Маслаҳатчини таклиф қиламиз – қандай қилиб танловда адашмаслик мумкин

preview

«Директор ходимларни бошқариш бўйича қоидаларни ишлаб чиқиш учун маслаҳатчи топишни тайинлади. Ишни нимадан бошлаш керак? Маслаҳатчининг малака даражасини  қандай билса бўлади

Кadrovik.uz ўқувчилари учун HR-маслаҳатчи Ирина ШАКИРОВА жавоб беради:

 

Мақолаларимизни ўтказиб юборманг – телеграм-каналга обуна бўлинг.

 

– Бугунги кунда кўплаб компаниялар ташқи маслаҳатчилар – молиячилар, ҳуқуқшунослар, IT ва HR-маслаҳатчиларини жалб қилмоқдалар. Аммо ташқи маслаҳатчилар билан ишлаш жуда кўп хавфларни келтириб чиқариши мумкин. Танловдаги хато қимматга тушиши ҳеч гап эмас – бу ҳам молиявий натижалар, ҳам вақтни йўқотиш ва керакли натижага эриша олмасликдир.

Излашни бошлашдан аввал маслаҳатчини жалб қилиш мақсади ва у қандай даражада ишлашини аниқ белгилаб олиш муҳим.

Маслаҳатчилар одатда қуйидаги хизмат турларига таклиф қилинади:

  1. Маълумот бериш;
  2. Вазиятни баҳолаш (aудит ўтказиш, ташхис қўйиш, тавсиялар ишлаб чиқиш);
  3. Муаммонинг ечимини тақдим этиш;
  4. Қарорлар, стратегиялар ва ўзаро алоқа қоидаларини ишлаб чиқишга кўмаклашиш;
  5. Ўзгаришларга ҳамроҳлик қилиш;
  6. Муаммони ҳал қилишни ўргатиш.

Ушбу рўйхатдан сизга нима кераклигини, маслаҳатчининг олдига қандай вазифаларни қўйишингизни, яъни маслаҳатчининг компания муҳитига қанчалик чуқур «шўнғиши» кераклигини аниқланг.

Ундан кутаётганларингиз ва вазифаларни ҳужжатнинг техник топшириғи шаклида расмийлаштиринг, унда (эркин шаклда) вазиятни, маслаҳатчига мурожаат қилиш сабабларини ҳамда ҳал қилиниши керак бўлган вазифаларни баён қилинг. Бундай ҳужжат қанчалик синчковлик ва батафсил тузилса, шунча яхши бўлади. Бу сизнинг сўровингизга жавоб берганлар билан кейинги мулоқотингиз учун асос бўлади.

Маслаҳатчиларни излашни ҳамкорлар, ҳамкасблар ва профессионал жамоаларнинг (ассоциациялар) тавсиялари асосида ўтказган маъқул. Маслаҳатчилар телеграмда ўз гуруҳлари ва каналларига эга. Шунингдек, ихтисослашган консалтинг компанияларига ҳам мурожаат қилиш мумкин: каталог бўйича бундай компаниялар рўйхатини тузиш, уларга қўнғироқ қилиш, техник топшириқ юбориш кўзда тутилади.

Таққослаш ва танлаб олиш учун камида 3 та муқобил номзод (компания) бўлиши тавсия этилади. Одатда малакали маслаҳатчилар ўзларининг жавоб- таклифларини сизнинг техник топшириқларингиз асосида тайёрлайдилар, бунда таклифларнинг дастлабки тусга эгалиги ҳамда сотишдан олдинги консалтинг пайтида аниқлаштирилиши кўрсатилади.

 

Малакали маслаҳатчини танлаш учун мезонни белгиловчи саволлар

Танишув пайтида:

  • Маслаҳатчи ўз ваколатига оид ҳужжатларни, иш тажрибаси бўйича тавсиялар ва мулоҳазаларни тақдим этадими? У шунга ўхшаш муаммоларни ҳал қилиш тажрибасига эгами?
  • Кимларга маслаҳат берган?
  • Маслаҳатчида тақдимот, музокаралар, тинглаш ва савол бериш кўникмалари қанчалик ривожланган? У қанчалик ишонарли?  Ҳужжатлар билан қанчалик яхши ишлайди?

Ташхис пайтида:

  • Маслаҳатчи мижоз билан биргаликда техник топшириқ устида ишлайдими? Мижознинг муаммоларни ҳал қилиш усуллари ҳақидаги фаразларини синаб кўрадими?
  • Маслаҳатчи мижознинг бизнеси ҳақида маълумот тўплайдими (ҳужжатларнинг мазмунини таҳлил қилиш, асосий ходимлар билан суҳбатлар, анкеталар ва б.)?
  • Маслаҳатчи муаммоларни ўрганиш, таҳлил қилиш ва ҳал қилиш усулларини биладими ва қўллайдими (SWOT, «Муаммо дарахти», «Ишикава диаграммаси» ва б.)?
  • Маслаҳатчи мижознинг тахминларини аниқлайдими? У мижознинг тахминларини тўғрилашга ва лойиҳанинг кўламини (лойиҳа ҳал қиладиган вазифаларни) аниқ белгилашга муваффақ бўлдими? У лойиҳа натижаларини қанчалик аниқ шакллантирган?

Консалтинг лойиҳасини амалга ошириш жараёнида:

  • Маслаҳатчи асосий шахслар ва ходимлар билан яхши муносабатларни ўрната оладими? У мулоқотда қанчалик дўстона ва тўғри?
  • Маслаҳатчи юзага келадиган низоларни қандай ҳал қилишни биладими? У вазиятдаги ўзгаришларга, кутилмаган ҳодисаларга қанчалик бағрикенг ва чидамли?
  • У дарс бериш/коучинг, иш учрашувларини ўтказиш ва модерация қилиш қобилиятига эгами?
  • Ўзгаришлар жараёнининг ўзига хос хусусиятларини тушунтирадими ҳамда мижозга ушбу жараённи йўлга қўйишда ёрдам бера оладими?
  • У лойиҳа тадбирларини кўриб чиқиш ва баҳолаш бўйича мунтазам учрашувлар ўтказадими?

Лойиҳа якунида:

  • Мижознинг лойиҳа натижалари бўйича фикр-мулоҳазаларини ўрганадими?
  • Мижозга лойиҳадан кейинги ёрдамни таклиф қиладими?

 

Эътибор беринг
Лойиҳанинг муваффақияти биргина маслаҳатчига боғлиқ эмас

Консалтинг лойиҳасининг муваффақияти ёки муваффақиятсизлиги нафақат маслаҳатчининг малакасига, балки компаниянинг малакасига ҳам боғлиқ. Битта маслаҳатчи, ҳатто жуда малакали бўлган тақдирда ҳам ҳеч нарса қилмайди. Лойиҳа натижалари учун жавобгарлик ҳар доим буюртмачи ва ижрочи ўртасида тақсимланади.

Лойиҳангиз муаммосиз ўтиши учун компаниянинг асосий ходимлари орасидан ишчи гуруҳ шакллантирилиши, вазифаларни бажариш режа-жадвалини ишлаб чиқиш, доимо ўзаро алоқада бўлиш, тегишли тузатишлар киритиш ҳамда биргаликда ишлаш керак. Лойиҳада иштирок этиш учун кўп вақт ва куч талаб этилади, шунинг учун ишчи гуруҳ ходимлари лойиҳа вақтига юкламани қайта тақсимлашлари ва қўшимча равишда уларни рағбатлантиришлари керак.

 

Kadrovik.uz тавсия қилади

«Ходимларни излаш ва саралаш» курси.

Долзарб мавзуларни танланг ва уларни ўзингизга қулай вақтда ўрганинг.

Курснинг видеомаърузаларидан бирига бепул кириш – «Мотиваторлар ва қадриятлар».

Курс ҳақида кўпроқ билмоқчиман! (Rec: ёзиб олинган курс)