Ишга қабул қилишда танлов ўтказиш тўғрисидаги Намунавий низом тасдиқланди: экспертлар фикри

preview

Намунавий низом Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган (АВ рўйхат рақами 3451, 14.08.2023 йил). Унинг баъзи бандлари саволлар туғдирди.

 

Қонунчиликдаги янгиликлардан хабардор бўлиш учун телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Дастлаб  ҳужжатнинг мазмуни ҳақида қисқача. 

Намунавий низом мулкчилик шаклидан ва идоравий мансублигидан қатъи назар, ташкилотларга ишга қабул қилишда танлов ўтказиш тартибини белгилайди.

Танловнинг ўз вақтида ва сифатли ўтказилишини таъминлаш мақсадида ташкилот раҳбари буйруқ билан доимий фаолият юритадиган комиссия ташкил этади. Унга ташкилот ходимлари орасидан камида беш киши ва тегишли соҳанинг малакали мутахассислари киритилади. Комиссия ҳар доим тоқ сонли таркибда шакллантирилади.

Танлов мавжуд бўш иш ўринларидан келиб чиққан ҳолда ҳар чоракда камида бир марта ўтказилади. У қуйидаги босқичлардан иборат:

  • танлов ўтказилиши тўғрисида эълон бериш;
  • номзоднинг ҳужжатларини қабул қилиш ва уларни ўрганиб чиқиш;
  • номзодни тест, суҳбат ва (ёки) амалий машғулот синовларидан ўтказиш;
  • танлов натижаларини эълон қилиш.

Танловнинг ошкора ва холис ўтказилишини таъминлаш учун комиссия тадбирни онлайн режимда транслация қилиши керак.

Ҳужжат 2023 йил 14 августда кучга кирди.

 

Янги Меҳнат кодексини ишлаб чиқиш бўйича экспертлар гуруҳи раҳбари, юридик фанлар номзоди Михаил ГАСАНОВ ва Норма эксперти, юрист Ленара Хикматова қабул қилинган ҳужжат бўйича ўз фикрларини билдиришди:

–  Меҳнат кодекси моддалари нормаларини таҳлил қилиб кўрамиз.

Меҳнат кодексининг 27-моддаси 2-қисмига мувофиқ, агар меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ёки меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда ёхуд ташкилот уставида (низомида) танлов бўйича эгалланиши лозим бўлган лавозимлар рўйхати ва ушбу лавозимларга танлов ўтказиш тартиби белгиланган бўлса, тегишли лавозимни эгаллаш учун танловдан ўтиш натижасида шартнома асосидаги якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар юзага келади.

Меҳнат кодексининг 123-моддасида иш берувчи касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра иш берувчи томонидан тасдиқланадиган низом асосида ёхуд, агар танлов асосида саралаш ва унинг тартиби қонунчиликда белгиланган бўлса, ишга қабул қилишнинг танловга оид тартибини назарда тутишга ҳақли эканлиги кўрсатилган. Масалан, қонунчилик қуйидаги ҳолларда танлов ўтказиш мажбуриятини белгилайди:

  • олий таълим муассасаларига педагог ходимларни қабул қилишда ;
  • давлат фуқаролик хизмати лавозимига тайинланганда .

Шундай қилиб, агар қонунга мувофиқ танлов ўтказиш мажбурий бўлмаса, иш берувчи уни ўтказиш ёки ўтказмаслик ҳуқуқига эга. Агар ташкилотда бундай амалиётни жорий этишга қарор қилинса, унда танлов бўйича алмаштириладиган лавозимлар рўйхати ва ушбу лавозимлар учун танлов ўтказиш тартибини белгилаб, ички низомни ишлаб чиқиш керак.

Ушбу масалада иш берувчиларга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ишга қабул қилишда танлов ўтказиш тўғрисида Намунавий низом ишлаб чиқди.

Бироқ ушбу ҳужжатнинг баъзи жиҳатлари Меҳнат кодексининг 27 ва 123-моддаларига, хусусан, биз юқорида ёзганларга мос келмайди.

Намунавий низомнинг 2-бандида у мулкчилик шаклидан ва идоравий мансублигидан қатъи назар, ташкилотларга ишга қабул қилиш чоғида танлов ўтказиш тартибини белгилаши кўрсатилган. Бундай ифодалашда қонунни нотўғри талқин қилишга олиб келадиган императив хусусият намоён бўлади, яъни:

  • мулкчилик шаклларидан қатъи назар, барча ташкилотлар ишга киришда саралаш танловини ўтказишлари шартлиги;
  • саралаш танлови қатъиян мазкур Низомга мувофиқ ўтказилиши кераклиги.

Бироқ қонунда назарда тутилмаган бўлса, бу тартиб ҳамма учун универсал бўлиши мумкин эмас, худди барча иш берувчиларни ишга қабул қилишда танлов ўтказишга мажбур қилиш мумкин бўлмаганидек.  Ҳар бир ташкилотнинг ўзига хос фаолият хусусияти, кадрлар сиёсатининг ўзига хос жиҳатлари бор. Танлов  қоидаларини белгилайдиган ташкилотнинг маҳаллий (ички) ҳужжати буни ҳисобга олиши керак.

Бундан ташқари, юқорида айтиб ўтилганидек, иш берувчи Низомда танлов ўтказилиши  шарт бўлган лавозимлар рўйхатини белгилаши керак. Ҳар бир ташкилотда бундай рўйхат ўзига хос, алоҳида  бўлади. Ахир, ҳамманинг фаолият соҳалари ҳар хил ва шунга мос равишда касблар ва лавозимлар ҳам турли хил бўлади. 

Меҳнат кодексининг 123-моддасида намунавий низом ҳақида гап борганлигини ҳисобга олиб, Вазирлик томонидан тасдиқланган ҳужжат қоидалари ҳам мажбурий эмас, балки намунавий тусга эга бўлиши керак. Шунинг учун Намунавий низомда тахминан қуйидаги мазмунда изоҳ ёзиш мақсадга мувофиқ бўлар эди деб ўйлаймиз: «Низомда кўрсатилган қоидалар тахминий характерга эга. Ҳар бир иш берувчи касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишилган ҳолда ушбу Низом асосида ва меҳнат қонунчилиги, меҳнат тўғрисидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар талабларини ҳисобга олган ҳолда ишга қабул қилишда танлов ўтказиш тўғрисидаги ўз Низомини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди».

Умид қиламизки, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги бунга эътибор қаратади ва қонунга тегишли тузатишлар киритади.

 

 

Kadrovik.uz тавсия қилади

Ишга қабул қилиш мавзусидаги маслаҳатларни Buxgalter Pro тавсияларида ҳам топиш мумкин:

 

 

 

Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /ru/publish/doc/text192559_ishga_qabul_qilishda_tanlov_utkazish_tugrisidagi_namunaviy_nizom_tasdiqlandi_ekspertlar_fikri