Қайси ҳолларда иш берувчи дам олиш кунида ходимни ишлатгани учун жавобгар бўлади

preview

«Қайси ҳолларда ходимни дам олиш ва байрам кунларида ишлашга жалб этиш белгиланган талабларнинг бузилиши деб ҳисобланади? Бу ташкилот ёки унинг мансабдор шахслари учун қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?». 

Kadrovik.uz тушунтиради:

 

– Янги МК дам олиш кунлари ва ишланмайдиган байрам кунлари ходимнинг розилигисиз ишга жалб этишга йўл қўйиладиган қуйидаги 4 та аниқ вазиятни белгилайди :

1) табиий ёки техноген хусусиятга эга ҳалокатларнинг, ишлаб чиқаришдаги аварияларнинг, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларнинг, шунингдек ёнғинларнинг, тошқинларнинг, зилзилаларнинг, эпидемияларнинг ёки эпизоотияларнинг олдини олиш ёки оқибатларини бартараф этиш ҳамда аҳолининг ёхуд унинг бир қисмининг ҳаётига  ёки нормал яшаш шароитларига таҳдид соладиган бошқа алоҳида ҳолларда бажариладиган ишлар амалга оширилиши учун;

2) бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун;

3) марказлаштирилган иссиқ сув таъминоти, совуқ сув таъминоти ва (ёки) сув чиқариш тизимларининг, газ таъминоти, иссиқлик таъминоти, ёритиш, транспорт, алоқа тизимларининг нормал ишлашини бузадиган кутилмаган ҳолатларни бартараф этишга доир ижтимоий жиҳатдан зарур ишлар амалга оширилиши учун;

4) иш берувчининг мулкини нобуд қилиш ёки унга зарар етказишнинг олдини олиш учун.

Бошқа барча ҳолатларда ходимларни дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунлари фақат жамоа шартномасида назарда тутилган ишларни бажариш учун уларнинг ёзма розилиги билан ишга жалб этиш мумкин. Агар жамоа шартномаси тузилмаган бўлса, бундай ишлар рўйхати иш берувчи томонидан ходимларнинг вакиллик органи билан келишувга кўра белгиланиши мумкин. Якка тартибдаги тадбиркорлар бундай ҳолатларни ходимлар билан меҳнат шартномаларида шартлашишади.

Бунда жамоа шартномасига барча ҳолатларни кетма-кет киритиш ва «ва бошқа зарур ҳолларда...» каби ноаниқ жумлалардан фойдаланиш мумкин эмас. МК бундай ишларнинг моҳиятини аниқ кўрсатади: умуман ташкилотнинг ёки унинг алоҳида таркибий бўлинмаларининг кейинчалик нормал ишлаши олдиндан кутилмаган ишларнинг шошилинч бажарилишига боғлиқ бўлса.

Шунинг учун жамоа шартномасида (ЯТТ учун – ходимлар билан меҳнат шартномаларида) қуйидагилар ёзилиши керак:

1) ходимларни дам олиш кунлари ишлашга жалб қилишга рухсат берилган ҳолатларнинг тўлиқ рўйхати;

2) жалб қилинадиган ходимларнинг тоифалари рўйхати;

3) жалб қилиш тартиби ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари (камида икки баробар миқдорида) .

Жамоа шартномасида ёки ходимларнинг вакиллик органи билан келишувга кўра ташкилот ходимлар ишга жалб қилинадиган юқорида кўрсатилган 4 та истисно ҳолатлардан ташқари  дам олиш кунлари сонини чеклашни белгилаши мумкин. 

Иш берувчи ишланмайдиган кунларда ишга жалб қилишни буйруқ билан расмийлаштиради.  

Ходим дам олиш кунида ишга чиқишга розилигини қуйидагича билдириши мумкин:

  • у шу куни ишлашга рози эканлиги тўғрисида ариза бериш орқали;
  • иш берувчининг буйруғини имзолаш орқали («розиман» ёки «қарши эмасман» + имзо).
Эътибор беринг
Агар сиз ходимни унинг розилигисиз чақирсангиз, буйруқда ишга чақиришга сабаб бўлган юқоридаги 4 та ҳолатдан аниқ бири кўрсатилиши керак.

 

Кимни дам олиш куни ишга жалб этиш мумкин эмас

Ходимларнинг айрим тоифалари учун дам олиш кунлари ишлашга чекловлар белгиланган. Булар:

  • ҳомиладор аёллар ёки ўн тўрт ёшга тўлмаган боланинг (ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боланинг) ота-онасидан бири (ота-онасининг ўрнини босувчи шахс).  Уларни дам олиш кунларидаги ишларга фақат ёзма розилиги билан жалб қилиш мумкин. Бунда иш берувчи уларни дам олиш кунларидаги ишлардан воз кечиш борасидаги ҳуқуқи тўғрисида хабардор қилиши шарт ;
Эслатиб ўтамиз

Агар боланинг отаси кафолатдан фойдаланмоқчи бўлса, у иш берувчига боланинг онаси ушбу кафолатлардан фойдаланмаётганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиши керак (иш жойидан маълумотнома, ўлим тўғрисидаги гувоҳнома, онани муомалага лаёқатсиз деб топилганлиги тўғрисидаги, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақидаги суд қарори ва б.).

Агар боланинг онаси ишламаса ҳамда бола парвариши ва тарбияси билан машғул бўлса ёхуд ишласа ва юқорида кўрсатилган кафолатлардан фойдаланса, улар отага ва бошқа шахсларга берилмайди.

  • ўн саккиз ёшга тўлмаган ходимларни – уларнинг розилигидан қатъи назар, дам олиш кунлари ишга жалб қилинмайди. Маданий-томоша ташкилотларининг, телевидение, радиоэшиттириш ташкилотларининг ва бошқа оммавий ахборот воситаларининг ижодий ходимлари, профессионал спортчилар, шунингдек асарлар яратишда ва (ёки) ижро этишда (намойиш этишда) иштирок этувчи бошқа шахслар ҳукумат томонидан тасдиқланадиган ишлар, касблар, лавозимлар рўйхатларига мувофиқ назарда тутилган қоидадан мустаснодир ;
  • ногиронлиги бўлган ходимларни дам олиш кунлари ишлашга фақат уларнинг розилиги билан ва бундай иш уларга тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясининг тавсиялари билан тақиқланмаганлиги шарти билан жалб қилиш мумкин.
Эътибор беринг
Ишланмайдиган байрам кунларида ишлаб чиқариш-техник шароитларга кўра (узлуксиз ишлайдиган ташкилотлар) тўхтатиб туриш имкони бўлмаган ишларни (хизматларни), аҳолига хизмат кўрсатиш зарурати юзага келтирадиган ишларни, шунингдек кечиктириб бўлмайдиган таъмирлаш ва юк ортиш-тушириш ишларини амалга оширишга йўл қўйилади .

 

Ишга қандай чақириш қоидабузарлик деб ҳисобланади, бунинг учун қандай жавобгарлик назарда тутилган

Дам олиш ва байрам кунларида ишга жалб қилиш қуйидаги вазиятларда қонуннинг бузилиши деб саналади:

  • жамоа шартномаси ёки ходимларнинг вакиллик органи билан келишув бўйича (агар иш берувчи якка тартибдаги тадбиркор бўлса, меҳнат шартномаси билан) ходимларнинг розилиги билан уларни дам олиш кунлари ишга жалб қилишга рухсат берилган ишлар рўйхати белгиланмаган бўлса;
  • ходим ўзининг дам олиш кунида ишлашга рози бўлмаса, ишга чақириш ҳолати янги МКнинг 210-моддасида белгиланган 4 та истисно ҳолатлар рўйхатига киритилмаган бўлса;
  • ходимни унинг розилигисиз, унинг меҳнат вазифасини ҳисобга олмаган ҳолда янги МКнинг 210-моддасида белгиланган истисно ҳолатларнинг 3-позициясида кўрсатилган ишни бажаришга жалб қилишса. Масалан, бухгалтерни иссиқлик таъминоти тизимларининг бузилиши билан боғлиқ ишлаб чиқариш авариясида чақиришса;
  • иш берувчи ходимларнинг айрим тоифалари (ногиронлиги бўлган шахслар, вояга етмаганлар, ҳомиладор аёллар ва б.) учун белгиланган чекловларни ҳисобга олмаса .

Корхона раҳбари ёки бошқа мансабдор шахс ходимларни дам олиш кунларида ишга ноқонуний жалб қилиш учун жавобгардир. Ушбу қоидабузарлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасига биноан БҲМнинг 5-10 баравари миқдорида жарима назарда тутилган.

Маъмурий жазо қўлланилгандан кейин бир йил ичида такрор содир этилган худди шу ҳуқуқбузарлик БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.

Агар ҳуқуқбузарлик вояга етмаганга нисбатан содир этилган бўлса, жарима БҲМнинг 10-20 бараварини ташкил қилади.

 

Валерия ЛЯНДРЕС,

«Норма» эксперти

Ленара ХИКМАТОВА,

 «Норма» эксперти