Ходимларни ноқонуний ишдан бўшатган директор қандай жазоланиши мумкин

preview

«МЧЖ директори  белгиланган талабларга риоя қилмасдан ҳомиладор ходималарни ишдан бўшатмоқда. Бошқа асослар бўйича шунга ўхшаш ноқонуний ишдан бўшатиш ҳолатлари жуда кўп». 

«Норма» эксперти, юрист Ленара Хикматова қоидабузар қандай жавобгарликка тортилиши мумкинлигини тушунтирди:

 

Экспертларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун телеграм-каналимизга аъзо бўлинг.

 

Жарима, ахлоқ тузатиш ишлари ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилишми?

Агар ходимлар уларнинг ҳуқуқлари бузилган деб ҳисоблашса, меҳнат инспекцияси ёки прокуратурага мурожаат қилишлари мумкин.

Меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш мансабдор шахс учун БҲМнинг 5 бараваридан
10 бараваригача маъмурий жаримага сабаб бўлади. Маъмурий жазо қўлланилгандан кейин такрорий қоидабузарлик учун жарима БҲМнинг 10–15 бараваригача ошади. Аммо ноқонуний ишдан бўшатиш билан боғлиқ вазиятда иш бироз бошқача.

Аввал директор умумий қоидаларга кўра маъмурий жавобгарликка тортилади (БҲМнинг 5–10 миқдорида жарима). Вояга етмаган ходимни ноқонуний ишдан бўшатганлик учун – БҲМнинг 10–20 баравари.

Маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, директорни Жиноят кодексининг 
148-моддаси бўйича жиноий жавобгарлик кутади.

Ушбу моддага кўра шундай қилмишлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ноқонуний ишдан бўшатиш БҲМнинг
25 бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. Жазо жиноят судининг ажримига кўра қўлланилади.

 

Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш – бу суд томонидан тайинланган муддатда муайян лавозимларни эгаллаш ёки муайян фаолият билан шуғулланишни тақиқлаш. Жазонинг бу тури бевосита айбдорнинг лавозими ёки унинг фаолияти билан боғлиқ жиноятлар учун қўлланилади.

Суд қуйидаги муддатга муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиши мумкин :

  • асосий жазо тариқасида — бир йилдан беш йилгача муддатга;
  • қўшимча жазо тариқасида  — бир йилдан уч йилгача муддатга.

Бу ҳолатда директор билан меҳнат шартномаси, қоида тариқасида, тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар туфайли – МК 168-модданинг 3-банди бўйича бекор қилинади.  Ёки таъсисчиларнинг қарори билан директор ўз розилиги билан шу корхонада суд ҳукми билан тақиқланмаган бошқа ишга ўтказилиши мумкин.

 

Ахлоқ тузатиш ишлари – бу иш ҳақининг ўн фоизидан ўттиз фоизигача миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда айбдорни меҳнатга мажбуран жалб қилиш. Жазо суднинг ҳукмига мувофиқ маҳкумнинг ўз иш жойи ёки мазкур жазо ижросини назорат қилувчи органлар белгилаб берадиган бошқа жойларда ўталади .

Ҳомиладор ходимани ишдан бўшатганлик учун маъмурий жарима билан қутулиб бўлмайди. Бу ҳолда қонун иш берувчига нисбатан муросасиз бўлади.

Ҳомиладор аёл билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга йўл қўйилмайди. Ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси) тугатилган ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг иш фаолияти тугатилган ҳоллар бундан мустасно .

Аёлни ҳомиладорлиги муносабати билан ишдан ноқонуний бўшатганлик учун айбдор мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилади. Жазо – БҲМнинг
25 бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари. Бу Жиноят кодексининг 
148-моддасида назарда тутилган.

Яъни, бу ҳолда иш берувчи ходима билан меҳнат шартномасини бошқа сабабларга кўра эмас, балки ҳомиладорлиги сабабли ноқонуний равишда бекор қилганлигини исботлаш керак.

 

Томонлар ярашиши мумкин

Бу тартиб Жиноят кодексининг 66-1-моддасида назарда тутилган. Агар директор ўз айбини тан олган, жабрланувчи билан ярашган ва етказилган зарарни қоплаган бўлса, жиноий жавобгарликдан озод қилиниши мумкин.

 

Иш берувчи молиявий жавобгар саналади

Меҳнат шартномасининг бекор қилиниши устидан суд тартибида ҳам шикоят қилиш мумкин . Агар суд ишдан бўшатишни ноқонуний деб топса, иш берувчи ходимни иш жойига тиклаши ва унга етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаши керак. Бу иш берувчига қанчага тушишини қуйидаги мақолада ўқишингиз мумкин: