Йил бошида кадрлар бўйича мутахассис амалга ошириши керак бўлган 5 вазифа

preview

Кимга қандай билмайман, лекин Янги йил арафасида декабрь ойи ҳар доим кадрлар хизмати ходимларига камдек туюлади, барча ишларни якунлаш ва Янги йилга тайёрланиш учун худди «Ўн икки ой» эртагидаги каби 32 декабрь, 33 декабрь бўлишини хоҳлаймиз. Аммо орзуга айб йўқ, Янги йил эса ҳеч нимага қарамай кириб келди…

Янги йилингиз билан, қадрли ҳамкасблар!

Январь ойида қандай муҳим вазифаларни эътибордан қолдирмаслик кераклигини эксперт ва «Норма» кадрлар бўлими раҳбари Валерия ЛЯНДРЕС тушунтиради:

 

Янги мақолаларни биринчилардан бўлиб ўқиш учун телеграм-каналимизга аъзо бўлинг.

 

– Янги, 2024 йил аввалида қуйидаги устувор вазифаларни режалаштиришингизни маслаҳат бераман:

1. Ходимларнинг паспортларини текширинг ва уларнинг амал қилиш муддатларини аниқланг. Паспортларининг муддати ўтган ёки муддати ўтаёган ходимларни уларни id-карта билан алмаштириш зарурлиги тўғрисида хабардор қилинг. Эҳтимол, ходимлардан бири паспортларни алмаштирган, аммо кадрлар бўлимига хабар бермаган бўлиши мумкин. Ходимларни саволга тутинг, номувофиқликларни аниқланг ва ЯММТга қайси паспорт маълумотлари киритилганлигини текширинг. Зарур бўлганда паспорт маълумотларини янгиланг.

2. Қоида тариқасида, ҳар бир ташкилотда йил бошида штат жадвали тасдиқланади. Ушбу ишни самарали бажариш учун штат бирликлари сонини, ходимлар сонини ва бўш иш ўринлари сонини таҳлил қилиш керак. Раҳбарият талабига кўра ходимлар бўйича маълумотнома (маълумотлар) тузинг: пенсионерлар, ногиронлар, сўнгги 3 йил давомида коллеж (лицей) ва ОТМ битирувчилари, ҳомиладорлик ва туғиш таътилида ва таътиллар тугаши муддати билан 2–3 ёшгача бўлган бола парвариши таътилида бўлган ходималар.

3. Ҳар бир ташкилотда иш йили давомида ички текширув (ишчи) комиссияларини тузиш, меҳнатга ҳақ тўлаш тизими, ходимларга қўшимча тўловлар ва ҳоказолар тўғрисида кўплаб ҳужжатлар (буйруқлар) чиқарилган. Бундай ҳужжатлар (буйруқмалар)ни албатта қайта кўриб чиқиш керак, уларни янги йилда янгилаш керакми-йўқми, аниқлаш лозим. Йил давомида қабул қилинган бир қатор ўхшаш ҳужжатларнинг биттага бирлаштирилиши мақсадга мувофиқ. Янги йил учун ҳужжатлар (буйруқлар) лойиҳаларини тайёрлаш ҳамда ўзгартириш ва қўшимчаларни мувофиқлаштириш керак. Кучини йўқотган буйруқлар рўйхатини аниқлаш лозим.

4. Амалдаги кадрлар ишини юритиш инвентаризациясини ўтказиш, Т-2 шаклидаги барча шахсий карточкаларни тўлиқ ва аниқ тўлдирилганини текшириш керак. Янги лавозимларга ўтказиш, таътиллар, паспорт маълумотлари ва оилавий аҳвол тўғрисидаги маълумотлар ўзгарганлиги,  ходимларга ижтимоий имтиёзлар бериш бўлимлари тўлдирилишга алоҳида эътибор қаратинг. Ташкилотда меҳнат дафтарчаларини сақлаш, ҳисобга олиш ва юритиш тартибини текширинг. Кадрлар ишини юритишдаги барча аниқланган камчиликларни бартараф этинг.

5. Ходимларда ҳарбий ҳисобга олиш ҳужжатлари мавжудлигини, шунингдек уларда қуйидаги маълумотларнинг ҳақиқийлигини текширинг:

  • яшаш жойи маълумотларининг ходим ҳарбий хизматда рўйхатдан ўтган ҳудуд маълумотлари билан мувофиқлигини;
  • ҳарбий хизматдан илгари берилган кечиктириш муддати тугаганми-йўқми;
  • тиббий кўрик муддати тугаганми-йўқми.

Агар номувофиқликлар аниқланса, ходимларни мудофаа бўлимларига юборинг.

 

Бу, фикримча, кадрлар бўлими ходими янги йилда жорий ҳар кунги фаолият билан параллель равишда бажариши керак бўлган иш. Бу иш эҳтимолий текширувларга қаратилмаган бўлса ҳам, биринчи навбатда, долзарблиги билан фойда келтирсин.

Кадрлар масаласида, ҳамкасблар, ҳамиша тартибли бўлайлик!