2026 йил учун жамоа шартномаси макети тасдиқланди. Кадрлар бўйича мутахассислар нималарни билиши керак

preview

Касаба уюшмалари Федерацияси 2025 йил учун қонунчиликдаги ўзгартиришларни ҳисобга олган ҳолда 2026 йил учун Жамоа шартномаси макетини тасдиқланди. Агар компаниянгизда жамоа шартномаси амал қилаётган бўлса ёки уни тузишни режалаштираётган бўлсангиз – ҳужжатнинг долзарблигини текширишнинг айни вақти. Касаба уюшмалари Федерациясининг жамоа шартномаси макети кимлар учун мажбурий, ҳужжатдан қандай фойдаланиш керак ва жамоа шартномаси билан ишлашда кадрлар бўйича мутахассиснинг қандай мажбуриятлари бор – буларнинг барчаси ҳақида материалда ўқинг.

 

Жамоа шартномасининг янги макети нимадан иборат?

2026 йил учун жамоа шартномаси макети тармоқ ва ҳудудий касаба уюшмалари органларининг таклифларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилди. Ҳужжатда 2025 йил 25 декабрь ҳолатига меҳнат тўғрисидаги қонунчиликдаги ўзгартиришлар ҳисобга олинган.

Макетнинг мазмуни тавсиявий хусусиятга эга. Бу шуни англатадики, иш берувчи ва компаниянинг касаба уюшмаси қўмитаси уни ўз ташкилотининг ўзига хос хусусиятларига, шу жумладан муайян фаолият соҳаси, ишлаб чиқариш шароитлари ва иш режими учун зарур бўлган нормаларга мослаштириши мумкин.

2026 йил учун жамоа шартномаси макетини юклаб олиш

 

Жамоа шартномаси кимлар учун мажбурий

Жамоа шартномаси – бу меҳнат тўғрисидаги ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, ташкилотда якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солади . Жамоа шартномаси умуман ташкилот учун, унинг алоҳида бўлинмалари учун ҳам тузилиши мумкин. Бунда ҳужжат фақат ёзма шаклда тузилиши лозим .

Жамоа шартномаси макетидан жамоа шартномасини тузиш ёки янгилашни режалаштираётган барча ташкилотлар ва тадбиркорлар: барча мулкчилик шаклидаги тижорат ташкилотлари, бюджет муассасалари фойдаланишлари мумкин.

Бюджет ташкилотлари учун ўзига хос хусусият. Давлат бюджетидан молиялаштириладиган ташкилотларнинг жамоа шартномалари лойиҳалари олдиндан молия органлари билан келишилиши лозим.

 

Жамоа шартномасини тайёрлашда иш берувчи макетдан қандай фойдаланиши керак

Касаба уюшмалари Федерациясининг жамоа шартномаси макети – бу муайян ташкилотнинг ўзига хос хусусиятларига мослаштириш мумкин бўлган асосдир. Макет билан ишлаш алгоритми қуйидагича:

Макетни ўрганиш ва унинг қўлланилишини таҳлил қилиш

Ташкилотингиз учун қайси бўлимлар долзарблигини аниқлаш

Мослаштиришни талаб қиладиган нормаларни аниқлаш

Фаолиятнинг ўзига хослигини ҳисобга олиш

Соҳангиз учун хос бўлган қоидаларни киритиш

Ташкилотда қўлланилмайдиган айрим нормаларни чиқариб ташлаш, масалан: касаначилик, вахта усулида ишлаш

Иқтисодий имкониятларни баҳолаш

Ташкилот қандай қўшимча имтиёзлар бериши мумкинлигини аниқлаш

Қўшимча кафолатлар бўйича молиявий юкламани ҳисоблаш

Лойиҳани касаба уюшмаси қўмитаси билан келишиш

Жамоавий музокаралар олиб бориш

Ходимларнинг вакиллик органи таклифларини ҳисобга олиш

Меҳнат жамоаси муҳокамасига қўйиш

Йиғилиш ёки конференция ташкил қилиш

Ҳозир бўлганларнинг 50 фоизидан кўпроғининг маъқуллашига эришиш

 

Жамоа шартномаси билан ишлашда кадрлар бўйича мутахассиснинг қандай мажбуриятлари бор

Жамоа шартномаси қоидаларини амалга оширишда кадрлар хизмати муҳим роль ўйнайди. Жамоа шартномасини ишлаб чиқиш ва тузишда кадрлар бўйича мутахассислар ҳужжат лойиҳасини тайёрлашда, қоидаларни амалдаги қонунчиликка мувофиқлаштиришда иштирок этадилар. Жамоа шартномаси тузилгандан кейин кадрлар бўйича мутахассислар:

  • ҳужжат кучга киргандан кейин 10 кундан кечиктирмай барча ходимларни имзо қўйдириб таништириши ;
  • барча янги ходимларни жамоа шартномаси билан таништириши;
  • жамоа шартномаси қоидаларини кадрлар билан ишлаш жараёнлари билан таққослаши;
  • низоли вазиятларни ҳал қилиш учун жамоа шартномаси қоидаларидан фойдаланиши лозим.

 

Янгиликлар Янгиликлар Янгиликлар /ru/publish/doc/text213104_2026_yil_uchun_jamoa_shartnomasi_maketi_tasdiqlandi_kadrlar_buyicha_mutahassislar_nimalarni_bilishi_kerak