Пригодится каждому кадровику в декабре:
Қандай асосларда «касаллик таътили» учун ҳақ тўламаслик мумкин
«Ходиманинг боғча ёшидаги болалари бўлиб, у ойда бир неча марта доимо «касаллик таътили»ни олади. Олти ой давомида биз фақат унинг ўзига 13 та вақтинчалик меҳнатга қобилиятсизлик варақасини тўлаб бердик. У «касаллик таътилида» бўлган вақтда унинг ишини бошқа ходимлар бажаради. Биз эса қўшимча юклама учун уларга ҳақ тўлаймиз. Қандай асосларда «касаллик таътили» учун тўловни тўхтатиш мумкин?».
Kadrovik.uz тушунтиради:
– Агар вақтинчалик меҳнатга қобилиятсизлик варақалари тиббий муассаса томонидан белгиланган қоидаларга мувофиқ расмийлаштирилган бўлса, уларни тўлаб беришга мажбурсиз.
Агар ходим, масалан, касаллик варақаси ўрнига шифокор қабулида бўлганлиги тўғрисида гувоҳнома олиб келса, уни тўлашингиз шарт эмас. Бу ҳақда батафсил бу ерда ўқинг:
Меҳнат кодексининг 285-моддасида ёзилишича, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси касал бўлинганда, меҳнатда майиб бўлган ёки бошқача тарзда шикастланганда, шу жумладан турмушда жароҳатланганда, оиланинг бетоб аъзосини парвариш қилганда, карантин эълон қилинганда, санаторий-курортда даволанганда ва протез қилинганда тўланади:
хўжалик юритувчи субъектлар томонидан – шахсий маблағлари ҳисобидан;
бюджет ташкилотлари томонидан — меҳнат ҳақи жамғармасига ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида .
Вақтинчалик меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўлаб берилмаган ходимлар меҳнат инспекцияси ёки прокуратурага шикоят қилишлари мумкин.
Ташкилотнинг раҳбари ёки бошқа айбдор мансабдор шахс Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-3-моддаси бўйича маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин. Қонунбузилиш учун БҲМнинг 10-15 баравари миқдорида жарима назарда тутилган. Маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил ичида такроран содир этилган ҳуқуқбузарлик учун – БҲМнинг 15-30 баравари миқдорида.
Амбулатория шароитида парваришга муҳтож бўлган ўн тўрт ёшга етмаган бемор болани парваришлаш учун унинг онасига ўн тўрт календарь кунидан ошмаган муддатга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади.
Амбулатория шароитида ўн тўрт ёшга тўлмаган боланинг парваришга муҳтожлик даври ўн тўрт календарь кунидан ошганда бола соғайган ёки сурункали касалликнинг ремиссия даврига ўтганга қадар бемор болани парваришлаганлик бўйича меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси (138\х шакл) берилади. Ушбу ҳолатда боланинг олдинги касаллигига боғлиқ бўлмаган янги касаллик юзага келса ёки оиланинг бошқа фарзанди касал бўлиб қолса, умумий асосларда меҳнатга лаёқатсизлик варақаси расмийлаштирилади
Ходимни «соғлиғи ҳолатига кўра» ишдан бўшатиш мумкинми?
Агар бунинг учун қонуний асослар бўлмаса, ходимани фақат «ниҳоясиз касаллик таътиллари учун» ишдан бўшатиш мумкин эмас. Меҳнат кодексининг 100-модда 2-қисм 2-бандига биноан меҳнат шартномасини бекор қилиш учун риоя қилиниши керак бўлган шарт ва талаблар мавжуд.
Доимий «касаллик таътиллари» билан боғлиқ вазиятда нима қилиш мумкинлиги ва соғлиғи ҳолатига кўра қандай қилиб қонуний равишда ишдан бўшатиш ҳақида бу ерда ёзганмиз:
Аммо ёдда тутинг: агар ходиманинг 3 ёшгача бўлган камида битта боласи бўлса, уни бу асос бўйича иш берувчининг ташаббуси билан ишдан бўшатиш мумкин эмас.
Қарамоғида 16 ёшга (ўқувчилар учун — 18 ёш) тўлмаган уч нафар ва ундан кўп фарзанди бўлган ходимларга меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақалари иш стажининг давомийлигидан қатъи назар иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида тўланади .
Ушбу ҳуқуқдан бир ташкилотда ишловчи турмуш ўртоқларнинг ҳар бири вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик юзага келган тақдирда фойдаланади.
16 ёшга тўлмаган болаларнинг мавжудлигини тасдиқлаш учун ходим иш берувчига уларнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалари, 16 ёшдан 18 ёшгача бўлган болаларнинг – паспорт нусхалари ва таълим муассасаларидан ўқиётганлиги тўғрисидаги маълумотномаларни тақдим қилиши керак.