Пригодится каждому кадровику в декабре:
Ходим синов муддати даврида ишдан бўшаганда неустойка тўлайдими
Ходим билан муддатли меҳнат шартномаси тузилди, унга дастлабки синов шарти ва тарафларнинг шартнома муддатидан олдин бекор қилинган тақдирда неустойка тўлаши бўйича мажбурият киритилган. Агар ходим синов даври давомида ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаса, у неустойка тўлаши керакми?
Саволга kadrovik.uz илтимосига кўра «Норма» эксперти, юрист Ленара ХИКМАТОВА жавоб берди:
Муддатли меҳнат шартномаси муддатидан олдин бекор қилинган тақдирда неустойкани қўллаш тартиби «Ходим неустойка тўлашга қарши бўлса, уни ундириш мумкинми» мақоласида батафсил тушунтирилган.
Муддатли меҳнат шартномасини тузиш қачон асосли деб ҳисобланиши тўғрисида «Янги МК: меҳнат шартномаси» мақоласида жавоб берилган.
– Меҳнат кодексида меҳнат шартномаси тарафлари меҳнат шартномаси муддатидан олдин тугатилганда неустойка тўлаши шарт бўлган ҳолатларнинг тўлиқ рўйхати мавжуд. Ушбу ҳолатлар Меҳнат кодексининг 159-моддасида кўрсатилган. Шундай қилиб, ходим томонидан неустойка тўлаш муддатли меҳнат шартномаси бекор қилинганда амалга оширилади:
- иш берувчининг ташаббусига кўра – ходимнинг айбли ҳаракатлари билан боғлиқ бўлган асослар бўйича, яъни унинг ўз меҳнат мажбуриятларини мунтазам равишда ёки бир марта қўпол равишда бузганлиги муносабати билан ;
- ходимнинг ташаббусига («ўз хоҳишига кўра») – Меҳнат кодексининг 160-моддаси бўйича. Ушбу ҳолатда ҳам қуйидаги истиснолар амал қилади. Агар ишдан бўшатиш ташкилотда ишлашни давом эттиришга имкон бермайдиган ҳолатлар туфайли юзага келган бўлса, ходим неустойка тўлашдан озод қилинади. Бундай ҳолатлар қуйидагиларни ўз ичига олиши мумкин: таълим ташкилотига қабул қилинганлиги, пенсияга чиққанлиги, сайлаб қўйиладиган лавозимга сайланганлиги, ходим соғлиғининг ҳолати, ногиронлиги бўлган оила аъзосини парваришлаш зарурати, ҳарбий хизматни ўташ учун турмуш ўртоғининг бошқа жойга юборилиши ва бошқалар.
Энди –дастлабки синов ва унинг амал қилиш муддати давомида ходимни ишдан бўшатиш тўғрисида.
Ишга киришда дастлабки синов ходим учун қуйидаги мақсадларда белгиланади:
- ходимнинг топширилаётган ишга мувофиқлигини текшириш;
- меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган ишни давом эттириш мақсадга мувофиқлиги ҳақида ходим томонидан қарор қабул қилиш .
Шундай қилиб, агар ходим синов муддати тугашидан олдин ушбу иш унга тўғри келмаслиги ҳақида қарор қабул қилса, у соддалаштирилган тартибда ишдан бўшашга ҳақли – иш берувчини бу ҳақда ёзма равишда 3 кундан кечиктирмай хабардор қилиш орқали (умумий тартибда назарда тутилганидек 14 календарь кун эмас). Бундай ҳолда меҳнат шартномасини бекор қилиш Меҳнат кодексининг 160-моддаси бўйича эмас, балки Меҳнат кодексининг 132-моддаси биринчи қисми бўйича амалга оширилади.
Тегишинча, ходим Меҳнат кодексининг 132-моддаси 1-қисми асосида синов муддати давомида ўз ташаббусига кўра ишдан бўшаганда, у муддатли меҳнат шартномаси муддатидан олдин бекор қилингани учун неустойка тўламаслиги керак.
Бу ҳақда 20.11.2023 йилдаги 26-сонли Олий Суд Пленуми Қарорининг 11-бандида ҳам айтилган: «дастлабки синов шартлари муддатли меҳнат шартномасига (6 ойдан ортиқ муддатга тузилган муддатли меҳнат шартномасига) киритилган тақдирда ва бу шартнома муддатидан илгари бекор қилинганда тарафларнинг неустойка тўлаш ҳақидаги ўзаро мажбурияти кўзда тутилган бўлса, ходимнинг ташаббуси билан меҳнат шартномаси бекор қилинганида иш берувчининг ходим томонидан неустойка тўланиши ҳақидаги талаблари қаноатлантирилмайди, чунки МКнинг 159-моддасида неустойкани тўлашга йўл қўйиладиган ҳолатлар аниқ кўрсатилган».
Меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 159-моддасида кўрсатилмаган бошқа сабабларга кўра муддатидан олдин тугатилган тақдирда, ходимнинг неустойка тўлаш мажбуриятини муддатли меҳнат шартномасига киритиш ноқонунийдир.
Агар тарафлар шартномага дастлабки синов муддати даврида муддатидан олдин ишдан бўшаганда ходим томонидан неустойка тўлаш ҳақидаги шартни киритса ҳам, бундай шарт у қабул қилинган пайтдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади . Ҳақиқий бўлмаган меҳнат шартномасининг шартлари эса қўлланилмайди .