Ўриндош ходимга иш вақтини қандай қилиб тўғри белгилаш керак

preview

Кўпинча ўриндош ходимга иш вақти давомийлигини белгилашда Меҳнат кодексининг 437-моддаси нотўғри талқин қилинади. Барча ўриндошлик асосида иш вақти нормасининг ярмидан ортиғида ишлаш мумкин эмаслигини билади. Иш вақтининг қайси нормасини асос қилиб олиш керак: асосий иш бўйичами ёки ўриндошлик асосидами?

Янги МКни ишлаб чиқиш бўйича экспертлар гуруҳи раҳбари, юридик фанлари номзоди Михаил ГАСАНОВ ҳамда «Норма» эксперти Ленара ХИКМАТОВА барчасини мисоллар билан тушунтириш асносида бу масалага ойдинлик киритишда ёрдам беришди.  

 

Мақолаларимизни ўтказиб юборманг – телеграм-каналига обуна бўлинг.

 

Меҳнат кодексининг 437-моддасининг биринчи қисмида шундай дейилган: «Ўриндошлик асосида ишлаш чоғида ўриндошлик асосида ишлашнинг давомийлиги ходимларнинг мазкур тоифаси учун белгиланган иш вақти нормасининг ярмидан ортиқ бўлиши мумкин эмас».

Яъни, ўриндошлик асосидаги ишнинг максимал давомийлиги асосий иш бўйича иш вақтининг давомийлигига эмас, балки ўриндошлик асосидаги иш вақтининг нормасига боғлиқ. Ўз навбатида, иш вақти нормаси ўриндошлик асосида ишловчи ходимларнинг қайси тоифасига киришига боғлиқ.

Ҳафтасига 40 соатдан ошмайдиган («беш кунлик»да 8 соатлик иш куни ва «олти кунлик»да 7 соатлик иш куни) нормал иш давомийлиги амал қиладиган «оддий» ходимлар тоифаси мавжуд.

Айрим тоифадаги ходимлар учун уларнинг ёши, соғлиғининг ҳолати, меҳнат шартлари, меҳнат вазифаларининг ўзига хос хусусиятлари  ва бошқа ҳолатлар ҳисобга олинган ҳолда меҳнатга тўланадиган ҳақни камайтирмасдан иш вақтининг қисқартирилган давомийлиги белгиланади. Масалан, ноқулай меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимларга, шунингдек иши юқори даражадаги руҳий, ақлий, асабий зўриқиш билан боғлиқ бўлганларга (тиббиёт ходимлари, педагоглар ва бошқалар), ногиронлиги бўлган ходимларга, ўн саккиз ёшга тўлмаганларга ва ҳ.к. . Аммо бу ерда ушбу тоифадаги ходимларнинг ҳаммаси ҳам ўриндошлик асосида ишлай олмаслигини ҳисобга олиш лозим. Хусусан, бундай ишларда ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга, ўриндошлик асосида ишловчининг асосий иши меҳнатнинг ноқулай шарт-шароитлари билан боғлиқ бўлса, шундай шарт-шароитдаги ишларда ишлаш (соғлиқни сақлаш тизими ташкилотлари ходимлари бундан мустасно)  тақиқланади .

Юқорида келтирилганлар билан бир қаторда ўриндош ходимга иш вақтини белгилашда Меҳнат кодексининг 437-моддасида кўрсатилган бошқа жиҳатлар ҳақида ҳам билиш керак.

Биринчидан, ходим асосий иш жойидаги меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод бўлган кунларда у ўриндошлик асосида тўлиқ иш кунида ишлаши мумкин.

Иккинчидан, ўриндошлар учун иш вақти давомийлигининг ҳар кунги ярим нормасига риоя этилиши мумкин бўлмаган тақдирда иш вақтини жамланган ҳолда ҳисоблаб юритишга йўл қўйилади. Иш вақти жамланган ҳолда ҳисоблаб юритилганда ўриндошлик асосида иш вақтининг (сменанинг) умумий давомийлиги ҳисобга олинадиган давр учун ўриндошлик асосидаги лавозим бўйича иш вақти нормасининг ярмидан ортиқ (бир ойдан ортиқ бўлмаслиги)  бўлмаслиги керак .

Юқорида келтирилганлардан келиб чиқиб ўриндошлик асосидаги ишда иш вақтини белгилашнинг баъзи вариантларини кўриб чиқамиз.

 

1-мисол. Ходим махсус тоифага кирмайди

Асосий иш жойи бўйича ходим ҳафтасига 40 соат давомийликда, кунига 8 соатдан, 5 кунлик тўлиқ иш вақтига эга. Ўриндошлик асосидаги ишда шунга ўхшаш иш вақти режими мавжуд. Демак, ўриндошлик асосидаги ишда ходим кунига камида 4 соат ишлаши мумкин.

Бошқа мисолни кўриб чиқамиз, ўриндошлик асосидаги ишда 6 кун 7 соатдан 40 соатлик иш ҳафтаси, шанба куни – 5  соатдан иш куни белгиланган. Агар ҳар кунги иш вақти нормасининг ярми олинса, ходим ўриндошлик асосидаги ишда душанбадан жумага қадар 3,5 соатдан, шанба куни – 2,5 соатадан ишлаши мумкин.  Ёки бошқа вариант бўлиши мумкин.

Меҳнат кодексининг 437-моддаси 2-қисмини ҳисобга олган ҳолда, шанба куни, бу асосий иши бўйича дам олиш куни бўлгани учун ходим ўриндошлик асосидаги  ишда тўлиқ иш куни, яъни 5 соат ишлаб бериши мумкин. Шунда ўриндош душанбадан жумагача кунига 3 соатдан ишлайди.

 

2-мисол. Асосий иш жойи бўйича ходимда – нормал иш вақти, ўриндошлик асосидаги ишда эса – қисқартирилган иш вақти мавжуд.

Ходим асосий иш жойида оддий меҳнат шароитида тўлиқ иш куни – беш кунлик иш ҳафтасида кунига 8 соатдан ишлайди. Бундан ташқари, у бошқа ташкилотда аттестация натижаларига кўра 36 соатлик иш ҳафтаси белгиланган ноқулай меҳнат шароитлари бўлган лавозимда ўриндошлик асосида ишлайди. Компанияда 6 кунлик иш ҳафтаси амал қилади. Тегишинча, ўриндошлик бўйича ишловчи ходим ҳафтасига фақат 18 соат, кунига 3 соатдан, шу жумладан шанба кунлари ҳам ишлаши мумкин. Ёки ходим шанба куни, асосий иш жойи бўйича ўзининг дам олиш кунида ўриндошлик асосидаги ишда 6 соат ишлаб бериши, қолган 12 соатни эса – ҳафта кунларига бўлиши мумкин. Масалан, душанбадан пайшанбагача 2 соатдан (8 соат), жума куни 4 соатдан.

 

3-мисол. Ўриндош  ходимга жамлаб ҳисобланадиган иш вақти белгиланган

Асосий иш жойи бўйича ходим ҳафтасига 40 соат давомийликда, кунига 8 соатдан, 5 кунлик тўлиқ иш вақтида ишлайди. Ўриндошлик асосидаги ишда

40 соатлик 5 кунлик иш ҳафтаси ҳисобидан 1  ойлик ҳисобот даври билан жамлаб ҳисобга олинадиган иш вақти белгиланган. Демак, ўриндошлик асосидаги иш вақтининг умумий давомийлиги ҳисобга олинаётган давр учун ўриндошлик лавозими бўйича иш вақти нормасининг ярмидан кўп бўлмаслиги керак. Муайян ой учун иш вақти нормасини билиш учун Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган 2024 йил учун иш вақти ҳисоб-китобидан фойдаланиш керак.

Масалан, 2024 йил март ойида 5 кунлик (40 соатлик) иш вақти нормаси 142 соатни ташкил қилади. Демак, ўриндош ходим ойига камида 71 соат ишлаши мумкин. Ушбу соатларни ҳафта кунлари бўйича истаганингизча тақсимлаш мумкин, муҳими, асосий ва ўриндошлик бўйича ишда соатларнинг умумий давомийлиги кунига (сменада) 12 соатдан ошмаслиги лозим .

 

4-мисол. Ўриндош ногиронлиги бўлган ходим саналади

Меҳнат қонунчилиги ногиронлиги бўлган шахсларга ўриндошлик асосида ишлашни тақиқламайди. Аммо шу билан бирга, ногиронлиги бўлган шахслар дастлабки (ишга киришда) ва даврий тиббий кўрикдан ўтиши керак бўлган ходимларнинг махсус тоифасига киришини унутмаслик керак . Шунинг учун ногиронлиги бўлган ўриндош ходим масаласига тиббий хулосада назарда тутилган тавсиялар ва қарши кўрсатмаларни ҳисобга олган ҳолда эҳтиёткорлик билан ёндошиш зарур.

Меҳнат кодексининг 427-моддасига мувофиқ I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимлар учун иш вақтининг давомийлиги ҳафтасига ўттиз олти соатдан ошмайдиган қилиб белгиланади. Бундай ходимлар учун кунлик ишнинг (сменанинг) давомийлиги тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясининг тавсияларига мувофиқ белгиланади, лекин олти кунлик иш ҳафтасида – олти соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида – етти соату ўттиз дақиқадан ортиб кетмаслиги керак.

Айтайлик, тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси тавсиялари билан II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимга  ҳафтасига максимал иш вақти давомийлиги – 35 соат белгиланган. Демак, ўриндошлик асосидаги ишда унга ушбу меъёрнинг ярмидан кўпи, яъни ҳафтасига кўпи билан 17,5 соат ишлашга рухсат берилади.