«Транспорт ходимлари» тоифасига кимлар киради

preview

Вазирлар Маҳкамасининг 09.09.2023 йилдаги 456-сон қарори билан Транспорт воситаларини бошқариш ёки транспорт воситаларининг ҳаракатланишини бошқариш билан бевосита боғлиқ ишлар, касблар ва лавозимлар рўйхати тасдиқланди.

 

Қонунчиликдаги янгиликлардан хабардор бўлиш учун телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Меҳнат кодексининг 500-моддасида транспорт ходимлари – бу транспорт воситаларини бошқариш ёки транспорт воситаларининг ҳаракатланишини бошқариш билан шуғулланувчи ходимлар, шунингдек ҳукумат билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ бошқа ходимлар эканлиги айтилган. Янги ВМҚ ушбу модда ижро қилиниши  учун  қабул қилинди.

Рўйхатда автомобиль, темир йўл, ер усти электр транспорти, саноат транспорти, дарё транспорти, фуқаро авиацияси ва ҳоказоларнинг ишлари, касблари ва лавозимлари келтирилган.

 

Ҳайдовчилар ва бошқа транспорт ходимлари меҳнатининг ўзига хос хусусиятлари қандай 

Ушбу ишларга   касбий тайёргарликдан ўтган ва бу тегишли ҳужжат (диплом, шаҳодатнома, гувоҳнома) билан тасдиқланган шахслар қабул қилинади.

Транспорт ходимлари ишга қабул қилиниш чоғида (дастлабки) ва иш жараёнида (даврий) мажбурий тиббий кўриклардан ўтади .  Транспорт ходимларининг меҳнатини қўллаш чоғида иш берувчилар мазкур ходимлар учун қонунчиликда белгиланган иш вақти ва дам олиш вақти режимининг, меҳнат шароитларининг ўзига хос хусусиятларига риоя этиши шарт.

Транспорт ходимларига транспорт воситаларини бошқариш ёки транспорт воситаларининг ҳаракатланишини бошқариш билан бевосита боғлиқ бўлган ишда ўриндошлик асосида ишлашга рухсат этилмайди.

Транспорт ходимларининг интизоми Меҳнат кодекси, бошқа қонунлар, шунингдек интизом тўғрисидаги уставлар (низомлар) билан тартибга солинади. Масалан, Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимларининг интизоми тўғрисидаги низом мавжуд .