этиш муддатларини белгилаш.


46. Назорат қилиш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

масофавий назорат;

компенсация чораларининг бажарилишини асослар мавжуд бўлган тақдирда ва қонунчиликда белгиланган тартибда жойга чиққан ҳолда текшириш;

статистика ахборотларини ва компенсация чораси белгиланган хўжалик юритувчи субъектдан сўраб олинадиган маълумотларни таҳлил қилиш.


47. Монополияга қарши орган масофавий назоратни компенсация чораларининг бажарилганлиги тўғрисида тақдим этилган маълумотлар, шунингдек, ваколатли бошқа органлар ва идоралардан олинган ахборотлар асосида амалга оширади.

Хўжалик юритувчи субъект масофавий назорат асосида монополияга қарши орган томонидан берилган кўрсатмада баён этилган талабларни ўн иш куни ичида ёки кўрсатмада белгиланган муддатда бажариши ва бу ҳақда монополияга қарши органга хабар бериши лозим.


48. Компенсация чораси белгиланган хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти қонунчиликда белгиланган тартибда жойига чиққан ҳолда текширилади.



9-БОБ. ИҚТИСОДИЙ КОНЦЕНТРАЦИЯГА

ДОИР БИТИМЛАРГА ОЛДИНДАН РОЗИЛИК

ОЛИШ ТАРТИБИНИ БУЗИШ


49. Монополияга қарши органнинг олдиндан розилигисиз иқтисодий концентрацияга доир битимлар тузилганлиги аниқланган тақдирда, рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг бузилиши бўйича белгиланган тартибда иш қўзғатилади.


50. Рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг бузилиши ҳақидаги иш монополияга қарши органнинг махсус комиссияси томонидан кўриб чиқилади. Қўзғатилган иш махсус комиссия томонидан кўриб чиқилаётганда, молия ташкилотлари фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш бўйича органларнинг тегишли мутахассислари экспертлар сифатида жалб этилиши мумкин.


51. Махсус комиссия ишни мазмунан кўриб чиқиш натижалари бўйича қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

дастлабки мавқени тиклаш ва рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилишларини тўхтатиш муддати кўрсатилган ҳолда, акцияларга (улушларга) эга бўлишни рад этиш тўғрисида;

акцияларга (улушларга) эгалик қилишга розилик бериш тўғрисида;

хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш ва қўшиб олиш натижасида ташкил этилган юридик шахсни сақлаб қолиш тўғрисида.


52. Махсус комиссия қабул қилинган қарордан қатъи назар, монополияга қарши органнинг олдиндан розилигисиз иқтисодий концентрацияга доир битимлар тузилганлиги ҳолати учун қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жарима солинади. Бунда махсус комиссиянинг қарори асосида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда кўрсатма берилади.


53. Монополияга қарши органнинг қўзғатилган ишни кўриш натижалари бўйича қабул қилган қарорининг асл нусхаси ишда иштирок этган тарафларга, жумладан, молия ташкилотлари фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш бўйича тегишли органларга, шунингдек, қимматли қоғозлар бўйича битимларни рўйхатдан ўтказувчи органларга қабул қилинган кундан бошлаб беш иш кундан кечикмай юборилади.


54. Махсус комиссия қарори асосида берилган кўрсатма уни олган кундан эътиборан унда белгиланган муддатда бажарилиши керак. Кўрсатма белгиланган муддатда бажарилмаган тақдирда, монополияга қарши орган унинг олдиндан берилган розилигисиз, устун мавқенинг пайдо бўлишига ёки кучайишига ёхуд рақобатни чеклашга олиб келадиган битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво билан судга мурожаат қилади.


55. Монополияга қарши органнинг қароридан (кўрсатмасидан) норози бўлган кўрсатма берилган шахс қарорни (кўрсатмани) бекор қилиш ёки ўзгартириш тўғрисида ариза билан Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига ёхуд қарорни бутунлай ёки қисман ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида судга мурожаат қилишга ҳақли.


56. Монополияга қарши орган бошқа тегишли ваколатли органлар билан ҳар йили камида бир маротаба иқтисодий концентрация бўйича битимлар ёки ҳаракатларга олдиндан розилик олинганлиги юзасидан ушбу битимлар ва ҳаракатларни хатловдан ўтказади.

Хатлов давомида қуйидаги ҳаракатлар амалга оширилади:

охирги календарь йилда амалга оширилган қўшиб юбориш ва қўшиб олиш ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондидан (устав капиталидан) тегишли миқдордаги акциялар (улушлар) олинганлиги ҳақидаги маълумотлар Адлия вазирлиги ҳамда "Фонд бозорининг ахборот ресурс маркази" ДУКнинг ахборот тизимлари орқали олинади ёхуд тегишли ваколатли органларга сўров юборилади;

тегишли ваколатли органлар 15 кун муддатда ушбу банднинг учинчи хатбошисида кўрсатилган маълумотларни монополияга қарши органга тақдим этади;

охирги календарь йилда амалга оширилган қўшиб юбориш ва қўшиб олиш ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондидан (устав капиталидан) тегишли миқдордаги акциялар (улушлар) олиш ҳақидаги битимларда иштирок этган хўжалик юритувчи субъектларнинг активлари баланс қиймати ёки охирги календарь йилда товарларни реализация қилишдан олинган тушуми миқдори ҳақидаги маълумотлар Солиқ қўмитасининг ахборот тизими орқали олинади ёхуд солиқ органларига сўров юборилади;

солиқ органлари 15 кун муддатда ушбу банднинг бешинчи хатбошисида кўрсатилган маълумотларни монополияга қарши органга тақдим этади;

монополияга қарши орган томонидан олинган маълумотлар таҳлил қилинади;

таҳлил натижаларига кўра иқтисодий концентрацияга олдиндан розилик олиши лозим бўлган, бироқ бундай розиликни олмасдан иқтисодий концентрацияни амалга оширган юридик ва жисмоний шахслар аниқланади.

Хатловни ўтказиш жараёнида аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари бўйича монополияга қарши орган томонидан чоралар кўрилади.



10-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


57. Монополияга қарши орган ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган маълумотларнинг махфийлигини таъминлаши керак.

Монополияга қарши орган ушбу Низомга мувофиқ ўзига берилган ваколатларни амалга ошириши муносабати билан маълум бўлиб қолган тижорат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни ва шахсга доир маълумотларни ошкор қилишга ҳақли эмас.


58. Мурожаат этувчи ваколатли давлат органи ва уларнинг мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан белгиланган тартибда бевосита судга ёки бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёхуд мансабдор шахсга шикоят қилиши мумкин.


59. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш

ва қўшиб олишга рухсатнома олиш

ПАСПОРТИ

         

1.

Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг номи:

Хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш ва қўшиб олишга олдиндан розилик бериш тўғрисида қарор


2.

Амалга оширилиши учун рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олиш талаб этиладиган фаолият (ҳаракатлар):

Хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш ва қўшиб олиш

3.

Ариза берувчилар тоифаси:

Юридик шахс


4.

Рухсат этиш соҳасидаги ваколатли орган:

а) Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси:


агар қатнашчилар ёки ҳаракатни амалга оширувчи қатнашчилардан бири республиканинг бир нечта ҳудудида ёхуд барча ҳудудларида ўз фаолиятини амалга оширадиган ҳолатларда;


агар битимлар иштирокчилари республиканинг турли ҳудудларида жойлашган ҳолатларда;


б) Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг ҳудудий органлари:


хўжалик юритувчи субъектлар ўз фаолиятини республиканинг айни бир ҳудуди доирасида амалга оширадиган ҳолатларда.

        

5.

Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олиш учун тақдим қилинадиган ҳужжатлар:

а) ариза.

Аризада қуйидагилар кўрсатилади:

хўжалик юритувчи субъектнинг номи, СТИР, юридик манзили, давлат рўйхатидан ўтказилган санаси ва жойи, хизмат кўрсатувчи банкнинг номи ва ҳисобварағи, телефон рақами, электрон почта манзили, содир этиш назарда тутилган хатти-ҳаракат номи, муассислари (қатнашчилари) таркиби ва уларнинг жамият устав фондидаги улушлари миқдори тўғрисидаги маълумотлар;

қўшиб олинадиган (юбориладиган) хўжалик юритувчи субъектнинг номи, СТИР, юридик манзили, давлат рўйхатидан ўтказилган санаси ва жойи, хизмат кўрсатувчи банкнинг номи ва ҳисобварағи, телефон рақами, электрон почта манзили, муассислари (катнашчилари) таркиби ва уларнинг жамият устав фондидаги улушлари миқдори тўғрисида қуйидаги маълумот:

         

Т/р

Муассислар таркиби

Улушлар миқдори

      

Номинал қийматда

    

%

1.

      




...

       




     

қўшиб оладиган хўжалик юритувчи субъектнинг бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондида (устав капиталида) қатнашиши тўғрисида қуйидаги маълумот:

      

Т/р

Хўжалик юритувчи субъект номи

     

СТИР рақами

Фаолият тури

Улуш миқдори %

1.

    





...

    





     

қўшиб олинадиган (юбориладиган) хўжалик юритувчи субъектнинг бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондида (устав капиталида) қатнашиши тўғрисида маълумот:

      

Т/р

Хўжалик юритувчи субъект номи

    

СТИР рақами

Фаолият тури

Улуш миқдори %

1.

    





...

      





         

б) амалга оширилаётган ҳаракатлар ҳар бир қатнашчисининг ариза берилган кундан олдинги икки йил мобайнида ёхуд агар фаолият икки йилдан камроқ муддатни ташкил этса, фаолият амалга оширилган муддат давомидаги олиб борган фаолият турлари, ишлаб чиқарилган (кўрсатилган хизматлар) ва реализация қилинган товар турларининг номлари ҳамда уларнинг ҳажмлари тўғрисидаги маълумотлар;


в) битим тарафларининг ўтган икки календарь йилга доир молиявий ва статистика ҳисоботлар, бунда ҳисоботлар назорат қилувчи органга ҳисоботни топширилганлигини тасдиқловчи нусхаси билан тақдим этилиши лозим;


г) шахслар гуруҳининг таркиби тўғрисида, бундай шахсларнинг ушбу шахслар гуруҳига кириш асослари кўрсатилган маълумотлар;

д) хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларининг (улушларининг) 25 фоиздан кўпроғига бевосита ёки билвосита эгалик қилиш орқали ҳақиқатда назорат қиладиган жисмоний шахслар - асосий бенефициар мулкдорлар тўғрисидаги маълумот.

Ахборот таркибида тижорат сирининг мавжудлиги уни ваколатли органга тақдим қилишни рад этиш учун асос бўлмайди, бунда хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) олиш бўйича битимлар иштирокчилари ваколатли органга ахборот тақдим этишда, тижорат сиридан иборат бўлган маълумотларнинг тўлиқ рўйхатини кўрсатиши керак.


6.

Аризани кўриб чиқиш учун ундириладиган йиғим миқдори:

Базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари

7.

Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат берилганлиги учун ундириладиган йиғим миқдори:

битим тарафларининг охирги календарь йилда товарларни реализация қилишдан олинган тушумининг (тушум мавжуд бўлмаган тақдирда - активлар баланс қийматининг) 0,05 фоизи, лекин базавий ҳисоблаш миқдорининг етти бараваридан кам бўлмаган ва минг бараваридан кўп бўлмаган миқдорда.


Тўловлар тўлиқ монополияга қарши органнинг ҳисобварағига ўтказилади.

8.

Аризани кўриб чиқиш муддати:

30 календарь кун.


Битим рақобатни, шу жумладан, товар ёки молия бозорида устун мавқени пайдо қилиш ёхуд кучайтириш воситасида чеклашга олиб келишига ёки олиб келиши мумкинлигига асослар пайдо бўлган тақдирда, монополияга қарши орган аризачига хабарнома юбориш орқали аризани кўриб чиқиш муддатини кўпи билан икки ойга узайтириши мумкин.

9.

Рухсат этишга оид талаб ва шартлар:

Хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш ва қўшиб олишга (битимлар тузишга) олдиндан розилик берилиши товар ёки молия бозорида тегишли хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеи юзага келишига ёки кучайишига ва (ёки) рақобатнинг чекланишига олиб келмаслиги лозим.

Монополияга қарши орган ҳатто товар ёки молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеи юзага келишига ёхуд кучайишига ва рақобатнинг чекланишига олиб келиши мумкин бўлган тақдирда ҳам, агар хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш ва қўшиб олиш тўғрисида қарор қабул қилувчи юридик шахслар ўз ҳаракатлари (битимлари) истеъмолчиларга сезиларли тарзда наф келтиришини исботлаб берса, ҳаракатларни содир этишга олдиндан розилик бериш тўғрисидаги аризани қаноатлантиради.


10.

Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилиш муддати:

1 йил


11.

Изоҳ:

Агар тегишли битимда иштирок этаётган хўжалик юритувчи субъектлардан бири активларининг баланс қиймати ёки охирги календарь йилда товарларни реализация қилишдан олинган тушуми базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз эллик минг баравари миқдоридан ортиқ ёхуд уларнинг активларининг жами баланс қиймати ёки охирги календарь йилда товарларни реализация қилишдан олинган жами тушуми базавий ҳисоблаш миқдорининг беш юз минг баравари миқдоридан ортиқ бўлса, хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш ва қўшиб олиш бўйича битимлар учун монополияга қарши органнинг олдиндан розилигини олиш зарур.


Қуйидаги ҳолларда монополияга қарши органнинг олдиндан розилигини олиш талаб этилмайди:

давлат иштирокидаги корхоналарнинг қўшиб юборилишига ёки қўшиб олинишига ёхуд уларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларнинг (улушларнинг) олинишига доир битимлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига биноан амалга оширилган ҳолларда;

хўжалик юритувчи субъектни ташкил этиш чоғида унинг муассисларига;


        

         




Низомга

2-ИЛОВА



Шахс ёки шахслар гуруҳи томонидан хўжалик

юритувчи  субъектларнинг  устав  фондидаги

(устав капиталидаги) акцияларни (улушларни)

олишга доир битимларни кўриб чиқиш ҳамда

бундай битимларни тузиш учун

олдиндан розилик олиш

ПАСПОРТИ

         

1.

Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг номи:

Шахс ёки шахслар гуруҳи томонидан хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) олишга доир битимларни кўриб чиқиш ҳамда бундай битимларни тузиш учун олдиндан розилик бериш тўғрисида қарор

2.

Амалга оширилиши учун рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олиш талаб этиладиган фаолият (ҳаракатлар):

Қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидан (устав капиталидан) акцияларни (улушларни) тасарруф этиш ҳуқуқини олиш учун шахс ёки шахслар гуруҳи томонидан битимлар тузиш


3.

Ариза берувчилар тоифаси:

Жисмоний ва юридик шахслар (шахс ва/ёки шахслар гуруҳи)


4.

Рухсат этиш соҳасидаги ваколатли орган:

а) Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан:


республиканинг бир нечта ҳудудида ёки барча ҳудудларида ўз фаолиятини амалга оширувчи хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) олишда;


агар хўжалик юритувчи субъект ва инвестор ёки шахслар гуруҳи ҳисобланадиган инвесторлар республиканинг турли ҳудудларида жойлашган бўлса, устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) олишда;


хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) хорижий инвесторлар томонидан олишда.


б) Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг ҳудудий органлари томонидан:


республиканинг айни бир ҳудуди доирасида ўз фаолиятини амалга оширадиган хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) олишда.


5.

Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олиш учун тақдим қилинадиган ҳужжатлар:

а) ариза.

Аризада қуйидагилар кўрсатилади:

талабгор - акцияни (улушни) олувчи жисмоний шахс учун - Ф.И.О., аризачининг паспортига ёки идентификацияловчи ID-картасига оид маълумотлар (норезидент бўлган жисмоний шахс учун паспортнинг кўчирма нусхасини), ЖШШИР, телефон рақами, электрон почта манзили ва ўзининг бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондида (устав капиталида) қатнашиши тўғрисида қуйидаги маълумот:

   

Т/р

Хўжалик юритувчи субъект номи

     

СТИР рақами

Фаолият тури

Улуш миқдори %

1.

     





...

     





     

талабгор - акцияни (улушни) олувчи юридик шахс учун - номи, СТИР, юридик манзили, давлат рўйхатидан ўтказилган санаси ва жойи, хизмат кўрсатувчи банкнинг номи ва ҳисобварағи, телефон рақами, электрон почта манзили (норезидент бўлган юридик шахс учун -давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги ҳужжатнинг кўчирма нусхасини ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжат), муассислари (қатнашчилари) таркиби тўғрисидаги маълумотлар;

Муассислари (қатнашчилари)нинг жамият устав фондидаги улушлари миқдори ҳақидаги қуйидаги маълумот:

     

Т/р

Муассислар таркиби

Улушлар миқдори

     

Номинал қийматда

    

%

       

1.

     




...

     




      

талабгор - юридик шахснинг бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондида (устав капиталида) қатнашиши тўғрисида қуйидаги маълумот:

         

Т/р

Хўжалик юритувчи субъект номи

   

СТИР рақами

Фаолият тури

Улуш миқдори %

1.

    





...

      





        

устав фондидан акция (улуш) олинаётган хўжалик юритувчи субъект номи, СТИР, юридик манзили, телефон рақами, электрон почта манзили, устав фондидан инвестор (акция (улуш) олувчи шахс) томонидан олинадиган акциялар (улушлар) миқдори, устав фондига талабгор томонидан киритиладиган мол-мулкнинг қиймати, муассислари (қатнашчилари) таркиби ва уларнинг жамият устав фондидаги улушлари миқдори кўрсатилган маълумот:

      

Т/р

Муассислар таркиби

Улушлар миқдори

   

Номинал қийматда

    

%

  

1.

     




...

    




       

устав фондидан акция (улуш) олинаётган хўжалик юритувчи субъект - юридик шахснинг бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондида (устав капиталида) қатнашиши тўғрисида қуйидаги маълумот:

    

Т/р

Хўжалик юритувчи субъект номи

    

СТИР рақами

Фаолият тури

Улуш миқдори %

1.

     





...

     





        

б) амалга оширилаётган ҳаракатлар ҳар бир қатнашчисининг ариза берилган кундан олдинги икки йил мобайнида ёхуд агар фаолият икки йилдан камроқ муддатни ташкил этса, фаолият амалга оширилган муддат давомидаги олиб борган фаолият турлари, ишлаб чиқарилган (кўрсатилган хизматлар) ва реализация қилинган товар турларининг номлари ҳамда уларнинг ҳажмлари тўғрисидаги маълумотлар;

в) битим тарафларининг ўтган икки календарь йилга доир молиявий ва статистика ҳисоботлари (чет эл юридик шахслари учун статистика ҳисоботлари талаб этилмайди). Бунда ҳисоботлар назорат қилувчи органга ҳисобот топширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси билан тақдим этилиши зарур, чет тилидаги ҳисоботлар расман давлат тилига таржима қилинган ва нотариал тартибда тасдиқланган бўлиши лозим;

г) шахслар гуруҳининг таркиби тўғрисида, бундай шахсларнинг ушбу шахслар гуруҳига кириш асослари кўрсатилган маълумотлар

д) хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларининг (улушларининг) 25 фоиздан кўпроғига бевосита ёки билвосита эгалик қилиш орқали ҳақиқатда назорат қиладиган жисмоний шахслар - асосий бенефициар мулкдорлар тўғрисидаги маълумот

Ахборот таркибида тижорат сирининг мавжудлиги уни монополияга қарши органга тақдим қилишни рад этиш учун асос бўлмайди, бунда хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) олиш бўйича битимлар иштирокчилари монополияга қарши органга ахборот тақдим этишда, тижорат сиридан иборат бўлган маълумотларнинг тўлиқ рўйхатини кўрсатиши керак.

        

6.

Аризани кўриб чиқиш учун ундириладиган йиғим миқдори:

базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари

7.

Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат берилганлиги учун ундириладиган йиғим миқдори:

битим тарафларининг охирги календарь йилда товарларни реализация қилишдан олинган тушумининг (тушум мавжуд бўлмаган тақдирда - активлар баланс қийматининг) 0,05 фоизи, лекин базавий ҳисоблаш миқдорининг етти бараваридан кам бўлмаган ва минг бараваридан кўп бўлмаган миқдорда.


Тўловлар тўлиқ монополияга қарши органнинг ҳисобварағига ўтказилади.


8.

Аризани кўриб чиқиш муддати:

30 календарь кун.


Битим рақобатни, шу жумладан, товар ёки молия бозорида устун мавқени пайдо қилиш ёхуд кучайтириш воситасида чеклашга олиб келишига ёки олиб келиши мумкинлигига асослар пайдо бўлган тақдирда, монополияга қарши орган аризачига хабарнома юбориш орқали аризани кўриб чиқиш муддатини кўпи билан икки ойга узайтириши мумкин.

9.

Рухсат этишга оид талаб ва шартлар:

а) хорижий инвестор объектив сабабларга кўра молиявий ҳисоботни тақдим этиш имкониятига эга бўлмаса, бунда молиявий ҳисобот топшириш муддати тугамаган ёки инвесторнинг рўйхатдан ўтган давлати қонунчилигида бошқа ҳолатлар назарда тутилган бўлса, ушбу ҳужжат мавжуд бўлмаган тақдирда ҳам иқтисодий концентрация бўйича исталган битимни тузишга олдиндан розилик олиши зарур, бундан мурожаат йилида ташкил этилган ва молиявий ҳисоботларга эга инвесторлар мустасно;


б) аризачи ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларда (ахборотларда) киритилган ҳолатлар ўзгарган тақдирда, бу ҳақда монополияга қарши органни қарор қабул қилгунгача ёзма шаклда хабардор қилиши шарт;


в) монополияга қарши орган ҳаракатларни содир этишга (битимлар тузишга) олдиндан розилик бериши товар ёки молия бозорида тегишли хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеи юзага келишига ёки кучайишига ва (ёки) рақобатнинг чекланишига олиб келмаслиги лозим.

Монополияга қарши орган ҳатто товар ёки молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеи юзага келишига ёхуд кучайишига ва рақобатнинг чекланишига олиб келиши мумкин бўлган тақдирда ҳам, агар хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш ва қўшиб олиш тўғрисида қарор қабул қилувчи юридик шахслар ўз ҳаракатлари (битимлари) истеъмолчиларга сезиларли тарзда наф келтиришини исботлаб берса, ҳаракатларни содир этишга олдиндан розилик бериш тўғрисидаги аризани қаноатлантиради.

10.

Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилиш муддати:

1 йил

11.

Изоҳ:

Қуйидаги ҳолларда монополияга қарши органнинг олдиндан розилигини олиш зарур бўлади, агар:


шахс ёки шахслар гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олинган акциядорлик жамияти овоз берувчи акцияларининг 25 фоизидан ортиғини тасарруф этиш ҳуқуқини олса;


шахс ёки шахслар гуруҳи томонидан масъулияти чекланган жамиятнинг ёки қўшимча масъулиятли жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларнинг учдан бир қисмидан ортиғини тасарруф этиш ҳуқуқини олса;


битимда иштирок этаётган хўжалик юритувчи субъектлардан бири активларининг баланс қиймати ёки охирги календарь йилда товарларни реализация қилишдан олинган тушуми базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз эллик минг баравари миқдоридан ортиқ ёхуд уларнинг активларининг жами баланс қиймати ёки охирги календарь йилда товарларни реализация қилишдан олинган жами тушуми базавий ҳисоблаш миқдорининг беш юз минг баравари миқдоридан ортиқ бўлса.


Қуйидаги ҳолларда монополияга қарши органнинг олдиндан розилигини олиш талаб этилмайди:


давлат иштирокидаги корхоналарнинг қўшиб юборилишига ёки қўшиб олинишига ёхуд уларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларнинг (улушларнинг) олинишига доир битимлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига биноан амалга оширилган ҳолларда;


хўжалик юритувчи субъектни ташкил этиш чоғида унинг муассисларига;


хўжалик юритувчи субъект томонидан устав фондидаги (устав капиталидаги) ўз акцияларини (улушларини) олишга доир битимларга;


акциядорлик жамияти (масъулияти чекланган жамият ёки қўшимча масъулиятли жамият) ўз устав фондининг (устав капиталининг) миқдорини сақлаб қолган ҳолда, бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклга ўзгартирилганда;


акциялар (улушлар) кейинчалик қайта сотиш мақсадида инвестиция воситачилари томонидан олинганда;


устав фондидаги (устав капиталидаги) акциялар (улушлар) жисмоний шахс томонидан олишга доир битимларга, агар ариза билан мурожаат этилган пайтда бундай жисмоний шахс бирон-бир хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларнинг (улушларнинг) 25 фоизидан кўпроғини тасарруф этмаган бўлса.


Қимматли қоғозлар савдоларининг ташкилотчилари акция (улуш) олувчиларни хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги акцияларни олиш тартибига риоя қилишнинг зарурлиги тўғрисида хабардор қилиши шарт.


       

          




Низомга

3-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ РАҚОБАТНИ

РИВОЖЛАНТИРИШ   ВА   ИСТЕЪМОЛЧИЛАР

ҲУҚУҚЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ҚЎМИТАСИ

Қ А Р О Р

        

_________________________________

(ҳаракатнинг номи)га монополияга қарши

органнинг олдиндан розилигини бериш

(рад этиш) тўғрисида


20__ й. "___" _________ ____ - сон


                (кўриб чиқиш санаси)

(кўриб чиқиш жойи)

(комиссиянинг номи)


, таркибида

(комиссия раиси ва аъзоларининг Ф.И.О., лавозими кўрсатилган ҳолда)



да тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиб

(ариза келиб тушган сана)


Монополияга қарши органнинг олдиндан розилигини олиш бўйича


(кўрсатилган ҳаракатларни амалга оширувчи юридик шахснинг ва ҳаракатнинг номи)

Иқтисодий концентрацияни амалга ошириш учун олдиндан розилик олиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ


АНИҚЛАДИ:

(ҳужжатларни кўриб чиқишда аниқланган иш ҳолатлари ёзилади)

Юқоридагиларга кўра ҳамда Иқтисодий концентрацияни амалга ошириш учун олдиндан розилик олиш тартиби тўғрисидаги низомга асосланиб Комиссия


ҚАРОР ҚИЛДИ:


розилик берилсин (рад этилсин).

(ҳаракатнинг номи)


Махсус комиссия раиси





(имзо)


(Ф.И.О.)

Комиссия аъзолари:





(имзо)


(Ф.И.О.)

       

             

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 2 май