Таътилни неча қисмга бўлиш мумкин

preview
Эътибор беринг
Тушунтириш 2023 йил 30 апрелдан кучга кирадиган янги МК асосида тайёрланган.

«Ходимга 24 календарь кундан иборат йиллик асосий меҳнат таътили белгиланган. Ходим ундан қисмларга бўлиб: икки марта бир ҳафтадан, кейин эса – қолган 10 кундан фойдаланмоқчи. Бунга йўл қўйиладими? Агар шундай қилиш мумкин бўлса, буни қандай қилиб тўғри расмийлаштириш керак? Иш берувчи таътилни ходимнинг хоҳишига кўра қисмларга бўлишга мажбурми?»

Kadrovik.uz тушунтиради:

 

–Ҳар йилги меҳнат таътилини қисмларга бўлишга йўл қўйилади, аммо фақат ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра.  Агар ходим ўз таътилини қисмларга бўлмоқчи бўлса, у тегишли ёзма ариза билан иш берувчига мурожаат қилиши керак. Иш берувчи, ўз навбатида, ходимнинг илтимосини қондириши ёки рад этиши мумкин .

Бундан ташқари, агар иш берувчи ходимнинг таътилини қисмларга бўлишга рози бўлган тақдирда ҳам, у ходим сўраган ҳар қандай бўлиш шартларига рози бўлишга мажбур эмас.

Ҳисобга олинг: таътилнинг сўралаётган қисмларидан бири ўн тўрт календарь кундан кам бўлмаслиги керак, таътилнинг қолган кунларини эса ходимнинг хоҳишига кўра бўлиш мумкин .

Яъни, келтирилган мисолда таътилни ходим сўраган тарзда қисмларга бўлинмайди. Аммо, 14 кун + 10 кун қилиб тақсимлаш мумкин. Яъни, – аввал 2 ҳафта давом этадиган таътилнинг бўлинмайдиган қисмини, сўнгра қолган 10 кунни бериш. Ёки аксинча, – аввал 10 кун, кейин 2 ҳафта. Бошқа вариантларни ҳам қўллаш мумкин:

  • 7 + 14 + 3;
  • 14 + 10 ва ҳоказо.

Шу билан бирга, ходимнинг тўлиқ дам олиши нуқтаи назаридан таътилни жуда қисқа қисмларга бўлиш тавсия этилмайди.

Таътилни қисмларга бўлиш дастлаб таътиллар жадвалида назарда тутилиши мумкин. Ёки – ходим ва иш берувчи таътил беришдан олдин бу ҳақда келишиб олишлари мумкин.

Агар таътилни қисмларга бўлиш тўғрисида қарор қабул қилинган, таътиллар жадвали аллақачон тасдиқланган бўлса, иш берувчи:

  • ходимга ўзи эълон қилган таътилнинг бир қисмини бериш учун алоҳида буйруқ (фармойиш) чиқаради;
  • таътиллар жадвалига ўзгариш киритади.

 

Таътилни қисмларга бўлишни қандай расмийлаштириш керак 

Қонунчиликда қисмларга бўлинадиган таътилни расмийлаштириш бўйича махсус талаблар мавжуд эмас. Таътилнинг келишилган қисмларининг ҳар бири учун алоҳида ариза ва алоҳида буйруқ (фармойиш) расмийлаштиришингизни тавсия қиламиз.

Эътибор беринг
Агар ходим ва иш берувчи ўртасида бўлинмайдиган таътилнинг бир қисми кейинги иш йилига кўчирилиши тўғрисида келишувга эришилган бўлса, ходим жорий иш йилида таътилнинг бўлинмас қисмидан (14 календарь кун) албатта фойдаланиши шарт. Қолган кунларни кейинги иш йили учун таътилга қўшиш мумкин .

«Норма» эксперти, ҳуқуқшунос

Ленара ХИКМАТОВА

  тайёрлади


Таътиллар ва бошқа дам олиш вақтлари Таътиллар ва бошқа дам олиш вақтлари Таътиллар ва бошқа дам олиш вақтлари /publish/doc/text187081_tatilni_necha_qismga_bulish_mumkin