Аввалги ходим ишга тикланганда меҳнат шартномасини бекор қилиш тартиби
Тавсияда:
- меҳнат шартномасини МКнинг 168-моддаси 1-қисмининг 2-банди бўйича бекор қилиш ҳолатлари;
- ишга тикланган ходимнинг ўрнига қабул қилинган ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишни расмийлаштириш.
Меҳнат шартномаси қандай ҳолларда МКнинг 168-моддаси 1-қисми 2-банди бўйича бекор қилинади
Баъзан иш берувчи аввалги ходимни ишга тиклаш ёки бошқа шахсни ишга қабул қилиш зарурати туфайли ишлаб турган ходимни ишдан бўшатишга мажбур бўладиган ҳолатлар учраб туради. Мазкур ҳолатда меҳнат шартномасини бекор қилиш МКнинг 168-моддаси биринчи қисмининг 2-банди бўйича амалга оширилади.
Томонларнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлмаган қуйидаги ҳолатлар ишдан бўшатиш учун асос ҳисобланади (20.11.2023 й. 26-сон ОСПҚ, 50-б.):
1) қуйидагилар асосида ишдан ноқонуний бўшатилган ходимни аввалги ишга тиклаш:
а) қуйидагиларнинг қарори:
– суд;
– юқори турувчи орган (мавжуд бўлган тақдирда);
– ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилган иш берувчининг;
б) меҳнат қонунчилигига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширувчи органларнинг талаблари (масалан, прокурор протести, давлат меҳнат инспекторининг кўрсатмаси).
2) бошқа ишга ноқонуний равишда ўтказилган ходимни аввалги ишига юқорида кўрсатилган органларнинг қарори ва меҳнат низолари комиссиясининг (бундан кейинги ўринларда МНК деб юритилади) қарори асосида тиклаш. Бошқа ишга ўтказишнинг қонунийлиги тўғрисидаги низолар нафақат суд (қонунга хилоф равишда ишдан бўшатилгандаги каби), балки МНК томонидан ҳам кўриб чиқилиши мумкин
.
3) Ғайриқонуний равишда ҳукм қилинганлиги муносабати билан ишдан бўшатилган ходимни ишга тиклаш.
Реабилитация қилинган шахсга аввалги иши (лавозими) тақдим қилиниши, бунинг имкони бўлмаган тақдирда эса, унга аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилиши керак. Ишга тиклаш учун, масалан, ташкилот ёки унинг алоҳида бўлинмасини тугатиш тўсқинлик қилиши мумкин. Бундай ҳолда бошқа тенг иш бериш билан маҳаллий меҳнат органлари шуғулланади
.
4) Ишга қабул қилишни рад этиш ноқонуний деб топилганлиги муносабати билан иш берувчига ишга қабул қилиш мажбуриятини суд томонидан юклаш.
Ишга қабул қилиш ноқонуний рад этилган деб ҳисоблаган шахс бу ҳақда судга шикоят қилиши мумкин. Агар суд бундай рад этишни ноқонуний деб топган бўлса, шахс бундай рад этиш юз берган кундан эътиборан ишга қабул қилинган деб тан олинади.
Шундай қилиб, юқорида кўрсатилган барча ҳолларда, агар аввалги ходимни тиклаш ёки янги ходимни ишга қабул қилиш зарур бўлса, аммо бу ўринда бошқа шахс ишлаётган бўлса, иш берувчи у билан меҳнат шартномасини МК 168-м. 1-қ. 2-б. бўйича бекор қилиши керак.
Тикланган ходимнинг ўрнига ишга қабул қилинган шахс билан меҳнат шартномасини бекор қилишни қандай расмийлаштириш керак
Меҳнат шартномаси МК 168-м. 1-қ. 2-б. Бўйича бекор қилинганда:
- касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи розилигини олиш шарт эмас
.; - ходимни меҳнат шартномасини бўлғуси бекор қилиш тўғрисида огоҳлантириш шарт эмас
.; - ҳомиладор аёл билан, шунингдек 3 ёшгача боласи бор аёл билан ёки 3 ёшгача бўлган болани ёлғиз тарбиялаётган ота (васий) билан меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкин

.; - ходим касаллик таътилида, таътилда, хизмат сафарида бўлганида, давлат ёки жамоат вазифаларини бажараётганда меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкин. Бунда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси ишдан бўшатилгандан кейинги касаллик даврини қўшган ҳолда тўлиқ ҳажмда тўланади (Низом 4-б., 31.05.2024 й. 314-сон ВМҚ билан тасдиқланган).
Шу билан бирга иш берувчи ишдан бўшатишдан олдин ходимни ишга жойлаштириш чораларини кўриши шарт. Ходимга унинг мутахассислиги ва малакасига мос келадиган иш, у мавжуд бўлмаган тақдирда эса бошқа бўш иш (шу жумладан, кам ҳақ тўланадиган ва қуйи лавозим бўйича) таклиф қилинг. Агар ташкилотда бўш иш ўринлари бўлмаса ёки ходим ўзига таклиф этилган ишни рад этса, у билан меҳнат шартномаси МК 168-м. 1-қ. 2-бандига мувофиқ бекор қилинади.
Бошқа иш таклифини қандай тўғри расмийлаштириш ва бунда хато қилмаслик ҳақида – бу ерда ўқинг.
Меҳнат шартномасини бекор қилиш учун:
1. Аввалги ходимнинг ишга тикланганлиги ёки шахс ишга қабул қилинган деб топилганлиги тўғрисидаги ҳужжатни олинг (суд, МНК ёки юқори турувчи органнинг қарори, прокурор протести, меҳнат инспекторининг кўрсатмаси ва б.).
2. Буйруқ билан аввалги ходимни ишга тикланг ёки ишга янги ходимни қабул қилинг.
– Иш берувчи суд қарори эълон қилинган куни суд қарорини олмасдан туриб ходимни ишга тиклаши шартми? Ёки ҳужжатнинг олинишини кутиб, шундан кейингина ходимни ишга тиклаш тўғрисида буйруқ чиқариш ва унинг ўрнига қабул қилинган ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш керакми?
– Суднинг ғайриқонуний равишда ишдан бўшатилган ходимни ишга тиклаш тўғрисидаги қарори дарҳол ижро этилиши лозим. Агар иш берувчи бундай қарорнинг ижросини кечиктирса, суд унга ходимга кечикишнинг бутун вақти учун ўртача иш ҳақини тўлиқ миқдорда тўлаш мажбуриятини юклайди
.
Бунда «дарҳол этиш»ни қандай тушуниш керак? Агар қарор иш куни охирида, соат 17:00 да эълон қилинган бўлса-чи? Қонун бу саволга тўғридан-тўғри жавоб бермайди. Албатта, агар имконият бўлса, ишга тиклаш тўғрисидаги буйруқни суд қарори ўқиб эшиттирилган куни чиқариш мақсадга мувофиқ. Ходим тўғри суд залидан иш жойига боришга ҳақли, иш берувчи эса уни ишга қўйишга мажбур.
Тегишинча, шу куннинг ўзида унинг ўрнига ишга қабул қилинган ходим билан меҳнат шартномасини МК 168-модда 1-қисм 2-банди бўйича бекор қилиш тўғрисида яна битта буйруқ чиқариш керак. Лекин, одатда, шаклланган амалиётга кўра, ходим ўз меҳнат вазифаларини бажаришга суд қарори чиқарилган куннинг эртасига киришади.
Тегишинча, иш берувчи ходимни ишга тиклаш ва у билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқни бекор қилиш тўғрисида суд қарори чиқарилган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмай буйруқ чиқариши лозим. Шу муносабат билан, ишга тикланган ходимнинг ўрнида ишлаётган ходим шу куннинг ўзида ишдан бўшатилиши керак.
Агар суднинг ҳал қилув қарори эълон қилинган кунда берилмаган бўлса, тикланган ходимнинг ўрнига ишга қабул қилинган ходимни ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқда асос сифатида қарор эълон қилинган факт ва санани кўрсатинг.
Суд қарори билан аввалги ходимни ишга тиклаш тартиби ҳақида батафсил – тавсияда ўқинг.
3. Мос бўш иш ўринлари мавжуд бўлганда, уларни ишдан бўшатилаётган ходимга таклиф қилинг. Ходимнинг ёзма розилиги билан бошқа ишга ўтказишни расмийлаштиринг. Ходим таклиф этилган ишни рад этганда, шунингдек ташкилотда бўш иш ўринлари мавжуд бўлмаганда – қуйидаги ҳаракатларни бажаринг.
4. МК 168-моддаси 1-қисмининг 2-бандига таянган ҳолда ишдан бўшатишга сабаб бўлган аниқ ҳолатни кўрсатган ҳолда меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида буйруқ расмийлаштиринг. Аввалги ходимни ишга тиклаш тўғрисида суднинг қарори олинмаган тақдирда, унинг ўрнига қабул қилинган ходимни ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқда асос сифатида қарорни ўқиб эшиттириш факти ва санасини кўрсатинг. Кейинчалик қарорнинг нусхаси олинганда уни меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруққа илова қилинг.
5. Меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида Т-2 шаклидаги шахсий карточкага ёзиб қўйинг ва ходимни у билан имзо қўйдириб таништиринг.
6. Охирги иш кунида:
- меҳнат шартномасининг бекор қилинишини Ягона миллий меҳнат тизими my.mehnat.uz сайтида рўйхатдан ўтказинг;
- ходимга тўлдирилган қоғоз меҳнат дафтарчаси (мавжуд бўлган тақдирда), электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирма ва меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқ нусхасини беринг;
- ходим билан ҳисоб-китоб қилинг, шу жумладан ишдан бўшатиш нафақасини тўланг.
Ишдан бўшатишни расмийлаштиришнинг умумий тартибини қадам-бақадам ҳаракатлар алгоритми билан, шу жумладан буйруқни тўғри тузиш ва унинг нусхасини ходимга бериш, меҳнат дафтарчасини тўлдириш ва бериш ҳақида тавсияда ўқинг: «Меҳнат шартномасини бекор қилишни қандай расмийлаштириш керак».
Ишдан бўшатганда нималарни тўлаб бериш керак
Меҳнат шартномаси МКнинг 168-моддаси 1-қисм 2-банди бўйича бекор қилинганда, МКнинг 172-моддасига мувофиқ ходим билан тўлиқ ҳисоб-китобни амалга оширинг, шу жумладан:
• тўлиқ олинмаган иш ҳақи;
• ходим томонидан фойдаланилмаган барча асосий ва қўшимча таътиллар (агар улар мавжуд бўлса) учун компенсациялар
. Агар ходим меҳнат таътилини олган иш йили тугагунга қадар ишдан бўшатилаётган бўлса, таътилнинг ишлаб берилмаган кунлари учун ушлаб қолиш амалга оширилмайди
.
• ишдан бўшатиш нафақаси МКнинг 173-моддасида белгиланган миқдорда, ходимнинг мазкур иш берувчидаги стажига қараб;
• бошқа суммалар, агар улар меҳнат қонунчилигида, жамоа келишувида, жамоа шартномасида, ички ҳужжатларда ёки меҳнат шартномасида назарда тутилган бўлса.
Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходим билан қандай ҳисоб-китоб қилиш ҳақида тавсиянинг тегишли бўлимида батафсил ўқишингиз мумкин: «Меҳнат шартномасини бекор қилишни қандай расмийлаштириш керак».
МКнинг 168-модда 1-қисми 2-банди бўйича ишдан бўшатилаётган ходимда иш қидириш даврида ишдан бўшатиш нафақаси ҳисобга олинган ҳолда унинг ўртача ойлик иш ҳақи сақлаб қолинади, бироқ кўпи билан икки ойга
.
Агар ходим ишдан бўшагандан кейин 30 календарь кун ичида маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтган бўлса, у учинчи ой учун ҳам ўртача иш ҳақини олишга ҳақли. Бунинг учун у аввалги иш жойи бўйича маҳаллий меҳнат органи томонидан берилган маълумотномани тақдим этиши керак
.
- Аввалги ходим ишга тикланганда меҳнат шартномасини бекор қилиш тартиби
- Тарафларнинг ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бўйича меҳнат шартномасини қандай бекор қилиш мумкин
- Ишга қабул қилиш қоидалари бузилиши муносабати билан меҳнат шартномаси қандай бекор қилинади
- Ходимнинг вафоти муносабати билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тартиби
- Меҳнат шартномасини қонунга хилоф равишда бекор қилишнинг ҳуқуқий оқибатлари қандай


Канал в телеграм