Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик (касаллик ) нафақаси қачон ва қандай тўланади

27.03.2024
author avatar

Валерия ЛЯНДРЕС

«Норма» эксперти

Тавсияномада:

– қандай муассасалар меҳнатга лаёқатсизлик варақасини бериш ҳуқуқига эга;

– вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси қандай кунлар учун тўланади;

– вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини тўлаш манбалари ва       тўланмаганлиги учун жавобгарлик;

– вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси миқдорини аниқлаш учун иш стажи;

– ходим узоқ вақт меҳнатга лаёқатсиз бўлганда тўланадиган ҳақ.

Қандай муассасалар меҳнатга лаёқатсизлик варақасини бериш ҳуқуқига эга

Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини тайинлаш учун меҳнатга лаёқатсизлик варақаси асос бўлади. Уни, одатда, давлат даволаш-профилактика муассасалари (ДПМ), шу жумладан вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотларининг даволаш-профилактика муассасалари беради.

Карантинга олинган шахсларга карантин кунлари учун меҳнатга лаёқатсизлик варақаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳудудий бўлимларининг эпидемиологи ёки санитар врачи томонидан берилади.

Карантинга олинган шахслар, шунингдек карантинга олинган шахсларнинг 14 ёшгача бўлган болаларини парвариш қилаётган шахслар иш берувчига меҳнатга лаёқатсизлик варақасини электрон шаклда юборишлари мумкин.

Эътибор беринг

Хусусий даволаш муассасалари қуйидаги ҳолларда меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини беришга ҳақли, башарти улар:

  • меҳнатга вақтинчалик лаёқатсизликни экспертиза қилиш ёки тиббий-ижтимоий экспертиза бўйича етарли малакали ходимга эга бўлса;
  • стационар шароитда фаолият юритса.

Қуйидаги муассасаларнинг шифокорлари меҳнатга лаёқатсизлик варақаси беришга ҳақли эмас:

  • тез тиббий ёрдам ва қон билан ишлаш хизмати;
  • шифохоналарнинг қабул бўлимлари;
  • суд-тиббий экспертиза муассасалари;
  • пансионат ва санаторий-курортлар (сил касалликлари санаториялари бундан мустасно);
  • физиотерапия, даволаш физкультураси ва спорт тиббиёти ихтисосликлари бўйича тиббий муассасалар.
Вазият
ДПМ маълумотномаси касаллик варақаси ўрнини босадими
Ходимимиз тиббиёт муассасаси томонидан берилган вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномасини тақдим этди. Ҳужжат қўлда тўлдирилган. Аниқлик киритиш учун ушбу тиббиёт муассасасига мурожаат қилдик, у ерда амбулатор даволаниш факти тасдиқланди. Ушбу маълумотномани тўлиқ касаллик варақаси сифатида қабул қилишимиз мумкинми, чунки бугунги кунда меҳнатга лаёқатсизлик варақаларининг электрон шакли амал қилади?

Берилган маълумотнома ўз-ўзидан вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси тайинланишига асос бўладиган ҳужжат сифатида тан олиниши мумкин эмас. Ходимни ишдан озод қилиш ва унга нафақа ҳисоблаш учун, эркин шаклда расмийлаштирилган маълумотнома эмас, балки белгиланган тартибда берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақаси асос бўлади. Ҳозирги кунда касаллик варақасининг электрон шакли жорий этилган бўлиб, иш берувчи ҳисобга айнан шундай ҳужжатларни қабул қилиши шарт.

Kadrovik.uz рекомендует
Иш берувчи вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик варақасини қандай тўғри расмийлаштириши керак, экспертларнинг тавсияномасида билиб олинг

Бунда олинган маълумотнома ходим ҳақиқатан ҳам даволанишда бўлганлиги ва унинг ишда бўлмаганлиги узрли сабаблар билан боғлиқлигининг далили бўлиб хизмат қилиши мумкин. Яъни ишда бўлмаслик – прогул эмас, балки узрли сабабларга кўра бўлмаслик вақтидир. Бироқ меҳнатга лаёқатсизлик даврини тўғри расмийлаштириш ва кейинчалик ҳақ тўлаш учун, ДПМ ходимга электрон тизимда акс эттириладиган белгиланган намунадаги меҳнатга лаёқатсизлик варақасини расмийлаштириши зарур.

Маслаҳат

Маълумотнома матнини диққат билан ўрганиб чиқинг: унда касаллик варақасини расмийлаштиришни рад этиш сабаби кўрсатилган бўлиши мумкин.

Ходимга маълумотноманинг ўзи учун ҳақ тўланмаслигини тушунтиринг ва нима учун касаллик варақаси эмас, балки фақат маълумотнома берилганини аниқлаш учун тиббиёт муассасасига шахсан мурожаат қилишни тавсия этинг. Агар ДПМда хатога йўл қўйилган бўлса – белгиланган тартибда меҳнатга лаёқатсизлик варақаси расмийлаштирилиши керак.

Шундай қилиб, иш берувчи тақдим этилган маълумотномани узрли сабабга кўра ишда бўлмаганликнинг тасдиғи сифатида қабул қилиши ва ходимга унга белгиланган тартибда меҳнатга лаёқатсизлик варақасини беришни сўраб, тиббиёт муассасасига мурожаат қилишни тавсия этиши лозим. Фақат шундай ҳужжат асосида касаллик варақасини расмийлаштириш ва тегишли тўловларни тайинлаш мумкин.

Вазият
Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини расмийлаштириш учун қандай ҳужжатлар керак

Ходим my.gov сайтидаги унинг шахсий кабинетидан юклаб олинган электрон касаллик варақасини тақдим этди. Вақтинчалик меҳнатга қобилиятсизлик нафақасини тўғри расмийлаштириш учун қандай ҳужжатлар керак? Фақат my.mehnat тизимидаги электрон варақа билан чекланиш керакми ёки ижтимоий суғурта комиссиясининг баённомасини тузиш шартми? Агар корхонада комиссия тузилмаган бўлса, нима қилиш керак?

Вақтинчалик меҳнатга қобилиятсизлик нафақасини тайинлаш ва тўлаш иш берувчи my.mehnat (ЯММТ) тизимидан юклаб оладиган электрон касаллик варақаси асосида амалга оширилади.

Kadrovik.uz тавсия қилади
Электрон касаллик варақасини қандай расмийлаштириш ва юклаб олиш ҳақида янада батафсил жавобда>>

Бироқ, касаллик варақасининг ўзи тўлов учун етарли ҳужжат ҳисобланмайди. Қонунчилик корхонада раҳбарнинг буйруғи билан тасдиқланган ижтимоий суғурта бўйича комиссия фаолият юритишини талаб қилади . Айнан шу комиссия электрон касаллик варақасини кўриб чиқади ва нафақа тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилади.

Унинг ваколатига қуйидагиларни аниқлаш киради:

  • ходимнинг нафақа олиш ҳуқуқларини;
  • нафақа миқдорини (иш ҳақига нисбатан %да);
  • ҳақ тўланиши лозим бўлган иш кунлари сонини.

Комиссия ишининг натижалари баённомада қайд этилади, унда қуйидагилар албатта кўрсатилади:

  • қарорнинг санаси ва рақами;
  • тайинланган нафақа миқдори;
  • ҳақ тўланадиган кунлар сони.

Агар корхонада ижтимоий суғурта бўйича комиссия тузилмаган бўлса, нафақа тайинлаш мажбурияти иш берувчининг буйруғи билан тасдиқланган ваколатли шахсга юклатилади. Бундай ҳолда у ҳам белгиланган тартибда қарорни расмийлаштиради.

Шундай қилиб, вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини тўғри расмийлаштириш учун нафақат my.mehnat тизимидан электрон касаллик варақасини тўлдириш ва юклаб олиш, балки комиссиянинг қарорини ҳам ҳужжатлар билан расмийлаштириш зарур. Бу нафақани қонуний тўлаш ва текширувлар чоғида эътирозларнинг олдини олиш имконини беради.

Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси қандай кунлар учун тўланади

Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини ҳисоблаш ва тўлашда Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақаларни ҳамда янги туғилган болани фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган ходимга нафақани тайинлаш ҳамда тўлаш тартиби тўғрисидаги Низомга асосланинг.

Нафақалар, агар уларни олиш ҳуқуқи иш берувчи билан якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларда бўлган даврда (синов даври ҳамда ишдан бўшатилган кунни ҳам қўшиб) пайдо бўлса, берилади. Келгусида ишдан бўшатиш тўғрисида огоҳлантириш даврида касал бўлиб қолган ходимга касаллик варақаси учун умумий асосларда ҳақ тўланг.

Вазият
Меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббусига кўра бекор қилишда касаллик варақасига ҳақ тўлаш

Ходим ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаш тўғрисида ариза берди. Меҳнат шартномаси бекор қилинган куни у касал бўлиб қолди ва 5 кунга касаллик варақасини расмийлаштириб, ишга чиқмади.

Иш берувчи, вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик варақаси расмийлаштирилганига қарамай, ходимни МК 160-моддаси бўйича ишдан бўшатишга ҳақли. Иш берувчи ходимга касаллик варақасида кўрсатилган барча кунлар учун нафақа тўлаши шарт, чунки уни олиш ҳуқуқи охирги иш кунида пайдо бўлган.

Вазият
Меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишда касаллик варақасига ҳақ тўлаш

Ходим штатни қисқартириш бўйича меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги огоҳлантириш даврида касал бўлиб қолди ва касаллик варақасини расмийлаштирди.

Иш берувчи ходим касал бўлган даврда уни ўз ташаббусига кўра ишдан бўшатишга ҳақли эмас. Нафақа ходимга меҳнатга лаёқатсизлик варақасида кўрсатилган барча кунлар учун тўланади.

Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини ходимга қуйидаги ҳолларда тўланг:

  • вақтинчалик меҳнат лаёқатини йўқотиш билан боғлиқ касаллик вақтида (шикастланишда);
  • санаторий ва соғломлаштириш муассасаларида даволанганда;
  • касалланган оила аъзосини парваришлаш зарур бўлганда;
  • карантинда;
  • сил ёки касб касаллиги туфайли вақтинча бошқа ишга ўтказилганда;
  • меҳнат лаёқатини тиклаш ёки протез қўйдириш учун реабилитация муассасаларига ётқизилганда.

Нафақа меҳнатга лаёқатсизлик варақасида кўрсатилган барча кунлар учун, ҳатто вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик меҳнат таътили (асосий ёки қўшимча) даврида юзага келган бўлса ҳам, тайинланади. Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик меҳнат таътили даврида юзага келганда, таътил касаллик туфайли тўлиқ фойдаланилмаган кунлар сонига узайтирилади ёки бу қисм бошқа вақтга кўчирилади.

Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси қуйидаги ҳолларда берилмайди:

  • ишдан ёки бошқа вазифалардан бўйин товлаш мақсадида ўз саломатлигига атайлаб зиён етказган ёхуд ўзини касалликка солганда;
  • гиёҳвандлик ёки мастлик билан боғлиқ ҳаракатлар оқибатида, шунингдек спиртли ва гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилиш натижасида касалликка чалинганда (жароҳатланганда);
  • жиноят содир қилиш вақтида жароҳатланганда;
  • суд қарори асосида мажбурий даволанишга юборилганда (руҳий касаллардан ташқари);
  • ҳибсда бўлган даврда;
  • суд-тиббиёт экспертизасидан ўтиш даврида.

Шунингдек вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик қуйидаги даврларга тўғри келганда, нафақа тўламанг:

Ходимлар нафақадан маҳрум қилинадилар, агар:

  • вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик бошланишидан олдин узрсиз сабабларга кўра ишга келмаса;
  • улар учун шифокор белгилаган тартибни бузса;
  •  узрсиз сабабларга кўра белгиланган муддатда шифокор кўригига ёки текширувига келмаса. 
Вазият
Қандай асосларга кўра "касаллик нафақаси"ни тўламаслик мумкин

Ходиманинг боғча ёшидаги болалари бор ва у доимий равишда – ойига бир неча марта "касаллик варақаси"ни расмийлаштиради. Ярим йил ичида биз фақат унинг ўзига 13 та вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик варақаси учун ҳақ тўладик. У "касаллик таътили"да бўлганида, унинг ўрнига бошқа ходимлар ишлайди – уларга ҳам қўшимча юклама учун ҳақ тўлаймиз. Қандай асосларга кўра "касаллик нафақаси"ни тўлашни бекор қилиш мумкин?

Иш берувчи вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик варақалари учун, агар улар тиббиёт муассасаси томонидан белгиланган қоидаларга мувофиқ расмийлаштирилган бўлса, ҳақ тўлаши шарт.

Эътибор беринг
Агар ходим касаллик варақаси ўрнига, масалан, шифокор ҳузурига борганлиги тўғрисида маълумотнома олиб келган бўлса, сиз унга ҳақ тўлашга мажбур эмассиз.
Вазият
Иш ҳақи сақланмайдиган таътил даврида касаллик варақасига ҳақ тўлаш
Ходим иш ҳақи сакланмайдиган таътилда бўлган вақтда касал бўлиб қолган бўлса, унга касаллик варақаси учун ҳақ тўланадими? Табелда касаллик кунларини қайд этиш керакми? Шунингдек меҳнатга лаёқатсизлик варақасини расмийлаштиришда иш ҳақи сақланмайдиган таътил саналарини ҳисобга олиш керакми?
Агар касаллик даври иш ҳақи сақланмайдиган таътил даврига тўлиқ тўғри келган бўлса, нафақа тўламанг.

Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик қуйидаги даврларга тўғри келганда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик (касаллик) нафақаси тўланмайди:

  • ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таҳсил олиш муносабати билан берилган ўқув таътили.

Агар ходим иш ҳақи сақланмайдиган таътил вақтида касал бўлиб қолса, нафақа фақат ходим ишга чиқиши керак бўлган санадан бошлаб тайинланади. Яъни таътилга тўғри келмаган меҳнатга лаёқатсизлик кунларигагина ҳақ тўланади. Агар касаллик даври тўлиқ иш ҳақи сақланмайдиган таътилга тўғри келса, нафақа тўламанг.

Иш вақтини ҳисобга олиш табелида иш ҳақи сақланмайдиган таътил кунларини (одатда "БС" коди) ва таътил даврига тўғри келмаган касаллик кунларини ("Б" коди) алоҳида кўрсатинг. Меҳнатга лаёқатсизлик варақасида ва ижтимоий масалалар бўйича комиссия баённомасида нафақа тайинланмаслиги асосини албатта қайд этинг:

«Ходим иш ҳақи сакланмайдиган таътилда бўлганлиги сабабли нафақа тайинланмади ЎзР ВМ 31.05.2024 йилдаги 314-сон Қарори билан тасдиқланган Низомнинг 19-банди».

Иш берувчи ходимга вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини қуйидаги ҳолларда тўлайди:

  • вақтинчалик меҳнат лаёқатини йўқотиш билан боғлиқ касаллик вақтида (шикастланишда);
  • санаторий ва соғломлаштириш муассасаларида даволанганда;
  • касалланган оила аъзосини парваришлаш зарур бўлганда;
  • карантинда;
  • сил ёки касб касаллиги туфайли вақтинча бошқа ишга ўтказилганда;
  • меҳнат лаёқатини тиклаш ёки протез қўйдириш учун реабилитация муассасаларига ётқизилганда.

Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси тўланмаган ходимлар меҳнат инспекцияси ёки прокуратурага шикоят билан мурожаат қилишлари мумкин. Ташкилотнинг раҳбари ёки бошқа айбдор мансабдор шахси МЖтК 49-3-моддаси бўйича маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин. Ҳуқуқбузарлик учун БҲМ 10-15 баравари миқдорида жарима назарда тутилган. Маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган ҳуқуқбузарлик учун – БҲМ 15 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима белгиланган.

Агар қонуний асос бўлмаса, ходимни фақат "чексиз касаллик таътили" учун ишдан бўшатиш ҳам мумкин эмас. Меҳнат шартномасини соғлиғининг ҳолати туфайли бекор қилиш учун риоя қилиниши лозим бўлган ўз шартлари ва талаблари бор. Бу ҳақида батафсил экспертлар М.Гасанов ва Л.Хикматованинг тавсияномасида >>.

Эътибор беринг
Қарамоғида 16 ёшга (ўқувчилар 18 ёшга) етмаган 3 ёки ундан ортиқ болалари бўлган ходимларга вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси, иш стажининг давомийлигидан қатъи назар, ўртача иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида тўланади.
Вазият
Агар ходим шифокор ҳузирида бўлган, лекин касаллик варақасини олиб келмаган бўлса

Ходим, бир неча кун давомида ишга чиқмасдан, тиббий кўрикдан ўтди. Кейин у тиббий маълумотнома ва хулосаларни олиб келди, аммо касаллик варақасини тақдим этмади. Бундай ҳолда иш берувчи вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини тўлаши керакми?

Йўқ, тўлаши керак эмас.

Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик варақаси – ишдан озод қилиш ва вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини тўлаш учун асос бўладиган ҳужжатдир.

Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси касаллик, шикастланиш, ҳомиладорлик, туғиш, оиланинг бемор аъзосини парвариш қилиш зарурати, протезлаш, санаторий-курортда даволаниш, шунингдек соғлиғининг ҳолатига кўра ва карантин муносабати билан бошқа ишга ўтказиш учун вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик экспертизаси натижалари бўйича аниқланган вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизликни тасдиқлайди.

Ходим томонидан тақдим этилган тиббий текширув натижалари бўйича берилган маълумотномалар ва хулосалар вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг ўрнини босмайди ва иш берувчига унга тегишли нафақани тўлаш мажбуриятини юкламайди.

Вазият
Касаллик варақаси очилган даврда иш ҳақи тўлаш

Ходим унга ногиронликни расмийлаштириш учун шаклни тўлдиришни сўраб, кадрлар бўлимига мурожаат қилди. Ҳужжатлар текширилганда, охирги уч ой давомида ходимда меҳнатга лаёқатсизлик варақалари расмийлаштирилганлиги маълум бўлди. Бироқ у бу ҳақида раҳбариятга хабар бермаган ва шу вақт давомида ўз меҳнат вазифаларини бажаришда давом этган. Унга иш ҳақи амалда ишлаган вақти учун бўлгани каби ҳисобланган ва тўлиқ миқдорда тўланган. Савол туғилади: ушбу вазиятда иш берувчи қандай ҳаракатларни амалга ошириши керак ва бу тўловлар ва кадрлар ҳисобига қандай таъсир кўрсатади?

Ходимлар орасида касаллик фактини яшириш ҳолатлари тез-тез учраб туради, бу эса ўз навбатида ЯММТ тизимида электрон шаклдаги меҳнатга лаёқатсизлик варақаси билан тасдиқланади. Ходимлар вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси ўрнига кўпроқ пул ишлаш умидида, баъзан эса касаллик варақаси бўйича бир вақтнинг ўзида ҳам нафақа, ҳам иш ҳақини олиш учун ишлашда давом этадилар.

Ўхшаш вазиятларда иш берувчи қандай йўл тутиши керак?

Оқибатда давлат органлари томонидан вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақалар тўланмаганлиги тўғрисидаги қоидабузарликларни қайд этилишига, ёки касаллик даврида ишлашга мажбурлашга (иш берувчилар томонидан) олиб келадиган бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида:

  • ходимлардан касаллик варақасини очишда касалликнинг бошланиши ва тугаши тўғрисида кадрлар хизматини ўз вақтида хабардор қилишни сўранг;
  • кадрлар хизмати ходимларига ЯММТ тизимини ("касаллик варақалари" бўлими) ўз вақтида расмийлаштирилмаган вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини аниқлаш юзасидан мунтазам равишда текшириш ва чоралар кўриш мажбуриятини юкланг;
  • ходимларга иш берувчи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўртача иш ҳақи ёки унинг бир қисми миқдорида вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини тўлаши шартлигини тушунтиринг.

Бироқ агар касаллик варақаси очилгандан кейин ходим ишлашни давом эттирса ва шу кунлар учун иш ҳақи ҳисобланса, унга бу давр учун меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси тўланмайди. Нафақа – бу, аслида, йўқотилган иш ҳақини компенсация қилишдир. Касаллик даврида ишлаш эса касаллик режимини бузиш сифатида баҳоланиши керак, уни бузган ходимлар иш берувчи томонидан тўланадиган нафақани олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.

 

Эслатиб ўтамиз
Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси – иш берувчи томонидан ходимга у ўз меҳнат мажбуриятларини бажара олмаслиги сабабли (уларни бажариш билан бир вақтда эмас) тўланадиган кафолатланган қўшимча тўлов 31.05.2024 йилдаги ВМҚ-314-сон қарорга 1-Илованинг 2-банди.
Бундай ҳолатлар аниқланганда иш берувчига вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик варақалари бланкларини тўлдиришни ва ЯММТдан юклаб олишни тавсия қиламиз. Юқорида кўрсатилган сабабларга кўра ходимнинг нафақа олиш ҳуқуқи йўқлиги тўғрисида ўз хулосасини тайёрлаш ҳам тавсия этилади. Бундай хулосага ходимнинг тушунтириш хати, ижтимоий суғурта бўйича баённома, иш вақтини ҳисобга олиш табели ва иш ҳақи тўлаш ведомости асос бўлиши мумкин.

 

Агар ТИЭК иш берувчидан ўз шаклида ходимга нафақа тўланган-тўланмаганлигини кўрсатишни талаб қилса – тасдиқловчи ҳужжатлар ва ходимнинг тушунтириш хатини илова қилган ҳолда нафақани рад этиш сабаблари тўғрисида далиллар билан жавоб беринг.

Вазият
Корхона касаллик варақаларига қанча муддат давомида ҳақ тўлаши керак
Ходим жиддий касалликни бошдан кечирган ва шундан бери мунтазам равишда, оралиқ вақти қисқа бўлган касаллик таътилларида бўлади. У қанча вақт касаллик таътилида бўлиши мумкин ва корхона унга бу даврлар учун қанча вақтгача ҳақ тўлаши керак?

– Агар ходимнинг айнан бир касаллик бўйича (сил касаллиги бундан мустасно) вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик даври узлуксиз тўрт ойни, танаффуслар билан 12 ой мобайнида жами 6 ойни ташкил қилса, даволаш-профилактика муассасаси (ДПМ) беморни тиббий-ижтимоий-эксперт комиссиясига (илгари – ТМЭК, ҳозирда – ТИЭК) юборади.

Бунда меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик тўғрисидаги маълумотноманинг амал қилиш муддати бемор ТИЭКга юборилган кундан бошлаб тўхтатиб турилади.

Шундай қилиб, айни бир касаллик бўйича вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизликнинг танаффуслар билан жами 12 ойлик даврдаги тўлиқ 6 ойи ўтгандан сўнг, сиз ходимнинг даволаш муассасаси томонидан ТИЭКга юборилганлигини назорат қилишингиз керак. Охирги меҳнатга лаёқатсизлик варақасида, ушбу ҳолатда сана кўрсатилган ҳолда, ТИЭКга юбориш тўғрисида белги қўйилади:

«20___ yil "___" ____________да ТИЭКга юборилади. 

Бош шифокор (ВМК раиси) имзоси ___________________________________ 

ТИЭК кўригидан ўтган

__________________________________________________

Шу санадан бошлаб ва ТИЭК қарори қабул қилингунга қадар вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини тўлашни вақтинча тўхтатиб туринг.

ТИЭК тиббий кўрикни ҳужжат қабул қилинган кундан бошлаб икки ҳафта давомида ўтказади.

ТИЭК хулосасини меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг бўлимида кўринг:

ТИЭК хулосаси: биринчи марта ёки қайта ногиронлиги бўлган шахс деб топилди, биринчи, иккинчи, учинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс деб белгиланди, ногиронлиги бўлган шахс деб топилмади, меҳнатга лаёқатсизлик варақаси узайтирилди (тагига чизилсин)

ТИЭК раисининг имзоси __________________________________ ТИЭК муҳри

Тиббий текшириш натижаларига кўра, воқеалар ривожининг 2 та варианти бўлиши мумкин:

1-вариант. ТИЭК ходимни ногирон деб топмайди

Бундай ҳолатда ДПМ касаллик варақасини ходимнинг меҳнат лаёқати тиклангунга қадар, аммо 2 ойдан ортиқ бўлмаган муддатга узайтиради. Иш берувчи эса вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини ТИЭК қарорига кўра тўлайди.

2-вариант. ТИЭК ходимни ногирон деб топади

Унинг меҳнат фаолиятини давом эттириш тўғрисидаги кейинги қарорлар ТИЭК хулосасига мувофиқ қабул қилинади.

Зарур бўлганда ёки шубҳа туғилганда сиз ходимга меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини берадиган ДПМдан уларни узайтиришнинг асослилигини тасдиқлашини сўрашга ҳақлисиз.

Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини тўлашни мустақил равишда бекор қила олмайсиз.

Нафақа қандай миқдорда тўланади

Нафақа миқдорини вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик бошланган кунда, умумий меҳнат стажидан келиб чиққан ҳолда, меҳнат дафтарчаси (электрон меҳнат дафтарчаси) маълумотлари, шунингдек унинг ўрнига берилган бошқа ҳужжат асосида аниқланг.

Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини ўртача ойлик иш ҳақидан қуйидаги миқдорларда тўланг:

  • умумий иш стажи 8 йил ва ундан ортиқ бўлган ходимларга, шунингдек 21 ёшга етмаган чин етимларга – 80 фоиз;
  • умумий иш стажи 8 йилгача бўлган ходимларга – 60 фоиз.

Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини, иш стажининг давомийлигидан қатъи назар, ўртача иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида қуйидаги ходимларга тўланг:

  • байналмилал жангчиларга;
  • қарамоғида 16 ёшга (ўқувчилар 18 ёшга) етмаган уч ёки ундан ортиқ болалари бўлган ходимларга;
  • Чернобиль АЭСдаги авария оқибатларини тугатишда қатнашган ходимларга;
  • Чернобиль АЭСдаги авария натижасида радиоактив ифлосланиш зонасидан эвакуация қилинган ва кўчирилган, қон ҳосил қилувчи органлар касалликлари (ўткир лейкоз), қалқонсимон без ва хавфли ўсмалар (аденома, саратон) билан боғлиқ касалликларга чалинган ходимларга;
  • меҳнатда майибланиш ва касб касаллиги натижасида вақтинчалик меҳнатга лаёқатсиз бўлган ходимларга;
  • пандемия, техноген, табиий ва экологик тусдаги фавқулодда вазиятлар юзага келган ҳолларда, ушбу фавқулодда вазиятларга сабабчи бўлган инфекцияси билан зарарланиши ёки зарарланган деб гумон қилиниши муносабати билан карантинга жойлаштирилган ва 14 ёшгача бўлган боласини парвариш қилаётган ота-оналарга (уларнинг ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийларга).

Нафақа тўлашнинг алоҳида тартиби белгиланган яна бир тоифа – ижтимоий аҳамиятга эга бўлган касалликлар: сил касаллиги, онкология касалликлари, янгидан пайдо бўладиган хатарли ўсимталар, жинсий йўл билан ўтадиган касалликлар, ОИТС, мохов (лепра) касаллиги, руҳий касалликлар бўйича ҳисобда турган ходимлар.

Бундай ходимларга нафақани умумий иш стажига қараб ўртача ойлик иш ҳақидан қуйидаги миқдорларда тўланг:

  • иш стажи 8 йил ва ундан ортиқ – 100 фоиз;
  • иш стажи 5 йилдан 8 йилгача – 80 фоиз;
  • иш стажи 5 йилгача – 60 фоиз.
Эътибор беринг
Меҳнат ёки жамоа шартномасида ёхуд корхонанинг локал ҳужжатида иш берувчи вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақасига қўшимча тўлов белгилаши мумкин.
Вазият
Ходимнинг ўзиники бўлмаган болалари бўлса, нафақани 100 фоиз миқдорида тўлаш мумкинми

Ходим унга ўртача иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси тўлашни талаб қилмоқда, чунки унинг 16 ёшга тўлмаган уч нафар фарзанди бор, улардан бири – ўзиники эмас ва фарзандликка олинмаган.

1.  Бу норма фақат ишлайдиган-оналарга эмас, балки ишлайдиган-оталарга ҳам татбиқ этиладими?

2. Мазкур вазиятда ходим нафақани 100 фоиз миқдорда олиш ҳуқуқига эгами?

1. Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 22-бандида ходимларнинг нафақа олиш ҳуқуқи, айнан ким: ходим-ота ёки ходим-она эканлиги кўрсатилмаган ҳолда, назарда тутилган. Шундан келиб чиқиб, қарамоғида 16 ёшга (ўқувчилар 18 ёшга) тўлмаган уч ва ундан ортиқ фарзанди бўлган ходим-оталарга ўртача иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси тўланиши керак.

2. Ушбу вазиятда ходим вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини 100 фоиз миқдорида олиш учун, оиладаги учинчи фарзанд (у томонидан фарзандликка олинмаган) унинг қарамоғида эканлигини, яъни ўз отасидан алимент олмаслиги ва ўз отаси ёки онаси вафот этган тақдирда боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олмаслигини исботлаши керак.

Ходим ўз ташкилотининг ижтимоий масалалар бўйича комиссиясига қуйидагиларни тақдим этиши керак:

  • 16 ёшгача бўлган барча болаларнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси (18 ёшгача бўлган ўқувчи болаларнинг паспортлари);
  • 16 ёшдан катта ўқувчи болалар учун – ўқув юртини тамомлаш муддати кўрсатилган ҳолда ўқиш жойидан маълумотнома;
  • никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома;
  • оила таркиби тўғрисидаги маълумотнома ёки Ф-17 нусхаси;
  • маҳалланинг қўшнилар иштирокида улар ҳақиқатан ҳам биргаликда яшаётгани тўғрисидаги далолатномаси.

Амалдаги қонунчиликда ўгай ўғил ёки ўгай қизнинг алимент ёки боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олмаслигини исботлаш тартиби аниқ белгиланмаган.  Алимент олмаслик фактини қуйидаги усуллар орқали ҳужжатлар билан исботлаш мумкин:

  • алиментлар мажбурий (суд тартибида) ундирилганда – Мажбурий ижро бюроси маълумотномасини тақдим этиш.
Эслатиб ўтамиз
2021 йил 1 мартдан бошлаб ундирувчи томонидан алиментларни олиш Алимент мажбуриятларини ижро этиш ва назорат қилишнинг ягона ахборот тизими орқали амалга оширилади, у алимент мажбуриятлари бўйича алоҳида банк ҳисобварағи билан интеграция қилинади, корхона ушбу ҳисобвараққа ушлаб қолинган алимент суммасини ўтказади. Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси алимент олувчи номига банк картасини расмийлаштиради ва унга мазкур ҳисобварақдан алимент пуллари, шу жумладан қарздорнинг иш ҳақидан ушлаб қолинган алимент пулларини ўтказади.
  • ўз ота-онаси ишлайдиган ташкилот бухгалтериясига болага алиментлар на ижро варақаси бўйича, на ходимнинг аризасига кўра ихтиёрий равишда ушлаб қолинмаслиги тўғрисида маълумотнома тақдим этиш;
  • болага алиментдан ихтиёрий воз кечилганда – суднинг алиментдан воз кечиш тўғрисидаги қарори (келишув битими);
  • ўз ота-онаси вафот этган тақдирда – ўлим тўғрисидаги гувоҳнома нусхасини ва болага боқувчисини йўқотганлик пенсияси расмийлаштирилмаганлиги тўғрисида Пенсия жамғармасидан маълумотномани тақдим этиш.
Эътибор беринг

Сил касаллигига ёки бошқа касб касаллигига чалинганлиги сабабли камроқ ҳақ тўланадиган бошқа ишга вақтинча ўтказилган ходимга шу ишга ўтган вақт учун, лекин 2 ойдан ортиқ бўлмаган муддат давомида янги ишда бериладиган иш ҳақига ходимнинг аввалги ишидаги ҳақиқатда олган иш ҳақидан ошиб кетмайдиган миқдорда вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси тўланади.

Агар иш берувчи меҳнатга лаёқатсизлик варақасида кўрсатилган муддатда бошқа иш топиб бера олмаган бўлса, бунинг оқибатида бекор ўтган кунлар учун мазкур нафақа умумий асосларда тўланади.

Вазият
Иккита никоҳдан учта фарзанднинг отасига касаллик нафақаси қандай миқдорда тўланади
Ижтимоий суғурта бўйича баённомани расмийлаштиришда ходимга иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида нафақа белгиланди. Агар ходимнинг учта фарзанди: биринчи никоҳдан битта ва иккинчи никоҳдан иккита фарзанди бўлса, нафақа миқдори тўғри белгиланганми? Нафақа миқдорини ҳисоблашда ходим таъминоти учун алимент тўлайдиган биринчи никоҳдан туғилган болани ҳисобга олиш керакми?

Касаллик нафақасининг миқдори ходимларнинг иш стажига ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган касалликларнинг турларига боғлиқ. Бунда айрим тоифадаги ходимлар, иш стажидан қатъи назар, ўртача иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида нафақа олиш ҳуқуқига эга. Шунингдек қарамоғида 16 ёшга тўлмаган уч ва ундан ортиқ болалари (18 ёшга тўлмаган ўқувчилар) бўлган ходимлар ҳам шулар жумласига киради.

Эслатиб ўтамиз
Ходимнинг қарамоғида бўлган ва улар учун у алимент тўлаётган турли никоҳлардан туғилган болалари – унинг фарзандларидир.
Агар оила аъзолари боқувчининг тўлиқ таъминотида бўлган ёки ундан улар учун доимий ва асосий тирикчилик манбаи бўлган ёрдам олган бўлса, улар қарамоғида бўлган деб ҳисобланади.

Шунга кўра, қарамоғида 16 ёшгача (ўқувчилар учун 18 ёшгача) бўлган уч ва ундан ортиқ боланинг бўлиши оиланинг ёлғиз ишлайдиган ота-онадан иборат бўлишидан ёки ота ҳам, она ҳам ишлайдиган тўлиқ оила бўлишидан қатъи назар, болаларни тўлиқ таъминлашни англатади. Бунда ҳар бири ўз қарамоғидаги фарзандлари учун боқувчи бўлиб ҳисобланади.

Ушбу вазиятда ходимга ўртача иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида нафақа тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилиш учун, болаларнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаларини: уларнинг ёши, ходим уларнинг отаси эканлиги; ёки ходим ҳақиқатан ҳам болаларнинг расмий васийси эканлигини тасдиқловчи ҳужжатларни текширинг.

Агар ҳужжат бўйича ходим кўрсатилган тоифага кирмаса, нафақа миқдорини унинг иш стажи ва касаллик хусусиятига қараб аниқланг.

Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини тўлаш манбалари ва тўланмаганлиги учун жавобгарлик

Касаллик нафақаларини:

  • бюджет ташкилотлари – бюджет маблағлари ҳисобидан тўлайди;
  • бошқа мулкчилик шаклидаги ташкилотларнинг иш берувчилари – ўз маблағлари ҳисобидан тўлайди.

Нафақа тўлаш муддатлари жамоа шартномасида ёки локал ҳужжатда, улар мавжуд бўлмаганда эса – меҳнат шартномасида белгиланади, лекин меҳнатга лаёқатсизлик варақаси тақдим этилган кундан бошлаб ўн олти календарь кундан кўп бўлмаслиги лозим, иш ҳақи бир ойда бир марта тўланадиган ходимлар тоифаси бундан мустасно.

Эътибор беринг
Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини тўлаш мажбуриятидан бўйин товлаганлик учун маъмурий жазо – БҲМ 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима назарда тутилган. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, БҲМ 15 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима назарда тутилган.

Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси миқдорини аниқлаш учун иш стажи

Нафақа миқдори, вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик бошланган кундаги умумий иш стажидан келиб чиққан ҳолда, аниқланади ва меҳнат дафтарчасидаги маълумотлар асосида ҳисобланади.

Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини тайинлаш учун, умумий иш стажини аниқлаш ва ҳисоблашда ВМнинг 13.10. 2022 йилдаги 592-сон қарори билан белгиланган пенсияларни тайинлаш учун иш стажини ҳисоблаб чиқиш тартиби татбиқ этилади.

Мисол

Агар 30-йиллик меҳнат стажига эга бўлган ишлаётган аёл 8 йил давомида жами 3 нафар болани парваришлаш таътилида бўлган бўлса, унга пенсия тайинлаш учун иш стажини ҳисоблашда жами 28 йил (30 йил - 8 йил + 6 йил = 28 йил) ҳисобга олинади.

Эътибор беринг
Низом кучга киргунга қадар вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси миқдорини ҳисоблаб чиқариш учун ОТМда ўқиш даври иш стажига киритилмаган.
Бу ўзгариш ходимларга вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини ҳисоблашда уларнинг ҳолатини яхшилайди. Масалан, олий маълумотга эга бўлганларга стажга камида 4 йил қўшилади (тўрт йиллик таълимда ОТМда ўқиш даври).
Вазият
Касаллик нафақасини ҳисоблашда ОТМдаги таълим

Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини ҳисоблашда ОТМда таълим олиш иш стажига қўшиладими? Агар қўшилса, қандай шартлар асосида?

ОТМда кундузги таълим олиш фақат умумий иш стажи камида 7 йил бўлган ходимлар учун иш стажига қўшилади. Агар стаж 7 йилдан кам бўлса, вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини ҳисоблашда ўқиш даври ҳисобга олинмайди.

Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини ҳисоблашда Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низомда белгиланган пенсияларни тайинлаш учун, иш стажини ҳисоблаб чиқиш тартиби татбиқ этилади.

Муҳим
Пенсия олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига олий таълим ташкилотларида, шу жумладан аспирантурада, докторантурада ва клиник ординатурада, кундузги ўқиш қўшиб ҳисобланади. Бироқ шуни инобатга олиш муҳимки, ОТМда ўқиш даври фақат камида 7 йиллик иш стажи мавжуд бўлганда, ушбу даврда ижтимоий солиқ тўлаш шарти билан стажга қўшилади.

Агар ходимнинг умумий стажи (ўқишни ҳисобга олмаган ҳолда) 7 йилдан кам бўлса, у ҳолда ОТМда ўқиш даври нафақани ҳисоблаш учун стажга қўшилмайди. Бундай ҳолда нафақа касалликка қараб 60 фоиздан 80 фоизгача миқдорда тўланади.

Агар умумий меҳнат стажи (ўқишни ҳисобга олмаганда) 7 йил ва ундан ортиқ бўлса, у ҳолда ОТМда ўқиш даври стажга қўшилади ва нафақа миқдори 8 йилдан ортиқ стаж учун бўлгани каби – 80 фоиздан 100 фоизгача ҳисобланади.

Вазият
Чет эл фуқаросига вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини тўлаш керакми

Компаниямизда биз хориждан ишга жалб қилган бир қатор чет эллик мутахассислар бор. Улардан бири касал бўлиб қолди. Чет эллик ходимга умумий асосларда вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини расмийлаштириш ва тўлаш керакми ёки чет эллик ходимлар учун бошқа қоидалар амал қиладими?

Ўзбекистон Республикасида меҳнат шартномаси бўйича расман ишлаётган чет эл фуқаролари Ўзбекистон фуқаролари билан бир хил шартларда вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини олиш ҳуқуқига эга. Нафақа ЯММТ тизимидаги электрон касаллик варақаси асосида тайинланади ва қонунчиликда белгиланган миқдорларда тўланади.

Kadrovik.uz тавсия қилади
Чет эл фуқаросини ишга қандай расмийлаштириш ҳақида янада батафсил тавсияномада билиб олинг

Ўзбекистон Республикаси ташкилотларида меҳнат шартномаси бўйича ишлаётган чет эл фуқаролари мамлакат фуқаролари билан бир хил меҳнат ҳуқуқлари ва кафолатларидан фойдаланадилар. Бу шуни англатадики, улар вақтинча меҳнатга лаёқатсиз бўлган тақдирда, агар улар учун мажбурий суғурта бадаллари тўланган ва тўловларни тайинлаш шартларига риоя қилинган бўлса, умумий асосларда нафақа олиш ҳуқуқига эга.

Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси ЯММТда шакллантириладиган электрон касаллик варақаси асосида тайинланади. Электрон ҳужжат аввалги қоғоз шаклдаги касаллик варақасининг ўрнини босади, бироқ ташкилотда нафақаларни тайинлаш бўйича комиссия баённомасини расмийлаштиришни бекор қилмайди.

Kadrovik.uz тавсия қилади
Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик варақасини қандай тўғри расмийлаштириш кераклиги ҳақида тавсияномада билиб олинг
Нафақа миқдори электрон меҳнат дафтарчаси маълумотлари билан тасдиқланадиган умумий меҳнат стажига боғлиқ. Иш стажи 8 ва ундан ортиқ йил бўлганда ўртача ойлик иш ҳақининг 80 фоизи, стаж 8 йилдан кам бўлганда – 60 фоизи тўланади.

Бунда агар касаллик даври қуйидагилар билан тўғри келса, нафақа тайинланмайди:

  • иш ҳақи сақланмайдиган таътил;
  • иш ҳақи қисман сақланадиган таътил;
  • болани парваришлаш бўйича таътил;
  • ишни вақтинча тўхтатиб туриш (иш ҳақи сақланмайдиган вақт);
  • иш ҳақини тўлаш тўхтатилган ҳолда ишдан четлаштириш;
  • ҳарбий ўқув ёки синов йиғини;
  • ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда берилган ўқув таътили билан.

Шундай қилиб, агар чет эллик ходим расман ишга жойлаштирилган ва унинг меҳнат шартномаси ЯММТда рўйхатдан ўтказилган бўлса, иш берувчи электрон касаллик варақасини тўлдириши ва вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини тўлаши шарт.

Вазият
Касаллик нафақасини ким тўлайди

Ходим вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасини расмийлаштирди. Касаллик нафақасини ким тўлаши керак: давлатми ёки ташкилотнинг ўзими? Агар компания бюджетдан ташқари ташкилотлар жумласига кирса, умуман нафақа тўламаслик мумкинми, чунки харажатлар давлат томонидан қопланмайди?

Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини тўлаш тартиби Низом билкн белгиланган:

  • Бюджет ташкилотлари нафақани бюджет маблағлари ҳисобидан тўлайди.
  • Бюджетдан ташқари ташкилотлар – ўз маблағлари ҳисобидан тўлайди.
Муҳим
Нафақа тўламаганлик учун МЖтК 49-3-моддаси бўйича маъмурий жавобгарлик: БҲМ 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима назарда тутилган. Бир йил давомида ҳуқуқбузарлик такроран содир этилганда – жарима миқдори БҲМ 15 бараваридан 30 бараваригача.

Тўлов жамоа шартномасида, локал ҳужжатда ёки меҳнат шартномасида белгиланган муддатларда, бироқ меҳнатга лаёқатсизлик варақаси тақдим этилган кундан эътиборан 16 календарь кундан кечиктирмай амалга оширилиши керак (Низомнинг 6-банди). Нафақани қанча миқдорда тўлаш кераклиги ҳақида янада батафсил жавобда>>

Вазият
Касаллик нафақасини тўлаш учун хорижий стаж ҳисобга олинадими

Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини ҳисоблашда Ўзбекистонда ишлаш учун жалб қилинган мутахассиснинг хорижий стажини умумий меҳнат стажига қўшиш керакми?

Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақасининг миқдори ЯММТ маълумотлари билан тасдиқланадиган умумий меҳнат стажига боғлиқ . Шундай экан, хорижий стаж ҳужжатлар билан тасдиқланган тақдирда ҳам, у ЯММТ тизимида акс эттирилмайди, демак, вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини ҳисоблашга таъсир кўрсатмайди.

Муҳим
Хорижий стажни ЯММТда рўйхатдан ўтказишнинг имкони йўқ, чунки маълумотларни киритишда Тизим иш берувчининг СТИРни талаб қилади. Агар чет эллик иш берувчи Ўзбекистон Республикасида СТИРга эга бўлмаса (уни фақат ЎзРда рўйхатдан ўтган ташкилот олиши мумкин), у ҳолда чет элдаги меҳнат даври тўғрисида ёзувни киритиш мумкин эмас.

Агар компания чет эллик мутахассиснинг хориждаги стажини ҳисобга олишдан манфаатдор бўлса, буни ташкилотнинг ички локал ҳужжатида назарда тутиш мумкин. Масалан, жамоа шартномасида ёки меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги низомда қўшимча тўловлар, устамалар ёки компенсациялар тайинлашда хорижий тажрибани ҳисобга олишни қайд этиш.

Бироқ шуни инобатга олиш муҳимки, агар хорижий стаж тўловлар учун асос сифатида фойдаланилса, бундай суммалар ходимга меҳнат лаёқатини вақтинча йўқотганда қўшимча тўлов (ишланмаган вақт учун ҳақ тўлаш) деб эътироф этилади ва ЖШОДС ҳамда ижтимоий солиқ солинади.

Шундай қилиб, чет эллик ходимнинг вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси миқдори ЎзРда олинган ва ЯММТда тасдиқланган умумий меҳнат стажига боғлиқ. Бунда жамоа шартномасида, вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини ҳисоблаб чиқариш учун, хорижий стажни умумий меҳнат стажига қўшиш назарда тутилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз
Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган хорижий фуқароларга ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга чет элдаги иш стажига, агар халқаро шартномаларда ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикасидаги ишга тўғри келадиган стажнинг 1/3дан ортиқ бўлмаган доирада киритилади
Чтобы получать новости от Kadrovik.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал