Пригодится каждому кадровику в декабре:
Амалиётчи ўқувчини расмийлаштириш ва унга амалиёт даврида иш ҳақи тўлаш тартиби
«Касб-ҳунар коллежи ўқувчиси ишлаб чиқариш амалиётини ўташни сўраб компанияга мурожаат қилди. У ташкилот билан ўқув муассасаси ўртасида тузилган шартнома лойиҳасини тақдим этди. Биз уни амалиёт ўташи учун қабул қилишимиз шартми? Мазкур ҳолатда ташкилотда қандай ҳужжатлар расмийлаштирилиши лозим?».
Саволга 2023 йил 30 апрелдан кучга кирадиган янги МК қоидаларини ҳисобга олган ҳолда «Норма» эксперти Валерия ЛЯНДРЕС жавоб берди:
– Ўқувчиларнинг корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардаги ишлаб чиқариш амалиёти қуйидаги ҳужжатлар билан тартибга солинади:
- Касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари томонидан корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда ишлаб чиқариш амалиётини ўташ тартиби тўғрисидаги низом
ва
- Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланадиган ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг тармоқ таълим стандарти.
Ишлаб чиқариш амалиёти, қоидага кўра, корхона, муассаса ёки ташкилотнинг ихтисослашувига боғлиқ ҳолда ушбу мақсад учун махсус ажратилган, ўқувчилар ўқишни тугатгандан кейин ишга жойлашиши мумкин бўлган ўқув-ишлаб чиқариш жойларида ўтказилади.
Умумий қоидага кўра, касб-ҳунар коллежлари ишлаб чиқариш амалиёти бошланишидан кечи билан бир ой олдин корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар билан уларнинг базасида ишлаб чиқариш амалиётини ўтказиш тўғрисида шартнома тузадилар. Шартномада тарафлар касблар бўйича ўқувчилар сони, ишлаб чиқариш амалиётини ўтказиш муддатлари ва бошқа шартларни белгилайдилар .
Коллеж ўқувчисининг ўзи ишлаб чиқариш амалиётини ўташ учун жой топганда ва бу ҳақда ўқув муассасаси билан ташкилот ўртасида олдиндан келишув тузилмаган ҳолатларда, уни амалиёт ўташи учун қабул қилиш ёки қабул қилмаслик масаласи ташкилот раҳбари томонидан ҳал этилади.
Қандай ҳужжатлар расмийлаштирилади
Икки томонлама шартнома лойиҳасининг шартларини синчиклаб ўрганиб чиқинг.
Масалан, шартномада амалиётчи ўқувчини коллежда ўқишни тугатганидан кейин ишга жойлаштириш мажбурияти назарда тутилган бўлиши, иш берувчида эса бундай шартни бажариш имконияти бўлмаслиги мумкин.
Бундай шартларни бажаришнинг имкони бўлса, ташкилот раҳбари ҳузурида шартномани имзоланг ва унга асосан ўқувчини амалиётга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқни расмийлаштиринг.
Амалиётчи ўқувчига иш ҳақи тўланиши лозимми
Касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг ишлаб чиқариш амалиётини ўташи ўрта махсус, касб-ҳунар таълими асосий таълим дастурининг таркибий қисми ҳисобланади . Унинг мақсади – назарий таълим бериш жараёнида ўқувчилар томонидан олинган билимларни мустаҳкамлаш ва чуқурлаштириш, уларга олинадиган мутахассислик бўйича зарур лаёқат, кўникмалар ва амалий иш тажрибасини беришдан иборат.
Тегишинча, амалиёт меҳнат фаолияти ҳисобланмайди ва унга ҳақ тўланмайди.
Бу вазиятда амалиётчи ўқувчи тўғрисидаги маълумотлар ЯММТда акс эттирилмайди. Амалиёт даври пенсия ҳисоблаш учун иш стажига киритилмайди.
Бироқ ташкилотлар ўқувчиларга ҳақ тўланадиган иш жойлари, мустақил объектлар, ишлаб чиқариш амалиёти дастурларига мувофиқ ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш фаолиятини таъминлайдиган участкалар бериш ҳуқуқига эга, агар :
- Тажрибага кўра амалиёт ўтаётган шахсни ўқув режасига мувофиқ иш берувчида мавжуд бўлган бўш (вакант) ўринга қабул қилиш назарда тутилади;
- амалиётчи ўқувчи эса бунинг учун зарур бўлган профессионал кўникма ва иш тажрибасига эга бўлади.
Бу вазиятда ҳақ тўланадиган ишлаб чиқариш амалиётини ўтаётган шахс билан амалиёт ўташ даврига муддатли меҳнат шартномаси тузилади. Меҳнат шартномасида меҳнат шартномасининг мажбурий шартлари билан бир қаторда амалиёт ёки стажировкага раҳбарлик қиладиган иш берувчининг ходими белгиланиши керак.
Агар сиз ҳақ тўланадиган амалиёт ўташ учун меҳнат шартномасини тузган бўлсангиз, амалиёт ўтовчи ҳақидаги маълумотларни ЯММТда акс эттиринг. Бу ҳолда амалиёт даври пенсияни ҳисоблаш учун иш стажига киритилади.
Ташкилотда мос келадиган бўш иш ўрни мавжуд бўлганда ўқувчи билан келишилган ҳолда, ўқишдан бўш вақтида енгил ишларни бажариш учун уни расмий равишда ишга қабул қилиш мумкин.
Умумий қоидага кўра, ишга қабул қилишга 16 ёшдан йўл қўйилади. Агар ўқувчи 15 ёшда бўлса, ота-онасидан бирининг ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилигини олинг .
Иш берувчи вояга етмаганларни ишга қабул қилишда бунинг учун белгиланган барча талабларга риоя қилиши ҳамда янги МКнинг 411–422-моддаларида назарда тутилган кафолатларни тақдим этиши шарт.
Иш берувчи амалиётчи-ўқувчига нимани таъминлаши шарт
Ўқувчини ишлаб чиқариш амалиётига қабул қилган ташкилот қуйидагиларга мажбур :
- хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш ва олинадиган мутахассислик билан боғлиқ бўлмаган, шунингдек зарарли меҳнат шароитларида фойдаланишга йўл қўймаслик;
- ишлаб чиқариш бинолари, тренинг кабинетлари, зарур материаллар, асбоб-ускуналар, техник ҳужжатлар билан ўз вақтида таъминлаш;
- янги ишлаб чиқариш технологияларини, юқори унумли иш услубларини ўзлаштириши учун зарур шарт-шароитлар яратиш;
- йўл-йўриқлар беришни ва ишлаб чиқариш амалиётига техник раҳбарликни ташкил этиш, касб-ҳунар коллежининг педагог ходимларига ишлаб чиқариш амалиётини ўтказишда ёрдам кўрсатиш учун шарт-шароитлар яратиш;
- ўқувчиларга ишлаб чиқариш амалиёти даврида тегишли мутахассисликлар ва касблар ишчилари учун назарда тутилган махсус кийим-бошлар, якка тартибда ҳимояланиш воситалари бериш;
- зарур ҳолларда ўқувчиларни ишлаб чиқариш амалиёти ўтадиган жойга етказишни ва у ердан олиб келишни таъминлаш;
- ўқувчилар бажарган ишларни ушбу корхона, муассаса ва ташкилотда белгиланган тартибда ҳисобга олиш ва қабул қилиш;
- ишлаб чиқариш амалиёти тугагач ҳар бир ўқувчига унинг ишлари сифатини, эришган натижаларини, ишга муносабатини, шунингдек унга бериш учун тавсия этилаётган тариф разрядини кўрсатган ҳолда ишлаб чиқариш тавсифномаси бериш.
Коллеж нималар учун масъул бўлади
Касб-ҳунар коллежи ишлаб чиқариш амалиёти вақтида қуйидагиларни таъминлаши шарт:
- ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш асбоб-ускуналарига, жиҳозларга, мосламаларга ва бошқа меҳнат анжомларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишини;
- хом ашё, материаллар ва электр энергиясининг тежамли сарфланишини;
- ўқувчилар томонидан корхона, муассаса ва ташкилотнинг тегишли маъмурий ва ишлаб чиқариш ходимлари кўрсатмалари ва фармойишлари бажарилишини.