Пригодится каждому кадровику в ноябре:
Ишдан бўшатилаётганда электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирма бериш керакми
«Ходим 2022 йилда биринчи бор ишга жойлашганлиги сабабли унда фақат электрон меҳнат дафтарчаси мавжуд. Иш берувчи ишдан бўшатилган куни унга электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирма беришга мажбурми? Агар ходим охирги иш кунида ишга келмаган бўлса, унга кўчирмани почта ёки электрон алоқа воситалари орқали юбориш мумкинми?».
Саволларга kadrovik.uz илтимосига кўра МК лойиҳасини тайёрлаш бўйича эксперт гуруҳи раҳбари Михаил ГАСАНОВ ва «Норма» эксперти Ленара ХИКМАТОВА жавоб беришди:
– Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга ҳужжатларни бериш тартиби янги Меҳнат кодексининг 171-моддаси билан белгиланган. Иш берувчи меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ёхуд электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирмани, шунингдек меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқнинг кўчирма нусхасини бериши шарт. Иш берувчи ходимнинг ёзма аризасига кўра унга иш билан боғлиқ ҳужжатларнинг тегишли равишда тасдиқланган кўчирма нусхаларини ҳам бериши шарт.
Агар меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ходим йўқ бўлса ёки ҳужжатларни олишни рад этса, иш берувчи кейинги иш кунидан кечиктирмай ходимга меҳнат дафтарчасини олиш учун келиши ёхуд меҳнат дафтарчаси почта орқали юборилишига розилик бериши зарурлиги ҳақида билдиришнома юбориши шарт.
Иш берувчи бундай билдиришнома юборилган кундан эътиборан меҳнат дафтарчасини бериш кечиктирилганлиги учун жавобгарликдан озод этилади.
Ходим томонидан ўз вақтида талаб қилиб олинмаган меҳнат дафтарчаси иш берувчи томонидан ходим меҳнат дафтарчасини бериш тўғрисида мурожаат қилган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай берилиши керак.
Қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчасини ходимнинг бунга розилигини олмай туриб почта орқали юбориш мумкин эмас. Иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқнинг кўчирма нусхасини эса почта жўнатмасини топшириш ҳақидаги билдиришнома билан юборишга ҳақли.
Шунингдек, МКда электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирмани почта орқали юборишга тақиқ мавжуд эмас. Демак, иш берувчи уни меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқнинг кўчирма нусхаси билан бирга почта жўнатмасини топшириш ҳақидаги билдиришнома билан юбориши мумкин.
Иш берувчи ҳужжатларни ҳақиқатда юборганини тасдиқлай олиши учун жўнатмага солинган ҳужжат номлари ва уларнинг реквизитларини кўрсатган ҳолда рўйхатга олиш мақсадга мувофиқ саналади.
Агар буйруқнинг кўчирма нусхаси ва электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирма йўқолган ёки бузилган бўлса, ходим иш берувчига янгиларини олиш учун мурожаат қилишга ҳақли.
Иш берувчи уларни ходимга мурожаат қилинган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай бериши керак.
Буйруқнинг ва иш билан боғлиқ бошқа ҳужжатларнинг кўчирма нусхаси, шунингдек электрон меҳнатдан дафтарчасидан кўчирма қуйидагилар билан тасдиқланиши керак:
- ташкилот раҳбари ёки ишга қабул қилиш ва меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлган бошқа ваколатли шахснинг имзоси билан;
- ташкилотнинг муҳри (агар мавжуд бўлса) билан.
Бундан ташқари, электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирмани электрон алоқа воситалари орқали, масалан, ходимнинг электрон почта манзилига юборишга йўл қўйилади. Бундай ҳолда ҳужжат раҳбар ёки бошқа ваколатли шахснинг ЭРИси билан тасдиқланиши керак.