Ишдан бўшатилаётган ходимга бошқа вазифани қай тарзда таклиф қилиш керак

05.04.2024
author avatar

Михаил ГАСАНОВ

author avatar

Ленара ХИКМАТОВА

«Норма» эксперти

Агар меҳнат шартномаси қуйидаги сабаблар билан бекор қилинаётган бўлса, иш берувчи ходимга бошқа иш таклиф қилиши керак:

  • ходим соғлиғи ҳолати бўйича қарши кўрсатма бўлмаган бошқа иш бўлмаса,  ходим соғлиғи ҳолати бўйича қарши кўрсатма бўлмаган бошқа ишга ўтказилишини рад этса ;
  • технологиянинг, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишнинг ўзгариши, ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажмининг қисқариши билан боғлиқ бўлган ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси), якка тартибдаги тадбиркор ходимлари сони ёки штати ўзгарса ;
  • ходим малакаси етарли бўлмаганлиги сабабли бажараётган ишига ёки эгаллаб турган лавозимига мувофиқ бўлмаса. Бу ҳолатда иш берувчи ходимга унинг мутахассислигига мос келадиган, пастроқ малака талаб этиладиган ишни, бундай иш мавжуд бўлмаганда эса иш берувчида мавжуд бўлган бошқа ишни таклиф этиши шарт ;
  • шу ишни илгари бажариб келган ходим аввалги ишига тикланса .;
  • ишга қабул қилишга доир белгиланган қоидаларнинг бузилганлиги, агар йўл қўйилган қоидабузарликни бартараф этиш имкони бўлмаса ва у ишни давом эттиришга тўсқинлик қилса ;
  • қонунчиликка мувофиқ меҳнатга оид муносабатларни давом эттиришга монелик қиладиган ҳолатлар юзага келса (давлат сирларидан фойдаланиш ҳуқуқи бекор қилинганлиги, агар бажарилаётган иш бундай фойдаланиш ҳуқуқини талаб қилса, муайян ишни бажаришга доир рухсатномадан ёки лицензиядан маҳрум этилганлиги ва бошқалар) ;
  • Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида доимий асосда ишлаган Сенат аъзосининг ваколатлари муддати тугаганлиги ёки Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати тарқатиб юборилганлиги муносабати билан аввалги лавозимига (ишига) қайтса;
  • ташкилот мулкдори ўзгарганлиги муносабати билан. Ташкилот мулкдори ўзгарганлиги муносабати билан меҳнат шартномасини бекор қилишга ташкилот раҳбари, унинг ўринбосарлари, ташкилот бош бухгалтери ва ташкилот алоҳида бўлинмаси раҳбарига нисбатан йўл қўйилади .
Муҳим!

Юқорида келтирилган асосларда ишдан бўшатилаётган ходимларни ишга жойлаштириш – меҳнат шартномасини бекор қилишнинг қонунийлиги шартларидан биридир. Агар иш берувчи бундай имкониятга эга бўла туриб, ходимга бошқа иш таклиф қилмаган бўлса, бу қуйидаги оқибатларга олиб келиши мумкин:

– ходимни аввалги иш жойига тиклаш. Бу иш берувчига қанчага  тушиши мумкинлигини «Суд ишдан бўшатишни ноқонуний деб топса» мақоласидан билиб олишингиз мумкин;

– МЖТКнинг 49-моддасига кўра мансабдор шахснинг маъмурий жавобгарликка тортилиши.

Қандай ишни таклиф қилиш керак

Дастлаб ходимнинг мутахассислиги ва малакасига мос келадиган ишни таклиф қилинг. Агар бундай иш бўлмаса, корхонада мавжуд бўлган бошқа ишни, ҳатто у лавозими бўйича пастроқ ва камроқ ҳақ тўланадиган бўлса ҳам, таклиф этинг .

Ходим малакаси етарли бўлмаганлиги сабабли бажараётган ишига ёки эгаллаб турган лавозимига мувофиқ бўлмагани учун меҳнат шартномаси бекор қилинаётганда, ходимнинг мутахассислигига мос келадиган, пастроқ малака талаб этиладиган, бундай иш бўлмаса – иш берувчида мавжуд бўлган бошқа ишни таклиф этинг .

Агар тиббий хулосага мувофиқ ходимга меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган ишни бажаришга қарши кўрсатма бўлса, иш берувчи ходимни тиббий хулосага мос келадиган бошқа ишга ўтказишни таклиф этиши керак. Бунда ходимга ўзида мавжуд бўлган мутахассислик ва малака бўйича иш таклиф этилиши, иш берувчида бундай иш мавжуд бўлмаган тақдирда эса бошқа иш таклиф этилиши керак .

Агар иш берувчида доимий хусусиятга эга иш мавжуд бўлмаса, бироқ муддатли меҳнат шартномаси бўйича бажарилиши мумкин бўлган иш мавжуд бўлса, иш берувчи ходимга шундай ишга ўтишни таклиф этиши шарт. Бундай ҳолда ходимни муддатли меҳнат шартномаси бўйича бошқа ишга ўтказиш амалга оширилади .

Агар бўш иш ўринлари бўлмаса, бу тўғрисида ходимга хабар беринг.

Юқорида келтирилган асослар бўйича меҳнат шартномасини бекор қилиш қуйидаги вазиятларда қонуний бўлади:

  • иш берувчида бўш (вакант) ўринлар ёки ходим соғлиғи ҳолати бўйича қарши кўрсатма бўлмаган иш мавжуд бўлмаганда;
  • ходим таклиф этилган бошқа ишга ўтишни рад этганда;
  • ходим ушбу ишни бажариш учун зарур бўлган малака талабларига мувофиқ эмаслиги сабабли уни бошқа ишга ўтказиш мумкин бўлмаганда .

Иш берувчилар кўпинча қандай хатоларга йўл қўйишади

1-мисол.

Иш берувчи нотўғри иш таклиф қилди

Лавозимининг қисқариши туфайли моддий бухгалтерга кассир сифатида ишлаш таклиф қилинди. Шу вақтда корхонода ҳисоб-китоб бухгалтерининг лавозими бўш эди. 

Бу вазиятда иш берувчининг ҳаракатлари ноқонунийдир, чунки унда ходимани ўз мутахассислиги бўйича  ишга жойлаштириш имкони бор эди.

2-мисол.

Иш берувчи бўш иш ўрнини таклиф қилмади

Ташкилотда ижтимоий суғурта бўйича бош мутахассис лавозими қисқартирилди. Меҳнат шартномасини бекор қилиш вақтида иш берувчида фақат битта - хўжалик мудири лавозимида бўш иш ўрни бор эди. Иш берувчи уни қисқартирилаётган ходимага таклиф қилмади, чунки у бундай ҳаракат– олий маълумотли ва катта профессионал тажрибага эга бўлган мутахассисга хўжалик мудири сифатида ишлашни таклиф қилиш одоб-ахлоққа тўғри келмайди ва нотўғри бўлади деб ҳисоблади. Бундан ташқари у ходима бу ишни барибир рад этишига ишончи комил бўлган. 

Бироқ ишдан бўшатилгандан сўнг ходима судга иш жойига тиклаш талаби билан мурожаат қилди. У ўз даъвосини мавжуд бўлган бўш иш ўрни ҳақида билмаслиги ва хўжалик мудири сифатида ишлашга рози бўлиши билан асослади. Унинг пенсияга чиқишига атиги 3 йил қолган, бошқа ишга жойлашиш эса ёши туфайли муаммоли. 

Суд даъвони қондирди, иш берувчи эса ишга тикланган ходимага мажбурий  прогул вақти учун пул тўлади. Бундан ташқари хўжалик мудири сифатида ишга олинган ходимага меҳнат шартномаси бекор қилинганда ишдан бўшатиш нафақасини ҳам тўлашга тўғри келди .

Эътибор беринг
Ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинадиган кунгача ташкилотда пайда бўлган бўш иш ўринларини доимий равишда таклиф қилиш керак. Охирги иш кунида меҳнат низосига йўл қўймаслик учун ходимга мос яна барча бўш иш ўринларини таклиф қилган маъқул.
3-мисол.

Иш берувчи пайдо бўлган бўш иш ўрнини таклиф қилмади

Штат бирлиги  қисқартирилаётганда қоровулга бўш иш ўрни йўқлиги ҳақида эълон қилинди. Бироқ меҳнат шартномаси бекор қилинишидан бир кун олдин боғбоннинг жойи бўшади. Бу ҳақда қоровулга хабар бермасдан, гарчи боғбоннинг бўш иш ўрни мос ва ходимга таклиф қилиниши мумкин бўлган бўлса ҳам, иш берувчи у билан меҳнат шартномасини бекор қилди. 

Судга мурожаат қилгандан сўнг қоровул аввалги ишига тикланди ва боғбон қилиб ўтказилди. Ушбу жойга аллақачон қабул қилинган ходим билан меҳнат шартномасини Меҳнат кодексининг 168-моддаси 1-қисмининг 2-бандига кўра бекор қилишга тўғри келди.

Бўш иш ўрни таклифини қандай расмийлаштириш керак

Қонунда бошқа иш таклиф қилишнинг мажбурий ёзма шакли белгиланмаган. Аммо агар меҳнат низоси юзага келса, иш берувчи буни ҳақиқатан ҳам қилганини исботлаши керак бўлади. Шунинг учун тартиб-таомилни ёзма расмийлаштиришга эътиборериш керак.

Ташкилотда бўш иш ўринлари мавжудлиги тўғрисида ёзма хабарнома тузинг. Хабарнома ташкилот раҳбари ёки ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган бошқа мансабдор шахс томонидан имзоланади.

Ҳужжатда ташкилотда мавжуд бўлган бўш иш ўринлари рўйхатини – имкон қадар иш ҳақи миқдори билан кўрсатинг. Шунингдек, ҳужжатда иш берувчи томонидан таклиф қилинган иш рад этилган тақдирда ходим билан умумий асосларда меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳуқуқи тўғрисидаги маълумотларни акс эттиринг.

Хабарномани ходимга имзосини қўйдириб топширинг. Агар ходим хабарномани олишдан бош тортса, гувоҳлар иштирокида бу ҳақда далолатнома тузинг.

Агар ходим таклиф қилинган ишдан бош тортса, бу фактни қайд қилиб қўйинг. Бу қуйидаги йўллар билан амалга оширилиши мумкин:

1. Ходим таклиф қилинган бўш иш ўринлари кўрсатилган хабарномада қарорини ёзув киритиш орқали билдириши мумкин: «Мен таклиф қилинган бўш иш ўрнига ўтишни рад этаман»;

2. Таклиф қилинган бўш иш ўринларига ўтишни рад этиш тўғрисида ходимнинг аризасини олиш мумкин: «Бошқа ишга ўтиш таклифи менга топширилди, мен таклиф қилинган ишни рад этаман»;

3. Агар ходим рад жавобини ёзма равишда қайд этишни истамаса, ҳозир бўлган гувоҳларни кўрсатган ҳолда далолатнома тузиш мумкин. Далолатномада ходимга бошқа иш таклиф қилинганлиги,  лекин у буни рад этгани ёки умуман ҳеч қандай жавоб бермаганини акс эттиринг.

Ходимнинг таклиф қилинган бўш иш ўринларидан бирига ўтишдан бош тортиши у билан умумий асосларда меҳнат шартномасини бекор қилишга асос бўлади.

Чтобы получать новости от Kadrovik.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал