Касаллик нафақасини қачон ва қандай тўлаш керак

27.03.2024

Тавсияда:

– меҳнатга лаёқатсизлик варақасини қайси муассасалар беришга ҳақли;

– вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси қайси кунлар учун тўланади;

– вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақаларни тўламаганлик учун ташкилотларнинг жавобгарлиги ва тўлов манбалари.

Эътибор беринг
Тавсиялар 2023 йил 30 апрелдан амал қилади ҳамда ушбу масала юзасидан меъёрий-ҳуқуқий хужжатлар қабул қилинганидан сўнг қўшимча тарзда аниқлаштирилиши мумкин.

Меҳнатга лаёқатсизлик варақасини қайси муассасалар беришга ҳақли 

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасини тайинлаш учун вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси асос бўлади . Уни, қоида тариқасида, давлат соғлиқни сақлаш тизими, шу жумладан, вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотларига қарашли даволаш-профилактика муассасалари беради .

Вақтинчалик карантинда сақлашга мослаштирилган мажмуада карантинга олинган шахсларга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси карантинда бўлган тўлиқ кунларига Санитария-эпидемиологик осойишталик ва аҳоли саломатлиги хизматининг ҳудудий бўлинмалари томонидан берилади .

Карантинга жойлаштирилган шахслар, шунингдек карантинга жойлаштирилган 14 ёшгача бўлган болани парвариш қилаётган шахслар меҳнатга лаёқатсизлик гувоҳномасини иш берувчига электрон шаклда юборишлари мумкин .

Эътибор беринг

Хусусий даволаш муассасалари меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини қуйидаги шартларда, агарда :

  • меҳнатга вақтинча лаёқатсизликни экспертиза қилиш ёки тиббий-ижтимоий экспертиза бўйича етарли малакага эга бўлган ходимлари бўлса;
  • стационар шароитда фаолият юритганда беришлари мумкин.

 Қуйидаги шифокорлар меҳнатга лаёқатсизлик варақаси беришга ҳақли эмас :

  • тез тиббий ёрдам ва қон билан ишлаш хизмати;
  • шифохоналарнинг қабул бўлимлари;
  • суд-тиббий экспертиза муассасалари;
  • пансионат ва санаторий-курортлар, сил касалликлари санаторийлари бундан мустасно;
  • физиотерапия, даволаш физкультураси ва спорт тиббиёти ихтисосликлари бўйича тиббий муассасалар.

Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси қайси кунлар учун тўланади

Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақаларни ҳисоблашда ва тўлашда Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низомга риоя қилинг.

Нафақа, агар уни олиш ҳуқуқи иш берувчи билан меҳнат муносабатларида бўлган даврда, шунингдек синов даври ҳамда ишдан бўшатилган кунларни ҳам инобатга олган ҳолда, пайдо бўлса берилади . Келгусида ишдан бўшатилиши тўғрисида огоҳлантириш даврида касал бўлиб қолган ходимга умумий асосда касаллик даврини тўланг.

Вазият
Ходимнинг ташаббуси билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда касаллик таътилини тўлаш

Ходим ўз хоҳиши билан ишдан бўшаши тўғрисида ариза берди . Меҳнат шартномаси бекор қилинган куни у касал бўлди ва ишга чиқмади ҳамда 5 кунлик касаллик таътилини расмийлаштирди.

Иш берувчи вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик варақасини расмийлаштирганлигига қарамай ходимни МК 160-моддасига биноан ишдан бўшатиш ҳуқуқига эга.

Иш берувчи касаллик таътилида кўрсатилган барча кунлар учун ходимга нафақа тўлаши шарт, чунки уни олиш ҳуқуқи охирги иш кунида пайдо бўлди.

Вазият
Иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда касаллик таътилини тўлаш

Ходим касал бўлди ва штатнинг қисқартирилиши сабабли меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида огоҳлантириш даврида касаллик таътилини расмийлаштирди .

Иш берувчи, ходимнинг касаллиги даврида меҳнат шартномасини ўзининг ташаббуси билан бекор қилиш ҳуқуқига эга эмас . Ходимга нафақа меҳнатга лаёқатсизлик варақасида кўрсатилган барча кунлар учун тўланади.

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси ходимга қуйидаги ҳолларда берилади :

  • вақтинча меҳнат қобилиятини йўқотиш билан боғлиқ касалликда (шикастланишда);
  • санаторий-курортларда даволанганда;
  • касалланган оила аъзосини парваришлаш зарур бўлганда;
  • карантинда;
  • сил ёки касб касаллиги туфайли вақтинча бошқа ишга ўтказилганда;
  • меҳнат қобилиятини тиклаш ёки ясама аъзо (протез) қўйдириш учун реабилитация муассасаларига ётқизилганда.

Ходимнинг меҳнатга қобилиятсизлик кунлари йиллик (асосий ва қўшимча) таътил даврига тўғри келган ҳолларда, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасида кўрсатилган барча кунлар учун нафақа тўланади .

Агар сизда меҳнатга лаёқатсизлик варақаси бўлса ҳам, ходимга вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини қуйидаги ҳолларда тўламанг :

  • ишдан ёки бошқа вазифалардан бўйин товлаш мақсадида ўз саломатлигига атайлаб зиён етказган ёхуд ўзини касалликка солганда;
  • гиёҳвандлик ёки мастлик билан боғлиқ ҳаракатлар оқибатида, шунингдек спиртли ва гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилиш натижасида; 
  • жиноят содир қилиш вақтида жароҳатланганда;
  • суд қарори асосида мажбурий даволанишга юборилганда (руҳий касаллардан ташқари);
  • ҳибсда бўлган даврда;
  • суд-тиббиёт экспертизасидан ўтган даврида;
  • меҳнат қобилияти тикланган кундан бошлаб 6 ойдан кейин мурожаат қилганда (ногиронликни белгилаш, ҳомиладорлик ва туғруқ таътилининг тугаши, боланинг туғилиши ёки вафот этган кундан бошлаб) .

Шунингдек, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик қуйидаги даврларга тўғри келганда ҳам нафақа тўламанг :

  • иш ҳақи сақланмаган таътилга;
  • болани парваришлаш бўйича таътилга;
  • иш вақтинча тўхтатилган;
  • ходим ишдан (лавозимдан) четлаштирилиб, иш ҳақи тўлаш тўхтатиб қўйилганлиги сабабли ишламаганлигига;
  • ҳарбий ўқув ёки текширув йиғинига;
  • ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқув юртларида таҳсил олиш муносабати билан берилган қўшимча таътилга.

Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақаларни тўламаганлик учун ташкилотларнинг жавобгарлиги ва тўлов манбалари 

Касаллик таътилларини қуйидагилар тўлайди :

  • бюджет ташкилотлари томонидан – меҳнат ҳақи жамғармасига ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида;
  • нобюджет ташкилотлари томонидан – шахсий маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Бу харажатлар давлат томонидан қопланмайди.

Нафақани ойига бир марта – ойнинг иккинчи ярми учун бериладиган иш ҳақи билан бирга тўланг .

Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақа тўлаш мажбуриятини бажаришдан бўйин товлаганлик учун маъмурий жазо назарда тутилади – БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача жарима . Худди шундай ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил ичида яна содир этилган бўлса, БҲМнинг 15 бараваридан 30 бараваригача жарима белгиланган.

Чтобы получать новости от Kadrovik.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал