Корпоративни қандай ўтказиш керак
Тавсияномада:
- корпоративнинг мақсадини қандай аниқлаш мумкин
- тадбир дастурини қандай ишлаб чиқиш керак
- зарур ҳужжатларни қандай тайёрлаш керак
Корпоратив тадбирни ўтказиш аниқ тайёргарлик, профессионал ёндашув ва, ҳамма нарса муаммосиз ва қувноқ ўтиши учун, келишилган ҳаракатларни талаб қилади. Бу воқеани қизиқарли ва эсда қоларли қилиш учун, кадрлар бўйича мутахассисга бир нечта тавсиялар бор.
Корпоративнинг мақсадини аниқланг
Тайёргарликни бошлашдан олдин корпоративни нима учун ўтказаётганингизни ўйлаб кўринг. Бу қуйидагича бўлиши мумкин:
- янада аҳил ва уюшқоқ жамоани яратиш – ҳамжиҳатлик ва жамоавий руҳга кўмаклашиш учун ташкилот жамоасини бирлаштириш ва жипслаштириш, умумий мақсад ва вазифаларга эга гуруҳларни шакллантириш, шунингдек низоларнинг олдини олиш ва келишмовчиликларни конструктив ҳал қилиш учун шароит яратиш;
- ходимларни рағбатлантириш – бошқаларга ўрнак кўрсатиш ва уларнинг ташкилотга содиқлигини ошириш учун, намунали иш билан ўзини кўрсатган ходимларни омма олдида эътироф этиш ва мукофотлаш;
- йил якунларини чиқариш – компаниянинг ютуқлари ва муҳим муваффақиятларини қайд этиш, ҳар бир ходимнинг ҳиссасини баҳолаш ва бажарилган ишлар учун уларга миннатдорчилик билдириш. Миннатдорчилик муҳитини яратиш ва ходимларни янада ўсишга ундаш, шунингдек келгуси йил учун мақсад ва устуворликларни белгилаш;
- ходимларни ўқитиш – ходимларнинг билим даражасини ошириш, инновацион ғоялар алмашинуви учун имконият яратиш, умумий ишлаб чиқариш вазифаларини ҳал қилиш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, шунингдек янги келганлар учун корпоратив таълимни ташкил этиш;
- янги ходимларни жамоа билан таништириш – бир-бирини яхшироқ билиш, жамоага янги ходимларни киритиш, ходим ва раҳбар ўртасида ноодатий мулоқот форматларини яратиш, шунингдек ходимлар учун ҳам, раҳбарият учун ҳам қайта алоқани таъминлаш имкониятини тақдим этиш.
Тадбир учун кўпчилик ходимлар келиши мумкин бўлган қулай жой ва вақтни танланг. Яхши вариант, масалан, жума ёки шанба оқшоми бўлиши мумкин. Агар сиз катта корпоративни режалаштираётган бўлсангиз – ҳаммани олдиндан огоҳлантиринг, ходимларда тайёргарлик кўришга вақт бўлиши учун таклифномаларни (электрон шаклда бўлиши мумкин) тайёрланг ва тарқатинг.
Агар бюджетингиз имкон берса, кафе ёки ресторанда зални ижарага олинг ёки ноодатий жойни топинг (масалан, лофт, коворкинг, парк). Агар тадбирни офисда ўтказмоқчи бўлсангиз, унда декор, мебелларни жойлаштириш ва фотосессиялар учун жойни тайёрлашни ўйлаб кўринг.
Дастурни ишлаб чиқинг
Барча иштирокчиларга ёқиши мумкин бўлган турли танловлар ва кўнгилочар тадбирларни ўз ичига олган дастур яратинг. Дастурни тайёрлашда тадбир ҳар бир таклиф қилинувчининг кутилмаларига қанчалик мос келишини ҳисобга олинг. Жамоа кўпинча турли ёшдаги ва турли қизиқишларга эга бўлган шахсларни ўз ичига олганлиги сабабли, ходимлардан олдиндан сўровнома ёки оғзаки сўров ўтказиш тавсия этилади.
Тадбирнинг қизиқарли мавзусини ўйлаб топинг – бу сизга завқ бағишлайди. Масалан, «80 йиллар услубидаги зиёфат», «Иссиқдан сақланиш» ёки «Ҳамкасблар даврасида: Тошкентда қатъий нафосат» каби тадбирларни уюштириш мумкин. Декор, дресс-код ва ҳатто танловларда мавзуга риоя қилинг.
Дастурхон ташкил этиш – байрамнинг муҳим қисмидир. Агар жамоангизда турли хил манфаатларга эга одамлар кўп бўлса, буни ҳисобга олишга ҳаракат қилинг (масалан, вегетариан таомлари, алкоголсиз ичимликларнинг мавжудлиги).
Хотирада ёқимли лаҳзаларни сақлаб қолиш учун, фотографни жалб қилинг ёки ходимлар қизиқарли суратлар олишлари мумкин бўлган фотозонани ташкил қилинг. Бу ҳар доим хурсандчилик ва ижобий ҳис-туйғуларни қўшади.
Керакли ҳужжатларни тайёрланг
Бу байрам тадбири бўлишига қарамай, ҳужжатлар барибир керак бўлади:
• Корпоратив ўтказиш тўғрисида буйруқ
Ҳужжат воқеани формализациялаш учун расмийлаштирилади. Буйруқ қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак:
- Тадбирнинг номи, мақсади ва мавзусини.
- Ўтказиш санаси, вақти ва жойини.
- Тасдиқланган бюджетни (агар керак бўлса).
- Тайёргарлик, ташкил этиш ва хавфсизлик учун масъул бўлган шахсларни (масалан, меҳнатни муҳофаза қилиш учун масъул бўлган кадрлар бўлимини).
• Харажатлар сметаси
Хона ижарасидан тортиб озиқ-овқат ва совғаларгача бўлган барча молиявий харажатларни мувофиқлаштириш учун, айниқса бюджет корпоратив маблағлардан ажратилаётган бўлса, смета тузинг. Бу ҳужжат бюджетни тасдиқлаш учун бухгалтерия ва раҳбарият билан келишилади.
• Иштирокчилар рўйхати
Кимлар қатнашишини аниқ билиш учун, иштирокчилар рўйхатини тузинг. Бу тадбирда: одамларни жойлаштириш, совғаларни тарқатишни ва хавфсизликни назорат қилишни ташкил этишга ёрдам беради.
Тадбир муваффақиятли ўтиши учун, ходимлар ўртасида вазифаларни тўғри тақсимлаш ва уларга барча зарур маълумотларни олдиндан етказиш муҳимдир. Корпоративни тайёрлаш, ўтказиш ва якунлаш босқичларининг ҳар бири учун масъулларни белгиланг ва вазифаларни ажратинг.
Тадбирдан олдин кўрсатма беринг ёки барча ходимларга масъулиятли бандларни электрон тарзда email орқали юборинг:
- Қаерда ва қачон учрашасиз.
- Тадбирда қандай қоидалар бўлади.
- Ўзингиз билан олиб олиш керак бўлган нарсалар – масалан, агар сизда дресс-код ёки танловлар учун маълум реквизитлар бўлса.
- Ходимларга фотозона, фаоллик, кўнгилхушликлар ҳақида эслатинг.
Танловлар – кайфиятни кўтаришнинг ажойиб усули. Ҳеч ким ўзини ноқулай ҳис қилмаслиги учун, ҳаммага мос келадиган ўйин-кулгиларни танланг, масалан:
Компания ҳақида викторина – ҳамкасблар, воқеалар ва компания ютуқлари ҳақидаги саволлар.
Ижодий танловлар – корпоратив мавзудаги либослар танлови ёки фототанлов.
Қайта алоқани жамланг
Тадбирдан сўнг ҳамкасбларингизга қисқа сўров юборинг ёки, уларга корпоратив ёққан-ёқмаганини билиш учун, улар билан суҳбатлашинг.
Тўпланган маълумотлар тадбирнинг энг муваффақиятли ва такомиллаштиришни талаб қиладиган жиҳатларини аниқлаш имконини беради. Олинган маълумотлардан, жамоа учун янада қизиқарли ва фойдали бўлиши учун, келажакдаги корпоратив тадбирларни ўтказиш стратегиясини ишлаб чиқишда фойдаланинг. Ходимларнинг фикрларини мунтазам равишда ҳисобга олиш уларнинг иштирокини оширишга ёрдам беради, ва уларнинг фикри ташкилот учун қадрли эканлигини кўрсатади.
Телеграм канали