Иш вақтидан ташқари ишларни тартибга солиш

13.11.2025

2025 йил 11 ноябрдаги ЎРҚ-1095-сон Қонунга кўра, Меҳнат кодексига иш вақтидан ташқари ишларга жалб қилиш ва уларга ҳақ тўлаш тартибига оид муҳим ўзгартишлар киритилди.

Нима ўзгарди?

1. МК 190-моддасиИш вақтидан ташқари ишларнинг энг кўп давомийлиги

♦️Қандай эди:
Иш вақтидан ташқари ишнинг давомийлиги:

  • ходим учун – сурункасига икки кун давомида тўрт соатдан (меҳнат шароитлари ноқулай бўлган ишларда – бир кунда икки соатдан);
  • йилига 120 соатдан ошмаслиги керак.

♦️Қандай бўлди:
Энди давомийлиги 120 соат бўлган йиллик чеклов нормадан чиқариб ташланди.

Иш вақтидан ташқари ишнинг давомийлиги ходим учун сурункасига икки кун давомида тўрт соатдан (меҳнат шароитлари ноқулай бўлган ишларда – бир кунда икки соатдан) ошмаслиги керак.

⚠️ Бу нимани англатади:

  • Ҳар кунги давомийлик бўйича чекловлар сақланиб қолди;
  • лекин умумий йиллик чеклов бекор қилинди.

Бу иш берувчиларга бошқа кафолатларга (ходимнинг розилиги, тиббий чекловлар, вақтни ҳисобга олиш ва бошқалар) риоя қилиш шарти билан иш вақтидан ташқари ишларни янада мослашувчан равишда режалаштириш имконини беради.

2. МК 262-моддасиИш вақтидан ташқари иш учун ҳақ тўлаш

♦️Қандай эди:

Иш вақтидан ташқари иш учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланар эди.

♦️Қандай бўлди:
Энди тўлов тартиби дифференциациялаштирилди:

Кунига белгиланган иш вақтидан ташқари ишнинг биринчи икки соати учун –  камида 1,5 ҳисса миқдорида,
икки соатдан ортиқ қисми учун – камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади.
Меҳнат шароитлари ноқулай бўлган ишларда ишнинг ҳар бир соати учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади.

⚠️ Бу нимани англатади:

  • Иш вақтидан ташқари ишнинг давомийлиги бўйича бўлиш жорий этилди – дастлабки икки соат учун кейинги соатларга нисбатан камроқ миқдорда ҳақ тўланади.
  • Меҳнат шароитлари ноқулай бўлган ишлардаги ходимлар учун меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари аввалгидек қолдирилди – иш вақтидан ташқари ишнинг ҳар бир соати учун икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади.

Бу иш берувчилар ва ходимлар учун нимани англатади?

Иш берувчилар учун:

  • Ишни ташкил этишда кўпроқ мослашувчанлик – йилига 120 соатлик чеклов йўқ, бироқ ҳақиқатда иш вақтидан ташқари ишланган соатлар ҳисобини юритиш ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш ва дам олиш нормаларига риоя қилиш зарур.
  • Янги ҳақ тўлаш механизмини ҳисобга олиш учун, локал ҳужжатлар ва иш ҳақини ҳисоблаш тартибига ўзгартиришлар киритиш лозим.

Ходимлар учун:

  • Иш вақтидан ташқари ишларга ҳақ тўлашнинг янги тартиби пайдо бўлди – дастлабки икки соат учун 1,5 баравар, кейинги соатлар учун эса – 2 баравар миқдорда ҳақ тўланади.
  • Ноқулай меҳнат шароитларидаги иш учун юқори ҳимоя – иш вақтидан ташқари ишнинг ҳар бир соати учун икки ҳисса миқдорида ҳақ тўлаш сақланиб қолади.

Хулоса

ЎРҚ-1095-сон Қонун иш вақтидан ташқари ишларни тартибга солишни янгилади:

⭕️Йиллик чеклов (120 соат) бекор қилинди;

⭕️Дифференциациялаштирилган ҳақ тўлаш белгиланди – давомийлигига қараб, 1,5 баравар ва 2 баравар.

Иш берувчилар иш вақти ва меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги низомларни, уларни Меҳнат кодексининг янги нормаларига мувофиқлаштириш учун, қайта кўриб чиқишлари керак.

Чтобы получать новости от Kadrovik.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал