Пригодится каждому кадровику в декабре:
Компания қайта ташкил этилганда ходимларга таътиллар учун компенсация нотўғри ҳисобланса
««Б» ташкилоти таркибига кирувчи «А» ташкилоти ходимлари билан қайта ташкил этиш (қўшиб юбориш)да меҳнат муносабатлари сақланиб қолди. Ходимларга фойдаланилмаган барча таътиллар учун компенсация «А» ташкилотининг иш берувчиси томонидан тўланган.
Ушбу ходимларга таътил тақдим қилиш учун янги иш берувчининг ҳаракатлари қандай бўлиши керак?
Таътил бериш учун қайси иш вақтини эътиборга олиш керак?
Ходимларнинг аввалги ташкилотда олдинги таътиллар учун ҳуқуқи ноллаштириладими?»
– Юқорида келтирилганлардан келиб чиқиб иш берувчи – «А» ташкилоти Меҳнат кодексининг 156-моддаси 1-қисми талабларини бузган. Уларга кўра, ташкилотнинг мулкдори алмашганда, ташкилот қайта ташкил этилганда (қўшиб юборилганда, қўшиб олинганда, бўлинганда, ажратиб чиқарилганда, ўзгартирилганда) якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар ходимнинг розилиги билан давом эттирилади. Демак, ходимларнинг илгари фойдаланилмаган барча меҳнат таътилларидан фойдаланиш ҳуқуқи ҳам сақланиб қолади.
«А» ташкилоти ходимларига фойдаланилмаган меҳнат таътиллари учун пулли компенсация тўланади, ваҳоланки бундай пулли компесация ходимларга фақат меҳнат шартномаси бекор қилинганда тўланади .
Идеал ҳолатда қайта ташкил этишдан олдин иш берувчи – «А» ташкилоти фақат пулли компенсация тўламай, балки ўз ходимларига таътиллар бериш бўйича барча масалаларни ҳал қилиши зарур эди.
«А» ташкилотининг ходимлари билан меҳнат муносабатларини уларнинг розилиги билан томонларнинг келишувига кўра , фойдаланилмаган меҳнат таътиллари учун пулли компенсация тўлаб . бекор қилиш мумкин эди. Аммо у ҳолда «Б» ташкилотида улар билан янги меҳнат шартномалари тузилиши ва таътил олиш ҳуқуқини берадиган иш стажини ҳисоблашни меҳнат шартномаси тузилган кундан бошлаш керак эди.
Сизнинг вазиятингизда қайта ташкил этилгандан сўнг меҳнат муносабатлари давом этган, у ҳолда ходимлар учун олдинги даврлар (йиллар) учун таътил олиш ҳуқуқи сақланиб қолиши керак эди. Барча фойдаланилмаган таътиллар учун компенсацияни тўлиқ миқдорда тўламаслик лозим эди.
Сизнинг вазиятингизда, «А» ташкилотида ишланган вақт ноллаштирилмайди ва таътил олиш ҳуқуқини берадиган стаж ва иш стажини ҳисоблашда ҳисобга олиниши керак .
Иш берувчи қайта ташкил этилгандан кейин таътилларни расмийлаштираётганда ушбу стажни ҳисобга олиши керак.
Бироқ, корхонада қоидабузарлик содир этилган. Энди янги иш берувчи – «Б» ташкилоти – юзага келган муаммоларни ҳал қилиши зарур.
Иш берувчи қандай йўл тутиши керак
«Б» ташкилотига қуйидагиларни тавсия қиламан:
1. Ички ҳужжат билан «А» ташкилоти раҳбарининг қайта ташкил этиш пайтида ходимларга фойдаланилмаган барча таътиллар учун пулли компенсация ҳисоблаш ва тўлаш тўғрисидаги хатосини тан олинг (буйруқ чиқаринг);
2. Ходимларга аввалроқ «А» ташкилотида тўланган фойдаланилмаган таътиллар учун компенсацияни «Б» ташкилотининг кассаси орқали қайтаришни таклиф қилинг. Ўтган йиллар учун фойдаланилмаган таътилларни жорий иш ҳақи бўйича тўлаш билан қисмларга бўлган ҳолда ёки тўлиқ расмийлаштиринг (тақдим этинг);
Агар ходимлар олинган компенсацияларни қайтаришни истамасалар – тўланган компенсацияларни ҳисобга олган ҳолда ходимларга қайта ташкил этишдан олдин фойдаланилмаган таътилларни тақдим этинг. Яъни, тўланган компенсациялар миқдорини тасдиқловчи «А» ташкилотининг молиявий ҳужжатларига мувофиқ таътилни расмийлаштира туриб қайта ҳисоб-китобни амалга оширинг ва ходимга таътил ёки уларнинг қисмларини тақдим қилиш вақтида олинган компенсация ва таътил тўлови ўртасидаги фарқни тўланг.
Ходимларнинг хоҳишига кўра сиз компенсацияни фақат таътилнинг энг кам давомийлигидан ошган кунлар учун ҳисобга олишингиз мумкин ва бу кунлардан келгусида фойдаланилмайди. Таътилнинг қолган кунларидан эса амалда фойдаланиш мумкин бўлади.
Компенсация қуйидаги даврлар учун тўланиши мумкин:
- эски Меҳнат кодексининг амал қилиш даври учун 2023 йил 30 апрелгача – 15 иш кунидан ортиқ ;
- янги Меҳнат кодексининг амал қилиш даври учун 2023 йил 30 апрелдан кейин – 21 календарь кундан ортиқ .
Салбий оқибатларнинг олдини олиш учун келгусида ходимларнинг манфаатларига таъсир кўрсатадиган муҳим чора-тадбирларни амалга оширишдан аввал (тугатиш, қайта ташкил этиш, ходимларни қисқартириш ва ҳ.к.) амалий ёрдам ва тушунтиришлар олиш учун тегишли тузилмаларга мурожаат қилишни тавсия қиламиз: меҳнат инспекцияси, касаба уюшмаси ва бошқалар.