Ходимлар билан таътиллар жадвалини келишиш керакми

preview

«Иш берувчи ходимлар билан келишмасдан туриб таътиллар жадвалини тасдиқлади. Энди улардан бири жадвалдан ташқари таътил олиш учун ариза берди. Аммо бу вақтга бошқа ходимнинг таътили режалаштирилган.

Ходимга таътил беришни рад этиш мумкинми? Умуман вазиятни қандай тузатиш мумкин?» 

Саволга kadrovik.uz  илтимосига кўра «Норма» экспертлари Валерия ЛЯНДРЕС ва Ленара ХИКМАТОВА жавоб беришди:

 

Амалиётчи-мутахассисларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун телеграм-каналимизга аъзо бўлинг.

– Таътиллар жадвали календарь йил бошлангунига қадар иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра тасдиқланади .

Меҳнат кодекси иш берувчини жадвални тасдиқлашдан аввал ҳар бир ходим билан таътил вақтини келишишга мажбурламайди. Ходимларни жадвал билан имзо остида таништириш кифоя. Меҳнат кодексининг 228-моддаси 4-қисмида санаб ўтилган ходимларнинг тоифаси бундан мустасно бўлиб, иш берувчи таътилни уларга қулай бўлган вақтда бериши керак:

  • аёлларга – ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан олдин ёки ундан кейин;
  • болани парваришлаш таътилидан фойдаланаётган ходимга ушбу
  • таътилдан олдин ёки кейин;
  • ўн тўрт ёшга тўлмаган бир ёки ундан ортиқ нафар болани (ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган болани) тарбиялаётган шахсларга (ёлғиз ота-онага, шу жумладан бева аёлларга, бева эркакларга, никоҳдан ажралганларга, муддатли ҳарбий хизматдаги ҳарбий хизматчиларнинг хотинларига, ота-онанинг ўрнини босувчи шахсларга);
  • I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга;
  • 1941 – 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига ва имтиёзлари бўйича уларга тенглаштирилган шахсларга;
  • ўн саккиз ёшдан кичик бўлган шахсларга;
  • ишдан ажралмаган ҳолда таълим ташкилотларида ўқиётганларга, агар улар ўзининг ҳар йилги меҳнат таътилини имтиҳонлар, синовлар (зачётлар) топшириш, битирув малакавий ишларини, магистрлик диссертацияларини, курс, лаборатория ишларини ва бошқа ўқув ишларини бажариш вақтига тўғрилаб олишни хоҳласа;
  • «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга;
  • жамоа келишувларида, шунингдек жамоа шартномасида ёхуд бошқа ички ҳужжатларда белгиланган ҳолларда бошқа ходимларга.

Бошқа ходимлар билан таътилдан фойдаланиш муддатини келишиш шарт эмас. Албатта низоларнинг олдини олиш учун таътил вақтини келишиш шарти жамоа шартномасида акс эттирилиши мумкин – бу тақиқланмаган. Аммо кўп сонли ходимлар штатига ва таркибий бўлинмаларга эга компанияларда буни қилиш бироз мураккаб. Негаки  ходимларнинг аксарияти ёзда дам олишни истайди. Агар ҳар бир ходимнинг хоҳиш-истаклари инобатга олинса, ёзги даврда компанияда ишлар шунчаки туриб қолади.  

Ходимларга уларнинг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда таътил бериш учун корхонанинг ҳақиқий имкониятларидан келиб чиқишни тавсия қиламиз.

Бунда жадвалда белгиланган ҳар йилги меҳнат таътилини бериш вақти ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра ўзгартирилиши мумкин. Шунинг учун, агар ходим таътиллар жадвалига мувофиқ таътил даврига рози бўлмаса, у сабабларини кўрсатган ҳолда ўзи кўрсатган санада таътил тақдим қилиш илтимоси билан ариза бериши мумкин. Иш берувчи ушбу аризани кўриб чиқиб, ходимнинг илтимосини қондиришга ёки уни рад этишга ҳамда таътилни қатъий белгиланган тартибда тақдим этишга ҳақли.

Келгусида таътилларни режалаштиришга расмий равишда эмас, балки имтиёзлар, ишлаб чиқариш омиллари, ўзаро алмашиш имкониятлари ва иложи бўлса, ходимларнинг хоҳиш-истакларини ҳисобга олган ҳолда ёндашишингизни тавсия қиламиз.

Албатта бу ҳолатда ҳам таътиллар жадвалига объектив сабабларга кўра тузатиш киритиш зарур бўлган ҳолатлар бўлиши мумкин. Аммо улар минимал даражага туширилади.