Резюме нималар ҳақида сўзлайди: номзодни биринчи баҳолаш учун асос

preview

Kadrovik.uz сайтига қизиқ савол келиб тушди: «Резюме асосида номзодни ишга қабул қилиш тўғрисида қарор қабул қилиш мумкинми?»

Резюменинг аҳамияти нимада ва бўш иш ўрнига талабгор ҳақида кўп нарсаларни тушуниш учун уни қандай тўғри ўқиш кераклигини HR-маслаҳатчиси Ирина ШАКИРОВА тушунтиради:

 

Амалиётчи-мутахассисларнинг тавсияларини ўтказиб юбормаслик учун телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Номзодни ишга қабул қилиш тўғрисида қарор қабул қилиш учун битта резюменинг ўзи камлик қилади.  Номзод билан шахсан гаплашиш жуда муҳим – шахсий мулоқотда сиз бу одам жамоага қўшила оладими ёки йўқми, раҳбарият услубини, компаниянинг ички маданиятини қабул қиладими-йўқми, тушуниб оласиз.

Аммо резюмени ўрганиб чиққандан сўнг сиз номзод ҳақида дастлабки фикрни шакллантиришингиз ва уни суҳбатга, синовларга ёки раҳбар билан учрашувга таклиф қилиш-қилмаслик тўғрисида қарор қабул қилишингиз мумкин. Эътибор қаратиш керак бўлган жиҳатларга тўхталиб ўтамиз.

 

 

Бўш иш ўрнига номзоднинг резюмесини баҳолаш учун чек-варақ

Номзод иш қидириш бўйича интернет-сайтлардаги резюме шаблонидан фойдаланганми ёки ўз вариантини юборганми?

Агар шаблондан фойдаланган бўлса, демак, номзод сайтлар орқали иш топиш кўникмасига, компьютерда ишлаш кўникмаларига эга.

Агар бу копирайтер, дизайнер, маркетологнинг шаблонсиз резюмеси бўлса, безатилишидан номзоднинг махсус кўникмаси ва креативлиги тўғрисида хулоса чиқариш мумкин.

Камдан-кам ҳолатларда сотувчилар, ишлаб чиқариш усталари лавозимлари учун қўлда ёзилган резюмеларни ҳам олиш мумкин, бу номзоднинг компьютер саводхонлиги пастлигидан дарак беради

Резюме матнида хатолар борми?

Резюмега қараб номзоднинг  саводхонлиги тўғрисида дастлабки хулосани чиқариш мумкин. Резюмедаги кўплаб хатолар номзодни талабгорлар рўйхатидан ўчириш учун сабаб бўлиши мумкин (бўш иш ўрнидан келиб чиқиб).

Агар резюме чет тилида бўлса, сиз тил билиш даражасини баҳолай оласиз.

Албатта бу  дастлабки баҳолаш бўлиб, улар келгусида тасдиқланади ёки тасдиқланмайди

Номзод суратини жойлаб, электрон почта манзилини кўрсатганми? 

Агар фотосурат ва электрон почта манзили ишбилармонлик услубида бўлса, демак, номзодда ишбилармонлик мулоқоти тўғрисида тушунча шаклланган.

Таққосланг: rahkimova@gmail.com ва superstar@gmail.com, ocharovashka@mail.ru.

Электрон почта логини унинг эгасини таништирибгина қолмай, унинг маълум томонларини тавсифлайди.

Номзод резюмеда қанчалик тўлиқ маълумот берган?

Номзод, мисол учун, қандайдир иш жойи ҳақида маълумотни ёки бошқа муҳим маълумотларни  кўрсатмаслиги мумкин.

Бу қандай бўшлиқлар эканлигини аниқланг. Маълумотнинг йўқлиги – бу ҳам маълумот.

Номзод ўзи ҳақидаги маълумотларни қандай тузди, у бўш иш ўрнига мос келадими?

Яхши резюмеда маълумот у юборилган бўш иш ўрни билан боғлиқ бўлади. Унда талабларга жавоб берадиган маълумотлар бўлади. Бу номзод бўш иш ўрнини онгли равишда танлаганини, талабларни таҳлил қилганини англатади.

Бўш иш ўрни талабларидан четга чиқадиган кўплаб маълумотлар номзод бўш иш ўрнининг асосий талабларини аниқлай олмаганлиги, тажрибаси, билим ва кўникмаларидан унга тегишли бўлганларни ажратиб ололмаганлигининг белгисидир.

Номзод талабгор бўлаётган лавозимини қандай шаклда кўрсатди?  

Баъзи номзодлар қайси лавозимга талабгорлигини кўрсатмайдилар. Кўпинча тажрибага эга бўлмаган янги битирувчилар ёки ишида танаффус бўлган одамлар шундай йўл тутишади.

Номзодларнинг бир қисми бирданига бир нечта позицияларни кўрсатади. Агар бу турли хил билим, кўникма ва малакаларни талаб қиладиган бир нечта лавозимлар бўлса,  номзоднинг тажрибаси йўқлиги, унинг қатъиятсизлиги ва у карьера ҳақидаги қарорни шакллантирмаганлиги тўғрисида хулоса қилиш  мумкин.

Агар киши резюменинг бошқа қисмларида ҳам  позицияни аниқ кўрсатган ва ушбу лавозимга мос келадиган маълумот берган бўлса, демак, у нимани хоҳлашини, резюмени қайси компанияга топширганини яхши тушунади.

Номзоднинг маълумоти бўш иш ўрни талабларига мос келадими?

Таълим даражаси (ўрта, ўрта махсус, олий) ва номзоднинг мутахассислиги бўш иш ўрни талабларига мос келиши керак.

Агар резюмедан бундай хулоса чиқариш имконсиз бўлса (масалан, гуманитар мутахассис савдо агенти лавозимига талабгор, бу эса Ехcеlни мукаммал билишни талаб қилади), унда номзод рад этилиши керак.

Агар бўш иш ўрнига бошқа ҳеч ким талабгор бўлмаса  ва танлаб олиш доираси кичик бўлса, номзоднинг малакасини текшириш мумкин. Компанияларда исталмаган ОТМлар ва мутахассисликларнинг «қора рўйхатини» юритиш мумкин – амалиёт шуни исботладики, фалон дипломга эга бўлган одамлар компанияга бир неча бор «мос келмаган» ёки баъзи бир асосий мутахассисликлар лавозим мажбуриятларини самарали ўзлаштиришга имкон бермайди.

Номзоднинг иш тажрибаси қандай?

Резюмеда кўрсатилган иш тажрибасига кўра номзод карьерасини қандай қурганини кўриш мумкин: битта касбда ривожланганми, фаолият соҳасини кенгайтирганми ёки ўзгартирганми, бир позициядан бошқасига қанчалик тез ўтган.

Агар биз раҳбар излаётган бўлсак, биз учун «вертикал» резюмени кўриш муҳим – турли позициялар, турли компаниялар, «кенгайтириш ва ривожланиш»да турли хил функционал, чунки бу олдинга интилиш истаги, мослашувчанлик, фаолликдан дарак беради.

Ижрочининг резюмеси «горизонтал» бўлади – ўхшаш лавозимлар, ўхшаш функционал, бошқарув функцияларисиз бир хил даражадаги лавозим.

Номзод томонидан кўрсатилган билим, кўникма, ваколатлар бўш иш ўрни талабларига мос келадими?   

Резюмеда исталган нарсани ёзиш мумкин, аммо номзоднинг ваколатлари ишчи топшириқлар, тест синовлари ва суҳбатлар ёрдамида текширилиши керак. Унгача эса номзоднинг билими, кўникмалари ва ваколатлари эълонда кўрсатилган лавозим талабларига жавоб бериш-бермаслигини  баҳолаш керак.

Агар ҳа бўлса, унда номзод ушбу бандларни шаблонлардан кўчирмаган, балки резюменинг ушбу бўлим устида  ўйланган.

Номзоднинг аввалги иш жойларида бажарган функционал мажбуриятларини ўрганиш керак: бўш иш ўрни талаблари билан қанчалик кўп ўхшашлик бўлса, шунча яхши.

Номзод ишлаган компаниянинг даражаси қандай? 

Номзод ишлаган компаниялар даражасини таҳлил қилинг. Мутахассислар тажрибасига асосланган қуйидаги фикрларни ҳисобга олиш мумкин.

Катта холдинг компаниясида юқори лавозимда ишлаш тажрибасига эга бўлган янги ходимни фаолият кўлами, қулайлик даражаси, корпоратив маданияти жиҳатидан аввалгисидан фарқ қиладиган кичик компания қониқтириши даргумон. Катта эҳтимол билан ходим таққослайди, собиқ компанияни мисол қилиб келтиради, унинг кўнглини топиш қийин бўлади.

Ёки аксинча, киши чакана савдо дўконида ишлаган, энди эса йирик супермаркетлар тармоғида менежер лавозимини эгаллаш истагида. Шубҳасиз, у янги жойда тегишли мослашув дастуридан ўтишига тўғри келади.

Баъзи сабабларга кўра маош оладиган ишга жойлашишни истаётган тадбиркорларга алоҳида эътибор қаратинг. Улар табиатига кўра ўзи ва иши учун жавоб беришга одатланган, аммо итоат этишга, интизомга риоя қилишга одатланмаган эркин инсонлардир. Ушбу ички эркинлик ва ўзига бўлган профессионал ишонч жамоа ва раҳбарият билан муносабатларни ўрнатишга тўсқинлик қилиши мумкин.

Бундай номзодни компанияга қандай сабаблар олиб келганини, у ўз карьерасини қандай кўришини қўшимча равишда аниқлаш муҳим.

Номзод кутилаётган иш ҳақи даражасини қандай кўрсатган?

Номзоднинг кутилаётган иш ҳақини таҳлил қилганда, уларнинг бозорга, бошқа компаниялардаги шунга ўхшаш лавозимларда иш ҳақига қанчалик мос келишини аниқланг.

Агар резюмеда кўрсатилган даромад даражаси бозор даражасидан сезиларли даражада юқори бўлса, бу молиявий омилнинг муҳимлигини ва эҳтимол, номзоднинг ҳаддан ташқари ошириб юборилган амбицияларидан дарак беради.

Агар кутилаётган даромад даражаси бозордан сезиларли даражада паст бўлса, ҳушёр бўлишингиз керак – баъзида ёмон ном чиқарган ёки ёмон одатларга эга бўлган номзодлар кутилаётган иш ҳақини сезиларли даражада камайтиришади.

Номзод яна қандай бошқа маълумотни кўрсатган?

Ҳар бир номзод «Бошқа маълумот» деганда қандайдир шахсий, ўзига хос нарсани тушунади, шунинг учун  у ушбу бўлимда ўзи ҳақида нима ва қандай кетма-кетликда хабар беришига эътибор қаратиши муҳим. Бу унинг шахсиятининг нуқтаи назаридан муҳим бўлган хусусиятларидан дарак беради.

 

Эътибор беринг

«Ходимларни қидириш ва танлаш» масофавий курси ходимларни малакали танлашни ўрганишга ёрдам беради. Долзарб  мавзуларни танланг ва уларни ўзингизга қулай вақтда ўрганинг.

Курс ҳақида кўпроқ билмоқчиман!