2024 йил учун таътиллар жадвалини қандай тузиш ва тасдиқлаш керак

preview

 

1. Таътиллар жадвалини тузиш шартми?

– Таътиллар жадвали ходимларнинг ҳар йилги меҳнат таътилини олиш тартибини белгилайди. Меҳнат кодексининг 228-моддаси 1-қисми маъносидан келиб чиқиб таътиллар жадвали – бу мажбурий ички ҳужжат ҳисобланади. Уни мулкчилик шаклидан қатъи назар, уни барча ташкилотлар расмийлаштиришлари шарт, микрофирмалар бундан мустасно.

Микрофирмалар таътиллар жадвалини тасдиқламаслиги мумкин – меҳнат кодексининг 505-моддаси уларга бундай ҳуқуқни беради. Микрофирмаларда таътилдан фойдаланишнинг аниқ муддати ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади .

Эътибор беринг
Таътиллар жадвали йўқлиги учун меҳнат инспекцияси иш берувчининг мансабдор шахсини МЖТКнинг 49-моддаси бўйича маъмурий жавобгарликка тортиши мумкин. Таътиллар жадвалининг йўқлиги учун жарима БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача («мансабдор шахс томонидан меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш») назарда тутилган.

 

2. Таътиллар жадвали қачон тасдиқланиши керак?

– Таътиллар жадвали календарь йил бошлангунига қадар тасдиқланиши керак . Яъни, кейинги календарь йил учун таътиллар жадвали жорий йилнинг 31 декабридан кечиктирмай қабул қилиниши лозим.

2023 йилда 31 декабрь – якшанба кунига тўғри келади, 30 декабрь шанба куни эса 6 кунлик иш ҳафтасида ишловчилар  учун қўшимча дам олиш куни деб эълон қилинди . Шунинг учун стандарт иш вақти режимида (5 кунлик ёки 6 кунлик) ишлайдиган ташкилотларда 2024 йил учун таътиллар жадвалини шу йилнинг 29 декабрига қадар тасдиқлашга улгуриш керак.

 

3. Таътиллар жадвалига кимлар киритилиши керак?

– Таътиллар жадвалида меҳнат шартномалари тузилган барча амалдаги ходимлар, шу жумладан ташқи ўриндошлар ва масофадан туриб ишловчилар кўрсатилади.

Фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича ижрочиларни таътиллар жадвалига киритиш шарт эмас. Ушбу муносабатлар Меҳнат кодекси билан эмас, балки Фуқаролик кодекси билан тартибга солинади. ФҲШ бўйича ижрочиларда таътилга чиқиш ҳуқуқи йўқ.

Жадвал тасдиқлангандан кейин ишга қабул қилинган янги ходимларни унга киритиш шарт эмас. Сиз улар туфайли жадвалга ўзгартиришлар киритишингиз ёки киритмаслигингиз мумкин. Уларга ёзма аризалар асосида иш берувчи билан келишилган ҳолда таътил беришга йўл қўйилади.

 

4. Таътиллар жадвалида қайси таътиллар акс эттирилиши керак?

– Таътиллар жадвалига таътилнинг қуйидаги турлари киритилади:

  • ҳар йилги асосий таътил;
  • ҳар йилги қўшимча таътил.

Таътиллар жадвалига қуйидагилар киритилмайди:

  • иш ҳақи сақланмайдиган ва иш ҳақи қисман сақланадиган таътиллар;
  • ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари;
  • бола парвариши таътиллари;
  • ўқув таътиллари;
  • ижодий таътиллар.

 

5. Таътиллар жадвалининг тасдиқланган шакли борми?

– Таътиллар жадвалининг ягона шакли қонуний равишда белгиланмаган. Ҳар бир ташкилот ўзининг таътиллар жадвалини ишлаб чиқиш ҳуқуқига эга. 

 

6. Таътиллар жадвалини жамоа шартномасига илова сифатида расмийлаштириш мумкинми?

– Йўқ, бу турлича расмийлаштириш тартиби билан икки хил ҳужжат. Таътиллар жадвалини жамоа шартномасига илова сифатида расмийлаштиришга йўл қўйилмайди.

 

7. Таътиллар жадвалининг электрон шаклини яратиш мумкинми?

– Ҳа, бунинг имкони бор. Электрон вариантда таътилларни ҳисобга олишда ёрдам берадиган қайдларни қилиш, турли хил рангдаги алоҳида ёзувларни ажратиб кўрсатиш ва бошқа ишларни амалга ошириш қулай. Аммо ёдда тутинг: жадвалнинг электрон варианти қоғоз жадвалнинг ўрнини боса олмайди, балки у билан бирга ёрдамчи сифатида ишлатилиши мумкин.

 

8. Таътиллар жадвалини ходимларнинг вакиллик органи билан тасдиқлаш керакми?

– Ҳа, керак. Таътиллар жадвали қонуний бўлиши учун уни иш берувчи тасдиқлашидан аввал касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиш керак. Бу Меҳнат кодексининг 228-моддаси 2-қисмининг мажбурий талаби.

Аммо агар бундай oрган тузилмаган бўлса, бу ташкилот жадвалсиз қолади дегани эмас. Бундай ҳолда қонун Меҳнат кодексининг 15-моддаси 5-қисмида белгиланган бошқа тартибни назарда тутади.

Ички ҳужжатни ходимларнинг вакиллик органи билан қандай қилиб тўғри келишиш ва ташкилотда бундай oрган бўлмаган тақдирда нима қилиш кераклиги ҳақида «Иш берувчининг ички ҳужжатларини қандай ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш керак» мақоласини ўқинг.

 

9. Ташкилот ходимларига таътилга чиқиш кетма-кетлигини қандай белгилаши керак? Таътилдан фойдаланиш вақтини ҳар бир ходим билан келишиш зарурми?

– Умумий қоидага кўра иш берувчи ҳар бир ходим билан таътилдан фойдаланиш вақтини келишишга мажбур эмас. Таътилларга чиқиш кетма-кетлиги ташкилот ишининг нормал юриши бузилмаслиги ва ходим ўрнини босадиган бошқа ходим бўлишини ҳисобга олган ҳолда белгиланади. Албатта, жамоа ичида тортишувлар ва низоларга йўл қўймаслик учун таътилга чиқиш кетма-кетлиги адолатли бўлиши керак.

Ҳар бир ходимнинг таътилга чиқиш вақти ҳақидаги истакларини инобатга олиш тавсия этилади. Аммо буни амалга ошириш мураккаб бўлади, айниқса кўп сонли ходимларга эга ташкилотларда ёки, масалан, бир хил функцияни бажарадиган,  лекин ишлаб чиқариш шартига кўра уларнинг бир вақтнинг ўзида йўқлиги имконсиз бўлган икки нафар мутахассис бир ойда таътилга чиқмоқчи бўлганда.

Агар ходим таътиллар жадвалида белгиланган таътилдан фойдаланиш вақтига рози бўлмаса ва уни ўзгартирмоқчи бўлса, иш берувчига ёзма ариза билан мурожаат қилиши керак. У эркин шаклда, сабабларни кўрсатган ҳолда тузилади. Иш берувчи ушбу аризани кўриб чиқиши ва у бўйича қарор қабул қилиши шарт: ходимнинг илтимосини қондириш ёки рад этиш.

 

10. Иш берувчи таътил бўйича кимнинг истакларини инобатга олиши керак?

– Иш берувчи уларнинг хоҳишига кўра таътилни унга қулай бўлган вақтда бериши шарт бўлган ходимларнинг алоҳида тоифалари мавжуд :

  • аёлларга – ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан олдин ёки ундан кейин;
  • болани парваришлаш таътилидан фойдаланаётган ходимга ушбу
  • таътилдан олдин ёки кейин;
  • ўн тўрт ёшга тўлмаган бир ёки ундан ортиқ нафар болани (ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган болани) тарбиялаётган шахсларга (ёлғиз ота-онага, шу жумладан бева аёлларга, бева эркакларга, никоҳдан ажралганларга, муддатли ҳарбий хизматдаги ҳарбий хизматчиларнинг хотинларига, ота-онанинг ўрнини босувчи шахсларга);
  • I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга;
  • 1941 – 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига ва имтиёзлари бўйича уларга тенглаштирилган шахсларга;
  • ўн саккиз ёшдан кичик бўлган шахсларга;
  • ишдан ажралмаган ҳолда таълим ташкилотларида ўқиётганларга, агар улар ўзининг ҳар йилги меҳнат таътилини имтиҳонлар, синовлар (зачётлар) топшириш, битирув малакавий ишларини, магистрлик диссертацияларини, курс, лаборатория ишларини ва бошқа ўқув ишларини бажариш вақтига тўғрилаб олишни хоҳласа;
  • «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга;
  • жамоа келишувларида, шунингдек жамоа шартномасида ёхуд бошқа ички ҳужжатларда белгиланган ҳолларда бошқа ходимларга.

Ишлайдиган эркакларга ҳар йилги меҳнат таътили уларнинг хоҳишига кўра хотинининг ҳомиладорлик ва туғиш таътили даврида берилади.

 

 

 

Ўзбекистонда таътил вақти бўйича маслаҳатлар - иш таътиллари бўйича маслаҳатлар ва кўрсатмалар дам олиш вақти бўйича маслаҳатлар, дам олиш вақти бўйича маслаҳатлар, дам олиш вақти бўйича кўрсатмалар, ўзбекистонда дам олиш вақти бўйича маслаҳатлар Ўзбекистонда ходимларнинг дам олиш вақти билан боғлиқ масалалар бўйича professional маслаҳат олинг. Мутахассисларимиз Ўзбекистон Республикаси меҳнат қонунчилигига мувофиқ дам олиш, дам олиш, дам олиш, танаффус ва иш вақти каби дам олиш вақтининг турли жиҳатлари бўйича фойдали маслаҳатлар ва босқичма-босқич кўрсатмалар беради /uz/publish/doc/text184526_tatillar_navbati_qanday_belgilanadi