Ходим аризани ўзи ёза олмаса, унинг ўрнига бошқа шахс ёзиши мумкинми

preview

«Ходимнинг қўли сингани учун гипс қўйилган. У ўз хоҳишига кўра ишдан бўшамоқчи, аммо жароҳати туфайли аризани имзолай олмайди.

Ходим ЭРИ қўйилган электрон ариза топширишга ҳақлими? Кадрлар бўлими мутахассиси ходимнинг ўрнига унинг ҳузурида ишдан бўшаш аризасини  ёзиши мумкинми?» 

Бундай вазиятда қандай йўл тутиш кераклигини  kadrovik.uz илтимосига кўра янги Меҳнат кодексини тайёрлаш бўйича экспертлар гуруҳи раҳбари, юридик фанлар номзоди Михаил ГАСАНОВ ва «Нормa» эксперти, юрист Ленара ХИКМАТОВА изоҳлади:

 

Амалиётчи-мутахассисларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун телеграм- каналимизга аъзо бўлинг.

 

– Меҳнат кодексида, агар ходимнинг ўзи буни жисмонан  бажара олмаса, «ўз хоҳишига кўра» меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги аризани расмийлаштиришнинг  алоҳида тартиби мавжуд эмас. Аммо унинг иш жойини танлаш эркинлигини ва тегишинча ушбу иш берувчи билан меҳнат муносабатларини тугатиш ҳуқуқини чеклаш ҳам нотўғри. Шунинг учун саволда пайдо бўлган вариантларни қўллаш имкониятини кўриб чиқсак.

 

1-вариант: ходим аризани электрон рақамли имзо билан имзолайди

Ушбу масалада мутахассисларнинг фикрлари турлича, чунки қонунчиликда бу саволга аниқ жавоб берилмаган.

 

Қарши фикр

Алоҳида ҳужжатларни ёзма шаклда расмийлаштириш Меҳнат кодексида бевосита назарда тутилган. Бундай ҳужжатлар сирасига ходимнинг ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги ариза ҳам киради. Меҳнат кодексининг 160-моддаси 1-қисмида ходим меҳнат шартномасини ўн тўрт календарь кун олдин бу ҳақда иш берувчини ёзма шаклда огоҳлантирган ҳолда бекор қилишга ҳақли эканлиги кўрсатилган.

ЭРИни қўллаган ҳолда электрон ҳужжатларни алмашиш имконияти МКда фақат масофадан туриб ишловчи ходимлар учун назарда тутилган . Демакки, масофадан туриб ишламайдиган ходим томонидан «ўз хоҳишига кўра» меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида ЭРИ билан электрон ариза бериш қонун нормаларига зиддир.

 

Ижобий фикр

Меҳнат кодекси, гарчи у ходимни ишдан бўшаш тўғрисида ёзма шаклда ариза бериш талабини белгиласа-да, шу билан бирга бу ишни электрон ҳужжат юбориш орқали амалга оширишни тақиқламайди. Қолаверса, электрон ҳужжатни қоғоз ҳужжатга тенглаштирадиган «Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида»ги қонун мавжуд. Агар электрон ҳужжатда ушбу Қонуннинг 6-моддасида кўрсатилган мажбурий реквизитлар бўлса, у қоғоз ҳужжат билан бир хил юридик кучга эга бўлади.

Шунга қарамай ходим ва иш берувчи ўртасида электрон ҳужжат алмашиш имконияти амалда ҳали кенг тарқалмаган. Биринчидан, барча ходимларда ҳам ЭРИ  мавжуд эмас (гарчи ҳозирда уни олиш у даражада мураккаб эмас ва кўп вақт талаб қилмайди). Иккинчидан, ЭРИдан фойдаланиш учун маълум дастурий таъминот талаб қилинади. Агар ташкилотда раҳбариятнинг ходимлар билан ўзаро алоқаси учун ички электрон ҳужжат айланиши йўлга қўйилган бўлса, бошқа гап. Бундай ҳолда ички ҳужжатда бундай вазиятни  тартибга солиш ва ходимларни имзо остида у билан таништириш мақсадга мувофиқдир. Ички ҳужжатга ходимнинг иш берувчига аризаларни аниқ корпоратив платформа орқали электрон ҳужжатни юбориш ҳуқуқига эга эканлиги, шу жумладан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги  қоидасини киритиш иш берувчининг бундай ишдан бўшатишни ноқонуний деб тан олиш хавфини камайтиради.

Албатта, барча саволлар ва шубҳаларни Меҳнат кодексига ёки бошқа қонун ҳужжатларига конкретлаштирувчи нормаларни киритиш, айниқса замонавий технологияларнинг ривожланиши ва уларнинг аҳолининг аксарият қисми учун очиқлигини ошириш ҳисобига олиб ташлаш мумкин.

 

2-вариант: ишдан бўшаш тўғрисида ариза  ходимнинг сўзларидан ёзилади

Агар ходим ишдан бўшамоқчи бўлса, лекин объектив сабабларга кўра, масалан, қўли синганлиги сабабли ўз қўли билан ариза ёза олмаса ва (ёки) имзолай олмаса, унинг ўрнига бу ишни муомалага лаёқатли вояга етган бошқа шахс амалга ошириши мумкин. Аммо тартиб-таомил  қонуний бўлиши учун – ариза нотариус иштирокида имзоланади.

Шунинг учун ходимга ўз хоҳишига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида аризани  мазкур далилни ариза матнида тасдқилаши мумкин бўлган нотариус ҳузурида расмийлаштириш зарурлигини  тушунтиринг.

Эътибор беринг

Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Йўриқномага мувофиқ, агар фуқаро жисмоний нуқсони, касаллиги, саводсизлиги туфайли ёки қандайдир бошқа сабабларга кўра ўз қўли билан имзо қўя олмаса, битим, ариза ёки бошқа ҳужжатни унинг топшириғига кўра унинг ўзи ва нотариус ҳозирлигида бошқа фуқаро имзолаши мумкин. Бунда нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган фуқаронинг ҳужжатни ўз қўли билан имзолай олмаганлиги сабаблари ҳужжат матнига ва тасдиқловчи ёзувга ёзиб қўйилиши лозим. 

Бундай ҳолларда нотариал ҳаракатларни амалга ошириш чоғида аудио ва видеоёзув воситаларидан фойдаланилади.

 

Шунингдек, аризага ходимга аризани ўз қўли билан ёзиш ва (ёки) имзолашга имкон бермайдиган шикастланганлигини тасдиқловчи тиббий ҳужжатни илова қилиш тавсия этилади.

Бундай тартиб-таомил, гарчи у мутлақо оддий бўлмаса-да, қонунга тўлиқ мос келади ва келгусида меҳнат низоси юзага келган тақдирда иш берувчини эҳтимолий муаммолардан ҳимоя қилади.

Баъзан амалиётда ходим иштирокида, унинг сўзидан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги аризани ушбу ташкилотда ишлайдиган бошқа шахс (одатда кадрлар бўйича мутахассис) томонидан ёзилади ва имзоланадиган тартиб-таомил қўлланилади. Аммо бу усулнинг қонунийлиги ва ишончлилиги шубҳали. Ҳуқуқий низо юзага келган тақдирда иш берувчи меҳнат муносабатларини бекор қилиш иш берувчининг мажбурлаши эмас, балки ходимнинг  истаги эканлигини исботлаш жараёнида қийинчиликларга дуч келиши мумкин.