Пригодится каждому кадровику в декабре:
Ходимга ташқи ўриндошликни тақиқлаш мумкинми
Эътибор беринг
Тушунтириш 2023 йил 30 апрелдан кучга кирадиган янги МК доирасида тайёрланди.
Янги Меҳнат кодексига кўра «асосий» иш берувчи ўз ходимларининг айрим тоифаларига бошқа ташкилотда ўриндошлик асосида ишлашни тақиқлаш ҳуқуқини олади. Хусусан, ушбу меъёр бош бухгалтерлар ва ташкилот алоҳида бўлинмаларининг раҳбарларига тегишли бўлади.
Бу 2023 йил апрель ойидан бошлаб бош бухгалтерлар ёки филиаллар раҳбарлари ташқи ўриндошлик асосида ишлаши тақиқланишини англатадими? Меҳнат ҳуқуқи бўйича «Норма» эксперти Ленара ХИКМАТОВА ушбу масала юзасидан тушунтириш берди:
– Асосий иш жойи – иш берувчи ходимнинг меҳнат дафтарчасини юритадиган ташкилот саналади. Ўриндошлик асосидаги иш – бу ходимнинг ўзининг асосий ишидан ташқари алоҳида меҳнат шартномаси шартлари бўйича асосий ишидан бўш вақтида бошқа мунтазам ҳақ тўланадиган ишни бажаришидир .
Ўриндошлик асосида бошқа иш берувчига (ташқи ўриндошлик) ишга кираётган шахслар меҳнат дафтарчаси ўрнига асосий иш жойидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан тасдиқланган шаклдаги маълумотномани тақдим этадилар. Бошқа ташкилот бундай маълумотномасиз шахсни ўриндошлик асосида ишга қабул қилишга ҳақли эмас.
Яъни, ходим асосий иш берувчини бошқа жойда ўриндошлик асосида ишга жойлашмоқчилиги тўғрисида хабардор қилади ва маълумотнома беришни сўрайди. Агар ходим:
- ташкилот раҳбари;
- ташкилот раҳбарининг ўринбосари;
- ташкилотнинг бош ҳисобчиси;
- ташкилотнинг алоҳида бўлинмаси раҳбари бўлмаса, иш берувчи уни беришга мажбур.
Агар ходим санаб ўтилган тоифалардан бирига тегишли бўлса, иш берувчи маълумотномани бериш ёки бермасликка ҳақли.
Бош бухгалтер ёки филиал раҳбарининг ташқи ўриндошлик асосида ишлаши тақиқланганми?
– Йўқ. Рўйхатда келтирилган 4 тоифадаги ходимлар бошқа иш берувчида фақат ташкилотнинг ваколатли органи ёки ташкилот мулкдори ёхуд мулкдор ваколат берган шахс (орган) рухсати билан ўриндошлик асосида ишлаши мумкин .
Бошқа тоифадаги ходимлар учун бундай шарт йўқ. Улар иш берувчи, касаба уюшмаси қўмитаси (ходимларнинг вакиллик органи) ёки асосий иш жойидан бошқа органнинг розилигисиз ташқи ўриндошлик шартлари асосида ишлашга ҳақли.