Хизмат текшируви қандай ўтказилади
Тавсияномада:
– хизмат текшируви тушунчаси;
– текширувни ўтказиш учун асос;
– текширувни ўтказиш тартиби.
Хизмат текшируви нима ва у нима учун керак
Хизмат текшируви ходим томонидан интизомий қилмиш содир этилганлиги фактини, ходимнинг айбини, интизомий қилмиш содир этилишининг сабабларини аниқлаш мақсадида амалга оширилади (МК 302-моддаси). Шунингдек хизмат текшируви, агар аниқланган қилмиш ёки вазият ташкилотнинг фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлганда ўтказилади. Масалан:
- ходим меҳнат интизомини бузди;
- камомад ёки ўғрилик факти ва ташкилотга моддий зарар етказиши мумкин бўлган ёки ташкилотнинг обрўсига жиддий путур етказилишига сабаб бўладиган бошқа вазиятлар аниқланди.
Текширувнинг вазифаси – интизомий қилмиш содир этилганлиги факти ва ходимнинг айбини аниқлаш, зарарнинг хусусияти ва миқдорини баҳолашдир. Бунда хизмат текшируви интизомий қилмиш содир этган шахсни жавобгарликка тортиш чораларини белгилашга ёрдам беради
.
Хизмат текширувини ўтказишдаги асосий вазифалар:
- интизом бузилганлиги фактини аниқлаш;
- содир бўлган ҳодисанинг тафсилотлари ва шарт-шароитларини аниқлаш;
- содир этилган қилмишга алоқадор бўлган барча ходимларни аниқлаш;
- оқибатларини таҳлил қилиш ва зарар миқдорларини аниқлаш;
- интизомий жавобгарлик чоралари тўғрисидаги қарорни раҳбарнинг муҳокамасига киритиш.
Хизмат текшируви қандай асосларда ўтказилади
Хизмат текширувини ўтказиш учун қуйидагилар асос бўлиши мумкин
:
- ОАВ хабарлари;
- ходимнинг бевосита раҳбарининг рапорти;
- жисмоний ёки юридик шахснинг мурожаати;
- ходим томонидан интизомий қилмиш содир этилган деб тахмин қилиш учун асос берадиган бошқа маълумотлар.
Хизмат текширувини ўтказишдан олдин қилмишнинг содир этилганлик фактини қайд этинг. Қилмиш содир этилгандик факти бўйича хизмат текширувини ўтказиш учун: қилмиш содир этган ходимнинг бевосита раҳбариннг хизмат хати, ички ёки ташқи текширув тўғрисидаги ҳисобот, инвентаризация ёки аудиторлик текшируви далолатномаси ва ҳоказолар асос бўлиши мумкин.
Хизмат текшируви муддатини қилмиш содир этилганлик фактининг ўзини қайд этгандан кейин белгиланг. Хизмат текширувини ўтказиш муддати 15 иш кунидан ошмаслиги керак. Иш берувчи комиссиянинг асослантирилган важлари асосида хизмат текширувини ўтказиш муддатини яна 15 иш кунигача узайтиришга ҳақлидир (МК 308-моддаси).
Бундан ташқари, сиз хизмат текширувини қуйидаги даврда тўхтатиб туришингиз мумкин:
- ўзига нисбатан текширув ўтказилаётган ходим касал бўлганда;
- текширилаётган ходим таътилда ёки хизмат сафарида бўлганда.
Хизмат текшируви қандай тартибда ўтказилади
Хизмат текширувларини ўтказиш тартибини корхонанинг локал ҳужжатларида мустаҳкамланг. Мисол учун, хизмат текширувини ўтказиш тартибини ички меҳнат тартиби қоидаларида ёки хизмат текширувларини ўтказиш тўғрисидаги Регламент, Тартиб-таомил, Низомда белгилашингиз мумкин
.
1 қадам. Текширувга тайёрланинг
Хизмат текширувининг тайёргарлик босқичида:
- текшириш учун асос бўлган қилмиш фактини аниқланг;
- текширув мақсадларини ифодаланг;
- ҳаракатлар ҳажми ва режасини белгиланг;
- хизмат текширувининг муддатлари ва унинг учун зарур бўлган ресурсларни белгиланг;
- комиссия тузинг.
2 қадам. Хизмат текширувини ўтказиш тўғрисида буйруқ чиқаринг 
Иш берувчи хизмат текширувини ўтказиш учун буйруқ чиқаради. Буйруқда текширувнинг айнан қандай ҳужжат асосида ўтказилишини кўрсатинг – бу қилмиш содир этилганлик факти қайд этилган хизмат хати ёки ёзма доклад бўлиши мумкин.
Шунингдек буйруқда хизмат текширувини ўтказиш бўйича комиссия таркибини номма-ном кўрсатинг.
Комиссия таркибига камида 3 жамоа аъзосини, шу жумладан касаба уюшмаси вакилини, агар ташкилотда касаба уюшмаси қўмитаси бўлса, албатта киритинг.
Комиссия таркибига қуйидагиларни киритманг:
- хизмат текшируви ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилган мансабдор шахс;
- мазкур хизмат текширувининг боришида текширилиши лозим бўлган бўйсунувдаги ходимлар;
- ўзига нисбатан хизмат текшируви ўтказилаётган ходимнинг яқинлари ва қариндошлари;
- хизмат текшируви натижаларидан бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлган шахслар. Шу жумладан ходим томонидан интизомий қилмиш содир этилишига ёки интизомий қилмишнинг яширилишига дахлдорликда асосли равишда гумон қилинаётган шахслар;
- мурожаати хизмат текшируви ўтказилиши учун асос бўлиб хизмат қилган шахслар;
- ўзига нисбатан хизмат текшируви ўтказилаётган ходимлар.
Ўзига нисбатан текширув ўтказилаётган ходимни буйруқ билан таништиринг. Агар ходим буйруқ билан танишиб чиқишдан бош тортса, бу ҳақида гувоҳлар иштирокида далолатнома тузинг.
3 қадам. Комиссия хизмат текширувини ўтказади
Олинган материаллар ва маълумотлар асосида комиссия интизомий қилмиш содир этилганлик фактларининг таҳлилини ўтказади.
Комиссия иштирокчилари ташкилотнинг ходимлари билан суҳбатлашиш ва улардан ёзма тушунтиришлар олишга ҳақли. Бундан ташқари, хизмат текширувини ўтказишда ёрдам бериши мумкин бўлган ҳужжатларни талаб қилиш ва ўрганиб чиқиш; экспертлар, шу жумладан четдаги экспертлар билан маслаҳатлашишга ҳақли (МК 305-моддасининг 1 қисми).
Текширув давомида комиссия аъзолари:
- ўзига нисбатан хизмат текшируви ўтказилаётган ходимга унинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириши;
- хизмат текшируви ўтказилишининг бориши ҳақида иш берувчини хабардор қилиши;
- махфийлик сақланишини кафолатлаши шарт
.
4 қадам. Ходимни ишдан четлаштиринг
Агар ходимнинг иш жойида ҳозир бўлиши хизмат текширувини ўтказишга халақит берадиган бўлса, иш берувчи ходимни вақтинча ишдан четлаштиришга ҳақли. Ходимни фақат текширув ўтказилаётган вақтга четлаштириш мумкин. Бунда ходим четлаштирилган бутун давр мобайнида унинг ўртача иш ҳақи сақланиб қолади (МК 309-моддаси).
Ходимни ишдан четлаштириш учун иш берувчи буйруқ расмийлаштиради, буйруқ билан ходимни қўл қўйдириб таништириш керак. Ходим буйруқ билан танишиб чиқишдан бош тортган тақдирда, комиссия бу тўғрисида далолатнома расмийлаштиради. Агар ходим унга ишдан четлаштириш ҳақидаги буйруқнинг кўчирма нусхасини беришни сўраса, иш берувчи ходимнинг илтимосини қониқтириши ва буйруқнинг тасдиқланган нусхасини у мурожаат этган кунидан эътиборан уч кундан кечиктирмай бериши шарт.
Ишдан четлаштиришни қандай расмийлаштириш ҳақида янада батафсил – тавсияномада.
5 қадам. Хизмат текшируви натижаларини расмийлаштиринг 
Хизмат текшируви натижалари бўйича комиссия хизмат текшируви натижалари тўғрисида далолатнома тузади.
Хизмат текшируви тўғрисидаги далолатномага қуйидаги маълумотлар киритилади:
- ўзига нисбатан хизмат текшируви ўтказилган ходим тўғрисидаги;
- хизмат текширувини ўтказган комиссия таркиби тўғрисидаги;
- хизмат текширувини ўтказиш асослари тўғрисидаги;
- интизомий қилмиш содир этилганлиги фактининг мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги тўғрисидаги;
- интизомий қилмиш содир этилганлиги фактини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳақидаги;
- ўзига нисбатан хизмат текшируви ўтказилган ходимнинг тушунтиришларида кўрсатилган важлар тўғрисидаги;
- ходимнинг интизомий қилмиш содир этганлиги ҳолатлари ва унинг оқибатлари ҳақидаги;
- ходимнинг ўз меҳнат мажбуриятларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун унинг айбдорлигини тасдиқловчи ёки истисно этувчи материаллар тўғрисидаги;
- интизомий қилмиш содир этилганлиги натижасида ходим томонидан иш берувчига етказилган зарарнинг хусусияти ва миқдори ҳақидаги, агар зарар мавжуд бўлса.
Хизмат текшируви натижалари тўғрисидаги далолатноманинг якунловчи қисмида хизмат текшируви натижасида комиссия келган хулосалар шакллантирилади. Бундан ташқари, комиссия профилактига хусусиятига эга бўлган тавсияларни беради. Тавсиялар меҳнат интизомини кучайтиришга, ходимлар томонидан интизомий қилмишлар содир этишга имкон берадиган сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган бўлиши керак.
Хизмат текшируви натижалари бўйича далолатномани комиссия иш берувчига уч иш кунидан кечиктирмай топширади. Далолатномага қўшимча равишда комиссия барча керакли тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилади.
6 қадам. Хизмат текшируви натижаларига кўра иш берувчи томонидан қарор қабул қилиниши
Агар интизомий қилмиш содир этилганлиги факти тасдиқланса, иш берувчи:
- ходимни интизомий жавобгарликка тортишга;
- агар ходим томонидан бевосита ҳақиқий зарарнинг бевосита етказилганлиги факти аниқланган бўлса, ходимни моддий жавобгарликка тортишга;
- агар хизмат текшируви натижалари бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик ёхуд жиноят аломатлари аниқланса, текширув материалларини тегишли давлат органларига юборишга ҳақли.
Агар ходимнинг интизомий қилмиш содир этганлиги факти тасдиқланмаган бўлса, шунингдек, хизмат текширувини ўтказиш учун ходимнинг шаънига, қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи нотўғри маълумотлар асос бўлганлиги аниқланса, иш берувчи ушбу маълумотларни расман рад этиши лозим.
Бунда, агар ходимнинг шаънига, қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказилган бўлса, ходим ошкора узр сўрашлари ва маънавий зарар учун компенсация тўлашларини сўрашга тўлиқ ҳақли.


Канал в телеграм