Ҳомиладорлик ва туғиш таътили... фарзандликка олувчига тақдим қилинадими

preview

«Ходима чақалоқни  фарзандликка олди ва нафақа тўлаш билан ҳомиладорлик ва туғиш таътили тақдим қилишларини сўраб  ариза берди. Ундан кейин эса бола парвариши таътилини олмоқчи. Агар амалда на ҳомиладорлик, на туғруқ бўлмаган, бола эса аллақачон 1 ойлик бўлган бўлса, бундай талаблар қонунийми? Ходиманинг таъкидлашича, фарзандликка олиш сири ошкор қилинган тақдирда кадрлар бўйича ходим жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин экан»…

Вазиятга «Норма» эксперти, ҳуқуқшунос Ленара ХИКМАТОВА изоҳ берди:

– Гап янги туғилган болаларни фарзандликка олган ёки болаларга васий қилиб белгиланган шахсларга таътил бериш ҳақида бормоқда  . Бундай таътил ҳомиладорлик ва туғиш таътили сингари расмийлаштирилади.

 

Фарзандликка олиш муносабати билан ким ва қандай асосда таътил олади

Бундай таътилни янги туғилган болани бевосита туғуруқхонадан фарзандликка олган ёки болаларга васий қилиб белгиланган шахслар олиши мумкин.

Таътил бола фарзандликка олинган кундан бошлаб, бола туғилган кундан эътиборан эллик олти календарь кун ўтгунга қадар бўлган давр учун берилади. Икки ёки ундан ортиқ бола асраб олинган тақдирда эса туғилган кундан эътиборан етмиш календарь кун учун берилади.

Масалан,  агар бола 1 мартда туғилган, 1 апрелда эса фарзандликка қабул қилинган бўлса, таътил 1 апрелдан 25 апрелгача (бола туғилган кундан эътиборан 56 календарь кун ўтгунга қадар) берилади.

Таътил олиш ҳуқуқини тасдиқлаш учун ходима ўзи онаси сифатида қайд қилинган боланинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани ҳамда фарзанд асраб олиш тўғрисидаги ҳужжатни тақдим этиши керак.

 

Фарзандликка олувчи нафақа оладими

– Ҳа, янги туғилган болани асраб олган ходима умумий асосларда ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини олишга ҳақли.  

2022йил 1 сентябрдан эътиборан бюджетдан ташқари ташкилотларда ушбу нафақани тайинлаш ва тўлашнинг янги тартиби амал қилмоқда .

Янги тартиб ҳақида батафсил қуйидаги тушунтиришларда ўқишингиз мумкин:

Шунингдек, ходима бола туғилганда бериладиган нафақани олишга ҳақли .

Нафақа тайинлаш учун асос –ҳудудий амбулатор поликлиника томонидан бериладиган меҳнатга лаёқатсизлик варақаси .

 

Таътилни қандай расмийлаштириш керак

Ходима таътил учун аризани эркин шаклда ёзади. Фақат уни тўғри шакллантириш керак:

  • «Менга бола асраб олганим муносабати билан  20__ йилнинг 1 апрелидан бола туғилган кундан эътиборан эллик олти календарь кун ўтгунга қадар ушбу давр учун нафақа тўлаш билан таътил тақдим қилишингизни сўрайман».

Аризани олгандан кейин буйруқ расмийлаштиринг:

  •  «Кассир Н.Н.Тоҳировага бола асраб олгани муносабати билан 20___ йилнинг 1 апрелидан бола туғилган кундан эътиборан эллик олти календарь кун ўтгунга қадар ушбу давр учун қонунчиликда белгиланган тартибда нафақа тўлаш билан таътил тақдим қилинсин».

Меҳнат кодексининг 235-моддаси бўйича my.mehnat.uz сайтида фарзандликка олиш муносабати билан таътил назарда тутилмаган. Шунинг учун бундай таътилни «Ҳомиладорлик ва туғиш таътили»

бўлимида рўйхатдан ўтказинг.

Ходиманинг шахсий карточкасининг III бўлимида меҳнат таътили Меҳнат кодексининг 235-моддасига мувофиқ берилаётганини кўрсатинг.

 

Фарзандликка олувчи бола парвариши таътилини олишга ҳақлими

- Ҳа, фарзандликка олиш муносабати билан таътил тугагандан сўнг, ходиманинг хоҳишига кўра ва унинг аризаси асосида бола 2 ёшга тўлгунга қадар парваришлаш  учун таътил берилади. Кейин эса – иш ҳақи сақланмаган ҳолда у 3 ёшга тўлгунга қадар қўшимча таътил ҳам берилади. 238-модда оналик билан боғлиқ ҳолда бериладиган кафолатлар ва имтиёзларни қуйидагиларга татбиқ қилади:

  • онасиз болаларни (она вафот этган, оналик ҳуқуқларидан маҳрум этилган, узоқ вақт даволаш муассасаларида бўлган ва болалари тўғрисида она сифатида ғамхўрлик қилмаган бошқа ҳолларда) тарбиялаётган оталарга;
  • вояга етмаган болаларнинг васийларига.

Шунинг учун бундай кафолатлар, хусусан, бола парваришлаш бўйича таътиллар болани фарзандликка олувчиларга ҳам тақдим этилиши керак.

Ходиманинг аризаси асосида бола парваришлаш таътилини тақдим қилиш тўғрисида буйруқ расмийлаштирилади ва ЯММТда рўйхатдан ўтказилади.

Бола икки ёшга тўлгунга қадар уни парваришлаш учун нобюджет ташкилотлари ходимага меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам – 60 фоизи миқдорида нафақа тўлаши шарт . Уни тайинлаш ва тўлаш тартиби Низом билан белгиланган 1113-сонли Низом 14.03.2002 й. Бюджет ташкилотлари бола парвариши бўйича нафақа тўламайди.

 

Кадрлар бўйича ходим асраб олиш сирини ошкор қилиш учун жавобгарми

– Ҳа, кадрлар хизмати ходими, фарзандликка олишдан хабардор бўлган бошқа ҳар қандай ходим каби Жиноят кодексининг 125-моддаси бўйича фарзандликка олиш сирини жиноий жавобгарлик хавфи остида сир сақлаши шарт.

Фарзандликка бола олувчиларнинг ёки васийлик ва ҳомийлик органининг эркига қарши, етим ёки ота-она ғамхўрлигидан маҳрум бўлган болаларни фарзандликка олишнинг қонун билан қўриқланадиган сирини ошкор қилиш базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Агар ошкор қилиш ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда содир этилган бўлса ёки оғир оқибатларга сабаб бўлса, жазо кучайтирилади.  БҲМнинг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

 

Ўзбекистонда ижтимоий таъминот: ходим туғруқ таътилига чиққанда, нафақага чиққанида ёки ногирон бўлганида иш берувчи ижтимоий ёрдамни қандай ташкил қилиши мумкин ходимларнинг ижтимоий таъминоти, ўзбекистонда ижтимоий таъминот, ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш, ходимларни иш берувчидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш Ўзбекистонда ижтимоий таъминот. Ўзбекистонда меҳнаткашларнинг ижтимоий таъминоти ҳақида батафсил маълумот. Ходим туғруқ таътилида нафақага чиққан ёки ногирон бўлганида ижтимоий ҳимояни рўйхатдан ўтказиш шартлари. Сиз ходимларнинг ижтимоий таъминоти ҳақида кўпроқ маълумот олишингиз мумкин бўлади /ru/publish/doc/text185250_homiladorlik_va_tugish_tatili_farzandlikka_oluvchiga_taqdim_qilinadimi